"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

САЛИМ АШУР

Ўқилди: 435

 Салим Ашур 1964 йил 16-декабрда таваллуд топган. Шоирнинг “Яшил гиёҳ”, “Атиргул”, “Сиз эртага келасиз”, “Аталган кунлар”, “Сенсиз”, “Дарз”, “Титроқ” китоблари нашр этилган.
Салим Ашур 2012 йилда Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган журналист фаҳрий унвони билан тақдирланди.

* * *
Ишонинг, бир умр содиқ қоламан,
Сизни авайлайман мен чўкаётиб.
Мен сиздан оғушлар сотиб оламан,
Сизни қутқараман ўзимни отиб, —
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Турсангаз — мен сизга паноҳ бўлгумдир.
Юрсангаз — мен сизга бўлгум посбон.
Сизни севиб ўлмоқ — гўзал удумдир,
Сизни севмай яшаш — ўлим бегумон, —
Мен сизга бир умр содиқ қоламан.
Аскарнинг дарғага садоқатидек,
Сиддиқлиги каби томчининг тошга,
Офтобнинг ҳар кунги саёҳатидек,
Тайёрлиги каби кўзимни ёшга,
Нега бундоқ, нима, нечун демасдан,
Боғлиқлиги каби кийикнинг тоққа,
Мен сизни ҳар куни ёниб севаман,
Мен сизни ҳар куни севаман бошқа.
Фалак эгалари қилмасдан амр,
Фармонлар чиқармай ҳали подшоҳ,
Қалбим синиқларин этмасдан таъмир,
Ҳали тузалмасдан бузилган дунё,
Тўғри йўлга кирмай токи одамзот,
Токи тарқагунча ҳаётдан туман…
Бир умр, бир умр итингиз каби
Сизга хизмат қилай садоқат билан.

***
Қор ёғмоқда. Ошиқлар оҳин
Сочаётир жуфту тоқ билан.
Қиш боғларнинг барча гуноҳин
Ёпаётир дока – оқ билан.

Бу дунёнинг ҳар парчасини,
Бўлагини ўртар оқ олов.
Тақиллатиб даричаларни
Кўчаларда тентирар тумов.

Қор роль ижро этар. У – оқсоч,
У билмайди чегара, ҳаддин,
Томошада саҳна. Яланғоч
Дов-дарахтлар ростлайди қаддин.

Замин – катта давра. Тўрида
Январь, февраль…шошмай…алмашар.
Мошинларнинг чироқ нуридан
Йўлкаларнинг кўзи қамашар.

Пана-пастқам, тепалару дўнг…
Қиш сочмоқдап кўп билан камин
Илҳом ила. Қуюқ қордан сўнг
Шоир йўнган каби қаламин.

Бу қорларга керакмас тилмоч,
Бу қорларга керак таржима.
Коинотда чексиз қовурмоч,
Сўзсиз куйга ўхшаш бир нима.

Катак дафтар варағи каби,
Эн-бўйига, узун-кўндаланг
Оқ теракзор чарчар чайқалиб,
Ҳар чизиғи тортилган таранг.

Бузилади мангу интизом,
Зўр ҳаракат. Баландлаб, пастлаб
Силжишади қоида, маром,
Соя кирди уйга пайпаслаб.

Тонгга қадар йўртиб, эмаклаб,
Соя ва нур жонин сақлайди.
Қандай уста оҳаклар элаб,
Бу оламни буткул оқлайди?

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ
Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди