"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ДЎСТ ЁДИ

Ўқилди: 292

Қашқадарёдан келган нохуш хабар қалбимизни ларзага солди. Таниқли адиб, ҳажвий адабиётимиз заҳматкашларидан бири Муҳаммад Очил тўсатдан вафот этибди. Марҳумнинг оила аъзолари,  ёру дўстларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз, сабр тилаймиз.

Муҳаммад Очил 1953 йилнинг 24 августида Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманидаги  Совуқ Булоқ қишлоғида туғилди. Тошкент давлат университетининг биология-тупроқшунослик факультетида таҳсил олгач, бир муддат республика “Ўзгипрозем” илмий текшириш институтида фаолият юритди.

Ёшлигидан бадиий адабиётга, хусусан ҳажвиётга  ҳавасманд бўлган, бу соҳада ўзича машқлар  қилиб юрган Муҳаммаджон 1978 йилда ўзининг “Шайтон операцияси” деб номланган ҳажвий ҳикоясини “Муштум” журналига олиб боради. Ҳикоя таҳририят жамоаси, жумладан, атоқли сатирик адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси  Неъмат Аминов эътирофини қозонади.  Мазкур нашрда дунё юзини кўрган ёш қаламкашнинг илк асари “Муштум”нинг йиллик мукофоти билан тақдирланади. Ушбу муваффақият, устоз адиблар эътибори унга қанот бағишлайди. Ижодга қаттиқ бел боғлаб, “Нишонга теккан ўқ” номли дастлабки ҳажвиялар тўпламини эълон қилдиради.

Сатиранинг, беғараз кулгунинг аҳамияти, унинг ҳаётдаги носозликларни бартараф этиш қудрати хусусидаги устози Неъмат Аминовнинг сабоқларини қаттиқ тутган ижодкор ўз ўрнини адабиёт оламида деб билди. Хизмат фаолиятини ҳам ўзгартириб, дастлаб “Қашқадарё ҳақиқати” газетасида адабий ходим, бўлим мудири вазифаларида ишлади. Бир неча йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Қашқадарё вилоят бўлимини бошқарди. Бу орада “Шайтон операцияси”, “Бермурд учбурчаги”, “Арвоҳ ови”, “Қуллуқ”, “Ҳажв гулдастаси”, “Шайтон шотирлари”, “Қалам аҳли қаҳ-қаҳаси” каби қатор ҳикоялар, қиссалар тўпламларини чоп эттирди.

“Муштум” журнали, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси “Шум бола чойхонаси” саҳифасининг фаол муаллифларидан бири сифатида бир неча марталаб мазкур нашрларнинг йиллик мукофотларига сазовор бўлди.

Унинг болаларга бағишланган “Сеҳрли саргузашт”, “Нафс найранглари” спектакллари, “Отинг нима, оғайни?” номли комедияси вилоят мусиқали драма театрида муваффақиятли саҳналаштирилиб, бир неча йиллар давомида намойиш этилди.

Муҳаммад Очил табиатан қувноқ, очиқкўнгил инсон эди. У ижодкор сўзининг, жумладан беғараз ҳазил-мутойиба қудратини теран ҳис қилар, қаерда бўлмасин, оиладами, дўстлар даврасидами, адабий учрашувлар ёхуд бошқа тадбирлардами, кишилар қалбига ёруғлик бағишлашга, уларда ҳаётга нисбатан некбин муносабат, кайфият уйғотишга интилар эди.

Таниқли адиб, меҳр-оқибатли дўст, ҳаётсевар ва некбин инсон Муҳаммад Очилнинг ёрқин хотираси уни билган ёру дўстлари, пурмазмун ва қувноқ асарларидан баҳраманд бўлган кўпмингли мухлислари қалбида абадий яшайди.

Севимли адибимизнинг охирати обод бўлсин.

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ