"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ижодкорнинг метин иродаси

Ўқилди: 2 382

Асар ёзиш бу сўздан иморат қуришга ўхшайди. Ҳар бир ижодкор ўзининг кўнглидаги ғояларни, фикрларни ва дардларини яхлит сюжетга бирлаштириб, композиция асосида “бадиий иморат” барпо этади. Ҳар бир сўз устида эринмасдан ишласа, асар янада сифатли чиқишини буюклар амалда исботлашган. Аммо ёзувчилик одамдан энг аввало сабр-тоқат ва матонат, метин ирода талаб қилади. Ўзининг асарига вақти ва кучини аямаган ижодкор иродали ижодкордир. Бундай адиблар адабиёт тарихида кўп учрайди.

Жюль Верн (1828-1905)

Бу улуғ француз қаламкаши ҳам матонат борасида барча ижодкорларга намуна бўла олади.
Верн 77 йил яшади. Умрининг сўнгги йилларида қанд касалига чалинди. Ҳатто унинг кўзи ҳам ожизлашиб қолган эди. Лекин ҳеч қандай касаллик Жюль Вернга ижод қилиш учун тўсқинлик қила олмади. Адиб ўшанда ўз ўғлига айтиб туриб, асар ёздирган ва сўнгги китобларини тугаллашга муваффақ бўлганди.

Лев Николаевич Толстой
(1828-1910)

Граф Толстой эса ўз номига мос келадиган йирик жилдли асарлар ёзгани барчага маълум. “Уруш ва тинчлик” 4 жилддан иборат бўлиб, 2000 саҳифадан ортиқ. “Анна Каренина” ҳам тахминан 1050 варақни ташкил қилади. Улардан ташқари Толстойнинг барча асарлари умумий 90 жилдни қамраб олиши адибнинг кучли иродасидан далолат бериб турибди. Лев Николаевич ҳар биттаси 500 саҳифали “Уруш ва тинчлик”ни бир неча бор қайтадан кўчириб чиққани ҳам фикримизга далил бўла олади.

Николай Васильевич
Гоголь
(1809-1853)

Буюк рус сатирик адибининг ёзган асарлари сон жиҳатдан эмас, балки сифат даражасига қараб аҳамиятлидир. Ҳар бир қўлёзмаси устида ойлаб тер тўккан. Баъзи қиссаларини йиллар давомида ишлаганини эшитганмиз. Айниқса, пьесаларини ёзиб тугатгандан сўнг, ўзининг 3-4 та дўстини тўплаб ҳар бирига қўлёзманинг дастлабки вариантини ўқитган ва қизғин муҳокамага қўйган экан. Баҳс ва мунозаралар тугагандан кейин эса ўтириб, қўлига қалам олган ва пьесанинг иккинчи вариантини ёзишга киришган…

Герберт Уэллс
(1866-1946)

Инглиз фантасти – болалик пайтида ҳам, балоғатга етганда ҳам оёғини синдириб олган ва натижада Герберт Уэллс бир умрга ногирон бўлиб қолган. Лекин, ёзувчиларга шунақа темир ирода ато этилганки, буюк асарлар ҳар қандай шароитда ҳам яратилаверади.

Оноре де Бальзак
(1799-1850)

Франциялик бу адиб ҳақида эса ҳар қанча гапирсак ҳам оз. “Инсоният комедияси” режа бўйича 100 жилдли романдан иборат бўлиши ва у Франциянинг ХIХ асрдаги умумий манзарасини акс эттириш лозим эди. Адиб ўз чидам ва иродаси билан кунига 18 соатлаб, кунига бир маҳал овқатланиб, қоронғи хонада, шам ёруғида ижод этгани барчага маълум. Бальзак уйқуни енгиш учун тинимсиз қаҳва ичаверган. Гарчи, Бальзак режасини тўлиқ тугалламаган бўлса ҳам, ўз қалам кучи билан 88 та романни қисқа вақт 20 йил ичида (1830-1850) ёзиб битирди.

Эрнест Хемингуэй
(1899-1961)

XX асрнинг энг машҳур адибларидан бири бўлган Хемингуэй ҳам ёзмасдан туролмасди. Ўтириб ёзаверганидан оёқлари увушиб қолган. Аммо шундаям у тик оёқда туриб қоғоз қоралайверган… Бундан ташқари ёзувчи урушда яраланиб, бир неча бор турли хасталиклар туфайли азият чеккан. Хемингуэй вафот этганидагина ёзишдан тўхтаган.

 

Темур ТАНГРИБЕРГАНОВ тайёрлади
“Ижод олами” журнали 2017 йил, 2-сон

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти
«Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини» «Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини»
Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар