"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Искандарнинг шохи бор!..

Ўқилди: 516

Таниқли шоир Одил ҲОТАМОВ билан суҳбат

— Сизда адабиётга ҳавас қачон уйғонган, матбуотдаги илк чиқишларингиз, сўнгра, биринчи китобингиз ўқувчилар қўлига етиб борган дамларни бир эслаб ўтсангиз.
– Бу саволингиз менга олис болалик йилларимни яна бир марта эслатди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларидаги мактаб дарсликлари, бадиий китоблар, айниқса, халқ эртаклари кўз олдимга келди. Ўша пайтлардаги имло қоидаларига биноан “ўқувчи” сўзи “ўқучи”, “билан” сўзи “блан” тарзида ёзилар эди.
Уй тўридаги токчаларни отам ўқиган, энди ўқийдиган китоблар эгаллаган. Ҳали ҳарф танимаган тўрт-беш ёшларимда уларни менга Зулфия опам (мени кўтариб катта қилган холам Зоҳида Маманазаровани ҳаммамиз Зулфия опа дер эдик) ўқиб берардилар. “Уч оғайни ботирлар”, “Муқбил тошотар” ва бошқа халқ эртаклари менга ёд бўлиб кетган.
Қаҳратон қишда ҳафталаб, баъзан ойлаб ерларни шудгор қилишга кетган отам керосин, солярка ҳиди ўтириб қолган ки­йимларини алмаштириб, ювиниб, сандали (танча)га ўтирар, чой ичиб бўлгач, бироз мизғиб оларди. Кейин токчадаги китоблар сандали устига тушарди. Отам ўзбек тилида, мен ҳали тушунмайдиган рус тилидаги китобларни аввал бир варақлаб, сўнг ўқишга киришардилар. Ўқиб-ўқиб ухлаб қолардилар. Отамнинг устига кўрпа ёпиб қўярдим.
Тўғри, у пайтларда “адабиёт” сўзининг луғавий маъносини тушунмаганман. Тенгдошларим қатори мен ҳам ҳарф таниб, савод чиқардим. Мактабда она тили, математика, физика, кимё, биология фанлари қатори адабиёт ҳам ўқитиларди.
Онам ҳар икки гапларининг бирига мақол, турли ибораларни қўшиб ишлатардилар. Масалан, “Бунга соя ҳам керак эмас, ҳамсоя ҳам…” каби.
Қачонки, адабиёт ҳақида ўйласам, онам билан Зулфия опамнинг қуёшдай чеҳралари кўз олдимга келади.
Демак, адабиётга илк ҳавас болалигимда уйғонган. Мактабни шу қадар яхши кўрар эдимки, қайтишда кимдир мени судраб уйга олиб кетаётгандай туюларди. Икки кўзим орқада: мактабда…
Биринчи синфни битиргач, ёзги уч ойлик таътил мен учун ит азобига айланди. Кунда-куноша бориб мактабимни, синфимизни, ўтирадиган биринчи партамни кўриб келаман. “Партангни ҳидлаб келдингми?” деб қўярдилар опам.
Охири, “Мактабимни соғиндим” сарлавҳали “шеър” ёзиб юбордим денг.
Зулфия опам мактабда ёшлар етакчиси эдилар. Менинг ажи-бужи ёзган “шеърим” мактаб деворий газетасига чиқиб, овоза бўлиб кетди. Ўша йиллари ҳамқишлоғимиз, бўлажак шоир Сулаймон Раҳмон мактабимизнинг тўртинчи ёки бешинчи синфларида ўқирдилар.
– Шу “шеър”ни ўзинг ёздингми ёки опанг ёрдамлашдими?
Сулаймон аканинг саволига жавобим шу бўлди:
– Ўзим ёздим. Мактабимни соғиндим-да!
– Яхши! Кўпроқ шеър ёдла!
Туман газетасида чоп этилган биринчи мақолам пахта йиғим-теримида қатнашган чолу кампирлар ҳақида эди. Исми шарифлари газетада чиққан боболару момоларнинг менга айтган раҳматлари ҳамон қулоғимда.
Худонинг берган куни туман газетаси таҳририяти йўлини чуқур қилар эдим. Ёзиб борган уч-тўртта “мақолам”дан биттаси чиқса ҳам мен учун байрам. Адабиёт фани ўқитувчимиз Узоқ ака Ҳайитов мени қўллаб-қувватлаб турадилар. У киши туман газетасининг қишлоғимиздаги энг фаол мухбири. Маҳмуд Саъдий таъбири билан айтганда, “шеър” деб аталган “тимтимак”ларимнинг барчаси таҳририятга борган хатларнинг рўйхатини оширган, холос…
Тошкентда ўқиб юрган йилларимда бекободлик дўстларимдан бири икки-учта машқ шеъримни оққа кўчириб, Бекобод тумани газетасига олиб борган. Рауф Парфи кўпинча “Бу воқеа қачон содир бўлди?” деб қўярди. Алқисса, мен учун бу “тарихий” воқеа 1970 йил 9 май куни юз берди… Ўшанда 20 ёшда эдим.
Биринчи тўпламим 1985 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида (“Булоқ кўз очди” жамоа тўпламида) “Кечки майсалар” номи билан чоп этилган. Ўша йиллари шеър ёзиш масъулияти жуда юксак, тўплам чиқариш эса ўҳҳу-у!.
Фарғона вилоятидаги бир неча мактаб ўқувчилари ушбу камтарона тўпламдаги шеърларимга муносабат билдиришган. Пойтахтимиздан, бошқа вилоятлардан бўлган ҳаяжонли телефон қўнғироқлари… Ўзимча осмону фалакда учиб юрган кунларим… Адабиётшунослардан бири баъзи камчиликларимни ёзиб, бироз танобимни тортиб қўйган. Тортинчоқлигим туфайли тенгдошларим орасида ҳаёт неъматларига кейинроқ эришганман.
Хуллас, ёзаверсам, гап кўп.

— Қандай устозларнинг таълимини олгансиз? Улар турмуш тарзингизга, ижодий фаолиятингизга қандай таъсир этган?
– Аввало, дунёдан ўтган устозларимнинг азиз руҳларини Аллоҳим ўз раҳматига олган бўлишини тилайман.
Отам, онам, Зулфия опамни, адабиёт муаллимларимиз – Узоқ Ҳайитов ва Норқул Аҳмедовлар биринчи устозларимдир. Университетда Бегали Қосимов, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Ботирхон Акрамов, Талъат Солиҳовларнинг ўй-хаёлларимиз, орзуларимизга қанот боғлаган узундан-узоқ маърузалари… Озод Шарафиддинов, Умарали Норматовларнинг донишмандона давра суҳбатлари… Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева мушоиралари…
Курсдошларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, Талъат Солиҳов домламиз Мопассаннинг “Дўндиқ” ҳикоясини моҳир жарроҳ сингари “операция” қилиб, ҳикоя қандай ёзилишини кўрсатиб берганлар.
Улар менинг ҳамду саноларимга, олқишларимга, боринг, ана, мақтовларимга муҳтож эмас.
Бегали Қосимовнинг илм-фан ривожи йўлидаги фидойилиги тилларда достон.
Шогирдпарвар Ғайбуллоҳ ас-Салом домламиздан олган инсонийлик сабоқларимиз бизга ҳозир ҳам асқотмоқда.
Ботирхон Акрамов эса (мус­табид тузум даврида) жонини гаровга қўйиб, Пайғамбаримиз ҳадисларининг мазмун-моҳиятини онгу шууримизга сингдирганлар.
Талъат Солиҳов, Ғайбуллоҳ ас-Салом чет эл адабиётининг зукко билимдони сифатида биз учун ҳамон тирик.
Озод Шарафиддиновнинг “сопини ўзидан чиқарувчи” енгил юморга, кулгига бой ўгитларию суҳбатларини унутиб бўлар эканми…
Ёшларнинг севимли устози Умарали Норматовнинг юраги, бутун илмий ва бадиий фаолияти меҳр булоғига қиёс…
Устоз Эркин Воҳидов адабиётда улкан мактаб яратиб кетди. Бу мактаб халқимизнинг келажакда ҳаётга қадам қўядиган миллионлаб фарзандлари учун юксак инсонийлик дорулфунуни бўлиши аниқ.
Шак-шубҳасиз, Абдулла Орипов шеърияти миллатимиз қадри, шаъни, орияти учун тикланган ҳайкал – бадиий обида.
Талабалик йилларимизда Рауф Парфи ижодидаги ватанпарварликка, миллатпарварликка, мажнунона фикрлаш тарзидаги тафаккур салоҳиятига ҳавасимиз юз эмас, минг чандон эди, ҳозир ҳам.
Менга қолса, Ҳалима Худойбердиева шеърни эркакчасига ёзади. Ҳозирги айрим “тимтимак”лардан Ҳалима опанинг бир мисраси авло. Худо хоҳласа, ҳадемай ўзининг етмишинчи баҳорига қадам қўядиган опанинг асарларида буюк Тўмарис меҳри, Широқ шиддати-шижоати мужассам…
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, раҳматли Қосим Ҳасановдан касбга, оилага, дўстларга садоқатни ўрганганман. Таҳририятимиз дарвозаси ёнида устоз Қосим аканинг мармарга ишланган сурати бор.
Сайди ака Умиров домламиз билан ҳозир ҳам гоҳо телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашиб турамиз, гоҳида эса ватанпарвар фотограф Абдуғани Жума устахонасида ҳозирги адабий жараёнларнинг у бошидан кириб, бу бошидан чиқамиз.
Ҳаётимда ул-бул “нимарсалар” қоралашимда камина учун ғоят азиз бўлган бу инсонларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Туғилажак фарзандга ота-­онани танлаш имконияти йўқ. Шогирдда эса… Мабодо, Худонинг қудрати билан қайтадан дунёга келадиган бўлсам, яна шу азиз устозларимнинг этагидан маҳкам тутардим.
— Одил Ҳотамнинг ижодхонаси қандай олам? У асарларини қандай яратади? Ижод жараёнингиздаги изтироб ва севинч ҳақида сўзлаб берсангиз…
– Тўғриси, бу саволингизга жавоб қайтариш мен учун бироз эмас, жуда ноқулай.
Бир неча йил илгари пойтахтдаги ижодкорлардан бири оғзини тўлдириб шундай деб қолди:
– Устозим уйимизга келганида “Ижодхонангни кўрсатасан?” деб туриб олди. Олиб кирдим. Ранг-қути учиб кетди: “Менинг ижод намуналарим – асарларимни нега иш столингга қўймадинг? Улар сен учун адабиёт дарслиги-ку! Мана бу бурчакка Афродита ҳайкалини қўй! Уйга ўтсанг, дунёга машҳур рассомларнинг асарлари рўйхатини бераман. Камида ўн-ўн бештасини танла! Энг сўнгги модадаги гилам ҳам келтир. Ҳар куни икки дона атиргул бўлсин! Келинга айт, кунда-куноша эринмай уларни алмаштириб турсин!” дедилар. Ер ёрилмади, ерга кириб кетмадим. Устоз топшириқларини бажардим, фақат Афродита ҳайкали топилмади. Бир шогирдимнинг отасига заказ бердим. Икки-уч кунда тайёрлаб етказади. Устозим айтганларидай – “бу ҳайкалча илҳом манбаи”.
… Оббо!.. Ана, бўлмасам… менда бунақа музей– ижодхона йўқ, ўзимга яраша ижодий оламим бор, холос.
Кечирасизу “асарларим” де­йишга тилим бормаяпти. Нимани қойил қилиб ёзиб қўйдим, ўзи… Тўғри, бир неча тўпламим чоп этилган.
Шеър қоғозга қандай тушади? Баъзан бир мисра ёки биттагина сўз ҳақида йиллаб ўйлайсиз… Гоҳо кутилмаганда…
Ижодий оламнинг дарвозаси ҳам, таъбир жоиз бўлса, пойдевори ҳам, боринг, ана, ҳавоси ҳам СЎЗ… Яқин дўстингизга, қадрдонингизга айланган китоблар. Беназир устозларнинг ўгитлари. Кўп йиллик тажриба… Мен учун буюк тарихимиз, бугунги улуғвор эврилишлар, атрофимиздаги одамларнинг орзу-армонлари, биз етишга илҳақ бўлган келажак қоғозга тушадиган битиклар бешигидир.
Ижодий жараённинг ўзига хос изтироблари, севинчлари хилма-хил, унутилмас… Антон Чехов сиёҳдон ҳақида роман ёзиши мумкинлигини айтганидек, улар хусусида ёстиқдай-ёстиқдай китоблар ёзса бўлади. Борингки, шундай китоблар ёзилди ҳам денг, аммо саноқли кишилардан бошқа ҳеч кимга уларнинг кераги йўқ.
Ҳар бир ижодкорнинг ўз ижодий олами бор, бўлган, бўлади.

— Айтинг-чи, шу пайтгача чоп этилган китобларингизнинг сони, умумий адади қанчага етди? Уларнинг ҳаммасидан кўнглингиз тўлганми?
– Шу пайтгача менинг номим билан бешта шеърий тўплам, битта ҳужжатли қисса чоп этилган. Ўндан ортиқ жамоа тўпламларини ҳисобга қўшмадим. “Онажон” тўплами бир неча йил мобайнида уч марта нашр этилди.
Шу ўринда ўтган асрнинг 80-90-йилларида шоирнинг биринчи китоби 10 минг нусхада, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ва бошқа машҳур шоирларимизнинг тўпламлари 35 минг нусхада, улкан адибларнинг романлари 80 минг нусхада чоп этилгани бор гап.
Неча йиллар илгари ёзувчи Ашурали Жўраев таниқли шоир Хуршид Даврон асарларининг адади бир миллион нусхадан ортгани ҳақида ҳазилнамо бир нарса ёзган эди.
Кейинги йилларда “Шарқ” нашриёт– матбаа концернида таниқли шоирларнинг асарлари беш минг нусхада босилмоқда. Умуман олганда, ҳозир халқ шоирларию халқ ёзувчилари ҳам китоби адади билан мақтанолмайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказиладиган “Истеъдод мактаби” республика ёш ижодкорлар семинарида нашрга тавсия этилган “Биринчи китобим” рукнидаги тўпламлар “Ижод” фонди томонидан молиялаштирилиб, 20 минг нусхада чоп этилиши ёш ижодкорларимизга қанот бўлаётгани шубҳасиз.
Нашриётларда йилдан-йилга китобнинг нархи ошиб бораяпти.
Ҳозир интернетдан дунёдаги таниқли адибларнинг истаган асарини саноқли дақиқаларда чиқариб олиш имконияти бор.
Бир замонлар пойтахтимизда бир йил Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кино ижодкорлари фестивали бўлиб ўтса, кейинги йили худди шу қитъалар ёзувчи ва шоирларининг халқаро анжуманлари, мушоиралари ташкил этилар эди. Келган ёзувчи ва шоирлар китобларининг адади 200-300 нусхадан ортмаслигини кўриб, таажжубдан ёқа ушлар эдик.
Сўзларимни ажойиб адиб ва адабиётшунос Аҳмад Аъзамнинг “Тил номуси” (Тошкент “Akademnashr”, 2013) китобидаги мисол билан давом эттирсам: “Саксон еттинчи йилмиди, ёзувчилар уюшмасига Париждан “Аксион поэтик” деган журнал вакиллари келди. Улар билан танишдик, суҳбатлашдик. Гапдан гап чиқиб, қайсимиздир бизда Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг шеърий тўпламлари саксон-юз минг нусхада чоп этилишини айтган эди, французлар анграйиб қолди. “Сизларда қанча нусхада босилади?” – деб қизиқдим, э-э, буларни тоза уриб кетган экан-ку деган маънода. Улардан бири: “Юз-икки юз нусхада. Буни ҳам шоирнинг ўзи чоп қилдиради, ёру дўстларига тарқатади, ўтса, яна чиқаради. Катта тираж беш юзга боради-да”, – деди. Мен ажабланиб: “Дунёга машҳур шоирларингиз ҳам шу аҳволдами?” – деб сўрадим. “Ҳа, мен буюкларни айтаяпман”, – деди. “Шеърият бундай бўлса, прозанинг аҳволи қандай? Масалан, Францияда яшаётган Нобел мукофоти лауреати Семьюэл Беккет асарлари қанчадан босилади?” – деб сўрасам, “Беккетни уни тушунган одамларгина ўқийди. Булар ҳам кўп эмас. Беккет театри ҳам бор, унга эллик-олтмиш хос мухлисларгина тушади”, – деди. Мен Чингиз Айтматовни сўрадим, “Унинг асарлари катта тиражларда босилар экан-ку сизларда ҳам?” деган саволимга: “Ҳа, Айтматов катта тиражда босилади. Лекин у бестселлер”, – деб гапни лўнда қилди”( 81-82-бетлар).
Ўзимни жабрдийда қилиб кўрсатмоқчи эмасману кейинги йилларда ўндан ортиқ шеърий ва насрий тўпламларимни турли нашриётларга олиб бордим. Нархи осмонда. Орадан йиллар ўтиб, уларнинг деярли барчасини қайтариб олдим. Фарзандларимни ўқитдим, оила, рўзғор ташвишлари, дегандай. Айрим катта-катта пулдор ташкилотлар раҳбарларига шеър бағишлаб китоб чиқаришга эса ҳеч уқувим йўқ. Бу билан шундай қилаётганларнинг устидан кулмоқчи эмасман. Адабиёт ҳар қандай шахсий манфаатлардан устун ва холи бўлиши керак-ку, ахир…
“Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида, “Шарқ зиёси” ва бошқа газеталарда мунтазам қатнашиб келаман. Машқларни канда қилганим йўқ.
Шу пайтгача чиққан китобларим ҳақида турли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Уларни тўғри қабул қилдим. Ҳар кимнинг ўз қаричи бор, албатта.
Мақтаниш ёки катта кетиш эмас-ку, раҳматли шоир дўстим Назар Шукур хотирасига бағиш­ланган “Юксакдаги дарахт” ҳужжатли қисса ҳақида Қашқадарёда, Навоийда, пойтахтимизда анча-мунча самимий муносабатлар билдирилди. Хатоларим ўзимники, агар бор бўлса, ютуқларим, озми-кўпми, китобхонларники. Бу тўпламларимдан кўнглим тўлди, дегани эмас.

— Хотираларда ўқиймиз: бир вақтлар шоирлар варанглатиб шеър ўқишган, тингловчилар олқишлаган. Бугун бу ҳол йўқ. Бунга баъзилар ҳозир шеърни ҳамма ўзича – телефонда, компьютерда ўқийди, эшитади, деб изоҳлаши мумкин. Лекин бошқа ҳолат ҳам бор: бугун даврада шеър ўқишга кўпчилик ийманади. Шуни сиз ҳам сезганмисиз? Бунинг сабаби нимада?
– Ҳа, айтганингиздек, бир вақтлари шоирлар варанглатиб шеърлар ўқишар эди. Ўтган асрнинг 70-йилларида бир машҳур шоир Тошкентга келиб, “Залда беш минг киши бўлмаса шеър ўқимайман” деб туриб олади.
Билмадим, Тошкентда қандай, лекин жойларда мушоиралар, олқишлар ҳамон авжида. Масалан, Навоий давлат педагогика ва кончилик институтларида шундай. Бу олий таълим даргоҳлари ўқитувчиларининг аксарият қисми шоир. Уларнинг шоирликка асло даъвоси йўқ…
Айтганингиз тўғри: ҳозир ҳамма телефонда, компьютерда ёзади, ўқийди, тинглайди.
Қуйидаги мисол жойига тушадими-йўқми, билмадим. Бир пайт­лари университетдаги домламиз – масалчи шоир Мухтор Худойқулов янги масал ёзиб, бизга ўқиб бергани ёдимда. Унинг мазмуни шундай: “Бир курка тўқай тўрида учиш назарияси бўйича бургут полапонларига узундан-узоқ лекция ўқийди. Семестр якунида имтиҳонларни аъло ва яхши баҳоларга топширганларнинг қувончи чексиз. Домланинг ҳам кайфияти зўр. Нега аъло бўлмасин, ахир, шогирдлар ҳаво сокин ёки турли даражада шамол турганда неча градус бурчак остида қанот ёзиш кераклигини яхши ўзлаштириб олишди.
Курка хурсанд ҳолда сўнгги саволини ўртага ташлади:
– Кимда қандай савол бор?
Охирги қатордаги эндигина тухумдан чиққан полапон ўнг қанотини кўтаради. Устоздан ижозат бўлгач, савол беради:
– Домла, ҳаммаси яхши бўлдию, шу…
– Хўш?
– Би-и-ир учиб кўрсатмадингиз-да, устоз!
Домланинг ҳамон шашти баланд:
– Учишни бошқа домладан ўрганасизлар!
Шу билан семестр якунланади…”
Вилоятимизга бир шоир келди. Теша тегмаган саволлар, кутилмаган жавоблардан ҳамма ҳайратда.
Тадбир ниҳоясида зал адоғидан бир қиз шоирдан шеър ўқиб беришини илтимос қилди.
– Ҳамманг мана бу китобимдан сотиб олгансан, тўғрими?
– Ҳа! – залнинг турли жойларидан узуқ-юлуқ товушлар эшитилди.
– Уйга бориб, ёнбошлаб бемалол ўқийверасанлар! Мен аэропортга шошаяпман!
Ҳар-ҳар жойда шап-шуп чапак­лар… Шу билан шоир бирорта ҳам шеър ўқимай келган жойига жўнаворди…
Агар зерикмаган бўлсангиз яна бошқа бир мисолни айтсам…
80-йиллар ўрталарида бир тўйга бордик. Тўйни қайси бир тумандан келган 35-40 ёшлардаги киши олиб борди. Ишонасизми, қарийб икки-уч соат давом этадиган давра шиддатли шеърлар билан бошланди. Таклиф этилган созандаю хонандаларнинг тоқати тоқ. Тасаввур қилинг: “отарчи”лар “қистир-қистир”дан қолишаяпти. Раққосалар аламидан аччиқ-аччиқ шароб ичмоқдалар. “Состав” “каттаси” тўй эгасига ўдағайлайди.
– Сизларга келишилгани бў­йича тўлайман! – дейди тўй эгаси. – Мен бу йигитга ҳавасим кетиб олиб келганман. Қаранг, Эркин Воҳидовдан, Абдулла Ориповдан қандай зўр шеърлар ўқияпти!
– Биз қанча навалдан қолаяпмиз! – жазавага тушади “катта”.
– Бўлмасам… Ҳозир, шунисини тугатсин! Ўзим айтаман!..
Шу орада чироқ ўчса бўладими… Давра раиси микрофонсиз шеър ўқийверди. Кейин товуши чиқмай қолди. Давранинг эркак­лар ўтирган томонида “жангу жадал” авжида: шақару шуқур!!!
– Шеърни зўр ўқир экан-эй! – дейди бирови.
– Оч қоринга шеър ёқадими, ҳа, жигар…
Яна шақара-шуқур…
Ярим соатлар ўтдими, чироқ ёнди. Мусиқа варанглаб, “Лаълихон” ҳаммани даврага чорлади: “кишан-кишан” бошланди. Қолганлар аланглайди: ҳалиги шеър ўқиган давра раиси кўринмади. Битта-иккитаси тўй эгасидан сўради, у елка қисди.
Раққосалар давра айланишга тушишди. Пуллар дарёси… Бунинг оти – “навал”…
Орадан анча вақт ўтиб, кимдир гап топиб келди. Ҳалиги йигит ҳув наридаги “Жигули” ичида маст бўлиб ётган эмиш… Эртасига маълум бўлди: бу ишни “отарчи-санъаткорлар” уюштиришибди… Шу-шу ўша йигит қайта тўйга чиқмайдиган бўлди…
Менимча, бугун кўпчиликнинг шеър ўқишга ийманишининг сабаби…

— Ёзиш қачон эҳтиёжга айланади? Шоир учун ёзолмай қолиш нима?
– Эшитгансиз… Искандарнинг шохи бор!.. Ёзиш ана шундай ўжар эҳтиёжга айланиши керак. Усмон Носирнинг сўнгги кунларини хаёлан кўз олдингизга келтиринг… Менимча, ёзолмай қолиш шоир учун Усмон Носирнинг сўнг­ги кунидир.
Шу пайтгача ёзганларим олтин суви югуртирилган байтлар эмаслиги ўзимга аён.
Шоир ёзолмай қолишидан Ўзи асрасин.

— Адабиётнинг, ижоднинг, илҳомнинг илоҳийлиги ҳақида нима дейсиз? Шоирга илҳом қанчалик зарур?
– Бунга Алишер Навоийдан, Лев Толстойдан, жаҳонга машҳур бошқа ижодкорлардан истаганча мисоллар келтириш мумкин. “Худо юқтирмаса, мол бозорига даллол ҳам бўлолмайди” деган мазмундаги гап бор. “Истеъдоднинг 99 фоизи меҳнат” деган ҳикматни эшитгансиз. Қолган бир фоизи юқоридан.
Бани башарга сув билан ҳаво, олов билан тупроқ қанчалик зарур бўлса, шоир учун илҳом ҳам худди шундай… Ўткир Ҳошимовнинг “Асар илҳом билан яратилиши керак” деган мазмундаги гапини яхши биласиз. Менимча, илҳом ҳолати ижодкорнинг қайсидир маънода Оллоҳга яқинлашишидир. Мендан ошириб таърифлайдиганларнинг ҳалоли бўлсин.

— Бугунги кунда кўпчилик ижодкорлар, айниқса, ёшлар ижодида мадҳиябозлик кучайиб кетгандай. Ёш қизчалар, дейлик қўғирчоғи мушуги, ҳа, ана, дугонаси, онаси ҳақида ёзиши табииймасми? Наинки, ватанпарварлик, унга жон фидо қилишни қаламга олса… Бу ҳол сохталикни келтириб чиқаришга ва алал-оқибаттуйғуни ўтмаслаштиришга хизмат қилмайдими?
– Бошқаларни билмадиму, менбоп савол. Бунинг ҳаётий сабаби бор, албатта.
Гап шундаки, қарийб қирқ йилдан буён таҳририятимиз ҳузуридаги “Чашма” адабий тўгараги машғулотларини ўтказиб келаман. Тўгарагимизнинг собиқ аъзолари туманимиз, вилоятимиз, республикамиз миқёсидаги турли матбуот нашрларида, радио ва телевидениеда, бошқа соҳаларда қизғин фаолият кўрсатишмоқда. Кўпчилигининг неча-неча китоб­лари, таржима асарлари ёруғлик юзини кўрган. Улардан бир неча нафари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Тўгарагимиз аъзоларининг аксарият қисмини шоира, қизлар ташкил этади. Агар вақтингизни олмасам, журналхонни зериктирмасам, иккита мисол келтирсам майлими?
– Марҳамат!
– Раҳмат! Йигирма йилча илгари 2– ёки 3-синфда ўқийдиган бир қизалоқни отаси таҳририятимизга етаклаб келди:
– Қизим Ватан ҳақида шеърлар ёзган. Ўшаларнинг тўрт-бештасини Тошкентга юбормоқчиман!
– Ҳали шошмай туринг, вақти бор! Қизимиз тўгаракдаги акаларига , опаларига етиб олсин. Қўли келгач, Сиз айтмасангиз ҳам нафақат Ватан ҳақидаги, балки бошқа шеърий машқларини ҳам ўзим республика газета ва журналларига юбораман! – Сўнг қизалоққа юзландим:
– Уйингда олма дарахти борми?
– Сизга неччи кило олма керак! Ҳозир келтириб бераман! – деди у.
Орадан икки-уч кун ўтиб яна келди:
– Шеър чиқарадиган жой билан гаплашдим, “юборинг” де­йишди.
– Онаси, олма дарахти, қўғирчоғи, товуғи, мушукчаси ҳақида ёзсин, демоқчиман.
Ота безовталанди:
– Нима, Ватан ҳақида ёзмасинми? Нега унга қаршилик қиласиз?
– Қизимиз улуғ Ватан туйғусини ҳозирча сиз ёки менчалик ҳис қилмайди-ку.
– Сиз нимани ҳам тушунардингиз! – деди отаси.
– Ҳали ҳам кеч эмас, юборманг! Қўли тўғри бўлсин! Шошқалоқлик қилманг!
– Э!..
Эртасига у менга қўнғироқ қилди:
– Юбордим!
– Оббо!..
Икки-уч ҳафталар ўтибми, у сувга тушган латтадай бўлиб келди…
– Хўш?
– “Шеърларингизни олдик, ёзаверинг!” деган жавоб хати келди.
– Шу билан қизингиз истеъдодли бўлиб қолдими?
– Совға-повға юборишадими, деб ўйлаган эдим.
У индамай чиқиб кетди… Қизи тўгарагимизга қайта қадам босмади…
Иккинчиси эса қуйидагича: мактаблардан бирининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари иккита папкани столимга қўйди:
– Еттинчи синфда ўқийдиган бир қизимиз зўр шеърлар ёзиб, тўплам тайёрлаган. Мана буниси лотинда, буниси кириллда. Отаси нашриёт билан гаплашган. Сўзбоши ёзиб берасиз. Китоб қилиб чиқарамиз!
Папкаларни очдиму…
– Домла, шошмаяпсизми?
– Йўқ, нимайди?
– Мен ҳозир…
Қўшни кабинетга ўтиб шоир, таржимон Вафо Файзуллоҳнинг “Жон йўли” шеърий тўпламини келтирдим-да, папкалар устига қўйдим:
– Буниси лотин имлосида, буниси кириллдагиси!..
Муаллима аввалига ҳайрон қолди, сўнг китобларни варақлади, папкаларни очди, солиштириб кўрди. Ҳалиги қиз китоб муқовасидаги муаллиф ўрнига ўзининг исми шарифини қўйган, тўплам номи ўзгарган. Қисқаси, китобни нуқта-вергулигача кўчириб олган.
– Кечирасиз!..
Муаллима кўзда ёш билан чиқиб кетди. Кейин эшитсам мактабга қизнинг ота-онасини чақиртириб, муҳокама қилибди…
Афсуски, бундай мисоллар битта-иккита эмас.
Шундай ҳолда ҳис-туйғулар қандай ўткирлашсин? Ҳар қандай шароитда ҳам ёшларга тўғри йўл кўрсатиш бизнинг вазифамиз. Улардан умидимиз катта.

— Адабиётнинг жамиятда тутган ўрнини сиз қандай тасаввур этасиз ва адабиётимизда қандай анъаналар давом этишини, қандай иллатлар барҳам топишини истар эдингиз?
– Кўнгилга ўтиришадиган савол, унга жавоб қайтаришим шарт ва зарур, албатта.
Эрнест Хемингуэй “Чол ва денгиз” асари учун олган ўша Нобель мукофотини. Нега айнан шу қисса учун? Негаки, бу мўъжаз асарда инсон матонати улуғланади.
Адабиёт – адаб, одоб. Адабиётсиз жамият бир қадам ҳам олға силжимайди. Менга қолса, жамият улкан машина бўлса, адабиёт уни ҳаракатга келтирувчи куч.
“Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар” асарлари миллий адабиётимизнинг ноёб дурдоналари. Уларда анъаналаримиз бетакрор ёрқин бўёқларда муҳрланган. Табиат тасвири, қаҳрамонлар портрети…
Кейинги йилларда яратилаётган айрим насрий асарларда қаҳрамоннинг асл қиёфасини илғай олмайсиз.
Раҳматли Аҳмад Аъзам вафотидан бир ҳафтами-ўн кун илгари қўнғироқ қилиб қолди.
– Нималар ёзаяпсиз? – сўрадим ундан.
– Ҳа, шу, соғлиқ…
– Хабарим бор, лекин сиз бекорчи эмаслигингизни яхши биламан.
– Бир нарсалар қоралаяпман, жўра. Асар диалоглардан иборат бўлади. Табиат манзаралари ҳам, қаҳрамонлар портрети ҳам суҳбат жараёнида очилиб бораверади…
Аҳмаднинг бу қўлёзмаси ниҳоясига етганми-йўқми, билмайман.
Тўғриси, ҳозир яратилаётган асарларнинг айримлари жаҳон адабиётининг баъзи намуналарига тақлиддан бошқа нарса эмас.
Назар Эшонқул, Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари бундан мус­тасно. Ҳақиқий миллий асаргина ўз эътибори, қадрини топади, ўша машҳур масалда айтилганидай: “Тарихда мисоллар жуда кўп бунга…”
Дарвоқе, иллатлар ҳақида… Ўрик, гилос, олмалар пишиши билан оиламиз бекалари улардан мураббо тайёрлаб, қишга олиб қўйишади. Агар “банка” талаб даражасида қайнатилмаган, мева-чева яхши ювилмаган бўлса, вақти-соати билан ўша “банка” қопқоғи албатта “отилади”. Мабодо, қопқоқ отилмасдан аввал кимдир уни истеъмол қилса, заҳарланиши, шубҳасиз. Хоҳ каттами-кичикми, бундай “асар” ўқувчи қалбини заҳарлаши табиий.
Мазмуни ҳамду санолардан иборат, ялтироқ муқоваларда чоп этилган ана шундай “китоб”ларни кўрганимда Абдулла Қаҳҳорнинг “Бу асарни “дўппимни ҳидлаб-ҳид­лаб ўқидим” деб ёзгани ёдимга тушади. Жасоратли адабиётшунос олим, ҳозирги замонавий тил билан айтганда, битта таҳлилий мақола билан ана шундай “китоб­”ларнинг “жойини кўрсатадиган” Озод Шарафиддиновни эслайман…
Қани Озод акадай адабиётшунослар!
Биз улкан тараққиёт асри фуқароларимиз. Айни шу кунларда Саҳрои Кабирда улфатлари билан гап-гаштак, масалан, пивохўрлик қилиб ўтирган Мажнуннинг (Худо кечирсин!) Такламакан чўлларида сочини қирқтириб, қошларини тердириб, (Астағфуруллоҳ!) дугоналари билан “кола” ичиб турган Лайлига SМS орқали севги изҳор қилишини бир тасаввур этиб кўринг… Бу ақлга сиғадими?..
Гапни кўпайтирмай. Менимча, иллатлар ҳақида адабиётшунослар гапиргани маъқулмикан… Чумчуқ сўйса ҳам…

— Бугунги ўзбек адабиётини янада ривожлантириш учун нималар қилиш зарур деб ҳисоблайсиз?
– Менга қолса, айрим ёзувчи, шоирларимиз манманлик, кибру ҳаво, маҳаллийчилик осмонидан бир замонлар уларни улғайтирган ерга қайтиб тушсалар…
Ойдами-йилдами, озиб-ёзиб вилоятлардан пойтахтга бир бориб қолган, нашриётлар эшигида сарғайиб турган ижодкорларга ҳам одамдай муомала қилсалар, ҳеч бўлмаса, ўзбекчилигимизни унутмай, одамдай саломлашишга одатлансалар… Ҳаддингиз сиғиб, бир замонлар сизга таниш бўлган ижодкор ҳузурига борасиз… У эса… “осмонни ушлаб” турибди. Агар у қўйворса борми…
Давлатимиз томонидан адабиётимиз равнақи учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Шоир, ёзувчи, умуман, ижодкорлар халқни эзгуликка бошловчи кишилар эканлиги аён ҳақиқат. Гоҳо “Ижодкорларнинг ахлоқ кодексини тузиш керакмикан?” деган хаёлларга борганимни билмай қоламан.
Нима бўлганда ҳам худо ҳар кимнинг ўзига инсоф берсин! Ҳар ким ўз ажали билан ўлади. Ҳар ким ўз қўли билан ёзади.
Қолгани – ВАҚТнинг олий ҳукмида…
Ҳурмат қилиб суҳбатга чорлаганингиз учун минг раҳмат!..

 

Суҳбатдош – Ғиёсиддин ЎНАРОВ
“Ижод олами” журнали 2017 йил, 2-сон

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”