"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Адабиёт бўйича 2017 йилнинг Нобель мукофоти соҳиби аниқланди…

Ўқилди: 233

Асли япон ёзувчиси бўлган Британиялик КАДЗУО ИСИГУРО 2017 йилнинг адабиёт учун Нобель мукофотига лойиқ деб топилди.
Швеция Академияси Исигурони «ўзининг катта ҳиссий қудратга эга романларида бизнинг дунё билан бўлган сохта боғлиқлигимиз остидаги бўшлиқни фош қилган ёзувчи» дея тасвирлади.
Унинг «Кун қолдиқлари» (The Remains of the Day) ва «Мени қўйиб юборма» (Never Let Me Go) номли энг машҳур романлари Голливуд фильмларига айлантирилган.
62 яшар адибнинг қаламига мансуб саккизта китоб 40дан ошиқ тилга таржима қилинган.
Бу ажойиб шараф, чунки бу мен жаҳоннинг энг буюк ёзувчилари йўлларидан кетаётганимни англатади», – дейди адибнинг ўзи.
У ўзининг мазкур мукофотга лойиқ топилиши «бу мавҳум даврдаги қандайдир ижобий муҳитни яратиш»га ҳисса қўшишига умид қилишини билдирди.
Исигуронинг асарлари хотира, давр ва ўзини алдаш каби мавзуларни ўз ичига олади.
Адиб 1954 йилда Япониянинг Нагасаки шаҳрида туғилган.
Нобель қўмитаси унинг 2015 йилда чоп этилган охирги китоби «Кўмилган гигант», «хотиранинг унутишга, тарихнинг бугунги кунга, ҳамда фантазиянинг воқеъликка алоқаси»ни чуқур ўрганишини айтди.
Швеция Академиясининг доимий котиби Сара Даниус унинг ёзиш стилини «бироз Жейн Остин ва Франц Кафканинг ҳажвий манералари қоришмаси» дея тасвирлади.
Ўзбекистонлик адабиётшунос олим Муҳаммаджон Холбековнинг «ХХ аср модерн адабиёти манзаралари» китобида ёзишича, Кадзуо Исигуро қаламига мансуб «Биз етим бўлганимизда» (When We Were Orphans) романи бугунги кун «маданиятшунослик романи»нинг ёрқин намунасидек хизмат қилиши мумкин.
Роман қаҳрамони — Шанхайда туғилиб ўсган ёш Кристофер учун Англия ҳеч қачон «ўз уйи»га айланмайди; унинг дўсти — ёш Акиро ҳам Шанхайда катта бўлган, болалик шўхликлари учун ота-онасининг дўқ-пўписаси, яъни «уй»ига — Японияга жўнатиб юбориш унинг учун энг даҳшатли жазога айланади, негаки у бир марта Японияда бўлган ва ўзини у ерда умрбод бегонадек ҳис қилиб улгурган эди».
…япониялик, бироқ инглиз тилида қалам тебратаётган Кадзуо Исигуро романларида миллий менталитет, миллий анъана эмас, балки бугунги кунда дунё миқёсидаги кечаётган туб ўзгаришлар, ҳалокат ва кулфатлар олдида уларни йўқотиш асосий ибтидога айланиб бораяпти. Дунё миқёсидаги туб ўзгаришлар, ҳалокат ва кулфатлар деганда, биз, энг аввало, урушлар, терроризм, муҳожирлик, ирқий камситиш, беватанлик каби тарихий ва психологик зарбаларни назарда тутаяпмиз. Кадзуо Исигуронинг «Биз етим бўлганимизда» номли романидан фикримизни тасдиғи учун ушбу парчани келтириб ўтайлик: «Кристофер, сен етарлича инглиз эмассан! — деди ёш Акиро ўз дўстига қараб, — мен эса етарлича япон эмасман!» — деб ёзади адабиётшунос олим.

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ