"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ВАТАНГА МУҲАББАТ ИЗҲОРИ

Ўқилди: 102

“Китоб олами” маънавий-маърифий савдо мажмуасида ёш ижодкор Мунира Рамазонованинг “Дориломон кунлар шукуҳи” номили бадиий-публицистик мақолалар ва адабий суҳбатлар китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, санъаткорлар ва китобхонлар иштирок этди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимова ушбу илк публицистик мақолалар тўпламига сўз боши ёзиб, ёш ижодкорга оқ йўл тилаган устоз сифатида сўзга чиқиб, бугун мамлакатимизда китобларни нашр этиш, китобхонликни ривожлантириш ҳамда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилаётгани ҳақида гапирди. Мунира Рамазонова ёшлар учун яратилган ана шундай имкониятлардан баҳраманд бўлиб, қалам тебратаётган истеъдодли ижодкорлардан биридир.

– Ёш ижодкорнинг илк китобининг “Китоб олами” маънавият маканида, китобхонлар ва адабиёт мухлислари орасида ўтказилаётгани муҳим аҳамиятга эга, – деди таниқли шоир Мирпўлат Мирзо. – Чунки, бу бино талабалар, ўқувчи-ёшлар, китобсевар оилалар билан доимо гавжум. Китоб харид қилиш учун келган ўқувчилар бундай тадбирларда адабиётда, хусусан ёшлар ижодида рўй бераётган янгиликлар ҳамда янги китобларнинг муаллифлари билан яқиндан танишадилар ва бевосита суҳбатлашадилар.

“Дориломон кунлар шукуҳи” китобидан “Ислиқлол: мақсад ва имконият”, “Истиқлолнинг ёруғ йўли”, “Қанотли тулпор”(“Афросиёб” тезюрар поезди), “Олтин водий ҳайратлари”, “Бухорои шариф замонавий обидаси” ва бошқа шу каби бунёдкорлик мавзуидаги мақолалар, Эркин Самандар, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо, Исажон Султон, Мирпўлат Мирзо, Шарифа Салимова, Энахон Сиддиқова, Ҳалима Аҳмедова каби таниқли ижодкорлар, Алишер Мирзаев, Тўра Қурёзов, Ортиғали Қозоқов, Алишер Алиқулов, Абдулла Назуллаев каби мусаввирлар, халқ амалий санъати намояндалари билан ижод сирлари ва замон талаби масалаларидан ҳикоя қилувчи сўҳбатлар ҳамда табиатни муҳофаза қилиш ва экология муоммоларини ёритувчи очерклар ўрин олгани муаллифнинг элу юртга муҳаббати, бадиий адабиётга эътиқоди кучлилигидан ҳамда мутолаа олами бойлигидан дарак беради. Шу маънода “Дориломон кунлар шукуҳи” китоби ёш ижодкорнинг Ватанга муҳаббат изҳоридир.

Халқаро “Олтин мерос” жамғармаси раҳбари Амирқул Карим, Эркин Самандар, Ҳайдар Муҳаммад, Чоршаъм Рўзиев, Рустам Мусурмон, Дилшод Ражаб ва бошқа ижодкорлар сўзга чиқиб, “Дориломон кунлар шукуҳи” китобининг мазмун-мундарижаси, долзарб мавзулари, муаллифнинг ижодий маҳорати ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини ва тилакларини билдирдилар.

Хонанда Шермуҳаммад Хўжаниёзов ижро этган мумтоз ашулалар китобхонлик тадбири иштирокчилари қалбига завқ бағишлади.

Тадбирда таниқли сўз устаси Райимбой Жуманиёзов китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни, китоб мутолаасининг фойдаси, сўз қадри ва ижод масъулияти ҳақидаги шеърлар, ҳикматли сўзлар ва мумтоз адибларнинг ибратли фикрларини ифодали айтиб бериб, бошловчилик қилди.

                                           Ахборот хизмати

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР