"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Ўқилди: 98

2017 йил 15 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган “Шарқнинг сўнмас юлдузи” номли тадбир бўлиб ўтди. “Звезда Востока”  адабий-бадиий журнали таҳририяти билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур кечада журнал фахрийлари, ёзувчилар, шоирлар ва журнал муштарийлари иштирок этдилар.

Ижодий учрашувнинг асосий мақсади – мамлакатимизда ижод қилаётган руссий забон ижодкорлар, дунёнинг кўзга кўринган адабиёт намуналари, ижодий янгиликлар билан ёшларни таништириш, мутолаа маданиятини шакллантиришдир. Зеро, “Звезда Востока” журналининг кўп сонли ўқувчилари билан янада яқинлашиш, адабиётни қадрловчиларни ижод саҳифаларига  кўпрок жалб килиш ёшлар келажагида муҳим аҳамият касб этади.

Тадбирни табрик сўзи билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али очиб берди. Шунингдек тадбирда мухаррир Е.Долгополова, бош мухаррир С.Раупов,бош мухаррир ўринбосари К.Панченко, В.Васильев, А.Устименко, А.Слоним, А.Махнёв, М.Байзаков, Б. Аҳмедов, В.Осадченко, А.Гвардин, А.Даниелянлар сўзга чиқдилар.

Е.Долгополова сўзга чиқар экан “Звезда Востока” журнали Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг адабий-бадиий журнали эканлиги, Ўзбекистонда рус тилида чиқувчи ягона даврий адабий  журналигини айтиб ўтди. “Бу Ўрта Осиёдаги энг отахон журналлардан биридир. “Звезда Востока” журналига “Советская литература народов Средней Азии” (Ўрта Осиё халқлари совет адабиёти) номи билан 1932 йил сентябрь ойида асос солинган. 1935 йилдан бошлаб “Литаратурный Узбекистан” (Адабий Ўзбекистон) номи билан чоп этилган бўлса, 1946 йил май ойидан бошлаб, ҳозирга қадар барчага бирдай  “Звезда Востока” номи билан таниш” – деди у.

1991-1996 йилларда журнал ўз тараққиётининг юқори даражасига чиқди. У айрим журналлар қаторида ўз саҳифаларида романлар, саргузашт жанридаги қиссалар, фантастик асарлар ва илк маротаба — “Қуръон”нинг рус тилидаги таржимасини бериб борди. 2009 йилда “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари учун ягона бирлашган янги редакция ташкил этилди. Нашр янги кўринишга эга бўлди. “Звезда Востока” ўзбек тилида чиқувчи “Шарқ юлдузи” икки тиллик журнал лойиҳасининг рус тилидаги нашрига айланди.

Ҳозирги кунда журнал: “Шеърият”, “Наср”, “Тарих карвони”, “Таржималар”, “Янги номлар”, “Муштарийга қайтиб”, “Санъат фалсафаси”, “Дунё болалар нигоҳида”, “Адабиётшунослик. Адабий танқид”, “Шарқнинг маънавий мероси”, “Публицистика” каби 11 рукндан иборатдир.

Тадбирда асарлари “Звезда Востока” журналининг саҳифаларида доимий равишда чоп этилаётган машҳур ёзувчилар билан бир қаторда ёш ёзувчи ва шоирлар ижодидан намуналар ҳавола этилди.

Тадбир иштирокчилари фаолияти журнал билан бевосита боғланган инсонларнинг суҳбатларини эшитдилар, тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирдилар ва ўз таассуротларини баён этдилар.

 

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ