"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АНДИЖОНДА МУҲАММАД ЮСУФ НОМИДАГИ ХИЁБОН ОЧИЛДИ

Ўқилди: 3 079


Президентимиз ташаббуси билан Андижон  шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати бу йилги янги ўқув йилида вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларидан, қўшни вилоятлардан келган бир юз

 

эллик нафар иқтидорли ўқувчини синов асосида қабул қилди. Ўқувчи ёшлар она тили ва адабиётини чуқур ўрганиш билан бирга, мактаб қошида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган “Муҳаммад Юсуф издошлари” адабий тўгараги машғулотларига ҳам қатнашиб, таниқли шоир ва ёзувчилардан бадиий ижод сирларини ўрганиб келмоқдалар.  

Шунингдек, мактабда Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодини кенг ёритувчи музей ҳам ташкил этилди. Музей нафақат шоирнинг болалик чоғларидан то етуклик давригача бўлган даврни, балки вафотидан кейин давлатимиз ва халқимиз томонидан унинг хотирасига қаратилган юксак эътиборни, унинг номини абадийлаштириш бўйича қабул қилинган муҳим ҳужжатларни ҳам ёритиб берган. Шоирнинг турмуш ўртоғи Назира ас Салом тақдим этган экспонатлар, яъни Муҳаммад Юсуфнинг шахсий буюмлари, кийимлари, қўлёзмалари, китоблари, тарихий суратлар алоҳида  эътиборга лойиқ.

Мактабга ёнма-ён жойлашган Муҳаммад Юсуф номидаги хиёбонга моҳир ҳайкалтарош Шоҳруҳ Ўрозов томонидан яратилган шоирнинг маҳобатли бюсти ўрнатилди. Замонавий ва миллий архитектура анъаналарини ўзида мужассамлаштирган ушбу маънавий маскан Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб шаҳримизга кириб келаётган меҳмонлар ва юртдошларимиз эътиборини тортиши шубҳасиз. Ландшафт дизайнидаги сўлим сайилгоҳ, ихчамгина майдоннинг икки тарафидаги фавворалар, бюстнинг орқа томонидаги нақшинкор миллий архитектура намунаси биргаликда ажиб мутаносибликни ташкил этган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 июлдаги 539-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилган ушбу қурилиш ишлари “Азимутстрой” масъулияти чекланган жамияти томонидан қисқа муддатда амалга оширилди.

Куни кеча ушбу маърифий-маънавий масканларнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Анжуманда вилоят кенг жамоатчилиги, шоирнинг яқинлари, маҳалладошлари иштирок этдилар.

Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов анжуманни очар экан, Муҳаммад Юсуф нафақат  халқимизнинг севимли шоири, балки ватанпарвар юрт фарзанди экани, ушбу маърифий-маданий масканлар юртдошларимиз учун муносиб туҳфа бўлганлиги ҳақида гапириб, мазкур мактаб келгусида кўплаб истеъдодларни кашф этишига умид билдирди.

Шундан сўнг таниқли ижодкорлар Қамчибек Кенжа, Хуршида, шоирнинг рафиқаси Назира ас Салом, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, Андижон давлат университети талабаси Саидабону Абдусаломовалар сўзга чиқдилар.

 Меҳмонлар Муҳаммад Юсуф мактабида жойлашган музей, дарс жараёнлари ва адабий тўгарак машғулотлари билан танишдилар.

Хуршида Кўчқорова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
вилоят бўлими раҳбари

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ
Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди