"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Дўстлик ва садоқат қудрати

Ўқилди: 205

TMGg5L7Фарғона вилоят мусиқали драма театри ижодий жамоасининг “Навоий ва Бойқаро” спектакли билан пойтахтга ташрифи маданий жамоатчиликда қизиқиш уйғотди. Зеро, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг шу номли драмаси адабий жамоатчилик эътирофини қозонган, бинобарин, унинг саҳнавий талқини ҳам жиддий мавзу эди. Таниқли режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Марат Азимов асарни тарихий жанр талабларидан келиб чиқиб саҳналаштирган.

Спектакль тақдимотидан аввал сўзга чиққан драма муаллифи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али асарнинг саҳналаштирилиши билан боғлиқ таассуротларини шундай баён қилди: “Очиғини айтсам, театр санъатининг табиатидан чуқур хабардор эмасдим. Шеърият ва насрдан фарқли равишда драматургиянинг ҳам ўз қонун-қоидалари, меҳнату машаққати борлигини спектаклни саҳналаштириш жараёнида тўла ҳис қилдим. Репетицияларни кузатиш, режиссёр, актёр ва бошқа саҳна ижодкорлари билан ҳамкорликда ишлаш каминага ўзгача ҳузур бағишлади. Фарғоналик санъаткорлар ўз ишларига масъулият билан ёндашиб, тинимсиз изланишди, спектаклга ҳар куни сайқал беришди. Бугун водий театри пойтахтда меҳмон бўлиб, мамлакатимизнинг бош театрида спектаклни намойиш этаётганидан бағоят хурсандман”.

Саҳна асарида улуғ мутафаккир Алишер Навоий ва Ҳирот ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги дўстлик муайян тадриж асосида, гоҳо лирик саҳналар, гоҳида эса драматик зиддиятлар орқали очиб берилади. Икки ёшнинг илк танишувидан то кексалик чоғидаги муносабатлари, шоҳ ва шоир кечинмалари спектаклнинг бадиий колорити, мазмун-мундарижасини белгилайди. Саҳналаштирувчи рассом Акмал Жамолиддинов Ҳирот манзараларини ёдга солувчи маҳобатли декорациялардан унумли фойдаланади, орқа фонда устунлари бир-бирига туташиб кетган баланд пештоқли сарой, ўртада Ҳусайн Бойқаронинг тахти намоён бўлади. Саҳналар алмашгач, бу декорациялар Хадичабегим ва канизаклар рақсга тушиб, ўйин-кулги қилаётган сарой ҳарамига, Бадиуззамоннинг қароргоҳига, шаҳзода Мўмин Мирзо ширин орзулар ила улғаяётган масканга айланади.

Либослар рассоми Севара Зуннунова ҳам мозий руҳиятини ифодаловчи ранг-баранг либосларга мурожаат қилади, доимо эл-улус, халқ дардида яшаган Навоий оддийгина яктакда кўринса, Бойқаронинг ҳукмдорлиги, мансаб-мартабаси эгнидаги зарҳал чопонда акс этади.

Спектакль марказида турувчи асосий ғоя – дўстлик. Яъни Навоий ҳар қандай мураккаб вазиятда, хоҳ салтанат ташвишлари, хоҳ ота-ўғил низоларини юмшатиш бўлсин, барчасида, аввало, дўстини ўйлайди. Унинг “Хазойин ул-маоний”­ни умр фаслларига менгзаб, Бойқарога тақдим этишида ҳам чуқур маъно мужассам. Зеро, умр кузагида турган ҳукмдор шу китобларга назар ташларкан, ўтган ҳаёти, кўрган-кечирганларини сарҳисоб қилади ва яна бир карра Навоий даҳоси, чексиз тафаккури ва дўстлик қудратига таҳсин айтади.

Алишер Навоий образини гавдалантирган тажрибали актёр Адҳам Қирғизбоев шоирнинг мутафаккирлиги, донишмандлиги, юртпарварлигига алоҳида эътибор қаратган. Бироқ Навоийнинг шоир сифатидаги ботиний туйғулари, фалсафий олами, юксак дунёқарашини кўрсатишда актёрга бироз тажриба етишмаётгандек кўринди. Навоий каби улуғ зотлар образини ижро этаётган актёр, аввол, қаҳрамонининг руҳиятига, Шахс сифатидаги қирраларига чуқур эътибор бериши лозим. Адҳам Қирғизбоев ижросидаги Навоий эса, асосан, умумоқимдаги шахсга, сарой ташвишларидан бўшамайдиган давлат арбобига ўхшаб қолган.

Актёр Турғун Қосимов ижросидаги Ҳусайн Бойқаро образи талқинида муайян ютуқлар бор. Айтиш ўринлики, драма ва спектаклга кўра Бойқаро жуда мураккаб шахс. Навоий билан бўлувчи ғазалхонлик, шеърий издиҳомларда у таъби нозик, шоиртабиат инсон бўлиб кўринса, маишатпарастлиги боис Мўмин Мирзонинг ўлдирилиши билан боғлиқ саҳналарда журъатсиз, фикран ва маънан ожиз кимса бўлиб тасаввурга сингади. Спектакль якунида эса ўғли Бадиуззамонни авф этиши, қилган хатолари учун тазарру қилиб, Навоий тимсолида бутун миллатдан узр сўраши томошабиннинг у ҳақдаги муносабатини яна ўзгартиради. Актёр Ҳусайн Бойқаро характеридаги ана шу беқарорлик, турфа хилликни драматик ижрода кўрсатишга интилади.

Шунингдек, спектаклдаги асосий қаҳрамонлар – Хадичабегим (М.Раҳимова), Офоқ (Д.Мирзаева), Музаффар Мирзо (П.Тошпўлатов),   Мўмин Мирзо (А.Аҳмедов), Бадиуззамон (А.Темиров), Низомулмулк (К.Собиров), Бобо Али (Ф.Акбаров), Камолиддин Беҳзод (Ф.Мамасаидов) ва бошқаларни ижро этган актёрлар ҳам режиссёр кўрсатмаларидан келиб чиқиб, қаҳрамонларнинг тарихий ва бадиий қиёфасини яратишга ҳаракат қилишган.

Спектакль мотиви Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” драмасини ёдга солса-да, ушбу асардан фарқли ўлароқ воқеалар якуни ёрқин ва некбин бўёқларда ифода этилади. Маълумки, “Алишер Навоий” драмаси мустабид тузум мафкурасидан холи бўлолмаган, бинобарин, унда шоир ва давр фожиасини кўрсатиш асосий мезонга айланган. Фарғоналик ижодкорлар эса драмага мувофиқ Мўмин Мирзонинг қатл этилишидан сўнг Навоий ва Бойқаронинг сўнгсиз армони, чорасиз ҳолатини эмас, буюк дўстлик тантанаси, ёруғ кунлар рўёбини бадиий талқин қилади. Айни давр нуқтаи назаридан бу тўғри ёндашув. Бироқ режиссёр бунинг саҳнавий шаклини топиши лозим эди. Аниқроғи, “Навоий ва Бойқаро” драмасидан бехабар мухлислар шаҳзоданинг ўлими ва шунга монанд саҳнавий муҳитдан сўнг томоша якунланди, деган хаёлга боради. Кейинги саҳналар спектакль хотимаси чўзилгандек, воқеалар шиддатини сусайтиргандек тасаввур уйғотади. Боз устига, ҳар кўринишда чироқларнинг ёниб-ўчавериши хаёлни чалғитиб, спектакль ҳақидаги яхлит фикрни тарқоқлаштиради. Назаримизда, режиссёр асарнинг умумий композицияси, воқеалар яхлитлигини таъминлашда изланишини охирига етказиши зарур.

“Навоий ва Бойқаро” спектакли мисолида бир нечта ажойиб тажрибалар йўлга қўйилганини таъкидлаш лозим. Биринчидан, асарнинг саҳнага қўйилишида таниқли адабиётшунослар Бахтиёр Назаров, Шуҳрат Ризаев билан ҳамфикр иш тутилган бўлса, иккинчидан, асарнинг Миллий театрдаги намойиши кенг маданий жамоатчилик иштирокида ўтди. Фикримизча, худди шу амалиётни бошқа спектакл­лар тақдимотига ҳам жорий қилиш лозим. Бу, шубҳасиз, спектакль ҳақидаги фикрлар ранг-баранглигини оширади, қолаверса, адабиёт ва театр ижодкорлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шу маънода Фарғона вилоят мусиқали драма театрининг “Навоий ва Бойқаро” спектакли билан пойтахтимизга уч кунлик ташрифи эътиборга молик маданий воқеалардан бўлди.

 Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ