"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Зебо МИРЗО

Ўқилди: 222

Зебо Мирзаева 1964 йил 15 декабрда Қашқадарё вилояти, Китоб туманининг Бештерак қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1987). «Тун маликаси» (1990), «Ажр» (1997), «Нур кукунлари» (2004), «Ишқ» (2015) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

***
Юрагимга босиб ухласам
Ёдингизни, дийдорингизни.
Болам каби қучиб йиғласам
Менга берган озорингизни.

Кафтингизда очилсам гулдай.
Тунларингиз моҳи мен бўлсам,
Ҳеч кимсага билдирмай, чеккан
Юрагингиз „оҳ“и мен бўлсам,

Нигоҳингиз паноҳларида
Ойдиндаги майсадай ўссам.
Нафасингиз титроқларидан
Оқиб кетса минг йиллик ғуссам.

Арш устида ўқилса номим,
Дарвозасин очса фалаклар.
Кўкдан тушса ғайб инъоми,
Никоҳимиз қийса малаклар.

Севаверсам сизни билмасдан,
Севилсаму, ўзим билмасам.
Бағрингизга бориб ўлсаму,
Бағрингиздан қайтиб келмасам.

Шундай севсам, шундай яшасам,
Дилга етса пичоқларингиз.
Кетай десам икки дунёда
Қўйвормаса қучоқларингиз…

Азизим, не учун майса эмасмиз,
Еллар ўпганида суйкалиб ўтган?
Не учун,
Не учун дарахт бўлмадик,
Илдизи,
Шохлари чирмашиб кетган?
Ариқлар бўйида гиёҳдек ўссак,
Сувларда тушимиз эшилармиди?
Адирлар ортида шамол бўлсайдик,
Кўкларда руҳимиз қўшилармиди?
Нечун мавжудмизу, нечун йўкдаймиз?
Бармоқлар учида нозик бир титроқ?
Нафаслар қўшилиб турганда, нечун
Оловлар ичида жим кутиб турмоқ?
Нечун пичоқларга тиралар кўзим?
Кўкка суянгандай суянолмайман?
Нечун қўлингизда лоладек ухлаб,
Кўксингизда тонгдек уйғонолмайман?
Не учун ҳаётим бу қадар саҳро?
Нечун юрагимда бу қадар зорлик?
Қаршимда шовуллаб оқар бир дарё,
Бир томчи сув сўраб ўтинолмайман…
Азизим, не учун инсон яралдик,
Кўнглимиз сиғмаса еру самога?
Оҳ, энди шу қадар муҳаббат билан
Биз қандай яшаймиз бу тор дунёда?..
Биз нечун яралдик ёлғон дунёда?
Азизим, не учун майса эмасмиз?..

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ
ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН
ДАВРА СУҲБАТИ ДАВРА СУҲБАТИ
АДАБИЁТ – БУЮК БИР ҚУДРАТ! АДАБИЁТ – БУЮК БИР ҚУДРАТ!