"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ХАЛҚАРО МУШОИРА

Ўқилди: 97

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда Конституциямизнинг 25 йиллигига бағишланган “Адабий дўстлик – мангулик эли” деб номланган халқаро мушоира бўлиб ўтди. Унда ўзбек ва қозоқ тилларида ижод қилаётган шоирлар, ёзувчилар, таржимонлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси вакиллари  иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али очиб, бугунги кунда мамлакатимиз маънавий-ижтимоий ҳаётида рўй бераётган янгиликлар, адабий жараёндаги ўзгаришлар, ёзувчиларимизнинг давр талабига бўлган муносабати, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан хорижий мамлакатлар, қардош эллар билан дўстлик ва халқаро маданий алоқаларнинг тобора ривожланаётгани ҳақида гапирди. Айни пайтда Қозоғистон Республикаси билан ана шундай дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини таъкидлади. Тошкент шаҳридаги шоҳ кўчалардан бири қозоқ адабиётининг улкан намояндаси Абай номи билан аталиши ва бу ерда шоирнинг муҳташам ҳайкалининг қад ростлаб туриши ўзбек халқининг қозоқ адабиётига эҳтироми нақадар юксак эканидан далолат беришини айтиб ўтди.

Қозоғистон Республикасидаги ўзбек маданияти маркази раиси Иқом Ҳошимжонов икки халқ ўртасидаги адабий алоқаларнинг томирлари теран экани, тилимиз ва адабиётимиз сарчашмалари тарихан бир ўзанга бориб туташгани, аждодларимиз ва авлодларимиз саҳоватли она Сирдарёнинг сувларидан ичиб камол топгани ҳақида сўзлади. Яқинда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Навоий ва Бойқаро” тарихий драмаси Жанубий Қозоғистон Чимкент ўзбек драма театри саҳнасида қўйилгани, асар премьерасида бир гуруҳ ўзбек адибларининг иштирок этгани қозоғистонлик адабиёт ихлосмандларини ниҳоятда севинтирганини, бундай адабий алоқалар ва ижодий ҳамкорликнинг давом этишидан умидвор эканини алоҳида эътироф этди.

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, таниқли шоирлар Ҳайдар Муҳаммад, Қалдибек Сейданов, Мирпўлат Мирзо ва бошқа ижодкорлар қозоқ шоирлари билан галма гал Алишер Навоий ва Абай умрбоқий асарлар яратган тилларда дўстлик, қардошлик, Ватан ва мустақиллик мавзусидаги шеърларини ўқидилар.

Мушоирада иштирок этган ижодкор меҳмонларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан нашр этилган китоблар ва эсдалик совғалари ҳадя этилди.

                                     Ахборот хизмати

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ