"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири

Ўқилди: 114

1939 йилнинг 2 ноябрида Тошкент шаҳрида туғилган Рус тилида ўндан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. Алишер Навоий ғазалларини, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Жуманиёз Жабборов, Сирожиддин Саййид ва Бошқа шоирларнинг шеърларини рус тилига юксак бадиий маҳорат билан таржима қилган. Ўзбек тилида “Чиғир” номли шеърлар ва насрий асарлар китоби Абдулла Орипов, Сирожиддин Саййид, Рустам Мусурмон таржимасида чоп этилган. 2004 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони билан мукофотланган.
2009 йил 14 октябрда вафот этган.

 

ЮЛДУЗЛАРНИ АСРАЙДИ ФАЛАК

Учрашув

Учрашувга ваъдалашайлик,
Учрашмоқлик эмас-ку гуноҳ.
Қайгадир бош олиб кетайлик,
Одамларнинг кўзидан узоқ.

Гитара ва скрипка жўр,
Секингина таралар наво.
Не тиласанг, официант момо
Бир лаҳзада айлар муҳайё.

Сачраб ўйнар қордек кўпиклар
Шампан-шароб очилган замон.
Беташвишдек туюлар ҳаёт,
Бўлмагандек гўёки армон.

Шароб ғамни ювар кўнгилдан,
Қанотларин йиғиб оҳиста,
Муҳаббат ва ишонч икковлон
Ёнимизга ўлтирар аста.

Ишонч бирла, муҳаббат бирла
Суҳбатлаша олмаймиз рўйрост.
Иккимизда ҳамма нарса бор,
Фақатгина умид йўқ, холос.

* * *

Ахир, менга кимлар ишонганди-я,
Пинҳон умид қилиб юракка малҳам?!
Майсалар, ҳайвонлар ишонгандилар…
Менга ишонганди онажонгинам.

Эркинлик деб барин бой бериб қўйдим.
Онам қабри узра юзларим шувут.
Ўт қўйдим, майсалар қовжираб куйди,
Ўқ отдим, ҳайвонлар бўлишди нобуд.

Қушдек эркин бўлдим, мана, ниҳоят.
Кишандамасман-ку бамисоли қул?
Болалигимдаги сўлим табиат
Нега тушларимга кирмайди нуқул?

Қанча мамлакатлар тушди қулфатга,
Уммонларим қани? Қани денгизим?
Боқдим осмондаги нохуш калхатга,
Асли шу калхатни учирган ўзим.

Оёғим остида ерлар шўр, тақир,
Кетяпман елкамда сафар халтам шай.
Уятдан юрагим ўртанар, ахир,
Иссиқда ташналик қийнар аямай.

Булоққа тиз чўкиб, эгилиб пастга
Чол каби сув ича бошлайман узоқ.
Сувдаги аксимга қўшилиб аста
Ер қаърига сингиб кетади булоқ.

Сўз

Поезд кечикиши оддий воқеа,
Самолётни кутиб ичикади кўз.
Ҳақиқий бахтсизлик, катта фожиа –
Мабодо кечикса кутилётган сўз.

Сўнган гулхан узра бўлгандек пушмон,
Кимсасиз кулбага боққандек маҳзун
Кечиккан сўз ғариб, йиғлайди ёмон,
Уни кеча кутган одамлар учун.

Кечиккан сўз боис ўрмонлар етим,
Бепоён ерларнинг пешонаси шўр.
Қабрлар қошида сўз ҳам бесўз, жим,
Руҳлар безовтаю қисмат кўзи кўр.

* * *

Беш дақиқа қолди учиб кетаман,
Юрак кулга тўлди, ўпка тутунга.
Энг баланд манзилни ишғол этаман,
Ёлғиз ташлаб кетгум сени очунга.

Бу, ахир, жуда ҳам оддий ҳақиқат,
Тортқилайвермагин ёмғирпўшингни.
Мен учиб бораётган олис мамлакат
Сенга тўғри келмас, йиғвол ҳушингни.

Иллюминаторга қуёш сочар нур,
Радар тўлқинидан ўзади парвоз.
– Қаёққа? – Лабларинг қимирлар оғир,
Қўл силтайсан, чиқмас шовқинда овоз.

Ерга тегмай учар елган ғилдирак,
Қанотлар остидан кўтарар шамол.
Саволинг ҳавода қолар муаллақ,
Севгилим, севилган гўшангда хуш қол!

Хуш қол, эй садоқат, хуш қол, хиёнат,
Хуш қол, бахт ва шодлик, хуш қол, қайғу-ғам.
Хуш қол энди нафрат, хуш қол, муҳаббат,
Зор эмасман энди ҳатто сенга ҳам.

Варақ

Юлдузларни асрайди фалак,
Теран денгиз асрар дурларни.
Дафтаримдан йиртилган варақ,
Асрагин мен ёзган шеърларни.

Шеър – нафақат ўқимоқ, уқмоқ,
Шеър – юракда янграган товуш:
Қутқаргандек тайгада сўқмоқ,
Тебрангандек кўлларда қамиш.

Ҳар сатрим – жон, ҳар шеърим – юрак,
Ўрмон, қушлар, булутларга хеш.
Дафтаримдан йиртилган варақ
Шеърларимни асра пешма-пеш.

Авлодларга келмасин малол,
Шеърларим ғам чекмасин ночор,
Шамол, денгиз ва япроқ мисол
Нафас олсин, кулсин беғубор.

 

Рус тилидан
Растам МУСУРМОН таржимаси

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ