"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ХАЛҚЛАРНИ БИРЛАШТИРГАН АДИБ

Ўқилди: 365

Ёзувчилар уюшмасида атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига тайёргарлик кўриш муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти, АТ Халқ банки ҳамда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Чингиз Айтматов маркази ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ёзувчилар, шоирлар, адабиётшунослар, таржимонлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али очиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифини амалга оширгани, Қирғизистон Президенти Алмаз Атамбаев билан учрашув асносида ўзбек ва қирғиз халқи манфаатларига хизмат қиладиган қатор келишувлар муҳокама қилингани, энг нозик масалалалардан бири — чегара масаласи ҳам ижобий ечим билан ҳал этилиши ҳақида келишилгани ҳақида сўзлади. Икки халқ тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шу учрашув чоғида Юртбошимизнинг улуғ ёзувчи Чингиз Айтматовнинг ўзбек ва қирғиз халқлари ҳақида “Халқларимизнинг қони бир, тили бир” деган ҳикматли сўзларини мисол қилиб келтирганини таъкидлади ва бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Чингиз Айтматов хотирасига бағишланган йиғилишнинг ўтказилаётгани ана шу дўстлик ва қардошлик муносабатларининг бевосита давоми эканини айтиб ўтди, шунингдек Чингиз Айтматовнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қисқача маъруза қилди.
– Чингиз Айтматов Ўзбекистон учун азиз ва қадрли ижодкордир. Адибнинг бадиий ва публицистик асарлари ўтган асрнинг 60 йилларидан бошлаб ҳозирга қадар бир неча авлод ижодкорлари томонидан она тилимизга маҳорат билан таржима этиб келинади. Асил Рашидов, Иброҳим Ғафуров, Суюн Қораев ва бошқа таржимонлар ёзувчининг деярли барча бадиий ва публицистик асарларини ҳали сиёҳи қуримасданоқ ўзбек ўқувчиларига тақдим этишган. Ўзбекистон адабиётшунослари эса Чингиз Айтматов романлари ва қиссаларига бағишлаб илмий рисолалар, адабий танқидий мақолалар чоп этишган. Бундан ташқари ХХ асрнинг иккинчи ярмида Тошкентда очилган “Прогресс”, “Радуга” нашриётлари ташаббуси билан Чингиз Айтматов асарлари урду, ҳинд, қозоқ, уйғур, форс ва бошқа тилларга таржима қилиниб нашр этилган, дунё халқлари ўқувчилари қўлига етиб борган.
Халқлар ўртасидаги адабий алоқаларнинг ривожланиши шахслар ўртасидаги дўстона муносабатларга, уларнинг ўзаро борди-келдиларига бориб тақалади. Шу маънода Чингиз Айтматовнинг ўзбек адабиёти намояндалари Миртемир, Одил Ёқубов, Примқул Қодиров, Абдулла Орипов ҳамда қорақалпоқ адиби Тўлапберган Қайпберганов билан дўстлиги алоҳида аҳамиятга эга.
Ўша адабий дўстлик анъаналарининг давоми сифатида яқинда Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматов маркази ташкил этилди.
Марказ раҳбари Аҳмаджон Мелибоев у ерда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берди.
– Адибнинг асарлари юртимизда 38-40 марта нашр этилган бўлиб, китобларнинг нусхаси бир миллиондан ошиб кетган, — деди у. — Марказда Чингиз Айтматов асарлари жамланди. 250 миллион сумга компьтер техникаси олинди. Адибнинг суратлари экран орқали намойиш этилмоқда. Уни илмий марказга айлантириш ниятимиз бор. Чингиз Айтматов марказида 12 декабрь куни давра суҳбати бўлиб ўтади.
– Чингиз Айтматов “Менинг тақдирим ўзбек халқи тақдирига ўхшайди” – дея бизнинг халқимиз тарихи, маданиятига ўз меҳр-муҳаббатини изҳор этган эди, – деди Академик Бахтиёр Назаров. – Бу сўзларнинг замирида теран маъно бор. Адиб асарлари дунёга энг кўп тарқалган ижодкордир. Чингиз Айтматов китоблари Германияда кўп тарқалган. Ўзбекистон Айтматов асарларининг кўп тарқалиши бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Бизнинг китобхонлар Айтматов асарларини шу қадар севади.
Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида жаҳон миқёсида ёшларга эътибор беришимиз керак, деган фикрни илгари сурдилар.
Чингиз Айтматов ҳақида Юртбошимиз Қирғизистон элчихонасидаги хотира дафтарига “Чингиз Айтматов –мутафаккир ва гуманист” деб дастхат ёзган эдилар. Мутафаккир деган ном Алишер Навоийдек буюк шахсларга нисбатан сифат берилади. Чингиз Айтматов ҳам ана шундай мутафаккир адиблардан биридир. Бугун Президентимиз ташаббуси билан адабиётга эътибор, Чингиз Айтматовдек буюк адибларга эҳтиром замон, тарих, инсоният талаб қилган даражада янги юқори поғоналарга кўтарилмоқда.

Адабиётшунос олимлар Умарали Норматов, Адҳамбек Алимбеков, публицист адиб Сайди Умиров, мамлакатимиздаги қирғиз маданияти маркази раҳбари Раҳматилла Жабборов, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф, таржимон Зуҳриддин

Исомиддинов Чингиз Айтматовнинг “Иностранная литература” журналидаги муҳаррирлик фаолияти, жаҳон адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари, 

унинг бадиий публицистик ва адабий танқидий мақолалари, романлари ва қиссаларининг ғоявий-бадиий моҳияти, дунёда тинчлик, инсоний меҳр-муҳаббатни сақлаш ва она заминни асрашга даъват этиб, жаҳоншумул долзарб мавзуларда халқаро майдонлардаги чиқишлари, адиб асарларининг янги нашрлари, янги таржималари, тарғиботи ва ўрганилиши, айтматовхонлик мавзуидаги илмий тадқиқотлар, ўзбек-қирғиз адабий алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида гапирдилар. Шоир Турсун Али Чингиз Айтматовга бағишланган шеърини ўқиди.
Тадбир якунида барчанинг дил изҳори сифатида шундай сўзлар янгради: Чингиз Айтматов – нафақат

қирғиз ёзувчиси, айни пайтда жаҳон халқлари ёзувчисидир. Унинг асарлари бутун дунё китобхонларининг маънавий мулкига айланган. У тараннум этган олижаноб фазилатлар инсонни, инсониятни шарафлайди. Шунинг учун Чингиз Айтматовни бутун дунё халқлари севади ва қадрлайди. Яқин келажакда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги катта кўчалардан бирига Чингиз Айтматов номи берилади. Биз Чингиз Айтматовни ўрганганмиз ва ўрганишда давом этамиз. Бизнинг авлодларимиз ҳам, авлодларимизнинг авлодлари ҳам Чингиз Айтматовни ўқиб-ўрганади. Ёзувчининг бадиий тафаккури, бетакрор истеъдоди, сўз устида ишлаши, теран ва кўп маъноли матни, асарларининг тили, фалсафаси ҳамиша маҳорат мактаби бўлиб қолади.

 

Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ