"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“Олам аҳли билингизким…”

Ўқилди: 140

1490327

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг сермазмун, пурмаъно нутқи фақат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида иштирок этаётган турли миллат ва элатларнинг раҳбарлари, вакилларинигина эмас, балки бутун дунё афкор оммасини яна бир карра лол қолдирди, десам асло янглишмаган бўламан.

Юртбошимизнинг хатти-ҳаракатларию сўзларидаги темурий дадиллик, шаҳду шиддат, ўктамлик, аниқ фактларга, чуқур таҳлилга бой, ишончли таклифлари ҳаммани ҳайратга солди. Бу бежиз эмас, албатта. Президентимиз томонидан айтилган ҳар бир сўзда асос бор. Жаннатмонанд Ўзбекистонда юз бераётган ижобий ўзгаришлар, келажагимиз учун маёқ вазифасини ўтаётган “Ҳаракатлар стратегияси”, барча соҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, айниқса, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳаётда сиёсий партиялар ўрнини кенгайтириш, инвестицияга кенг йўл очиб бериш, миллий валютани эркин конвертация қилиш, эркин иқтисодий зоналар яратиш орқали халқ фаровонлиги таъминланаётгани ҳақида айтилган фикр-мулоҳазалар сессия қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотганининг гувоҳи бўлдик. Оддий халқ билан олиб борилаётган мулоқотлар, Президент виртуал қабулхонасининг иш юритаётгани, ҳозиргача 1 миллиондан ортиқроқ фуқаронинг унга мурожаат этиб, муаммоларининг ўз ўрнида ҳал қилингани тўғрисидаги гаплар фақат сессия иштирокчиларига эмас, балки бутун Америка халқига ҳам кучли таъсир кўрсатди.

Энг аввало, Президентимизнинг БМТнинг юксак минбарида туриб сўзлаган нутқи Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги, бошқа давлатлар орасидаги нуфузини, обрўсини яна бир поғона баландга кўтарди.

Америкалик адвокат Алиссан Никел Гросэ  ушбу нутқни эшитиб, очиқлик, ошкоралик, демократия ҳукмрон бўлган Ўзбекистондек давлатнинг борлигидан ҳайратга тушганини яшира олмади.

Ш.Мирзиёевнинг БМТнинг одилона тинчликсевар сиёсатини Ўзбекистон ҳукумати ҳамиша қўллаб-қувватлаши, у билан икки томонлама алоқалар олиб боришга доим тайёр эканлиги ҳақидаги гаплари ушбу мўътабар ташкилот раҳбарларини ҳам тўлқинлантириб юборди, улар ўзларининг хурсанд эканликларини яшира олмай, нутқ тугагач, Президентимизга ўз эҳтиромларини изҳор қилдилар.

Президентимизнинг ички сиёсатда эмас, балки ташқи сиёсатда, энг аввало, қўшни давлатлар билан тинч-тотув яшаш тўғрисида айтган гаплари ва амалга ошираётган ишлари бугун дунёнинг турли минтақаларида бир-бирига ёв бўлиб ётган, биродаркушлик урушларини авж олдираётган қора ниятли кимсалар учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб хизмат қилиши аниқ.

Нутқда таъкидланган “Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир”, деган сўзлар бундан кейин биз учун дастурул­амал вазифасини ўташи аниқ.  Нутқ тугамасданоқ унинг тинчликсеварлик, ўзаро мулоқот, ҳар томонлама ҳамкорлик ва яхши қўшничиликка асосланган амалиёти бошланиб кетганининг гувоҳи бўлдик. Қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари билан чегарадош бўлган ҳудудларда чегараларнинг эркинлашганини, узоқ йиллардан буён бир-бирининг дийдорига зор бўлиб яшаётган ёр-дўстларнинг, қон-қариндошларнинг қайтадан дийдорлашганини кўриб ҳаммамизнинг қалбимизда шукроналик туйғулари жўш урди.

Президентимизнинг нутқидан жой олган глобал масалалардан яна бири минтақадаги умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш муаммосидир. Илдизи, урф-одатлари, турмуш тарзи бир бўлган ўзбек, қирғиз, қозоқ, тожик, туркман халқлари вакиллари мустақилликка эришганидан сўнг бир муддат ушбу масалада бир-бирлари билан келиша олмай қолганига тарих гувоҳ. Амударё ва Сирдарё сувининг Орол денгизигача етиб бормай, Оролбўйи минтақасида жиддий экологик хавф туғилгани, Орол фожеасининг келиб чиққани бутун дунёга маълум. Ш.Мирзиёев сув муаммосини биргаликда, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар ва халқлар манфаатларини тенг ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш таклифи билан чиқди ва тинч йўл билан ҳал этиш ечимларини кўрсатиб берди.

Салкам ярим асрдан буён давом этиб келаётган Афғонистондаги нотинчлик масаласида ҳам Президентимиз амалий таклифлар билан чиқди. Мамлакатдаги аҳволни қурол кучи билан эмас, марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш йўли билан ҳал қилишга даъват этди. Ш.Мирзиёевнинг “Донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал  қилишга ҳақлидир”, деган сўзлари жафокаш афғон халқи учун ажойиб мужда бўлди, десак адашмаган бўламиз. “Тинчликни куч билан сақлаб бўлмайди. Унга фақат тушуниш орқали эришиш мумкин”, деб айтган эди умрининг охирида Америкада яшаган буюк физик А.Эйнштейн. Унга ҳамоҳанг тарзда Ш.Мирзиёев Афғонистондаги ҳолатни БМТ сессияси иштирокчиларига батафсил тушунтириб берди.

Президентимиз томонидан кўтарилган долзарб масалалардан яна бири дунёда ҳукм сураётган терроризм таҳдидлари, айниқса, кейинги йиллари кучайиб бораётган уларга қарши куч билан курашиш усули масаласи бўлди. Ш.Мирзиёенинг “…кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабабларга эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинмоқда. Халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади, деб ҳисоблайман”,  деган фикрлари давлат раҳбарларига терроризмга қарши биргаликда курашишнинг энг мақбул ечимини топишда ёрдам бериши мумкин. “Одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа” эканлигини катта тажриба ва салоҳиятга эга бўлган мамлакат раҳбаригина айта олади. Нутқда ёшлар тақдири масаласига, айниқса, экстремистик ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганига эътибор қаратилди. Ёшларнинг умумий сони 2 миллиардни ташкил этиши ҳисобга олинган ҳолда, “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ” эканлиги таъкидланиб, ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу соҳани муҳим ҳаётий устун йўналишлардан бири даражасига кўтариш, БМТнинг ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

Шу ўринда Ш. Мирзиёевнинг дадиллик билан ўртага ташлаган яна бир фикрини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. У жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини айтиб ўтар экан, унинг азалий қадрият сифатида қадрланиши, муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўйишни қатъий қоралашини, ундайлар билан муроса қила олмаслигимизни билдириб ўтди. Бу борадаги Ҳукуматимизнинг собит позициясини маълум қилди. Бу гаплар ҳар биримизнинг кўнглимизда кечаётган ўй-фикрларнинг ёрқин ифодасидир. Дарҳақиқат, ислом жуда катта маънавий ва маърифий кучга, таъсирга эга бўлган эътиқоддир.

Президент айтган БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф халқимизнинг ҳам айни муддаосидир.

Умуман олганда, ушбу нутқ эзгуликнинг, демократия ҳукм сураётган эркин ва озод мамлакат раҳбарининг овозаси сифатида юрагида яхшилик уруғи бор бўлган ҳар бир инсон қалбини ларзага солди, уларни ҳушёрликка, эзгуликка чорлади. Фикрлар, қарама-қаршиликларга тўлиб-тошиб ётган бугунги кунда огоҳлик бонги бўлиб бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетди.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети ректори

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ