"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УМУМБАШАРИЙ ТАКЛИФЛАР

Ўқилди: 718

Чиндан ҳам, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган Бирлашган Миллатлар Ташкилотини олам минбари дегулик. Унда олам тақдирига боғлиқ, ёки бошқача айтганда, оламшумул масалалар кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи ўзининг кўлами, теран мулоҳазаларга бойлиги билан ана шундай юксак баҳога муносибдир. Самимий ва ҳаётий чиққан бу сермазмун нутқ ҳаммани тўлқинлантириб юборди. Унда бугунги глобал дунёда ҳал қилинишини кечиктириб бўлмайдиган, нафақат Ўзбекистонга, балки бутун дунёга тааллуқли ҳаётий муаммолар ҳақида сўз боради.

Ҳа, Ўзбекистон раҳбари олам минбарида туриб, халқимизнинг узоқ тарихига боқиб, зукко ва донишманд боболар анъаналари ҳамда тажрибаларига таяниб, мамлакатнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан дадил борилаётгани ҳақида сўз айтмоқда… Янги Ўзбекистонни оламга таништирмоқда.

Тасаввур қиламан: 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланганини, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганини эшитган ассамблея иштирокчилари(барчаси давлат раҳбарлари) халқ билан алоқа қилишнинг янгича йўли кашф этилганини туйганларига шубҳа йўқ. “Ишончимиз комилки, халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган сўзлар кўплар кўнглига шундай йўл тутиш лозим экан, деган ниятни солган бўлса ажаб эмас. Мамлакатда олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотлар ҳақида гапириб: “Биз оддий бир ҳақиқатдан келиб чиқмоқдамиз, халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, дейди Президентимиз. Бу “оддий бир ҳақиқат” тагида жуда кучли ҳаётий мантиқ мужассамдир.

Нутқда, беш йилга мўлжалланган Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани ва уни умумхалқ муҳокамасига қўйилгандан кейин қабул қилингани ҳақида фикр юритилади. Янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракат дастурига айланган, ривожланиш йўлларини аниқ белгилаб берган бу муҳим ҳужжат ҳозир жуда эътиборда. Унинг асосида мамлакатда барча соҳаларда чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда, яхши натижалар қўлга киритилмоқда, бу жараён қизғин давом этмоқда. Бу ҳужжатнинг ҳаётий асосга эга эканини, унинг мазмун-моҳияти, муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан тўла ҳамоҳанглиги ҳам тасдиқлаб турибди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жуда кўп муаммоларни қамраб олади, жумладан, Ўзбекистоннинг олиб бораётган ташқи сиёсатига кенг тўхталади. “Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратмоқда, — дейилади нутқда. — Бу ҳар томонлама чуқур ўйлаб танланган йўлдир. Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир”.

Изчил олиб борилаётган бундай сиёсат ўз самараларини бермоқда. Хусусан, кейинги ойларда Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон давлатлари билан оқилона муроса асосида чин дўстона, яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилди, ўзаро сиёсий ишонч сезиларли даражада ошди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари Президентлари етти марта учрашганларига бир эътибор берайлик.

Нутқда кўтарилган ҳар бир муаммо Ўзбекистонгагина эмас, балки бошқа мамлакатларга ҳам тегишли экани ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Дарҳақиқат, шундай. Давлатимиз раҳбари Афғонистонда тинчликка эришишнинг бирдан-бир йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб боришлиги, донишманд афғон халқи ўз тақдирини ўзи мустақил ҳал қилишга ҳақли эканига алоҳида урғу берди. Айни пайтда, АҚШ Президенти жаноб Дональд Трамп маъмуриятининг Афғонистон билан қўшни мамлакатларни афғон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашишга оид даъватини қўллаб-қувватлашини билдирди. “Бу жафокаш юртда, — деди давлатимиз раҳбари, — тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш йўлидаги бизнинг умумий саъй-ҳаракатларимиз асло сусаймаслиги лозим.”

Нутқни эшитар эканман, бир нарсага эътибор бердим. Қадимда боболаримиз, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз фақат ўз салтанатини ўйламасдан, балки бошқа мамлакатлар, бутун жаҳон учун ўзини масъул сезар эди. Шу сабабдан дунёнинг у четида бўлган давлатларга элчилар юборар, савдогарларни жўнатар, вазиятни билиб турар, ўз навбатида хорижликларни қабул қилар эди. Бу масъулият туйғуси, жавобгарлик ҳиссидан келиб чиқадиган инсоний фазилат. Таъбир жоиз бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқида келтирилган дунё ёшлари ҳақидаги куйиниб айтган сўзлари ана шу фазилатни эслатади, дегим келади. Ёшлар тақдири мамлакатимизда доим диққат-эътиборда эканидан хабардормиз. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши бунга ёрқин мисолдир. Дунё ёшларининг турмуш-тарзи ва фаолиятини таҳлил қилар экан, Президентимиз ўз хавотирини яширмайди, бугунги кунда экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганига, бугунги дунё ёшлари сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод бўлиб, уларнинг 2 миллиард кишини ташкил этишига диққатни қаратади. “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ, — дейди Президентимиз. — Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир.”

Ўзбекистон Президенти шу муносабат билан БМТ Бош ассамблеяси кун тартибига бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш каби муҳим таклиф киритди. Таклиф асносида, мазкур ҳужжатни имзолайдиган давлатлар ушбу соҳани ўз ижтимоий сиёсатининг асосий ва муҳим ҳаётий устувор йўналишларидан бири даражасига кўтариш бўйича қатъий мажбуриятларни ўз зиммасига олиши кераклигини ҳам таъкидлаб ўтди.

Нутқнинг муҳим жиҳатларидан яна бири, Шавкат Мирзиёевнинг муқаддас ислом динимиз ҳақидаги теран фикрлари бўлди. “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз!”, деган сўзлар янгради олам минбари узра… Жаҳонда турли экстремистик оқимлар томонидан исломга ҳар хил тамғалар ёпиштирилаётган бир пайтда жаранглаган бундай даъватнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида ислом динининг бизни эзгуликка, тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини, Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этди. Амалий ишлар мисолида Самарқанд   шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий тадқиқот марказини, Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш борасида сўз юритди.

Бу марказларни ташкил этиш ҳақидаги Президентимизнинг қарори ўз вақтида бўлганлигини таъкидлаш ўринли. Бунга маънавий ҳаққимиз ҳам бор-да! Имом Бухорий ва ислом маданияти заминида дунёга танилган бошқа алломаларимиз бизларнинг аждодларимиз, жондош ва қондош боболаримиздир. Уларни эслаб, эъзозлаб, савоб ишга қўл урамиз, уларнинг руҳларини бағоят шод этамиз, ўзимизни ҳам маънан ва руҳан бақувват сезамиз. Биз бундай изланишларни яна ҳам давом эттиришимиз керак. Шу маънода, муҳтарам Президентимизнинг шу йил ноябр ойида Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида ўтказиладиган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро анжуманда минтақадаги фундаментал муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилгани ҳақидаги сўзлари кишида мамнуният туйғусини уйғотади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи, ҳеч қандай блокка қўшилмаслик мақомини маҳкам сақлаган, очиқ мулоқотга ҳамиша тайёр, янгиланаётган Ўзбекистонни дунё ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаётганини, келажакни кўзлаб зукколик билан фаолият юритиб келаётган муносиб Раҳбари борлигини дунёга ёрқин намойиш этди.

 

Муҳаммад Али,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ