"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ

Ўқилди: 156

Оқдарёда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлими фаолларининг кўчма йиғилиши бўлди. Унда уюшма раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али жорий йилнинг ўтган даврида республикамиз адабий муҳити янгиликлари ва мамлакатимизда рўй бераётган оламшумул ўзгаришлар ҳақида гапириб, ижодкорларимиз томонидан ёзилаётган асарларда бугуннинг шиддади, давр билан ҳамнафаслик сезилаётгани, бироқ, ҳали олдинда қамраб олинмаётган мавзулар, замонамизнинг асл қаҳрамонларини яратишдек ижодий мақсадлар борлигини уқтириб ўтди.

Жумладан, 2017 йилнинг 3 август куни  Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маданият, санъат арбоблари ва ижодкорлар билан учрашуви чоғида адабиёт аҳлининг Ватан тақдирига дахлдорлиги, келажак ва жамият олдидаги масъулияти жуда катта эканлиги алоҳида таъкидланиб, шоир ва ёзувчиларимиз зиммасига қатор вазифалар юкланган эди. Уюшма раиси ана шу масалаларга  ҳам батафсил тўхталиб, пойтахт ва вилоятларда яшаб ижод қилаётган қаламкашларга яратилаётган шарт-шароитлар, имтиёз ва қулайликлар, Акционерлик тижорат халқ банки билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик самаралари, ижод уйларининг ташкил этилаётгани, “Дўстлар клуби” фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

— Адабиёт ва халқимиз олдидаги шарафли ва айни пайтда долзарб бўлиб турган вазифаларга ҳар бир ижодкор “лаббай” деб жавоб бериши, сўзи ва амалий фаолияти билан маънавий жасорат кўрсатиши лозим. Бунинг учун самарқандлик ижодкорларда ҳам етарлича салоҳият ва барча имкониятлар бор.-деди нотиқ.

Дарҳақиқат, Самарқанд азалдан илм-фан ва маданият бешиги сифатида ўз адабий мактабига ҳам эга. Юзлаб Шарқ алломалари қатори шеърият салафлари Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий шу мукаррам заминда яшаб ижод қилган. Усмон Носир, Уйғун, Ҳамид Олимжон, Ҳусниддин Шарипов, Душан Файзий, Омон Матжон, Самариддин Сирожиддинов, Хосият Бобомуродова, Эркатош Шукурова, Жумагул Сувонова, Нодир Жонузоқ каби юзлаб эл ардоқлаган шоирларнинг қалами шу ерда қайралган.

Бу юрт ҳамон янгидан янги истеъдодларни етиштириб, маърифат ва маънавият сарчашмасига куч бағишлаб турибди. Бу заминдаги залворли тарих, улуғ алломалар руҳи, ҳимматли ва яратувчи халқ шижоати ижодкорларни азалий анъаналарга муносиб бўлишга ундаши табиий.

Вилоятда яшаб ижод қилаётган қаламкашлар ўз асарлари ва матбуотдаги чиқишлари, ижтимоий фаолияти билан республикамиз адабий муҳитида ўз ўрнига эга. Жорий йилнинг шу давригача маҳаллий муаллифларнинг 30 га насрий ва шеърий тўпламлари чоп этилиб, китобхонлар қўлига теккани фикримиз исботидир. Уларнинг аксарияти уюшма аъзоларидир. Ҳар ойда икки марта “Самарқанд китоб олами” мажмуасида янги китобларнинг тақдимотлари ўтказилиб борилади. Уюшма аъзоларидан З. Нурматов, Х. Бобомуродова, Ж. Сувонова З. Эшонқулова ва шоирлардан К. Баҳромова, Қ. Усмонов каби иқтидорли ва ёш қаламкашларнинг янги китоблари адабиёт ихлосмандларига тақдим этилди. Ижодий кечалар ўтказилди.

Уюшманинг вилоят бўлимида иқтидорли ёшларни излаб топиш ва ижодини рағбатлантириш учун “Садоқат” номли адабий тугарак ишлаб турибди. Унинг машғулотларини таниқли шоирлар, уюшма аъзолари, адабиётшунос олимлар олиб боришади. СамДУ даги таниқли “Шалола” шеърият клуби ва Самарқанд давлат чет тиллар институтида ташкил этилган “Ёшлик илҳомлари” тугараги иши анча жонланди. Ургут, Паст Дарғом, Оқдарё, Пайариқ, Иштихон туман газеталари ҳузурида ташкил этилган тугараклардан етишиб чиқаётган баъзи иқтидорли ёш ижодкорларнинг илк китоблари ҳам нашр этилди.                                          Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган кўчма йиғилишда уюшма раҳбари вилоят ижодкорларини ижтимоий фаолликка чақириб, вилоятда китоб тарғиботи бўйича аҳоли ўртасида олиб борилаётган ишлардан хурсандлигини билдириб, вақтли матбуотда адабий публицистик мақолаларни кўпайтириш, жамиятимизда юз бераётган ўзгаришларга муносабат билдириш, ҳаёт билан ҳамнафас, халқ билан бирга бўлишга даъват этди.

Тадбирда сўз олган уюшма аъзоси, кекса шоир Зиёдулла Нурматов вилоят ижодий муҳитидаги жонланишнинг сабаби-ёзувчи ва шоирларнинг улкан мақсадлар, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси бирлаштириб, жўшқин ижодга ундаётгани, айниқса, яратилаётган ғамхўрликлар, туфайли ёш истеъдодларнинг сафи ортиб бораётгани қувонарли эканини таъкидлади:

-Бунга уюшмада ташкилий ва ижодий ишларни тўғри йўлга қўйилаётгани, иқтидорли ёшларни излаб топишда устоз ва шогирдлик мактаби машғулотлари ҳам муҳим ўрин тутмоқда.

-Энди уюшма фаолиятида сира сусткашликка йўл қўйиб бўлмайди. Ижодий кўтаринкилик, фуқаровий фаоллик ва жонкуярлик, танқидий таҳлил бугуннинг талаби.-деди,- уюшма аъзоси Худойберди Комилов.-Бизни олдимизда китоб ёзишдек муқаддас вазифа билан бирга китобхонлик маданиятини ошишига ҳисса қўшиш, ёшларимизни китобни севиш бу орқали эса маънавий баркамамол бўлишишига эришишдир. Бунинг учун ҳар бир ижодкор ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, ижод қилиши, шунинг билан бирга жамият ривожига ёрқин сўзи билан ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак. Бугун Самарқанд ва ҳиммати баланд самарқандликлар, юртошларимиз орзу умидлари руёби ҳақида янгидан янги “Самарқанднома”лар яратиш вазифамиздир.   Уюшма раиси Муҳаммад Али ёшларга мурожаат қилиб, уларга Президентимиз Шавкат Мирзиеёв томонидан берилаётган имтиёз ва имкониятлар, “Ижод” фонди бепул нашр этаётган “Биринчи китоб” сериясидаги ёш иқтидорларнинг китоблари, анъанавий Зомин семинари самараси, улар учун қурилаётган уйлар ҳақида батафсил гапириб берди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Оқдарё туманидаги дала шийпонида ўтказилган кўчма йиғилишда яна бир бор ёзувчи ва шоирларимиз доимо халқ билан бирга эканликлари учун ҳам эътибор ва хурматга лойиқлиги, асарларида эзгу мақсадлар акс этаётгани боис ўқувчилар қалбига кириб бораётганини иқтидорли ижодкорларимизнинг талай янги асарлари мисолида гапириб, давр қаҳрамонлари ёнимизда яшаши, улар кўзлаётган улкан марраларга ижодкор кўзи билан ҳам қараш, синчков  ва ҳароратли сўз зарурлиги эътироф этилди.     Ошкора ва самимий мулоқот тарзда ўтган кўчма йиғилишда уюшма раҳбари Муҳаммад Али вилоят ижодкорлари олдида турган муҳим вазифалар, ижодий режаларни янада кенгайтириш,яхши ва бадиий пишиқ асарлар яратишга даъват этди. Куҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд ижодкорлига эзгу ниятларини амалга оширилишида  куч-ғайрат ва омад тилади. Шу куни 50 нафардан ошиқ ижодкорлар қалб даъвати билан Оқдарё туманида пахта йиғим-терими ҳашарида иштирок этиб, юрт хирмонига ўз ҳиссаларини қўшишди.

Тошпўлат ТУГАЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят

ҳудудий бўлинмаси масъул котиби

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ