"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ҚОРЛИ ЧЎҚҚИЛАРМИ ЁКИ ОҚ ҚУШЛАР…

Ўқилди: 3 967

Александр ПУШКИН

Қиш эртаси

Аёз ила қуёш; ажойиб саҳар!
Сен ҳали уйқуда, нозанин дилбар,
Уйғониш пайти бу, эй соҳибжамол:
Нозли кўзлар сочсин шарорасини
Қарши ол, шимолнинг Аврорасини,
Шимол юлдузидай аён бўл алҳол!

Ёдингдадир оқшом, бўроннинг қаҳри,
Хиралашган эди осмоннинг бағри;
Ой худди оқариб қолган доғ мисол,
Булут орасида сарғарган эди,
Ва сен маъюс тортиб ўтирган эдинг –
Ҳозир… деразадан ўзинг қарай қол:

Мовий осмонларнинг остида зарҳал
Ажиб гилам мисол, товланиб ял-ял,
Қуёшда ярқирар, ҳамма ёқда қор;
Қорайиб кўринур ўрмон, мудраган,
Ва қарағай яшил, қиров сирлаган,
Нурланиб оқяпти муз ичра анҳор.

Қаҳрабо шуъладан хона нурафшон,
Қарсиллайди олов, гуриллар чандон
Ўтнинг нафасидан тисирлайди печ.
Бунда хаёл суриш ёқимли, мана.
Аммо биласанми: чорласам чана,
Қорамтир бияда кезсакми то кеч?

Оппоқ тонг қорида сирғаниб, учиб,
Азизим, завқ билан дунёни қучиб,
Гижинглаган отга эрк бериб шодон,
Бўм-бўш далалардан хабар олайлик,
Кеча қалин эди ўрмон, кўрайлик,
Ва соҳилни менга азиз, қадрдон.

1829

Кавказ

Кавказ пойимдадир. Юксакда турдим
Қор устида, жарлик қирида танҳо;
Кўкда учган бургут муаллақ, гўё
Рўпарамда қанот қоққанин кўрдим.
Кўрдим кучли оқим туғилишини,
Ваҳшатли илк кўчки сурилишини.

Қуйида булутлар сузар пурвиқор;
Шовқин солар ундан кейин шаршара,
Остида яланғоч қоялар, қара;
Пастроқда йўсинлар, қуруқ бутазор;
Ундан нари яшил ўрмонзор кетган,
Қушлар чуғурлаган, буғулар елган.

У ён тоғни макон тутган одамлар,
Яшил қир, ёйилган қўйлар суруви,
Чўпон ҳайдар очиқ водийга, қуйи
Серсоя Арагва сари қадамлар,
Яширинар қашшоқ отлиқ дарага,
Терек шовқин солиб оққан панага;

Дарё ўйнар, увлар ғўр йиртқич гўё
Ўлжага ташланган темир қафасдан;
Қирғоққа отилар бенаф нафсдан,
Оч тўлқинлар ялар қояни, аммо …
Беҳуда! На емак, на бир тасалли:
Уни тутар соқов ҳайбат, даҳшатли.

1829

Наташага

Сўлди, сўнди ёз бир чиройли;
Учиб кетди ёруғ кундузлар;
Намчил туман тушди, мисоли
Тунда мудроқ соялар сузар;
Ҳувиллади бўлиқ далалар,
Жўшқин сой ҳам музлар паллалар;
Чакалакзор ўрмон оқарди;
Осмоннинг гумбази бўзарди.

Офтобим Наташа! Қайдасан?
Кўринмайсан ҳеч кимга нечун?
Истамайсан бирон лаҳза сен
Ҳамдардликни дўст ила букун?
На тўлқинли кўл қирғоғида,
На хушбўй жўка паноҳида
Учратмадим сени субҳидам,
Учратмадим оқшомларда ҳам.

Яқин, яқин қиш аёзлари
Қучгай ўрмон, далани тағин;
Дим кулбанинг ол гулханлари
Ярқираган лаҳзалар яқин.
Кўролмайин гўзалим ҳали,
Тор қафасда саъва мисоли,
Кулбам ичра куйиб-ёнгайман,
Наташани ёдга олгайман.

1814

Қиш йўли

Тўлқин-тўлқин туманлараро
Аста ўтар нурланиб қамар,
Ғамгин дала узра шу асно
Маъюс оқиш нурини тўкар.

Зерикарли, қиш йўли бўйлаб,
Бедов учқур уч от елади.
Қўнғироқча бир хил жаранглаб,
Дилзада оҳанглар келади.

Қулоққа чалинар, қадрдон,
Аравакаш хиргойи қилса:
Гоҳи мардлар базми-ю, жонон
Ҳижронлари, қани йўл унса…

На олов бор, на қора кулба…
Овлоқ ва қор… Мени қаршилар –
Олабайроқ кўрсаткич йўлда,
Йўлиққани биргина шулар…

Дил танг, дил хун… Эртага, Нина
Эртага ёр, қайтиб қошингга,
Каминда унутгум, жимгина,
Ҳаммасини, боқиб ҳуснингга.

Чиққиллайди соат миллари
Айланар ўз йўлидан бутун,
Зерикарли кун ўтгач ҳали,
Ажратолмас бизни ярим тун.

Дилхун, Нина: ҳа, йўлим дилгир,
Аравакаш мудрар, йўқ саси,
Қўнғироқча жаранги бир хил,
Туман ичра ойнинг орази.

1826

* * *
Бийдай дала, яшиндай бу чоқ
Тақаланди яна, от чопар!
Туёғининг остида янгроқ
Музлаб қолган тупроқ тарақлар!

Кони фойда рус сиҳатига
Бизнинг аёз, чиниқтирар тан:
Гулдан алвон юзлар тафтида,
Совуқ ўйнар олов қон билан.

Ўрмон хомуш, водий кимсасиз,
Кун чиқару – тушиб қолар шом,
Кечикан бир йўлчидай ёлғиз,
Деразамиз қоқади бўрон…

1828

Кўчки

Ўшшайган қояни парчалар
Гувиллайди, тўлқин сачратар,
Бошим узра бургут жар солар,
Увлар ўрмонзор,
Хира қатлам ортидан ёнар
Чўққиларда қор.

Бирдан кўчки ажралиб тушди,
Гумбурлади, ҳайбатли учди,
Қоя аро дарага кўчди,
Ташлади девор,
Ва Терекнинг тўлқинин қучди,
Тўсди пурвиқор.

Бирданига ҳайқирдинг, толдинг,
О, Терек, сен тинчланиб қолдинг;
Ортдан асов тўлқин-ла олдинг
Қорни кўчириб…
Қутургандай қаърингга солдинг
Қирғоқ ўпириб.

Ва ётди бу кўчки хўп узоқ,
Муздай тўши ерпарчин, ингроқ,
Тубдан ёвуз Терек қочароқ
Сув пуркаб ҳар ён
Ва шовқин, кўпик-ла босароқ
Муз гумбазсимон.

Ва очилди кўприк, йўл мисол:
От сакради, ўтди хўкиз, мол,
Ва туясин ўтказди дарҳол
Дашт савдогари,
Ҳозир бундан ўтгай бир Эол.
Само сарвари.

1829

* * *

Мовий тоғ бошида оқарган недир?
Қорли чўққиларми ёки оқ қушлар?
Қор эриб битарди, турмасди ахир,
Учиб кетар эди ҳозироқ қушлар.
Бўлмаса ўшал оқ на оққуш, на қор,
Ҳасан оға тиккан оқ чодир эрур.
Ичида ётибди ўзи ярадор
Кўргани онаси, опаси келур.
Севгани келолмас, уялади у.
Оғриқ азоблари кетиб нарига
Амр этди севикли вафодорига:
“Мени оқ уйимдан қидирма бу он,
На уй, қавмимдан ҳам сўрма, ҳеч қачон”.
Эркагин гапини эшитган замон
Ғам-аламга ботди Кадуна нолон.

Ҳовлидан келганда отлар дупури,
Юрак ёрилгудай, чиқди югуриб,
Дарчадан тушгудай, юрагин тиғлаб;
Эргашди иккита қизчаси йиғлаб:
“Эшикни оч, азиз онажонимиз,
Эринг Ҳасан оға келмади ҳаргиз,
Келган аканг экан, аканг Пинторич”
Эшик очди хотин, юракда ҳадик,
Ва осилди ака бўйнига бирдан–
“Акагинам, ахир, бу шармандалик!
Сарсон қилди мени беш болам билан…”

1835

Қиш оқшоми

Бўрон кўкка ғубор сочар
Қор қуюни чархпалак:
Дам йиртқичдай увлаб қочар,
Дам йиғлар худди гўдак,
Дам эски том бўйлаб бирдан
Похол сочади, шовқин,
Дам йўлчидай, кечга қолган,
Ойнамиз қоқар бетин.

Бизнинг эски кулба ҳозир
Ҳам қоронғу, ҳам ғамгин.
Нима бўлди, сенга кампир
Дарчага қарайсан жим?
Ёки бўрон увлашидан
Чарчадингми, азизим,
Ёки урчуқ гувлашидан
Мудрадингми сен бир зум?

Кел, ичайлик, азиз дўстим
Шўрлик ёшлигим учун,
Қани қадаҳ? Кўп ҳасратим,
Кўнглим қувончга тўлсин.
Куйла, қандай ювош читтак
Яшар денгиздан нари;
Куйла менга, тонгда малак
Чиққанин сув олгани.

Бўрон кўкка ғубор сочар
Қор қуюни чархпалак:
Дам йиртқичдай увлаб қочар,
Дам йиғлар худди гўдак.
Кел, ичайлик, азиз дўстим
Шўрлик ёшлигим учун,
Қани қадаҳ? Кўп ҳасратим,
Кўнгил қувончга тўлсин.

1825

Фозил Хонга

Оқ йўл, қилгил янги жасорат,
Шимол сари, бизнинг бешафқат,
Бунда баҳор қисқа ҳукм сурмиш,
Аммо Ҳофиз ва Саъдий таниш.

Ярим тунги ўлкамиз сари,
Келаркансан, изингни қолдир.
Хаёл мисол шарқнинг гуллари
Шимол қорин устига сочгил.

1829

* * *
Баҳор, баҳор, муҳаббат фасли,
Қандай оғир сен келганингда,
Интизорлик уйғонар асли
Қалбгинамда, жону танимда…
Юрагимни тарк этар ором…
Ҳар не ёлқин, гўзаллик бунда,
Келтиргувси дилгирлик, ҳижрон.
————-
Менга беринг бўрон, изғиринларин
Ва аёзнинг узун қора тунларин.

1825

Рус тилидан Ҳумоюн таржималари

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”