"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Жаҳолатга қарши маърифат

Ўқилди: 135

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқи том маънода тарихий аҳамиятга дахлдор бўлди. Ушбу нутқ Тошкент вақти билан ярим тунда тўғридан-тўғри эфирга узатилганига қарамасдан биз кўплаб ҳамкасбларимиз билан бирга тинглаб, донишманд, жасоратли давлатимиз раҳбаридан чексиз фахр-ифтихор ҳис этдик. Дарҳақиқат, ушбу тарихий нутқда илгари сурилган фикр-мулоҳазалар, аниқ ва муҳим ҳаётий таклифлар нафақат минтақамиз, балки бутун дунё аҳли учун ҳам долзарб аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг чиқиши жаҳон жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.

Президентимиз сўнгги йилларда тобора кучайиб, дунё аҳлини ташвишга солаётган терроризм ва экстремизм таҳдидлари моҳиятини жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини қайд этиб, бундай ўта хавфли иллатга қарши куч ишлатиш йўли билан эмас, балки бошқа омиллар билан курашиш ва илдизини қирқишга, биринчи навбатда, ёшларнинг онг ва тафаккурини маърифат асосида шакллантириш орқали кучли иммунитет яратиш зарурлигига эътибор қаратди.

Президентимиз ўз нутқида ислом динининг асл моҳиятини ниҳоятда теран талқин этиб бергани ҳам алоҳида эътиборга сазовордир. БМТнинг юксак минбаридан туриб биринчи маротаба айтилган ислом динининг эзгуликка ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этадиган буюк дин эканлиги ҳақидаги фикрлар таҳсинга лойиқ. Шу муносабат билан бундан минг йиллар олдин Марказий Осиёда юз берган Уйғониш даврида юртимиздан етишиб чиққан кўплаб буюк алломалар ва мутафаккирларнинг ислом дини ривожи ва жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақидаги фикрлар ҳам беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Ўша даврда фаолият кўрсатган юзлаб, эҳтимол минглаб улуғ алломалар сафида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг оламшумул аҳамиятга эга илмий-маънавий мероси ҳақида айтилган фикрлар эса, шахсан мен учун, яъни алломанинг ҳаёти ва ижодий фаолиятини кўп йиллардан буён ўрганган бир тадқиқотчи сифатида ғоятда ҳаяжонли бўлди. “Имом ад-дунё” (Бутун дунёнинг имоми) деган юксак шарафга сазовор бўлган Имом Бухорий ҳазратлари ҳақидаги муҳтарам Президентимиз фикрлари дунё аҳли томонидан алоҳида ҳурмат-эътибор билан қарши олинди. Ҳақиқатан ҳам ислом таълимотида Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган манба – “Саҳиҳи Бухорий”га тартиб берган буюк аллома Имом Бухорий ҳазратларининг буюк хизматлари Президентимиз томонидан дунё ҳамжамияти эътиборига ҳақли равишда яна бир бор ҳавола этилди.

Ҳаққоний савол туғилади: юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар қандай қилиб ўрта асрлар шароитида илму маърифат ва маънавиятда шу қадар беқиёс ютуқларга эришганлар? Бунинг сабаблари кўп бўлса-да, улардан энг муҳими, у зотлар Ислом динининг асосий манбалари бўлган Қуръони карим ва жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида келтирилган илму ирфон хусусидаги улуғ ғояларга ихлос билан қатъий амал қилганлар. Улар ислом динига илмий нуқтаи назардан ёндошиб, чинакам маърифий исломни ўрганиб, уни тарғиб қилганлар, бу диннинг софлиги йўлида фидоийлик кўрсатганлар, ҳар қандай бидъат-хурофот ва залолатга бошловчи тоифаларга қарши шафқатсиз курашганлар. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Ислом динининг асосий тамойилларидан бири маърифат. Бу хусусда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “Афзалукум иймонан, афзалукум маърифатан” (Сизларнинг иймон-эътиқодда афзалларингиз, маърифатда ҳам афзалларингиздир) ёки “Ал-маърифату – нурул қалби” (Маърифат қалбнинг нуридир) каби ҳадисларига буюк алломаларимиз оғишмай амал қилиб, ­илмда ҳам, маърифатда ҳам оламшумул ютуқларга эришганлар.

Ҳозир Ватанимизда муборак ислом динининг илмий-маърифий таълимотини асраб-авайлаш ва илмий асосда чуқур ўрганиш, дунё бўйлаб кенг кўламда тарғиб қилиш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётир. Бу ишлар дунё ҳамжамияти учун ҳам бир ибрат ва намуна десак асло муболаға бўлмайди. Айнан шу мақсадда мамлакатимизда кўплаб илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилаётир. Бу борада Юртбошимиз нутқида тилга олинган фикрлар дунё жамоатчилиги ва кўплаб давлатлар раҳбарлари томонидан юксак мамнуният ҳисси билан баҳоланаётгани ҳам юртимиздаги улуғ ва савоб ишларнинг амалий эътирофлари дейиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мустақил Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсидаги ўрни ва нуфузи ошишига хизмат қиладиган муҳим воқеа бўлганлиги билан ҳам тарихий аҳамиятга дахлдордир.

Убайдулла УВАТОВ,

Ўзбекистон Реcпубликасида хизмат

кўрсатган ёшлар мураббийси

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ