"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Мақсуд Шайхзода

Ўқилди: 142

Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири, машҳур шоир, забардаст драматург, олим ва таржимон Мақсуд Шайхзода 1908 йил 25 октябрда таваллуд топган.
Адибнинг “Ўн шеър” , “Учинчи китоб”, “Янги девон”, “Жанг ва қўшиқ”, “Кўнгил дейдики…”, “Ўн беш йилнинг дафтари”, “Юрт шеърлари”, “Йиллар ва йўллар”, “Шеърлар” каби ўнлаб шеърий тўпламлари нашр этилган. У достон жанрида “Мерос”, “Тупроқ ва ҳақ”, “Овчи қиссаси”, “Искандар Зулқарнайн”, “Аҳмаджоннинг ҳикматлари”, “Учинчи ўғил”, “Нурмат отанинг туши” сингари лиро-эпик асарлар ёзди.
Мақсуд Шайхзода асарлари кўплаб қардош ва хорижий халқлар тилларига таржима қилинган.
2001 йили ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Шайхзода “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.

* * *
Умрлар бўладики,
Тиригида ўликдир.
Ўлимлар бўладики,
Ўлган одам тирикдир.

ЎЗБЕКИСТОН

Ёпиқ сандиқда ҳам сақланар ҳаво,
Аммо у йўқотган ҳаво нафасин,
Уни ҳаво дейиш, ўзи нораво,
Бандилик бўғибди орзу-ҳавасин.

У – ўлган шаробдек бепарво, бежон,
На мастлик келтирар ва на ҳаяжон.
Ҳолбуки, бир чоғлар эркин парвозда
Елга шерик бўлиб ўйнаб югурган,
Қуюннинг бўлаги, улкан миқёсда –
Бепоён чўлларда қумлар совурган.

Ёки оқшом пайти шаббода билан
Чинорлар тагида қизларни ўпган,
Даралар ичида ёнганда гулхан,
Бир оз исингани оловга чопган.

Бу бари бўлган гап. Бари ҳақиқат…
Аммо эсланади тушларда фақат.
Сандиқда бўғилган бир парча ҳаво
Бир чоғлар эркинман деб қилган даъво…

Шундай: тиниб қолган бир коса сувда
Селларнинг, сойларнинг афсонаси бор,
Ўнгиб, хира бўлган синиқ кўзгуда
Хушрўйлар ҳуснининг вайронаси бор,

Бугунги сукутда, тингласанг, дилдор,
Кечаги тўйларнинг таронаси бор.
1962

КЎЗЛАР

Қанча нафис эди унинг нигоҳи,
Сузилиб боққанда у гоҳ-гоҳи –
Ўйлардим гўзаллик билан кўзларнинг
Азалдан ўқилган мангу никоҳи…

ЯХШИЛАР ҚАДРИ

Дўстлар, яхшиларни авайлаб сақланг!
«Салом» деган сўзнинг салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб тургандан, —
Уни тиригида бир соат йўқланг!

ТОВУШЛАР

Шўртепанинг алоҳида бир гашти бор кечаси…
Алалхусус август чоғи,
Ой сузилиб куларкан,
Гўё асал денгизида бутун водий,
Тоғ ва йўллар нур ичида чўмилар.
Аммо бу ер беморхона,
Мен хаста.
Дарду даво пайваста.
Хиёбонлар орасидан яшил йўллар кўринар,
Аммо бунда касалмандлар кезолмайди. Йўқ!
Ой жилмайиб чақиради чаманга,
Сой йўталиб чақирар анжуманга,
Булбулу гуллар эса,
Соҳилдаги зиёфатга, меҳмонга.
Аммо… Аммо бу йўллардан,
Бу хилват ушбу йўллардан
Хаста киши боролмайди…

Кўп аттанг!
Унинг-ку боргиси бор
албатта;
Бироқ золим касалликнинг ўз иплари бор.
Ҳар бир беморхонанинг табиблари бор.
Ундан кўра хастага
Кўройдин тунлар маъқул.
Кўрмайсан, лекин эшитасан оламни.
Кезмайсан, лекин сезасан оламни.
Разм солиб тинглайсан…
Болохона,
Айвонда
Менинг ётоғим.
Ҳар товушнинг бор ҳикмати ва ўз сабаби,
Борлиқдаги барча ҳодиса каби.

Ана, кўппак эснаб-эснаб увиллайди,
Демак, ҳозир ўтиб кетди уйига томон
Шаҳардан қайтаётган бир боғбон.
Ана машинанинг ўлчовлик нафаси,
Бугун шанба:
Шаҳардан боққа келди бир меҳмон.
Ана девор орқасидан,
Балки жар ёқасидан
Ҳаволанди ашула:
Оҳ ила, қайғу ила.
Уни айтар бир йигит,
Ёр кўйида бўлиб хит.

Нақадар зулмкорсан, эй муҳаббат!
Ухлатмайсан ошиқни,
Ухлатмайсан қўшиқни.
Ухлатмайсан ошиқ билан қўшиқни, –
Бу майли!
Ухлатмайсан беморларни,
Ухлатмайсан мени ҳам –
Хотиралар қўзғатганинг туфайли.
Ана товуш:
Синчалаклар чийиллар,
Чигирткалар чарчамасдан чириллар.

Ажабо,
Бу шўх махлуқлар
Қай соатда тинч ухлар?!
Зотан, бу жониворларни
Зўрлаб ётқизадиган
Докторлар йўқ чамаси.
Ё умуман улар касал бўлишмас;
Дарди бўлмас андишасиз махлуқнинг.
Ё туну кун уларга бир ҳаммаси,
Ёки уйқу нималигин билишмас.
Ана бошқа товушлар бор ҳовузда,
Вақирлар қурбақалар,
Сувда жимлик йўқолар.

Тавба, булар шунча ҳам беғам,
Аҳмоқона шавқ ила хуррам.
Бу ҳовуз улар учун ягона олам:
Туғилиш бунда,
Кўпайиш бунда,
Ўлим ҳам бунда,
Сира сузиб қийналган эмаслар
Тўлқинда.
Вақт ўтади бир лаҳза, бир дам…
Қаҳқаҳалар янграб кетар олисдан,
Бозор томонда.

Хирилдоқ бу қаҳқаҳа кимники?
Бу чамаси, бир сархушники…
У жимиди. Учиб қолди.
Ёки уни олиб кетдилар –
Шериклари уйига,
Мунтазир хотинчаси олдига.
Визиллайди энди юввош шаббода.
Товушида уйқуларнинг
Ипак хиромонлиги
Ёки иноқ оиланинг
Майин меҳрибонлиги.
Бу нағмани бирдан босар йироқдан
Тунги қоровулнинг нидоси:
– «Ким керак?»
Йўловчидан йўқ дарак…

Фақат бу саволнинг акси садоси –
«Ки-им ке-раааак…»
Бориб қўнар теракларнинг шохига.
Унга ҳамроҳ бўлиб ишлар тинмасдан,
Худди тўғри соат каби дам олмай,
Кичик ирмоқ, Чирчиқ наҳрин синглиси.
Элга қилар хизмат у.
Шариллайди сувлари ширин-ширин,
Энг ёқимли таронадек,
Гўдакликдан эсда қолган
Сеҳрли афсонадек.
У шундайин мунтазам оқадики,
Унинг товуши ҳам одат бўлиб синггандир
Қулоққа
Юракнинг тепишидек.

Сонияларнинг бири-бири кетидан
Гўё сукут туғилади шу бир хилликдан,
Лекин йўқ!
Сукут қайта бузилди
Ҳаётдаги сахийликдан.
Трактор тариллайди далада.
У саҳарни иш бошида кутмоқчи
Албатта…
Товушлар… товушлар…
Хастанинг қулоғига келиб етар
Яқиндан, узоқдан,
Ҳар ёқдан.
Товушлар бор, демак, ҳаёт бор.
Товушлар бор, демак, йўқ ўлим.
Товушлар бор юртнинг тунида,
Демак, жон бор унинг танида,
Демак, биз ҳаммамиз тирикмиз.
Тирикликда эса тиним йўқ.
Умидворман, умидворман, муқаррар:
Ҳеч қаерда,
Ҳеч қачон
Яхши инсон ўлмайди,
Унутилмайди.

Шунча мадор, севинч ва ишонч
Қуйиларки менинг хаста танимга –
Розиман бутун куррамиз учун
Бир карра мен тортсам барча дардларни.
Агар мумкин бўлсайди бу…
Аммо бу амри маҳол.
Яшамоқ керак, курашмоқ учун.
Курашмоқ керак буюк ғояга
Эришмоқ учун.

Товушлар, сиз тинчиманг, сизга муҳтожман!
Англайманки, энг яхши дори хастага –
Хастанинг табибга эътимодидир,
Ҳаётнинг ўлмаслик эътиқодидир.
Эшитилар яна товушлар: –
Ҳа… бу навбатчи докторнинг
қадамлари.
Ҳа… Кўзларни юмиб «ухламоқ» лозим.
Кўзларни юмиб уйғоқ дунёни
Тингламоқ лозим!..

Шўртепа, Беморхона,
1961–1962

ШЕЪР ЧИН ГЎЗАЛЛИК СИНГЛИСИ ЭКАН…

Шеърсиз қалбларга ачинаман мен,
Уларда на тонглар кундузин бошлар,
На оқшом юлдузлар уфкин очар кенг,
На баҳор чоғида сайрайди қушлар.

Қўшиқсиз уйларга кулги ёқмайди,
Хонадон аҳлининг қовоғи осиқ.
Ҳатто деразадан қуёш боқмайди,
Соатнинг ўзи ҳам тиқиллар босиқ.

Шеърсиз кўчани толе қарғаган,
Бу ерда севгининг манзили бекик…
Қувонч бунда кезар кайфи тарқаган –
Кекса хуморидек қомати букик…

Бечора одамлар, билмаски улар,
Шеър чин гўзаллик синглиси экан.
Ҳар кимки у билан севишса агар –
Ҳуснига чиройлар қўшилар айнан.

Шеърият диёрин шоирларимиз,
Ҳар уй, ҳар кўнгилга байтлар бўлсин ёр!
Элга дастёр бўлса шеърларимиз –
Демакки, умримиз ўтмабди бекор!..

ХИЁБОН

Шоир Миртемирга

Луғатларда ўқигандим болалик чоғи:
Дарахт бўлса агар йўлнинг иккала ёғи
Уни дерлар «Хиёбон»,
(Йўлчиларга соябон)…

Умрим йўли бир хиёбон дея ўйладим,
Шу туфайли боғу чаман куйин куйладим.
Шаҳарларим кўчаларин мен тинмай кездим,
Дарахтларнинг сони қадар мисралар тиздим.

Кундузлари хиёбонда пана изладим,
Ваъда берган бевафони оқшом кўзладим.
Оҳ, ёшликнинг оқшомлари ўхшамас тунга,
Ёшликдаги тунлар ўзи қовушар тонгга.

Оқшом пайти хиёбоннинг гашти ўзгача,
Зумрад кўзли илк баҳордан олтин кузгача…

Тобланганда фонусларнинг нури баргларда,
Барглар уни олқишларди шўх чапакларда.
Мен Бокуда, Доғистонда, Дарбанд томонда,
Москвада, Самарқандда ва Андижонда
Неча ларзон сояларда излар қолдирдим,
Неча ёзу, неча созу, сўзлар қолдирдим.

Хиёбонлар яшар эди хотиротимда,
Балки ҳар бир қўшиғимда, нақаротимда.
Яшар эди бўсаларнинг тўплами каби,
Севгиларнинг апрелдаги кўклами каби,
Уйғонсам-да унутилмас ширин туш каби,
Мени тушдан уйғотолган сайроқ қуш каби.

Хиёбонлар кўрганманки, хаёлот йўсун.
Маснавийнинг байтларидек хушбичим, узун,
…Аммо толе мени доим эркаламади,
Баъзан замон йилни йилга ҳеч уламади.
Саҳроларга дуч келдимки, на ирмоқ, на кўл,
Сургунларга юборилдим, на уфқ ва на йўл.

Лекин доим эсда эди хиёбонларим,
У йўлларда яна кезмоқ чин армонларим.
Ноумидлик шайтонда,
Умид ўлмас инсонда.
Қулаганда ғаразларнинг шумшук ҳайкали
Шеъримга ҳам келиб қолди тирилиш гали.

Чиқиб қолдим Ватаннинг кенг хиёбонига,
Хиёбонки, элтар ёруғ нур давронига.
Аммо энди бу хиёбон ўлчовли эмас,
Кўча эмас, боғча эмас ва ҳовли эмас.
Якка толе офтоби бир оқшом чўкар,
Ёлғиз умр хиёбони бир куни тугар.

У ё денгиз ёқасида адо бўлади,
Ё шаҳарнинг орқасида битиб қолади,
Ё тоғларнинг этагида охирга етар,
Мисли бахши эртагида можаро битар.
Аммо тарих хиёбони битмас уфқда,
Башар ўзин тарихига қўймайди нуқта.

Зеҳнимга шу тушунча
Келмади осонликча.
Қиссамга чин гувоҳ, боқ –
Сочларимга тушган оқ….

1965

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ