"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўзбек -корейс адабий алоқалари

Ўқилди: 67

Ўзбек-корейс маданий алоқалари жуда қадимий илдизларга эга. Тарихий манбаларда эрамизнинг бешинчи асрида бир гуруҳ самарқандлик аскарлар  сардори — шоҳзода билан Кореяга бориб ўрнашиб қолганлиги ҳақида маълумотлар бор. Маданий алоқаларимиз теран ўрганилса, яна кўплаб фактлар топилиши шубҳасиз.

Сталин қатағонинг қурбони бўлиб, Ўзбекистонга кўчирма қилинган корейслар ўзбек халқи билан оға — инидек аҳил яшамоқдаларки  бунга икки халқ  ҳам қадриятларини эъзозлаши каби маънавий яқинликлиги замин бўлгандир.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Жанубий Корея Республикаси билан алоқаларимиз ҳар томонлама ривожланди. Бу ҳолатни адабий алоқалар мисолида ҳам қўришимиз мумкин. Тошкент давлат Шарқшунослик институтида 1994 йили “Корейс филологияси” кафедраси ташкил қилинди. Миллий университет, Жаҳон тиллари университети, Педагогика университети, Қорақалпоғистон университети, Самарқанд чет тиллари институти ва яна бошқа бир нечта Олий ўқув юртларида ҳам корейс тили ва адабиёти ўқитилмоқда.

 Адабий алоқалар адабиёт ривожидаги муҳим омиллардан бўлиб, халқларни яқинлаштиришда, бир -бирига танитишда беқиёс аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Ўзбекистонда корейс ёзма манбаларини ўрганилишига эътибор берилган. Корея қадимий маданиятга, адабиётга эга бўлган мамлакатлардан. Корейс халқи кўпгина урушларни бошидан кечирган бўлса ҳам миллий ўзига хослигини йўқотмаган, маданий меросини сақлаб қолган халқ. Корейс адабиётининг илк даври Х асргача бўлган давр ҳисобланади. Ўнинчи асрдан ўн тўртгача Корйо сулоласи даври деб аталса, ўн беш- ўн тўққизинчи асрлар Чосон сулоласи давридир. Чосон даврида, 1446 йилда корейс миллий алифбоси яратилиши билан адабиёт ҳам жадал ривожланиб, китоблар чоп этила бошлади. Йигирманчи аср янги адабиёт даври дея номланади. Янги даврда Европа адабиёти таъсирида, айниқса, наср жанрида кескин кўтарилишни кузатиш мумкин. Корейс адабиётининг ривожланишига буддизм, даосизм, конфутсийчиликнинг таъсири кучли бўлганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Тошкент давлат Шарқшунослик институти “Корейс филологияси” кафедрасида талабаларга корея адабиётининг энг қадимги давридан замонавий адабиётгача ўқитилмоқда. Талабалар илмий изланишлар ва таржима ишларига жалб қилинган. Ўзбек тилида корейс ижодкорлари асарларидан таржималар, антологиялар нашр қилинмоқда. “Классик корейс шеърияти антологияси”да қадимий қўшиқлар, Хуанга, Корйо, Чосон даври шеърияти ҳақида кенг маълумот берилиб, даврнинг номдор ижодкорлари асарларидан намуналар жамланган. Ҳар бир даврнинг ўзига хос хусусиятлари кўрсатилган. Масалан, Ўрта асрлар корейс шеъриятида одамни табиат билан уйғунликда тасвирлаш ғояси устивор бўлган. Бунинг ёрқин мисоли Ли Жоно (1341-1371) ижодидир.

Сўзларда йўқ ҳақиқат…
Булутларга бегона инсон ҳислари!
Мовий осмонда булутлар баланд,
Дунё узра кезар қилиб инжиқлик.
Ким айтди булутларни нияти холис?
Нега унда тўсар қуёшнинг юзин?

 

Лирик шоир Пак Хйогван (Х!Х аср) ижодидан қилинган таржима, ўзбек китобхонинг қалбига ҳам сурур бағишлайди:

Яна баҳор қайтиб келганда,
Йўлбарс капаллака айлангим келар.

Далалар, ўтлоқлар устидан ўтаман учиб,
Юз хил турфа гулнинг хушбўйин ҳидлаб.

Ҳаётдаги барча лаззат ундадир!
Унинг ўхшашини топмоқми мумкин?

Ёки Ким Минсуннинг (ХIX) бутун дардларини айтиб: “ Оҳ-оҳ, бу дардларимнинг ҳаммасига,
Ягона хасталик — айрилиқ сабаб “ -дея хулосалаши каби, шоир
лирикасидаги ўзига хос ифода тарзи кишини мафтун этади. Шоирлар ижоди ҳақида қисқача маълумот, адабий муҳитни ойдинлаштириш антологиянинг сифатини янада оширган.

“Классик корейс насри антологияси”, “Замонавий корейс насри антологияси” китобларида ҳам корейс адабиёти тарихи ҳусусида кенг маълумот берилиб, таниқли адиблар асарларидан намуналар ўзбек тилига ўгирилиб чоп этилган.  Таржимачилик иши икки томонлама олиб бориляпти. Ўзбек адибларининг асарлари ҳам корейс тилига таржима қилинди ва бу иш тизимли давомийдир. Корейс тилида “ХХ аср ўзбек шеъриятидан намуналар” китоби нашр этилди. Антологиядан ХХ аср ўзбек шеъриятининг йирик вакиллари Абдулҳамид Чўлпондан бошлаб йигирмата шоирнинг шеърлари жой олган.

“ХХ аср ўзбек ҳикоялари” китобидан эса Абдулла Қодирийдан бошлаб Зулфия Қуролбой қизигача бўлган ижодкорларнинг асарларидан намуналар берилган. Машҳур ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари, ўзбек шеъриятининг фахри — шоира Зулфия шеърлари ҳам корейс тилида алоҳида китоб ҳолида нашр этилди. Ҳазрат Алишер Навоийнинг ғазалларини, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини , Муҳаммад Юсуф шеърларини корейс тилига таржимаси устида иш олиб борилаётир. Умида Сайдазимова, Виктория Ким сингари адбиётшунос олимларимиз ўзбек корейс адабий алоқалари ва корейс адиблари ижодига оид тадқиқотлар олиб бориб, илмий  ишлар ёзаяптилар.

 Бир неча йилдан буён Корея Республикасидаги Осиё қўмитаси ўтказадиган “Сказительское искусства”( айтишув санъати) анжуманида ўзбек ижодкорлари қатнашиб келмоқда. Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, таниқли шоир ва ёзувчи Эшқобил Шукур, Раим Фархади, болалар шоири Кавсар Турдиевалар шу анжуманда қатнашиб келдилар.

Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган корейс миллатига мансуб шоирлар — Борис Пак, Марта Ким, Вячеслав Ли, Геннадий Кимларнинг асарларидан намуналар ўзбек тилига таржима қилиниб матбуотда бот-бот чоп қилинаётир.  Ҳозирги замон корейс адабиётининг таниқли вакили Ли Мун Ёлнинг “Олтин қанотли қуш” қиссаси ўзбек тилида нашр этилди. Ўзбек — корейс адабий, маданий алоқаларинг ривожланиши халқаримизни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

                          Адҳамбек Алимбеков
Филология фанлари номзоди, доцент.

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ КИТОБЛАР ТАРҚАТИЛДИ
ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ ЎЗБЕК АДИБИ ХАЛҚАРО МУКОФОТ СОВРИНДОРИ
ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ ШОИРНИНГ ҚУТЛУҒ ТЎЙИ
ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ ХОНДАЙЛИҚ ҲАНГОМАЛАРИ