"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)

Ўқилди: 450

Сирожиддин Саййид 1958 йилнинг 30 октябрида Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги Кундажувоз қишлоғида туғилди. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида (1974-1979) таҳсил олди.

“Хайрулланинг командаси” номли илк ҳикояси саккизинчи синфда ўқиб юрганида республика болалар газетасида босилди. “Орзу” ва “Истак” номли илк шеърлари 1975 йилда “Тошкент университети”, “Сариосиё ҳақиқати” газеталарида чоп этилди. “Руҳим харитаси” номли илк китоби 1985 йилда босилиб чиқди. Пиёз пўстидай юпқа ва кўримсиз, “иқтисод қилинган қоғоз ҳисобига босилган” бу тўплам тез орада анча “машҳур” бўлиб кетди. Мустабид тузум мафкураси китобчадаги шеърларни ғоясизликда айблади. Бироқ, кўп ўтмай “Ёшлик” журналида босилган “Саксонинчи йиллар” достони Сирожиддин Саййидни шоир сифатида кенг танитди.

Шундан кейин унинг “Салқин харсанглар кафтида” (1986), “Севги мамлакати” (1987), “Асрагил” (1990), “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” (бадиалар, мақолалар, 1992), “Куйдим” (1994), “Уйингдаги бешиклар” (1996), “Ватанни ўрганиш” (1996), “Эгаси бор юрт” (2001), “Қалдирғочларга бер айвонларингни” (2005), “Дил фасли” (2007), “Яшасин ёмғирлар” (бадиалар, суҳбатлар, адабий мақолалар, 2007) “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” (достон, 2011), “Буғдойбўй Ватан” (шеърлар, бадиалар, мақолалар, 2011), “Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди” (2014) сингари китоблари босилиб чиқди.
2008 йили “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти шоирнинг “Сўз йўли” номли икки жилдлик танланган асарларини нашрдан чиқарди.

Юртим, менга зар керакмас зарларингдан,
Киприкларим ўпсалар бас гардларингдан.
Мен бир насим бўлиб келдим, мен бир насим,
Айтиб ўтсам дейман кўҳна дардларингдан.

Шу маънода Сирожиддин Саййиднинг “Куйдим”, “Ватанни ўрганиш” номли тўпламларига кирган шеърларида қулф ура бошлаган гўзал ва мунгли туйғулари янада кенг кўлам ва залвор касб этган, туғилган юрт, она Ватан ҳақидаги соғинч ва ҳаяжонлари, меҳру муҳаббати “Ватан абадий” (2001), “Устимиздан ўтган ойлар” (2003), “Кўксимдаги зангорларим” (2005) номли шеърий тўпламларида бор бўй-басти билан намоён бўлади. Шоирнинг кейинги йилларда босилган “Кўнгил соҳили” (“Шамнома”, тўртликлар, 1995), “Дил фасли” (2007), “Буғдойбўй Ватан” (2011) каби китобларидаги шеърлар, манзума ва достонларни илмий-адабий жамоатчилик хайрихоҳлик билан қарши олди. С.Саййиднинг “Таназзул” (1989), “Тўпалондарё билан хайрлашув” (1992), “Яхшилик эскирмайди” (Қирқ ҳадис, 1992-2001), “Баҳор Сурхондан бошланар” (2002), “Лайлакқор ва одамзод ривояти” (1998), “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” (2010) достонлари мустақиллик йиллари эпик жанр қиёфасини яратишда муҳим ўрин тутади.

Сирожиддин Саййид таржима соҳасида ҳам фаолият юритиб, Пушкин лирикасидан намуналарни, Андрей Вознесенскийнинг “Мангу ризқ” (1991) шеърлар ва насрий китобини, булғор шоири Любомир Левчев шеърларини, мусаввир Пабло Пикассонинг шеърий тажрибаларини, Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Муножот лаззати” номли ҳикматларини, Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий ғазаллари билан ҳикматларини, Рўдакий, Александр Файнберг, Лойиқ Шерали шеърларини ўзбек тилига ўгирди.
Шоирнинг шеър ва достонлари рус, туркман, украин, белорус, тожик, қозоқ ва озарбайжон тилларига таржима қилинган. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳозир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси Бош муҳаррири лавозимларида хизмат қилади.
У 1999 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. “Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур” достони учун Бобур жамғармасининг Халқаро мукофоти билан тақдирланган.
2017 йилда “Очил, эй гул, ки бўстон вақти бўлди” шеърлар, ғазаллар, муҳаммаслар, достонлар, таржималар китоби учун адабиёт соҳасидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

ВАТАН

Дил пораси, кўз қораси
сен ўзингдирсан,
Менинг кўнглим сен аслида,
сен кўзимдирсан.
Томиримда томир ёйган
илк сўзимдирсан,
Илк оғриғим, илк ёмғирим,
найсоним, Ватан.

Қир устида ёнбошлаган
бобом чайласи
Бу дунёда кимларнингдир
орзу-ҳаваси.
Димоғимда — юлдуз иси,
шабнамлар иси,
Момом экиб кетган кашнич,
райҳоним, Ватан.

Қулоқ солсам шивирлагай
ҳатто тошларинг,
Ою қуёш, камалаклар
кўзу қошларинг.
Бешигимни тебратгандир
қалдирғочларинг,
Ою қуёш кўрпа солган
айвоним, Ватан.

Бўронлари тулпорларга
тунлар ёл бўлган,
Бир ўғлони чинор, бири
мажнунтол бўлган.
Темурлари от минганда
жаҳон лол бўлган,
Дунёларга тимсол
шоҳу султоним, Ватан.

Валилардан ибрат сўйлар
жулдур саҳролар,
Сўнди қанча салтанатлар,
қанча туғролар.
Мақбаралар айтсин лекин,
айтсин Зуҳролар:

Ер остидан суҳбат айлар
ҳануз Кубролар,
Термизийлар бедор ётган
қўрғоним, Ватан.

Не тонг эди — изғиринлар
заҳрини тотдинг,
Дастурхонда музтар қолди
қанду наботинг.
Шаҳидларинг номларидир
ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур асли
адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам
Усмоним, Ватан.

Гард қўнмасин токи сенинг
киприкларингга,
Киприкларим киприк қилай
кўприкларингга.
Ўхшаб турган улуғларинг
ҳам пирларингга
Булутларинг юзиб юрар
кўк, қирларингга,
Уйғоқ руҳлар осмонида
посбоним, Ватан.

Нақшларинг қутулдилар
кишан-бандлардан,
Хатлар олдим юрагимга
Нақшбандлардан,
Афросиёб билан тенгдош
куй, оҳанглардан.
Шеърларимга ранглар олдим
Самарқандлардан,
Гоҳи мовий, гоҳи зангор
достоним, Ватан.

Боболарим хокини мен
юзларга суртай,

Дилимдаги энг муқаддас
сўзларга суртай,
Онамдайин азиз нону
тузларга суртай.
Озод бўлган оятларин
кўзларга суртай,
Ўз юртига қайтиб келган
Қуръоним, Ватан.

Мен дунёни не деб айтай?
Бу бир кўҳна боғ,
Ўз билганин сайрар бунда
ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағирларинг
кўрмайин мен доғ,
Юлдузларга осмон бўлган
эй нурли тупроқ,
Осмонлари еру ери
осмоним, Ватан.

Сўқмоғингда мен бир эпкин
ё бир насимман,
Япроқ сенинг, хас бўлсам гар
сенинг хасингман.
Жайронларинг кўзларида
қолар сўзингман,
Менинг борим сен биландир,
йўғим сен билан,
Катта йўлга чиққан улуғ
карвоним, Ватан.

1994, 2007

ТИРИКЛИК МАКТАБИДА

Онамга

Тириклик мактабида, Она,
мен Сиздан сабоқ олдим,
Юз олдим юзларингиздан,
кўзу қошу қабоқ олдим.

Жафокаш қўлларингиз
дарс берди меҳнат илмидин,
Улардан ўз дилимга
бир умрлик иштиёқ олдим.

Танидим ранжу заҳмат
ҳарфларини кафтларингиздан,
Шу кафтларнинг қадоғидан
кўзимга нур, қароғ олдим.

Юзингизда ажинлар
йилларингиздан ариқлардир,
Алардин шеърларимга
қанчалар вазну туроқ олдим.

Юзингиз узра ҳаргиз
тинмади ёмғирлару селлар,
Алардин сел бўлмоқ
дарсини олдим, узоқ олдим.

Ажиб чоғлар эди –
ўчоғингизда лоларанг чўғлар,
Ҳаётимга шулардин
лоларанг меҳру маёқ олдим.

Кўнгил кўйида йилларки
юриб кўнгилга етмасман,
Кўринг, кўнглимни Сиздан
бунчалар ҳам мен йироқ олдим.

Надир рўзғор ила дўст-ёр?
Надир ишқу жунуним ҳам?

Шулардин бир умрга
етгулик васлу фироқ олдим.

Сирож деб ном берибсиз,
юз босай мен изларингизга,
Ки ҳар босган изингиздан
дилимга бир чироқ олдим.

2014

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ