"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“ДЎСТЛАР КЛУБИ”НИНГ ШАРОФАТЛИ ИШЛАРИ

Ўқилди: 69

Халқимиз қалам аҳлини доимо эъзозлаб келган.

Темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаро, “Хамса” битган дўсти Алишер Навоийни ўзининг оқ отига миндириб, Ҳирот кўчаларидан ўтиши ана шундай эъзоз намунаси ўлароқ тарихда дарж этилгандир. Яна ривоят қиладиларким, бир ҳукмдор замонаси шоирларидан бирининг икки мисра шеърини минг тиллога (ё шундай катта баҳога) сотиб олади. Аъёнлар бу ишдан норози бўлишади. Подшоҳ қилган ишига шундай мазмунда изоҳ беради: «Шоир пулларни тез орада сарфлаб юборади, аммо ёзилган мисралар мангу қолади»…

 Очиғини айтганда, ҳамма замонларда ҳам шундай бўлавермаган. Адабий ҳаётда тарқоқлик юзага келиб, унинг узоқ вақт давом этиши, асл истеъдод эгаларининг ўз ҳолига ташлаб қўйилиши тарихда анча-мунча учрайди. “Ҳақиқий истеъдодлар ўзи йўл топиб кетаверади”, деган тушунча ҳар доим ҳам ўзини оқлайвермас экан. Бу — яқин ўтмишимизнинг аччиқ хулосаларидан бири.

  Бир бадиий асарнинг дунёга келиши билан боғлиқ машаққатларни таърифлаш ҳам осон эмас. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 3 август куни мамлакатимиз зиёлилари билан учрашувдаги “Адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш — халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусидаги маърузасида айтганларидек, “Инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, оҳанг ва рангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган муҳтарам ижод аҳлининг меҳнати нақадар машаққатли, масъулиятли ва шарафли эканини барчамиз яхши биламиз”.

 Дунёда ҳар бир тирик инсоннинг ўз мақсади, орзу-ниятлари ва эҳтиёжлари бўлиши табиий ҳол. Бунинг устига, бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай меҳнат муносиб рағбатлантирилиши лозим, деган фикрлар кўп айтилади. Ҳаётда ҳеч ким ва ҳеч нарса шунчаки, ўзича юзага чиқиб қолмайди. Ҳар бир иш, соҳа ёхуд жараён аввало меҳр, эътибор ҳамда хайрихоҳ инсонлар кўмагида ривож топади.

     Бугун Президентимиз ташаббуси билан адабиётга эътибор, буюк аждодларимиз мероси ва бугунги ижод аҳлига эҳтиром замон, тарих, инсоният талаб қилган даражада янги, юқори поғоналарга кўтарилмоқда. Такрор-такрор айтсак арзийди: давлатимиз раҳбарининг ижод аҳли билан учрашуви ҳамда дилдан суҳбат қуриши уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Юракларига катта ғайрат ва завқ улашди. Бу учрашув ҳаяжонлари, у бағишлаган юксак кайфият ҳанузгача ижодкорларни тарк этгани йўқ.

    Ёзувчилар уюшмасига қаламкашлардан келаётган мақолалар, эътироф, истак ва таклифлар баён этилган хатлар оқими ҳануз тўхтамаяпти. Уларнинг мазмунидан кўтаринки ижодий руҳни англаш қийин эмас. Кино, театр, адабиёт ва журналистика соҳасида фаолият юритаётган адиблар, Президентимизнинг ғамхўрлиги ва эътибори учун ўз миннатдорлигини, хайрихоҳ, холис муносабатларини қоғозга тушириб жўнатишмоқда. “Кўнглимиздаги гаплар айтилди”, “Ҳақиқий асарлар яратиладиган давр келди”, “Ижоддан тўхтамаймиз”, “Энг сара асарларимиз эл-юрт учун, Ватан учун”, “Албатта, ишончни оқлаймиз…”.  Ана шундай дил сўзларини ўқиб, сўз — ҳаётнинг буюк қуроли эканига яна бир бор амин бўласиз.

     Ҳаётдан завқланувчи шоир ёзган шеър ҳам завқли бўлади, — дейди устоз адиб Муҳаммад Али. — Бадиий асарни ижодкор кўнглига тутилган ойнага қиёслаш мумкин. Шу нуқтаи-назардан олиб қаралса, турмушидан кўнгли тўқ ёзувчи асарининг мағзи ҳам тўқ бўлади. Муҳтарам Президентимиз адабиёт, умуман, ижод аҳли муаммоларини ҳаммамиздан кўпроқ билишлари, уларнинг ечими йўлида қанчалик жонкуяр эканликларини кўрдик. Маърузаларида жуда кўп муаммолар қамраб олинди.

      Ўша тарихий учрашувда Президентимиз узоқ вақтлардан бери ижодкорларни қийнаётган муаммоларни ҳам тилга олиб, уларнинг ечими ҳақида аниқ фикрларини билдирдилар. Масалан, ижодкор учун “таътил” ёки “нафақа” деган тушунчалар жуда нисбий саналади. Чунки уларнинг “дам олиш куни” ёки нафақа даврида ижодни тўхтатишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Асл ижодкорнинг қалами, кечаю кундуз ёки йил фаслларидан қатъий назар, ёзишдан тўхтамайди. Адибларимиз айни донишмандлик ва ижодий балоғат палласи бўлмиш нафақа даврида асар ёзса, ё гонорардан ёки пенсиядан воз кечишга мажбур эдилар. Энди бу каби муаммолар бартараф этиладиган бўлди. Президентимиз маърузасида адабиётга кўрсатилаётган ҳомийликларни кўриб биз ижодкорлар қачон бу қадар эҳтиром кўргандик, қачон бу қадар эъзозлангандик, деб ўйлаб қолдим. Бугун фидокорлик ва шижоат билан ижод қилаётган қаламкашларнинг қувончини ҳис этиш қийин эмас. Кўнгиллар чароғон, ижодий жўшқинлик. Ҳар бир қаламкаш билан гаплашсангиз, янги-янги ижодий режалардан гап очади…

  Шу ўринда атоқли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевнинг бир суҳбатда ҳазил аралаш айтган сўзлари эсга тушади: “Ҳошимжон менга ўғил қатори бўлди. Унинг орқасидан уй қилдим, тўй қилдим, машина олдим. Бугун эса битта китоб чиқариш учун шуларнинг барини сотишга тўғри келади”…

  Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур йиғилишда жумладан, шундай дедилар: “Бугун маърифатли дунёда шундай анъана мавжудки, йирик компаниялар, банклар, фирмалар маданий ташкилотларга ҳомийлик қилишни ўзлари учун шараф деб биладилар. Баъзан, қани эди, бизда ҳам шундай ҳомийлар кўпайса, деб орзу қиламан. Аждодларимиз ўз даврида яратган илмий ва ижодий мактабларнинг вужудга келишида аввало ана шундай маърифатпарвар ҳомийларнинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамият касб этгани яхши маълум. Шундан келиб чиққан ҳолда, яна бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари”ни ташкил этсак, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириб қўйсак, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйсак, нима дейсизлар?
Шундан сўнг Шавкат Миромонович, “Халқ банки “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг дўстлари клуби”га раҳбарлик қилмоқчи”, деган таклифни ўртага ташладилар.

 Халқимизда, “Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмагай”, деган нақл бежизга айтилмаган. Адабиёт ва маърифат — кўнгил озиғи, дилларни ўзаро боғловчи восита. Молия, иқтисод соҳасида жумладан, акционерлик тижорат Халқ банки тизимида ҳам адабиётга доимий эҳтиёж мавжуд, элимизнинг севимли шоир-ёзувчилари билан дилдан мулоқотга муштоқлик борлиги ҳам сир эмас. Президент билан учрашувдан сўнг акционерлик тижорат Халқ банки томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан дўстлар клуби ташкил этилиб, адабиётни ривожлантириш, адибларни қўллаб-қувватлаш учун чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди. Қалам аҳли ва банк ходимлари ҳамкорлигини “Иқтисод ва Маънавият уйғунлиги” деб таърифлаш ўринли бўлади! Банк раҳбарияти ва ходимлари фақат ҳисоб-китоб илмидагина эмас, балки адабий мавзуларда ҳам чуқур фикрловчи мухлислар эканлиги адибларни қувонтирди. Бу соҳа вакиллари орасида бадиий ижодга қизиқувчилар, яхшигина қалам тебратувчи ҳаваскорлар борлиги янада завқли. Хуллас, тез орада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Республика акционерлик тижорат Халқ банки ўртасида “Дўстлар клуби” тузилди. Клубни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. 2017-2018 йиллар давомида “Дўстлар клуби”ни ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури” тасдиқланди.

Шунингдек, Журналистлар ижодий уюшмаси, Бадиий академия ва Бастакорлар уюшмаси билан ижодий ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Яхши ниятлар кўп, режалар юксак. Улардан айримларини айтсак, ҳавасингиз келади: Халқ банки вакиллари ва Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан вилоятларда ижодий учрашувлар ўтказиш;

Халқ банки вакиллари ва Ёзувчилар уюшмасининг “Дўстлар клуби” ҳамкорлигида ёзувчиларнинг юрт бўйлаб саёҳатини уюштириш, уларни вилоятлардаги музейлар, тарихий обидалар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, саноат мажмуалари билан яқиндан таништириш;

Истеъдодли ёш таржимонларни тайёрлаш, ўзбек адабиётининг етук намуналарини хорижий тилларга, жаҳон адабиётининг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш;

Ёзувчилар уюшмаси қошида Бадиий таржима маҳорат мактабини ташкил этиш, унинг моддий-техник базасини яратиш, малакали мутахассисларни жалб этиш;

Уюшманинг халқаро адабий алоқаларини ривожлантириш, қардош давлатлар ўртасида “Адабиёт кунлари”ни ўтказиш;

Таниқли адибларнинг хорижий мамлакатларга ижодий сафарларини уюштириш, қардош халқлар, қўшни юртлар ва чет мамлакатлардаги адибларнинг уй-музейлари, тарихий обидаларга саёҳатини ташкил этиш (илк сафарни ҳазрат Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги қабрини зиёрат қилишдан бошлаш таклиф этилади);

Адибларимизнинг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган адабий анжуманларда иштирокини таъминлаш, шу орқали миллий адабиётимизни янада ривожлантириш ва тарғиб этиш, ижодкорларимизнинг бадиий тафаккурини кенгайтириш;

Уюшма поликлиникасини янги рентген аппарати ҳамда ИФА лаборатория ускунаси (қондаги вирусли инфекциялар ҳамда қондаги гармонларни текшириш учун) билан таъминлаш ва ҳоказо…

Мана, энди ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки натижалари ҳақида гапирсак: Халқ банки томонидан Уюшма тавсиясига биноан 20 нафар кам таъминланган ва моддий имконияти чекланган ижодкорнинг олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фарзандларига имтиёзли таълим кредитлари ажратиш белгиланди. Ўн нафар ижодкорга имтиёзли истеъмол кредитлари ажратиш ҳақида келишиб олинди. Фаол ижод қилаётган 9 нафар ижодкорга Халқ банкининг “Бўстонлиқ” дам олиш масканига оилавий йўлланма ажратилди.

Банкнинг вилоят ва туман (шаҳар) филиалларида таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар ташкил қилинмоқда, шунингдек Ёзувчилар уюшмаси томонидан 50 номдаги китоб банкнинг Маънавият хонасига тақдим этилди. Уюшма муассислигидаги адабий нашрларга Халқ банки ходимлари ва банк мижозларининг обунасини ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда.

    Куни кеча Халқ банки ходимлари, бир гуруҳ ёш ижодкорлар ҳамда Ёзувчилар уюшмаси қошидаги “Онажоним шеърият” тўгараги аъзоларининг Ғафур Ғулом уй-музейига экскурсияси уюштирилди.

Атоқли қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги олдидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон-Қирғизистон дўстлик жамияти, Халқ банки ҳамда Ўзбекистон Миллий университети қошидаги Чингиз Айтматов маркази ҳамкорлигида йиғилиш бўлиб ўтди.

      Юртимизда юз бераётган янгиланишлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишиш, шунингдек Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида бир гуруҳ таниқли ёзувчилар, шоирлар Халқ банки томонидан ташкил этилган автобусда Самарқанд шаҳри бўйлаб ижодий сафарда бўлиб қайтишди. Сафар давомида маънавият масканларида китобхонлар билан ўтказилган ижодий учрашувлар ва давра суҳбатлари мухлисларда катта таассурот қолдирди.

     Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан Халқ банки “Дўстлар клуби” ҳамкорлигида пахтакорлар ва ҳашарчилар ҳузурида ижодий учрашувлар, маънавий тадбирлар бўлиб ўтяпти. Халқ банкининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси “Дўстлар клуби” томонидан ҳам ижодий учрашувлар ва маданий тадбирлар уюштириляпти.

Халқ банки билан яқиндан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай кенг қамровли ва сермазмун тадбирларни жуда узоқ санаш мумкин. Айтиш керакки, булар — ҳамкорликнинг илк босқичидан айрим лавҳалар, холос.

  Ҳа, қалам аҳлининг жўшиб-жўшиб, тўлиб-тошиб ижод қиладиган вақтлари келди.

Бахтиёр Ҳайдаров,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА ПАХТАКОРЛАР ҲУЗУРИДА
ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ ОНА ТИЛИ – МИЛЛАТНИНГ РУҲИ
Янги китоб Янги китоб
ИЖОДГА БАХШИДА УМР ИЖОДГА БАХШИДА УМР