"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Минҳожиддин Мирзо (1965 йили туғилган)

Ўқилди: 1 582

Минҳожиддин Мирзо (Ҳожиматов Минҳожиддин) 1965 йил 30 июлда Андижон шаҳрида туғилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист (2002). ТошДУнинг журналистика факультетини тамомлаган (1990). «Нилуфар» (1994), «Висол хабари» (2003) номли шеърий тўпламлари нашр этилган. Р. Ҳамзатов, А. С. Пушкин каби шоирларнинг шеърларидан ўзбек тилига намуналар таржима қилган. «Шуҳрат» медали билан тақдирланган (1999).

КИМ ВАТАНГА ЁРДИР ВАТАН АНГА ЁР

Булбулга тикондин етса-да озор,
Унга азиз эрур шу жой, шу гулзор.
Юртим, булбулларинг нафасин туйдим,
Ким Ватанга ёрдир, Ватан анга ёр.

Муҳаббат иймонли ҳар дил зиёси,
Кўнглимга ўт солса бир гул ҳаёси.
Ёрдин диёримни ортиқ севмасам,
Куйсин мендай ошиқ икки дунёси.

Майли, боғларингда тер тўкай тинмай,
Майли, яшай бир зум роҳат не билмай,
Бошимдан зар тўкиб, тилло сочса-да,
Ўзгага бир сиқим туфроғинг бермай.

Меҳринг — юрагимнинг нури-қуёши,
Тегса малҳам дейман шу замин тоши.
Майли гўжа бўлсин, майли у ёвғон,
Мен учун энг тотли шу юртнинг оши,

Мардинг шод қаршилар, ҳар синов онни,
Бир кун мендан сўрсанг, шу азиз жонни,
Танимни калхатлар нимталасинлар,
Магар бахт демасам мен бу имконни.

Эркинг, муҳаббатинг, дилга оқмаса,
Сенинг қайғуларинг кўнглим ёқмаса,
Розимасман агар кўзим туғингни
Қуръондай муқаддас билиб, боқмаса.

Сенга кўтарилган у қўллар синсин,
Ундайин юракнинг дукури тинсин,
Баҳорингни ҳеч вақт урмасин аёз,
Сенга тушар қиров кўзимга инсин.

Ёв келса камонинг ёйинг бўлай ман,
Белишта боғланган шойинг бўлай ман,
Пешонамга битмиш ёрлақаб танфим,
Фақат пешонамда сени кўрай ман!

* * *

Шеър ўзи нимадир, ишқий калима,
Ойдин булоқ гули — шаффоф бир туйғу!
Ё, кўнгил йиғиси, шуур гавҳари,
Ё, ҳайрат, ё ҳасрат, энг ширин қайғу!

Шеър нима, пайконми, руҳга санчилган,
Ёки, қалб дарахтин сирли япроғи.
Балки нилуфардир дилда очилган,
Кўнгилда улғайган Мажнун титроғи?

Шеър нима, дардми у ё зикр ажиб,
«Аналҳақ» деган ул кўнгилнинг оҳи.
Дилдаги жаннатми, боғлари нажиб,
Қайда у рухдаги дарвеш даргоҳи?

Шеър нима, тилсимли зулмат вужуднинг
Қаъридан ой каби чиққан ифода.
Кўнгил тоғларига қўнган бургутнинг,
Ўтли нигоҳидан тўқилган бода?

Англамоқ кўйида дил сўйлар тошиб,
Чин шеърки, бир қақнус — дилга раводир.
У — мужда — етти қат осмондан ошиб,
Ҳақдин келаётган тоза ҳаводир…

БАҲОР БУ АБАДИЙ ҲАҚИҚАТ ЭРУР

Чўлпонни эслаб

Ҳақиқат йўллари эмасдир осон,
Ҳақ қарор топаркан кураш бор жойда
Маъюслик чеҳранга ярашмас инсон,
Уйларинг курашсиз эрса бефойда.

Эсладим бир зотни, ҳақпараст ўктам,
Замоннинг залворин четга отди у.
Тобелик оғусин тотган дилни ҳам,
Уйғотиб офтобдай эрта ботди у.

Ҳақиқат йўлида йиқилди ҳориб,
Кўзлари сўнаркан жилмайиб кулди.
Кун келиб минглаб дил чора ахтариб,
Уйғонди, демакки ўрнидан турди.

Аммо, у туролмас мангу тупроқнинг,
Мунис ҳамдамига айланиб қолди.
Чироғи бўлди у яқин-йироқнинг,
Дунёда ҳақпараст нигоҳи қолди.

Ҳақиқат, ҳақиқат — баҳор асли бу
У ўша баҳор деб ахир яшарди.
Баҳорнинг борлигин исботлаб воҳ у,
Эрта юз кўрсатган гулга ўхшарди.

Илк чечак эди у аёзга рақиб,
Бу зотлар дунёга яшиллик берур.
Аёзлар қилмасин минг бора таъқиб,
Баҳор бу — абадий ҳақиқат эрур.

ОНАМ ЭККАН РАЙҲОНЛАР

Ҳовлимизга жаннат бўйин таратган,
Саболарга ифор тутган, яйратган,
Кўкдан ойу офтобни ҳам қаратган,
Борлиғида малакларми ниҳонлар,
Ризвон экан онам эккан райҳонлар.

Капалаклар аримасди қошидан,
Боларилар кетолмасди бошидан,
Унганмиди онамнинг бардошидан,
Оҳ кафтдаги жаннат, дерди гирёнлар,
Эҳсон экан онам эккан райҳонлар.

Гарчи гул кўп бу оламда ифорли,
Қўл чўзсанг гар озорлигу, тиконли,
Тароватли, муслим каби иймонли,
Уни аршдан туширмишми посбонлар,
Жаҳон экан онам эккан райҳонлар.

Ҳар тонг туриб сийпарди гул юзларин,
Эркалаган она каби қизларин,
Сирдош билиб айтганми дард, сўзларин
Ўша чоғлар нени қилмиш баёнлар,
Достон экан онам эккан райҳонлар.

Бошим қўйсам мен кўксига онамни,
Райҳон иси чулғар эди танамни,
Оҳ, у жаннат тарк этдими оламни,
Япроғига йиғлаб тақдим маржонлар,
Фиғон экан онам эккан райҳонлар.

Она десам зор титрайди бу жоним,
Кетдими-я бор давлатим, жаҳоним,
Меҳрибон йўк, кайда у меҳрибоним,
Дардим энди кандай тутай пинҳонлар
Дармон экан онам эккан райҳонлар.

Соғинчимга бу дунёда йўқ чора,
Ғариб боғман, боғбонсиз қалб минг пора,
Онамсиз мен ким бўлдим, бир бечора
Татирмиди менга бу ширин онлар,
Даврон экан онам эккан райҳонлар.

Бир кун мен ҳам бу дунёдан ўтарман,
Балким, қўлда райҳон билан кетарман,
Шундай онам дийдорига етарман,
Даркор эмас бундан ўзга унвонлар,
Имкон экан онам эккан райҳонлар…

БУЛБУЛ ҚЎШИҒИ

Расул Ҳамзатовдан

Булбул қўшиғини тинглаяпсанми,
Унда янграётган тантана тинмас.
Нима ҳақда куйлар англаяпсанми,
Аммо номаълумдир ҳеч кимса билмас.

Иймоним комилдир, ишонч-ла айтгум,
Ватан ҳақидадур бу қўшиқ — бонглар.
Агар ўзга мавзу бўлганда шаксиз,
Жонига тегарди аллақачонлар.

Сайт бўлими: Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ