"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИЖОДГА БАХШИДА УМР

Ўқилди: 266

Эл севган ижодкор, заҳматкаш олима, Гёте асарларини она тилимизга аслиятдан маҳорат билан ўгирган хассос таржимон  Янглиш Эгамованинг кутилмаганда вафот этгани ҳақидаги қайғули хабарни эшитиб,  юрагимиз ғам-аламга тўлди. Ахир, яқиндагина “Дўрмон” Ижод уйида мустақиллик байрамига бағишланган тантанали анжуманда кўришган, Янглиш опани “Ватан учун яшайлик” танлови ғолиби бўлгани билан самимий табриклаган эдик. Опа ижодкор дўстлари, мухлислари орасида қанчалар қувонган   эдилар-а ўшанда. Талабалигимиздан бизга “Ёш Вертернинг изтироблари”дек буюк севги романини ўзбек тилида мутолаа қилиш завқу ҳаяжонини туҳфа этган моҳир таржимоннинг бизни ташлаб кетишини ҳеч қачон хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Лекин афсуски, тақдир йўриғи олдида инсон ҳамиша ожиз экан. Қалбимизда чуқур изтироб билан  марҳуманинг оила аъзолари,  ёру дўстларига ҳамдардлик билдирамиз, сабр тилаймиз.

Янглиш Эгамова 1943 йилнинг 2 майида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги  Олчин қишлоғида туғилди. Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университетининг хорижий филология факультетида  таҳсил олгач, меҳнат фаолиятини Ғаллаорол туманидаги 22-мактабда немис тили ўқитувчилигидан бошлади. Янглиш Эгамова чет тилини чуқур ўрганиб, филология фанлари номзоди диссертациясини ҳимоя қилди, доцент унвонига сазовар бўлди, кўп йиллар давомида ёшларга тил ва таржима илмидан сабоқ берди. Бироқ энг муҳими, Янглиш опа улуғ немис алломаси, жаҳон халқларининг севимли адиби, шоири, драматурги Иоганн Волфганг Гёте асарларининг таржимони сифатида донг таратди, бутун умри давомида ўз ижоди билан халқаро адабий алоқалар ва бадиий адабиёт ривожига фидокорона хизмат қилди.

Ёшлигидан жаҳон адабиёти дурдоналари сеҳрига ошуфта бўлган, бадиий таржима соҳасида ҳавас билан қалам тебратган Янглиш Эгамова 1975 йилда Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романини Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида нашр эттиради. Шундан сўнг  Бруно Апитснинг “Қашқирлар чангалида” романи, Волфганг Борхертнинг ҳикоялари, Фиртс Вюртленинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги “Андижон шаҳзодаси” қиссаси, Гётенинг “Муҳаббатнома” номли сайланма китоби, “Ёш Вертернинг изтироблари” (қайта нашр), “Ҳамроз диллар” романлари Янглиш Эгамова таржимасида чоп этилди.

         Йоҳанн Петер Эккерманнинг Гёте ҳаёти ва ижодига бағишланган “Гёте билан гурунглар” номли йирик китобининг Янглиш Эгамова таржимасида нашр этилиши адабиёт оламида улкан воқеа бўлди.

Янглиш опа бутун умрини бадиий таржима ва таржимашуносликка бахшида этди. Унинг таржима назарияси ва тил илмига оид илмий мақолаларининг номини санасак, жуда узун рўйхатни ташкил этади.

Янглиш опа меҳрибон, оқкўнгил ва фидойи инсон эди. У ижоди ва фаолияти билан жуда кўп ижодкорларнинг устози бўлган, бадиий ижодда ёшларнинг ўзи йўлини топишида бевосита ғамхўрлик қилган эди. Ғарбнинг даҳо шоирининг Шарқ мумтоз адабиётига ошиқ бўлиб ёнган юрагини она тилимиз уфқида қуёшдек порлаши учун неча тунларни тонгларга улаб, шамдек сўзона ёниб меҳнат қилган моҳир таржимоннинг номи ҳеч қачон унутилмайди.

          Таниқли ижодкор, заҳматкаш олима, меҳрибон устоз, ғамхўр ва олижаноб инсон Янглиш Эгамованинг ёрқин хотираси уни яхши билган ва ардоқлаган ёру дўстлари, минг-минглаб китобхонлар қалбида абадий яшайди.

         Илоё, Янглиш опанинг жойлари жаннатдан бўлсин.

 

                                             Рустам МУСУРМОН,

                                                                               Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,

                                                                               Мунаввара УСМОНОВА

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ