"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Абдусаид КЎЧИМОВ

Ўқилди: 562

Сўнгги суҳбат

Устоз Абдулла Орипов гурунг­ларининг айримларини ёзиб қўярдим. Уч-тўрттасини ўқиб мундай қарасам, рисолача бўлгудай авзойи бор. Иқтидорли шоир ва адиб, оқибатли дўст Муҳаммад Исмоилга бериб, бир кўз югуртиринг-чи, дедим. Муҳаммаджон ажойиб йигит-да, роппа-роса тўрт кун деганда қўлёзмани худди босмахонада босилгандек муқовалаб, чиройли китобча кўринишида тўрт нусхада опкепқолди:
– Устозга ўқитиш керак. Роса хурсанд бўлади! Кетдик, йўл-йўлакай Абдуғани Жуманиям олволамиз, Абдулла аканинг ҳозирги портретини яратишим керак, деб юрувди.
Учовлон жўнадик Абдулла аканикига қараб, қайдасан, Дўрмон, деб.
Ўша кунлари Абдулла ака Америкада биринчи марта даволаниб келган, саломатлиги анча яхши, кайфияти ҳам бинойи пайтлар эди.
Ҳанифахон келинойимиз дарров дастурхон тузадилар. Суҳбатимиз Абдулла аканинг америкаликлар қандай даволаганидан бошланди.
– Духтур ҳаммаёғимни текшириб бўлганидан кейин, мен сизга кетавуринг, дейишим мумкин, деди, – дея гап бошлади устоз. – Сизам индамай кетавуришингиз мумкин. Лекин кейин менинг виждоним қийналади, мен қийналаман нимага жўнатвордим, деб. Сизни охиригача кўришим керак. Мен унга, э-э, қариндош бўмасангиз, юртдош бўмасангиз, диндош бўмасангиз, бегона мамлакатдаги битта духтур бўлсангиз, бор, ўзингни жойингдаги духтурларга учраш, дейишингиз мумкин-у, дедим. Ўпкангизда катта жароҳат бор, деди ҳалиги одам миннатдор сўзларимга парво қилмай, аввал ҳам текширишганми? Текширишганми, деганингиз нимаси, дедим жаҳлим қўзиб. Икки ярим йилдан бери текшир-текшир қилишади, ҳаммаси жой-жойида, дейишади. Лекин йўталим тўхтамайди. Ўзимни осишим қолди. Мен духтур бўлмасам, нима қилишим керак? Баданингизни ренген қилмадими, яна сўради у. Бир қиз таржимонлик қиляпти. Қилишди, бир эмас, ўн марталаб, дедим мен. Ана, бир чамадон дори ёзиб беришган. Сиздаги бу ҳолат пневманиядан кейинги ҳолат, ўпкани ҳаммаёғи шрам, ўпкада инфаркт бўлган, ҳаво юрмайди, деди. Бир парчагина ўпка – уям сув, тушунтирди у, мияда йўтал қўзғайдиган нуқталар бўлади, сиз олаётган дорилар шуни опиюмга ўхшаб тўхтатиб туради, ўпкага ҳеч қандай алоқаси йўқ. У сизни алдайди, алдаб туриб, бир ойда ўлдиради. Жуда хафа бўлдим бу гапни эшитиб. Энди, деди, биз сизга ингалация тайинлаймиз. Ингалацияни биласилар, чилимга ўхшаган, – изоҳлаган бўлди Абдулла ака. – Кейин икки-учта дори ёзиб берди. Манави дориларингиз мутлақо керак эмас, тескари реяксия беради. Биз айтган дориларни сотиб оласиз, йўталингиз ўн беш кунларда тўхтайди, деди.
Дориларни сотиб олдик. Айтилган муддатида йўтал таққа тўхтади.
Туркияга борганимда ҳам шунақа бўлувди. Духтурлар юрагимни ёзволиб, тревога қиворишувди, ўн кунгина ҳаётинг қопти, деб. Ўн кун-а? Кейин кўзимга кўрсатишди юракнинг битта томирини иккита жойида қон қотиб қолган, 92-98 фойиз қон ўтмайди. Улар ҳайрон қолиб, сизни анови қилганми, юрак ёзволадиган?
– Кардиограмма? – деб эслатди Муҳаммад.
– Ҳа, ўша. Мен, ҳар кун қиларди, кўрарди, ўттиз яшар йигитникидай дерди, десам, бошини чангаллашувди. У ёқда улар, бу ёқда – Америкада булар бошини чангаллайди. Охири, энди ҳеч қайсисига учраманг ҳам, борманг ҳам, деди ҳалиги америкалик. Бир-бирини танимайди-ку. Балки у Ўзбекистонни эшитмаган ҳам. Бир духтур ҳақида гапиряпман. Шундай қилиб, айланиб келдим. Шукур-ку, ҳаммасига, лекин яримжон бўлиб қолганидан ке­йин озроқ инжиқ бўлиб қоларкан одам. Энди умр охирига етиб боряпти, шекилли. Қолган вақтни яхши юмушларга сарфлаш керак. – Абдулла ака бир зум тин олиб, нафас ростлади. Бизни дас­турхонга ундади. – Баъзи тирноқ ичидаги дўстларим бўлса, шу ҳолимдаям тинч қўйишмайди. Ухламай, отиб ётибди палахмонни.
– Умр охирига етяпти, деманг, – деб далда берган бўлдим ўзимча. – Бундан баттарлариниям кўп кўрган сиз-ку…
– Кўрганман-кўрганман, – дарров жавоб қайтарди устоз. – Лекин авваллари Москванинг қўли бор, ўрислар қилади, деб ўйлардим. Энди билсам, ҳамма дард ўзимизнинг ичимизда экан. Шундай кимсалар борки, манфаат йўлида ўз боласини сўяман, дейди. Еб турган қошиқни пайтавасига артади. Шуям одам бўлди-ю… – Кимдир, шу яқин орада устозни қаттиқ ранжитгани билинди. Жимгина сўзининг давомини кутдик. – Ёш бўлсам эканки, мансабини тортиб олсам. Унвон талашсам. Бу, нима бало бўлган? – Америкада бир-иккита шеърлар ёзувдим, бир укамиз шуларни интернет-газетда эълон қилса, битта каттакон чақирволиб, нима учун Абдулла Ориповнинг шеърларини чиқардинг, ундай қилма, оқибати ёмон бўлади, дебди. Мен, бу гапинг янгилик эмас, дедим унга, менга яқин юрсанг, ўзингга қийин бўлади. Кеча Италия элчихонасидан бир хабар келди. Дантедан қилган таржима учун менга Италия ҳукуматининг мукофотини беришибди. Яқинда шу мукофотни топшириш маросими бўлади, келасиз, дебди элчи. Энди ким билан боришни ўйлаб ўтирибман. Мен билан борадиганга албатта зарарим тегиши мумкин-да. Мен буни истамайман.
– Унақамас, бундай унутилмас маросимда иштирок этиш ва сизнинг қаватингизда туриш ҳар бир шеърият ихлосманди учун бахт! – Бу гапим жуда тантанали чиққани ўзимгаям сезилди.
– Жуда кўп ўкинаман, – деб хўрсинди устоз. – Жуда ўкинаман.
Ўртага чўккан сукунатдан фойдаланиб, устозга “Чўққидаги қуёш”ни кўрсатдим. Абдулла ака шошмай қўлига олди, орқа-олдини айлантириб кўрди. Очиб, варақлади. Кейин нимадандир кўнгли тўлмагани юзидан сезилди.
– Чиққанми бир-икки дона? – деб сўради.
– Йўқ, тўрттагина чиқарганмиз, компютерда, сизга кўрсатиш учун опкелувдик, – менинг ўрнимга жавоб берди Муҳаммаджон.
– Бу китобнинг кўриниши менга ёқмади, – деб орага суқилди Абдуғани. – Офармленияси ғариб. Муқовасиям… Қандайдир, публицистиками-е! Шеърият сезилмайди. Менимча, муқовада сизнинг суратингиз бўлиши керак. Ичидаям турли характердаги суратларингиздан фойланиш зарур. Менда ажойиб суратларингиз бор.
– Лекин формат, деймиз-у, қадди-қомати шу, шундайми? – сўради устоз.
– Шундай-шундай…
– Китоб номи…
Абдулла аканинг хаёлланиб тургани “лоп” этиб устознинг “Мен шоирман, истасангиз шу” деган мис­расини эсимга тушириб юборди-ю:
– Китобни: “Мен шоирман, истасангиз шу”, деб атаймиз! – деб юбордим. Ўзингизнинг шеърингиз.
– Ана бу бошқа гап! – деб ўрнидан туриб кетишига сал қолди Абдуғани Жуманинг. – Бу ҳақиқий шеърият алломаси тўғрисидаги китобга мос. “Мен шоирман” катта-катта ҳарфларда, “Истасангиз шу” кичикроқ ҳарфларда ёзилса ва шоирнинг ҳайқириб шеър ўқиётган сурати берилса, бениҳоят гўзал бўлади!
Фикрлар устозгаям маъқул тушгандай бўлди назаримда.
– Ҳа, энди, бу – нисбий. Айнан бошимиздан ўтганиям, қисматимизам шу. Аммо сурат танлашда эҳтиёт бўлиш керак. Ёшлик ҳам, кексайган вақт ҳам ёмонмас-у, аммо, умумий ўрта ёшдаги ҳолат бўлса тузук. Ҳозиргисиям бўлади-ку, энди, 75га кирганда, мен шоирман, деб турса, унча ярашимли чиқмайди. Суратнинг муносибини танлаб, Абдусаидга кўрсатинг-да, ука, бу кишига маъқулини қўйинг. Ўрта ёш тўғри келяпти. Ўрта ёш, менинг назаримда, шоирликни белгилайдиган давр ҳисобланади.
– Устоз, хўп десангиз бир суратга тушиб қўяйлик, – фурсатдан фойдаланиб таклиф киритди Абдуғани Жума. – Яна ўн йиллардан кейин қараб, э-э, шу суратдаги бизми, дейсиз.
– Кейинги гапингиз яхши бўлди, – деб кулимсиради Абдулла ака. – Сурат деганиям бир тарих. Вақтида ёшлик қилиб, эътибор бермаганмиз. Кейин қарасам, Қайсин Қулиев, Давид Қўғилтинов, Чингиз оғалар билан тушган суратлар боракан. Йиртилиб, сарғайиб кетибди. Оммалаштирмаганимнинг сабаби, андиша қилганман, шуларнинг отига мингашиб олибди, дейишмасин, деб. Ваҳоланки, кейин ўйласам, бундай қараганда, улар инсониятнинг фахри-ку! Чингиз ака билан мен кейинги даврда жуда яқин эдик, единомишленнигимсан, дерди у киши. Жуда кўп дардлашардик.
Бир кун Абдуллажон, деди. Ҳа, десам, қизиқ-қизиқ гаплар кўп-қу. Биздинг президент, Акаев менга, бу ўзбек деганинг тинмай байрам қип жатир, Навоийни бир байрам қилади, Берунийни бир байрам қилади, Бобирни, Улуғбекни бир байрам қилади. Сенда бизға бировини товиб бер, дейди. Жўғини қайдин топаман, дедим. Кейин, сиз Манасни кўтаравуринг. Манасдай улуғ достон дунёда кам. Шуни кўтаравуринг, дедим. Шулайми, деди. Шулай, дедим, дейди. Энди, дедим Чингиз оғанинг бу гапларидан таъсирланиб, сизнинг ўрнингизда Худони каромати билан мен бўлганимда, қизиқ бўларди, дедим. Не дер эдинг, деди. Мен, Президентингизга Манас билан Айтматовни кўтаравуринг, деган бўлардим, дедим. Кулворди. Ҳали кўрасиз, Манас билан икковингизнинг ҳайкалингиз Бешкекни қоқ ўртасига қўйилади, дедим. Ўтиб кетди дун­ёдан Чингиз акаям. Онда-сонда телевизорни бураб ёнимиздаги давлатларни кўриб тураман. Бир кун мундай қарасам, Бешкекни ўртасида икковининг ҳайкали турибди. Бечора, ўзи кўрмади-да…
– Башорат қилган экансиз-да! – ҳайратини яширолмади Абдуғани.
– Мантиқ, – изоҳлади Абдулла ака. – Энди, ўлиб бўлганидан кейин, ҳозир, дунёнинг қаерида, қайси қирғизни учратсанг, гадайиям, бо­йиям, сен қаерликсан, десанг, Чингиз Айтматовнинг юртиданман, дейди. У миллатнинг байроғи бўп қолди.
Устознинг бу ҳикояси ҳам кулгили, ҳам ачинарли эди.
– Шунақа дегандайин, – деб давом этди Абдулла ака. – Чингиз оға оламдан ўтганда биздан Анвар Жўрабоев борди жанозасига. Уям ўтиб кетди. Борсам дейди, ўтовдан чиқармай, қараб туришган экан Ўзбекистондан келади, деб, дейди раҳматлик Анваржон. Мен келдим, десам, хурсанд бўлишди, дейди.
– Боя италянлар ҳақида гаплашдик, – деди Абдулла ака. – Ана шу италянлар миллат. Мени СССР вақти чақиришди. Самолётдан тушган замон Дантенинг таржимони келди, деб ҳамма ўраб олди, гуллар отади. Ўзи италянлар сайроқи бўлади, кўп гапиради. Лекин улуғ миллат. Инсоният камоли шулардан бошланган. Римдан. Кейин, яна самолётга чиққанимда, сизлардай тўртта йигит таржимон билан мени ўраб олди. Жаноб, дейишди. Ҳа, дедим. Сизга раҳмат, сиз ҳозир бизни бирлаштирдингиз, сизнинг қиёфангизда Данте бирлаштирди бизни. Бизга тўртта партиянинг раисимиз. Ҳаммамизда биттадан писталет турибди. Ҳозир чиқиб отишишимиз ҳам мумкин. Лекин Данте деганда бирлашамиз. Миллат деганда бирлашамиз, сиз келдингиз, ҳаммамиз келиб, мана, биргаликда иноқ бўлиб ўтирибмиз. Данте учун, Ватанимиз байроғи учун бирлашдик. Чиққандан кейин яна ҳалиги гап, деди. Ана шуни миллат, дейди. Тўртта душман партия, битта столда ўтирибди. Данте учун. Энди солиштириб кўринг?..
– Абдулла ака, Навоий бобомизниям ўқияпман. Навоий бободаям бу ҳасрат боракан.
– Навоий бобонгнинг дарди сарой билан боғлиқ, – шу заҳотиёқ жавоб берди устоз. – Саройни айтолмаган, ўзи ишлайди, дўсти пошшо. Шунинг учун сарой деб отини айтолмаган. Сарой фитна, иғвонинг кони бўлган. Ана шу гап ҳозиргача бор. Ана шу сирни очсанг, бу гапни через-через қилиб етказишади, саройни ёмонлаяпти, деган айбни бўйнингга бўйинтириқ қилади. Навоий ҳозирам замонавий, демоқчиман.
Ҳанифахон янгамиз патнисда таом келтирдилар.
– Первий тайёр бўлдими? – ҳазиллашди устоз косаларни дас­турхонга қўймоқчи бўлиб. Лекин Муҳаммад билан фотограф бараварига интилиб косаларни устоздан олдинроқ ушладилар.
– Янга, сизниям чарчатдик-да, – деди хижолат билан Муҳаммад.
– Ундаймас, устозларингиз сизларни кўрганда яйрайдилар, – деди янгамиз.
– Олинглар, – дастурхонга манзарат қилди янгамиз чиққанларидан сўнг устоз. – Шундай гап­лар-да. Олинглар.
Суҳбат бир нафас тўхтади. Гап-сўз жаранги кумуш қошиқларнинг чинни косаларга теккан товуши билан алмашди.
– Кеннойим маставани боплабдилар, – деди Абдуғани.
– Маъқулми? Ош бўлсин. Ундоғ бўлса, бундан кейин маставахўрлик қиламиз деб “Бочка”га бориб юрмай, тўғри шуяққа келаверасилар, – Абдулла ака шу сўзларни айтаётиб косадаги қошиқни тақсимчага қўйди, сўнгра косани иккала қўли орасида ушлаб кўтариб, аста-аста ҳўплади. Ҳўплай туриб: – Сизларни билмайман-у, мен суюқ овқатни кўтариб ичмасам, ичгандай бўлмайман, деб кулимсиради.
– Товуққа дон бергандай, – дедим ва бир латифа эсимга тушди. Таомланишни тўхтатиб, айтиб бердим: – Парижними, Римними дунёга машҳур ресторанларидан бирида неча юз киши овқатланаётган экан. Иккита ўзбек ҳам бор экан уларнинг орасида. Эшмат, қара, ҳув тўрдаги столда ҳам битта ўзбек овқатланяпти, дебди биттаси. Иккинчиси ҳайрон бўлиб, қаёқдан билдинг, деса, биринчиси, косани кўтариб овқат ичишидан, дермиш.
Латифа устозга ёқди. Елкаларини силкитиб-силкитиб кулди.
– Американи томошаям қилгандирсиз? Қанақа экан? – сўради бир зумлик сукунатдан кейин Абдуғани.
– Яхши сўрадингиз. Ўзим айтмоқчи бўлиб турувдим. – Абдулла ака шундай деб ўтирган жойида бир қимирлаб олиб давом этди: – Мамлакатга кирган заҳоти кўзга ярқираб ташланадиган биринчи нарса бу – демократия, эркинлик. Ҳамма нарса ўз номи билан айтилади. Мисол учун, бизда ёлғончилик одамнинг энсасини қотиради. Лекин ҳамма шунга кўникиб қолди, биров “ғинг” демайди. Ҳатто, об-ҳаво маълумотиям нотўғри айтилади. Чунки у кимларгадир ёқиши керак эмиш: ҳаво очиқ, ҳештима ёғмайди, даздраствуйте! Қаранг, об-ҳаво бизнинг кайфиятимизга қараб қовоғини уйиши ёки уймаслиги керак экан. Олишиб ўтиринглар-да, – гап орасида манзиратниям унутмади Абдулла ака. – Техасда бир орол бор экан, оти бир нарса эди, куёвим, юринг, Атлантика сувида бир чўмилиб қайтасиз, деди. Невараларим билан бирга бордик. Орол ўзимизнинг Сирдарёдай жой экан. Бир суткага бориб вилла заказ қилдик. Икки қаватли уйлардан бирига жойлашдик. Ҳамма нарса тайёр туради, ош-овқатингизни пишириб, еб-­ичиб қайтаверасиз. Оролга паромда ўтилар экан. Шу орол халқининг ўз закони боракан. Кимки оролдагиларни авомсан, қолоқсан, маданиятинг паст, иккинчи сортсан деса, ниҳоятда катта жаримага тортилар экан. Кейин ўша гуноҳкорнинг фамилияси компютерига ёзилар ва иккинчи марта киритилмас экан. Шундай аҳвол мабодо яна такрорланса, қаматиб юборилар экан суд қилиниб. Ҳали айтганимдай, Сирдарёдай жой, одамлар юрибди лунгида, яримяланғоч. Уларга қарасам, ҳалиги закун эсимга тушади, кўринганга ҳадеб салом бераман, ёки “ҳў-ў”, деб қўяман. Кейин битта шеър ёздим. Техасда шундай орол бор, халқини ҳақорат қилсанг катта жарима тўлайсан. Бу ёғида ўзимизнинг гаплар эсга тушиб, жуда-а қаттиқ бурадим, Тошкент кўчасида юрган олифта тирранча, даладан келган бир мўйсафид бобойни, сенсирайди, ҳақорат қилади “қиш­лоқи”, деб. Сени ота-бобонг, устозларинг бир кун бўлсаям шу оролда ётиши керак, деб. Шу шеър анавида, интернетда чиқди. Болаларим айтди, қаранг, бирови жавоб ҳам ёзибди, деб. Қарасам, балодай ёзипти. Шоирнинг таклифи ниҳоятда яхши, энди шу таклиф асосида қонун қабул қилиш керак, дебди. Мишинга тегибди шеър, дедим. Бу ёғини айтадиган бўлсак, фақат Америка эмас, ер юзида ҳамманинг ҳуқуқида бу. Ўша ерда бирорта қора танлини ҳалигидай қилиб кўринг, калласини сапчадай узиб ташлайди, мени нимага камситасан, деб ёки бошқа. Мана бу тарбия.
Гап-гап билан косалар бўшагани билинмай қолди.
– Янгамиз соғ бўлсинлар, минг раҳмат! – биринчи бўлиб миннатдорчилик изҳор қилди Абдуғани.
– Аёлларимиз меҳмондўстликни, мазали таомлар тайёрлашни янгамиздан ўрганишлари керак. – давом этди Муҳаммад.
– Энди бу ҳаммаси, садағанг кетай, меҳмонларнинг шарофати билан, – деб илтифот кўрсатди устоз. – Меҳмон келавурса, таом тайёрлайвурса, одамнинг тажрибаси ошади. Шундан овқат ширин бўп боради. Меҳмон келмай қўйса, овқат ёввойилашиб кетади.
Устознинг бу камтарона лутфи ҳам жуда жойида айтилди.
– Янгам эллик ёшга тўлганида банкет қилиб берувдингиз…
– Ҳа, Ширин кафесида, – Абдуғанининг сўзи тугамай, уни тасдиқлаб қўйди устоз.
– Шунда кўп расмлар қип берувдим. Негативлари менда бор. Лекин янгамда бормикан?
– Турипти-турипти, янгангиз чақалоқни йўргаклагандай қилиб албомга белаб қўйибди.
Муҳаммад во-хо-холаб қаттиқ кулиб юборди.
– Ана-мана дегунча 15-20 йил ўтибди-я. Абдулла ака, бизнинг дуомиз ҳам чаккимас – ўтади, илойим, қўша қариб юрингизлар. Юрайлик, бизар ҳам ёнларингизда ҳавас қилиб.
– Бир куни бир майлисда ўтирибмиз, унда силар йўқ. Яшин ака бор, у киши союзимиз раиси. Бир маҳал, пастдан овоз чиқди: палончи-палончиев ҳам президиумга сайланси-ин! Яшин ака кўзини пирпиратиб ўтирибди. Ўзи бўйи паст, кичкинагина, устига-устак кўзини қисиб олган, кўрмади. Мен кўриб ўтирибман, ҳалиги одам яна турди: “Яшин ака, президиумга палончиям сайланс-и-ин!” Залда бир юз одам ўтирибди. Яшин ака шовқинни эшитиб кўзини очиб, қўлидаги қалам билан олдидаги шишанинг қорнига мундай-мундай қилиб уриб-уриб қўйди, тинчлик сақлансин, дегандай. Фамилияси нима айтган одамингни, деди кейин. Ҳа, фалонча. Чиқсин бу ёққа, деди. Чиқди. Қарасак, президиумга номзод ўша одамнинг ўзи экан. – Шундай ҳангомани эшитгандан кейин ҳам кулмаслик мумкинми? Шодон қаҳқаҳа анча давом этди. – Яшин ака пайқаганиям йўқ. Шундан фойдаланган ҳалиги. Унга союздан хат керак экан ўғлини армиядан олиб қолиш учун. Энг қизиғи, ўша хатни тайёрлаганлар тескари, яъники, армияга олинсин, деб ёзишибди. Ўқимасдан қўл қўявурадиган одати бор эди раҳматлик Яшин акани. Давр айланиб келиб, мен ҳам союзга раҳбар бўлиб қолганимдан кейин, шу кишининг креслосида ўтирибман, бир ҳол-аҳвол сўраб келай, деб бир куни бир банка асал олиб уйига бордим. Борсам, балкончасида ўтирган экан. Калта иштонда, олдига эскироқ адёлнамо бир нарса ёпиб олган. Қўзғалганда адёл сирғалиб тушиб кетади. Вағиллаб учиб-қўниб юрган пашшаларни кўрмайди, кўзини юмиб ўтирибди, кулиб. Дарров бориб пашшаларни ҳайдаб, тиззасидаги адёлни тўғрилаб қўйдим-да, Яшин ака, мен келдим, палончаман, дедим. Э-э, келдингми, деди чиройи очилиб. Ҳа, шундай, дедим. Бу қизиқ экан, деди ўтирган жойида секингина қимирлаб, креслода ўтирганимда тинмай одам келарди. Тўқсон фоизини танимасдим. Энди ҳеч ким келмайди, деди. Шундай бўлади, Яшин ака, дедим. Уяғини қўявуринг, сизга тоғнинг тоза асалини опкелдим, бир тотиб кўринг, дедим. Тоза асал деганинг нима, ажабланиб сўради у киши, асалнинг нотозасиям борми? Сизлар ҳозир, 90 йил яшаган, чақалақлиғидан халқнинг ичида бўлган одам наҳотки шуни билмайди деб, ўйлашларинг мумкин. Лекин билмасиди. Эсини танигандан бошлаб тирикчилиги ҳукумат магазинида ўтган, йўқчилик эсидан чиқиб кетган. Мен шуни билардим. Оқсоқолга шошмай тушунтирдим: асалари дегани бир қатра бол тўплаш учун ҳар куни камида ўттиз чақиримлар учиши, ҳар бир янтоқдан мунча-мунча бўлсаям асал топиб келиши сизга маълум, дедим. Эшитганман, деди. Асаларичилар шакарни қайнатиб шинни қилиб, тарелкачага солиб асаларининг олдига қўяди. Ари буни кўради-ю, ҳар куни 30 километр учиб жинниманми, деб тайёр шакарни маза қилиб туширади-да, асал қилиб чиқаради, десам, тиззасига бир урди. Вой қизталоқ одамзодлар-ей, асалариниям буз­ган экан-да, дейди. Энди умрида уйида овқат пиширмаган Ҳалима опа келади, хизматкор икковига дастурхонни тузаб кутиб олади. Ҳалима опа уйидаги кухнияга умрида кирган эмас. Ҳар куни меҳмонга чақирилади. Бир элликта қизча юради уйида. Бирови Ҳалима опани шогирди, бирови Яшин акани қариндоши ва ҳоказо. Яшин ака билан Ҳалима опа, Худо раҳмат қилсин, мен уларнинг фарзандидай бўлиб қолгандим. Уйида одамни жонидан бошқа ҳамма нарса бор эди. Лекин пишириш эсдан чиқиб кетган. Кейин Баҳодир деган ўғли бор эди. Ҳозир борми, йўқми, билмайман. Узун бўйли ўрис хотини бўларди. Баҳодир мен билан соз эди, урарди арақни. Бир куни Баҳодир ака, дедим, бирон жойда ишлаганмисиз? Йўқ, деди. Нимага, десам, Ҳалима Носирова билан Комил Яшиннинг ўғли бўп кўринг, шунда биласиз, деди. – Яна хонада кулги кўтарилди. – Тарбия ўрисча-да, ялпизлаб ўтирмайди. Юзи Ҳалима опага ўхшаб кетарди. Бўйи Яшин акадан ўн баравар баланд эди. Яшин аканинг ўзи яхши одам эди, фақат давр шунақа қилиб қўйган.
Абдуғани устозга чой қуйиб узатди.
– Укалар, сизларни вақтларинг­ни кўп олмаяпманми? – деди чой ҳўплай туриб Абдулла ака. – Мен бекорчи, сизлар ишли одамсизлар.
Устозникида узоқ қолиб кетганимизни ана шунда англаб қолдик.
– Олис Америкада юрганда чой­хона гурунглари кўп эсимга тушди, – деди хайрлашаётганимизда Абдулла ака. – Муҳаммаджон, ўзингиз бош бўлиб, шу савобли юмушни ташкил қилмайсизми?
– Эртагаёқ ест қиламиз!
– Эртага эмас-у, лекин бир ёзилиб ўтирмасак бўлмайди. Сал ўзимга келволай, вақтини ўзим айтаман.
Бу суҳбат 2015 йил 16 ноябр куни бўлган эди.
Орадан уч-тўрт кун ўтди.
Китоб тақдирини ўйлаб, ҳар ку­ни алланималарни интиқ бўлиб кутаман. Ахир, устознинг фикрлари мен учун ниҳоятда муҳим ва қадрли эди-да.
Ниҳоят, мени интизор қилган хушхабар Муҳаммад Исмоил орқали етиб келди.
– Ака! Дўрмонга келувдим. Ҳозиргина устознинг ёнидан чиқдим! – деган жарангдор овози эшитилди телефонда унинг. – Устоз китобингизни ўқибди…
– Нима дедилар? – саволга тутдим сабрим чидамай.
– Зўр! Ниҳоятда самимий ёзибди. Менинг шеъриятим қанча яшаса, бу китоб ҳам ана шунча яшайди, дедилар! Қолган гапларни чойхонада ўзига айтаман, дедилар. Табриклайман!
Абдулла аканинг бу баҳоси мен учун энг олий мукофот эди. Севинч­дан бошим осмонга етди.
– Чойхонани тезлаштирайлик ундай бўлса! – қистадим Муҳаммаджонни.
– Аввалги гап – вақтини ўзлари айтар эканлар.
Афсуски, Абдулла Орипов билан чойхонада гурунглашиш пешонамизда йўқ экан. Устоз даволанишни давом эттириш учун яна Америкага кетдилар. Ва… Бошқа юзма-юз ўтириб суҳбатлашиш насиб этмади…

 

“Ижод олами” журнали 2017 йил, 2-сон

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари Беларусь диёрининг севинч ва соғинчлари
Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти Абу Райҳон Беруний ҳақидаги янги романлар тақдимоти
“Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди “Зулфияхоним қизлари” клуби маҳорат дарслари бўлиб ўтди
Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида Абдулла Қаҳҳор истиқлол адабиётшунослиги кўзгусида