"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ДИЛШОД РАЖАБ

Ўқилди: 419

Дилшод Ражаб ўзбек болалар шеъриятининг истеъдодли вакилларидан бири. У 1964 йил 17 декабрда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида зиёли оилада туғилди. Шоирнинг “Отамнинг боғи” (1996 йил), “Дарё кўнгил” (1997), “Жилов ўғлони” (2001), “Алифбо” (2001), “Таниш товушлар” (2006), “Сукут сарҳади” (2006) “Ўн ўртоқ” (2011), “Ҳамро полвон” (2011), “Поезднинг боласи” (2013) номли китоблари нашр қилинган.
Дилшод Ражаб журналистика соҳасида VI “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танлов совриндори бўлган.

 

 

 ДИЛ ИСТАГИ

Бу юрт эртасидан хабар –
Кўкда заррин ҳилол бўлгай.
Яна яшнар дала-даштлар,
Ҳаво соф, сув зилол бўлгай.

Назар қилган замин, ер бу,
Мудом тинчлик ғамин ер у,
Кам эмас, камтарин эл бу,
Ки камтарга камол бўлгай.

Тўкиб тер, тинмагай жони,
Осмонга устун хирмони,
Очиқ қўли, дастурхони,
Бутун нони ҳалол бўлгай.

Юксалур, куч олиб кунда,
Ойдайин балқар очунда,
Боболар барҳаёт бунда,
Болалар баркамол бўлгай!

ЮРТ БАЙРОҒИ

Элнинг эрку ғурурин –
Рамзи, бахт чароғи бу.
Озод юрт байроғи бу,
Обод юрт байроғи бу!

Улуғ боболар руҳи
Шаҳди мужассам унда.
Элим деган эрларнинг,
Аҳди мужассам унда.

Мустақиллик шукуҳи,
Қадри мужассам унда.
Кўзимиз қароғи бу –
Озод юрт байроғи бу.

Юксакларда ҳилпираб –
Порлаб турар ҳамиша.
Буюк ғалабаларга
Чорлаб турар ҳамиша.
Эзгулик маёғи бу,
Озод юрт байроғи бу!

БУҒДОЙНИНГ ТАҚДИРИ

Майса эди, она офтоб
Бошидан нур тўкарди.
Ювар эди ёмғирлар гоҳ,
Еллар силаб ўтарди.

Ўсиб камол топди дуркун,
Роса пишиб етилди.
Синовлардан ўтказмоқ-чун
Бир кун олиб кетилди:

Аввал, аввал билмоқ лозим
Чидаму бардошини,
Юритдилар бошидан зил
Тегирмоннинг тошини.

Энди унинг поклигин ҳам
Бир текширмоқ керак-да.
Майин, оппоқ ун бўлса-да,
Ўтказдилар элакдан.

Сув қуйдилар, муштладилар,
Минг бир куйга солдилар.
Қизиб турган тандирга ҳам
Бир киритиб олдилар.

Нон бўлгач, у, сабр қилиб
Бор синов-оташларга,
Эъзоз қилиб, кўзга суриб,
Кўтардилар бошларга.

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”