"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

СИЗГА ТАЪЗИМ, МИНГ ЭҲТИРОМ МУАЛЛИМ!

Ўқилди: 196

                         Абдулла ОРИПОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири

***

Шоирга дедилар: Сиз – бахтли инсон,
Эл-юрт ардоқлайди, ҳамма танийди.
Шоир жавоб берди: Менда бир армон,
Муаллим десалар мени, қанийди.

 

 

 

МЕҲР НУРИ ЁҒАР ДОИМ

Пўлат Мўмин,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

 

Меҳр нури ёғар доим
кўзингиздан, устозлар,
Юрсам дейман шу табаррук
изингиздан, устозлар.

Чин инсонлик китобига
бахту ҳикмат битибсиз,
Одоб ила билим олдим
сўзингиздан, устозлар.

Қалбингизнинг йўқ ғубори,
меҳрибонсиз шунчалар,
Қуёш олсин ҳароратин
юзингиздан, устозлар.

Фан боғининг боғбонисиз,
чароғбонсиз кўнгилга,
Минг эҳтиром ўғлингиздан,
қизингиздан, устозлар.

Жой олдингиз бир умрга
шогирд юрак тўридан,
Мўмин ҳаёт дарсин ўқир
ўзингиздан, устозлар.

 

 

Муҳаммад ЮСУФ,
Ўзбекистон халқ шоири
 

           ОДДИЙ МУАЛЛИМ

Қадри билинади энди менга гоҳ
Оддий мактабимнинг ўша беҳашам,
Навоий-ку бизга устоздир бироқ,
Кимдир ўқитган-ку Алишерни ҳам,
Шундай буюк зотга ҳарф ўргатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Тупроқдай хокисор безовта жонлар,
Аммо қаноатда тоғдек улуғвор,
Ҳатто Темурдайин соҳибқиронлар
Пирим деб этагин тутган зотлар бор.
Қайсар жаҳонгирга йўл кўрсатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Аяган ҳаётнинг санчиқларидан,
Йиқилса кўтарган тўсиқларидан,
Отадек эзилган ғуссага ботса,
Боладек қувонган ютуқларидан.
Уйқуда шогирдин ўйлаб ётган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Йўқдан Берунийни бинолар қилган,
Ҳусайнни ибн Синолар қилган,
Машрабни машҳури дунёлар қилган,
Абдуллонинг тилин бурролар қилган,
Илон ўйнатгандек сўз ўйнатган ким?
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Улфат кўп-у, аммо бир дўсти ҳамроҳ,
Ҳалим тополмадим ундан ҳалимроқ.
Қанча устоз кўрдим, қанча олийгоҳ,
Олим тополмадим ундан олимроқ,
Бола юрагимда бебаҳо тилсим –
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

Юзга кираман мен Худо хоҳласа,
Эҳтимол юздан ҳам ўтарман бир кун.
Қайноқ қучоғига ҳурлар чорласа,
Ҳеч кимдан қарзим йўқ кетарман бир кун.
Бўлса ҳам, бир зотдан бўлади қарзим,
Оддий муаллим-да, оддий муаллим!

 

 

 

                                                               Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири
 

МУАЛЛИМЛАР МАНЗУМАСИ

Билим боғига боғбонсиз, муаллимлар,
Шараф тоқига нарвонсиз, муаллимлар.

Ҳаёт порлоқдир илму маърифат бирлан,
Чароғсиз ҳам чароғбонсиз, муаллимлар.

Синолар кашф этиб кетган синоатлар,
Башар дардига дармон – Сиз, муаллимлар.

Заковат кемасига Берунийнинг ҳам
Ўзингиз илк уммонсиз, муаллимлар.

Жаҳон осмонига Султон Улуғбекни
Узатган илк осмонсиз, муаллимлар.

Навоий қайдин олмиш нуктадонликни?
Зариф ҳам жонли девон – Сиз, муаллимлар.

Билим – мангу хазон бўлмас зироатдир,
Ўзингиз мангу деҳқонсиз, муаллимлар.

Жаҳолатдин қутулгай бир куни олам,
Метин қўрғону посбонсиз, муаллимлар.

Гулу чечакларингиздир ўғил-қизлар,
Туну кун сиз нигоҳбонсиз, муаллимлар.

Улуғсиз, хоксору камтариндирсиз,
Дилу жонсиз, қадрдонсиз, муаллимлар.

Буюк устоз – Ватандир, ота юрт асли,
Она юрт, Ўзбекистонсиз, муаллимлар.

 

                                                                                                          

 

Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, шоир

 

УСТОЗ БЎЛМАСА
Устоз Воҳид Абдуллаев хотирасига

Жаҳон ободлиги устоз биландир,
Дилда қарор бўлмас, устоз бўлмаса.
Камолот, кушуфот устоз биландир,
Ишда барор бўлмас, устоз бўлмаса.

Йўқдан олим бўлди отамиз Одам,
Ҳақдан таълим олди Сарвари олам,
Сабаб оламинда бул куни бекам
Илму анвор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ҳар йўл, ҳар соҳанинг бир пири бўлур
Эҳтиром дил аҳлин тадбири бўлур,
Ҳар ишда устознинг бир сири бўлур,
Кашфи асрор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ҳикмат кўп илму фан касбу корида,
Деҳқон кетмонида, дорбоз дорида,
Ошпазнинг бир сири – гармдорида,
Шогирд ҳушёр бўлмас, устоз бўлмаса.

Устоз қадрин билур ҳар қалби салим,
Ҳаёт дарсларидан бергайдир таълим,
Диллар ардоғида азиз муаллим,
Кимса сардор бўлмас, устоз бўлмаса.

Маърифат, иқтисод, санъат турлари,
Осмон эшиклари, ер унсурлари,
Устоз-ла очилгай Қуръон сирлари,
Ҳадис ошкор бўлмас, устоз бўлмаса.

Пуштли, устозлидир ҳар бир синиқчи,
Беустоз муҳандис – оддий чизиқчи,
Устозсиз очилмас ҳатто қизиқчи,
Сухан тагдор бўлмас, устоз бўлмаса.

Ўзи ўсган дарахт мева бермагай,
Сурчи ўз тўйида сурнай чалгамай,
Сартарош ўз сочин ўзи қирмагай,
Уста саркор бўлмас, устоз бўлмаса.

Устоз кўрган зотлар ишга омилдир,
Заковат аҳлига бу сўз шомилдир,
Устознинг авлоси пири комилдир,
Дилда баҳор бўлмас, устоз бўлмаса.

Мирзо, ҳар кўнгилда ният бор бўлсин,
Ватан обод, эл ҳам бахтиёр бўлсин,
Покдил устозларга Тангри ёр бўлсин,
Ҳаёт гулзор бўлмас, устоз бўлмаса.

                                                                       

 

 

 

Рустам МУСУРМОН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир

 

МУАЛЛИМ

 

     Сиз ёзган рақамдан очилган дунё,
Сиз ўқитган ҳарфдан таралган зиё.
Илму фанда буюк кашфиёт бўлган
Сиз дафтарга қўйган илк аъло баҳо.
Муаллим!

Ўқувчининг қалби — оқ дафтар, тиниқ,
Нимани ёзсангиз, бир умр ўчмас.
Қояга ўйилган суратдек аниқ,
Шамол, қор ва ёмғир, бўронда кўчмас.
Муаллим!

Сизга илму сеҳр этилган ато —
Меҳрингиз ҳеч қачон бўлмайди адо.
Сиз тонггача бедор текширган дафтар —
Имлода, ҳисобда тузалган хато.
Муаллим!

Сиз ўргатган куйдан янграгай наво,
Сиз бўятган рангдан кўрингай ҳаво.
Олим одам бўлгай тарбиянгиздан,
Оламнинг дардига топилгай даво.
Муаллим!

Чигал муаммолар туғдирар ҳаёт,
Таълим-тарбияда ягона нажот.
Қалам, қоғоз, китоб — иш қуролингиз,
Нурли келажакни қиласиз ижод
Муаллим!

 

 

 

 

Икром ИСКАНДАР

***

Киши борми сиздай бирон, муаллиим,
Тиним нима билса бир он, муаллим.
Заҳмат чекиб топдингиз шон, муаллим,
Сизга таъзим, минг эҳтиром муаллим.

“Она” сўзин ёздим илк бор, муаллим,
“Ватан” дея битдим такрор, муаллим.
Мурғак дилда топди қарор, муаллим,
Билим деган нурли шарор, муаллим.

Меҳнатингиз ким ҳам билмас, муаллим,
Сиз – меҳрини миннат қилмас, муаллим.
Ҳаёт борки, дунёда бас, муаллим,
Сабоғингиз унутилмас, муаллим.

Киши борми сиздай бирон, муаллиим,
Тиним нима билса бир он, муаллим.
Заҳмат чекиб топдингиз шон, муаллим,
Сизга таъзим, минг эҳтиром муаллим.

                                    

 

 

 

МУНАВВАРА

МУАЛЛИМ

 

Бола  бўлиб қолсайдим яна,
Ортингиздан югурган, чопган.
Умрнинг илк лаҳзаларида
Ҳеч тугамас хазина топган.

Бола бўлиб қолсам, қанийди,
Дафтарида бодроқ юлдузча.
Мураббийсин йўлини пойлаб,
Тош йўлакда ўтирган қизча.

“Оқ теракми, кўк терак” айтиб,
“Устоз керак”, дердик жўр овоз.
Оққушлардек қанотлар қоқиб,
Бағрингизга сиғардик устоз.

Ўргатдингиз: табиат — она,
Топтама деб, ҳатто хазонни.
Авайлаймиз муқаддас дея,
Қалдирғоч ин солган айвонни.

Навоийни ўргандик сиздан,
Ўргатдингиз Ғафур Ғуломни.
Назм кўрки – Усмон Носир деб,
Сўнмас юлдуз дея – Чўлпонни…

…Устоз, бир кун дедингиз секин:
“Ер остида буюк зотлар бор.
Гавҳар улар, уммон тубида
Дунё кимга тождир, кимга тор.

Яқин қолди мунаввар кунлар,
Сайқал топар тарих вароғи.
Ортда қолиб  қанча довонлар,
Юксалгайдир миллат байроғи!”

Устоз гўзал замонлар келди,
Дунёларга бўйлашдик мана.
Жалолиддин, буюк Темурлар,
Улуғбеклар туғилар яна.

Қаффол Шоший, Имом Бухорий,
Термизийдек улуғларга кон.
Бугун рўйи  замин танийди,
Жаннатмакон, ҳур Ўзбекистон.

Асли, ҳаёт – улуғ дарсхона,
Сиз илк бора бергандек таълим.
Сиз – устозсиз, ота ҳам она,
Сиз – Ватандек буюк муаллим.

 

 

 

 

 

ҲУМОЮН

  Авлоний орзуси

Туркий гулистон бу
кўнгилдир, устод,
Минг асрлик
ўзбекнинг кўнгли.
Унинг хуш бўйидан
шириндир ҳаёт,
Токи яшнар экан
ҳаётнинг гули.

Бу ажиб гуллардир –
бири фатонат,
Бири андишадир,
бириси ҳаё,
Бириси иффатдир,
бири диёнат,
Бириси мунислик,
бириси зако…

Нафисдир бу гулшан,
муқаддас, ноёб,
Ўзга чаманлардан
мушкулдир топмоқ.
Ҳуш бўйлар таратгай
аталган савоб,
Ғунчалар дунёга
ёзсалар япроқ.

Гар дунё устуни
илми ахлоқдур.
Бешак ушалгайдир
муқаддас орзу.
Аслида жаҳон ҳам
катта бир боғдир,
Туркий гулистони –
Ўзбекистон бу.

      Устозлик

Устозлик мақоми юксак нақадар
Қиёс тополмадим тенглик бобида.
Англаб етарсан-ку, аммо бесамар –
Шогирдлик палласи ўтган чоғида.

Тарих асли унинг сабоғидандир –
Ёш қалб шуурининг орзу-рўёби.
Шу халқ устозларнинг меҳри-ла ахир
Донолик битилган олтин китоби.

Устоз сиймосида сийларкан ҳаёт,
Биринчи муаллим бўлиб меҳрибон.
Юлдузлар илми ю, тарих, адабиёт…
Ҳайрат оғушида улғаяр Инсон.

Билим не, ҳаётнинг парчаларидир,
Одоб илмидан то фиқҳга қадар.
Ҳаёт лавҳаларин чизмоқлик надир –
Дунё сирларидан бўлсанг бохабар.

Сиру синоатга тўлуғ ер-осмон,
Фанлар бетакрордир, устозлар турли.
Дунё илми эса, тубсиз бир уммон
Бу уммон бағрида сузмоқ сурурли.

 

 

Ғайрат МАЖИД 

***

Бу ишқ айвонидир, бу дил айвони,
Мен нурман, ҳаттоки, нурдир кукуним.
Муҳаббат сўзларнинг пири, султони,
Муҳтарам устозим – дорилфунуним.

Тупроқнинг қадрини қайдан билгайлар,
Гўё осмонлардан топганлар қўним.
Сизга, сабоқларни қўмсаб келгайлар,
Муҳтарам устозим – дорилфунуним.

Ҳақ калом тоғни ҳам қалқитиб қўяр,
Шарқироқ анҳорлар покиза уним.
Ўзимни кўзимга балқитиб қўяр,
Муҳтарам устозим – дорилфунуним.

Ҳаёт мўъжизалар тортиқ айлагай,
Муаттар ҳисларга тўлур ботиним.
Интизор қалбимни сўзга жойлагай,
Муҳтарам устозим – дорилфунуним.

Шоҳ сўзларга буткул ошуфтаман ман,
Ишқу вафо ичра ёниб бетиним.
Англадим, энг улуғ сўз эрур Ватан,
Муҳтарам устозим – дорилфунуним.

***

Дунёнинг макрига учмайди сира,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.
Дили ёт йўлларга тушмайди сира,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

Соз чалса, навоси осмонга етгай,
Нидолари дурри уммонга етгай,
Орзуларга етгай, армонга битгай,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

Кунлари офтобли чоғ бергай Худо,
Тунлари моҳтобли чоғ бергай Худо,
Ҳар доим меҳробли чоғ бергай Худо,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

Нопок дилда асло ҳузур бўлмагай,
Доим ғамда бўлгай, масрур бўлмагай.
Ўю мақсадида қусур бўлмагай,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

Тошлардан қўрқмайди, тоғи бор, шукр,
Бўлса, дилида ишқ – доғи бор, шукр,
Ҳақ деган мунаввар оҳи бор, шукр,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

Кўнгил ўтиб тургай имтиҳонидан,
Ифорлар туйгайдир гулистонидан,
Дур тергай юлдузлар каҳкашонидан,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

Айтари юракка доир бўлади,
Ҳислари ҳамиша соҳир бўлади,
Ўзи ҳам, кўнгли ҳам шоир бўлади,
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

Доим қилиб тургай дуойи жонинг,
Дейди бутун бўлсин дилда иймонинг,
Қўлларин қўйма ҳеч то бор имконинг…
Ҳар кимнинг устози бўлса дунёда.

 

                                      ФАРОҒАТ ХУДОЙҚУЛОВА

      БИР ҲАРФ БИРЛА

Меҳрингизнинг булоғидан,
Юксалмаган миллат йўқ.
Заҳматингиз орқасида,
Таъма ёки миннат йўқ.

Бедор ўтган тунингизга
Жон ичра жон бахшида.
Меҳрингизсиз ҳеч бир гиёҳ
Сийратида ҳикмат йўқ.

Бир ҳарф бирла қулф очгайсиз,
Дилни боғлаб дилларга.
Дунёнинг минг савобида
Ҳарфингизча ҳиммат йўқ.

Ғубори йўқ ҳар юракда
Яшнатгайсиз катта боғ,
Ул маърифат боғи ичра,
Шаҳдингизсиз ғайрат йўқ.

Қаноатдан, итоатдан
Ватан дарсига чорларсиз,
Шундан ўзга юрт боғига
Бизда ҳавас, нафрат йўқ.

Сўз мулкида Навоийдур,
Яссавийдур, Шайх Саъдий,
Аларки сизга бош эккай,
Қай сатрида ҳайрат йўқ.

Қаршингизда таъзимдамиз,
Офтобжаҳон устозлар,
Ер юзида сиз қургандек,
Соҳибқирон давлат йўқ.

Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР