"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ФАРҲОД МУСАЖОН (1933-2013)

Ўқилди: 84

Таниқли болалар ёзувчиси Фарҳод Мусажон 1933 йил 19 декабрда Тошкентнинг Ўқчи маҳалласида туғилди.
Адибнинг биринчи ҳикоялар тўплами “Дарадаги қишлоқда”деб номланган. Шундан сўнг болаларга атаб 60 дан зиёд ҳикоя, учта қисса ёзди, 15 дан ортиқ китоб нашр эттирди. Улардан “Орзуга айб йўқ”, “Бўш келма, Алиқулов”, “Бир қултум булоқ суви” сарлавҳали қиссалар ва турли йилларда ёзилган ҳикоялари ўрин олган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Фарҳод Мусажонов болалар адабиёти ривожига қўшган ҳиссаси учун “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

***
ЁМҒИР

Ёмғир ёғаётганда одам қаттиқ ухлайди, деганлари рост эканми, Ҳалима опа бугун ўғли Эркинжонни уйғотавериб чарчаб кетди. Охири Эркинжон онасининг қистови кор қилиб зўрға кўзини очди. Ўшшайиб ўрнидан турди. Норози бир кайфиятда тўнғиллаб, ҳали тўла-тўкис уйғонмай, карахтлигича,
гандираклаб ваннага йўл олди. Номига чала-чулпа ювинган бўлди. Қайтиб уйга кирди-да, яна каравотига ўтирди. Кўзини лўқ қилиб деразага тикилди. Ташқарида ёмғир шиғалаб қуяр, осмонни эса қоп-қора булут қоплаб олган эди. Ҳалима опа деразанинг форточкасини очди, хонага зах ва нам ҳаво урди. Эркинжон жунжикиб ўзини кўрпанинг тагига олди. – Кийинмайсанми тезроқ, Эркинжон, чойинг совиб қолади, – деди Ҳалима опа.
Эркинжон индамади. Шу ҳавода ёмғирда ивиб мактабга боришга сира оёғи тортмади. Қани энди иссиққина уйда маза қилиб деразадан кўчани томоша қилиб ўтирса!
– Ҳа, нима бўлди сенга, касал бўлиб қолмадингми? – Ҳалима опа ўғли индамаганига ҳайрон бўлди, пешанасини ушлаб кўрди. – Озгина иссиғинг бор шекилли?
Эркинжон яна индамади. Онасининг гапларидан кейин ўзига-ўзи касалдек туюлиб кетди.
– Бошим оғрияпти, – деб кўзини юмиб олди.
Нега шундай деди, ўзи ҳам билмайди. Қўрқиб кетган Ҳалима опа дарров унинг атрофида гирдикапалак бўлиб қолди. Кўрпасини, ёстиғини тўғрилаб, яхшилаб ётқизиб қўйди. Каравотининг олдига стул суриб, нонуштани ўшанинг устига опкеб қўйди. Лекин Эркинжон нонуштага ўгирилиб ҳам қарамади. Ҳозир у битта ортиқча ҳаракат қилишга, қимирлашга эринарди. Ҳалима опанинг ишга кетадиган вақти бўлди.
– Қимирламай ётгин, мен доктор чақириб кетаман, – деди у. Эркинжон чўчиб тушди.
– Керак эмас, тузалиб қоларман.
Онаси кетгандан кейин Эркинжон бирпас қимирламай ётди. Кейин ётавериш жонига тегди, секин туриб приёмникни қўйди. Шўх куй берилаётган экан, эшитиб ўтириб нонушта қилди. Нонушта қилиб бўлганида «твист» бошланди. Эркинжон жиннилик қилиб ўйинга тушиб кетди. У ўз қилиғидан ўзи куларди. Кайфи чоғ эди. Аммо вақт ўтиши билан аста-секин зерика бошлади. Судралиб балконга чиқди, атрофни бирпас томоша қилди. Кейин яна уйга қайтиб кирди. У нима қилишини, ўзини қаёққа уришини билмасди.
Пешин бўлди. Деразадан кўчага мўралаб ўтирган Эркинжон мактабдан қайтаётган ўртоқларини кўрди. Нима учундир юраги орзиқиб, хўрсиниб қўйди. Бора-бора хурсандлиги йўқолиб, ўрнини хомушлик, ғашлик эгаллади. Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Эркинжон бориб очди. Қаршисида сочларига оқ оралаган, қотмадан келган киши турарди.
– Мен докторман, касал Эркинжон Мадраҳимов шу ерда турадими? – деб сўради у.
– Ҳа, шу ерда, – Эркинжоннинг овози зўрға эшитилди.
– Бўлмаса, йигитча, рухсат этасиз, бир текшириб кўрамиз, қаерингиз
оғриётганийкин. Дурустми? – Доктор жуда шошиларди.
Эркинжоннинг нафаси ичига тушиб кетди. Доктор уни каравотга ўтқазиб иситмасини ўлчади, оғзини очиб томоғини кўрди, резинка найчасининг учини кўкрагига қўйиб нафас олишини эшитди.
– Қаеринг оғрияпти? – деб сўради Эркиннинг кўзига тикилиб. Доктор гўё ичингдаги бор гапни билиб турган сеҳргарга ўхшарди. Эркинжон индолмади.
– Ҳа, майли, – деди доктор мулойимлик билан, – мана шу дорини ичсанг, тузалиб кетасан.
Доктор дори қоғозни ёзиб тўлдирди-да, Эркинжоннинг ёстиғи тагига қўйди.
– Ойинг келганларида бергин. Дорини, албатта, топсинлар, – деди доктор, – касалинг хавфли, олдини олмаса оқибати ёмон бўлади.
Довдирроқ доктор қандай шошиб келган бўлса, шундай шошиб чиқиб кетди. Эркинжон сал енгил тортди, пешанасидан чиқиб кетган терни артди. Аммо ғашлиги тарқалмади, зерика-зерика бир амаллаб кунни кеч қилди. Ҳалима опа ишдан сал барвақт қайтди. У эшикдан кира солиб ўғлидан ҳол-аҳвол сўради.
– Тузук бўлиб қолдим, эртага мактабимга бораман, – деди Эркинжон, доктор ташлаб кетган дори қоғозини олиб онасига бериб, – аммо доктор ҳовлиқмароқ экан, касалинг оғир, олдини олмасанг, ишинг чатоқ, деб ваҳима қилиб кетди. Ҳалима опа қоғозни олиб ўқиди, бирдан ранги ўзгарди, қўллари билан иккала чаккасини қисиб ўтириб қолди.
– Нима бўлди, ойижон? – Эркинжон қўрқиб кетди. Ҳалима опа индамасдан қоғозни Эркинжонга узатди:
– Ўқи!
Эркинжон қоғозни олди, ҳижжалаб ўқиди: “Эҳтиёт бўлинг, ўғлингизда муғомбирлик ва ялқовлик касалининг аломатлари пайдо бўляпти”.
Эркинжон икки букилганича ўтириб қолди. У қанча ҳаракат қилмасин, қоғоздан кўзини узиб онасига қаролмасди.
Ташқарида эса ҳамон ёмғир шаррос қуяр, йирик томчилар дераза ойнасига урилиб, худди кўз ёшидек пастга дув-дув оқарди.

ТУГАЛЛАНМАГАН СУҲБАТ

Азим билан Элдор қизғин суҳбат қуриб мактабдан қайтишарди. Иккаловининг ҳам димоғи чоғ, бинобарин, суҳбатга мойил эдилар. Сабаби, бугун дарсдан кейин машҳур ёзувчи Муса Латиповнинг янги қиссаси муҳокамаси ўтказилган эди. Асарда уруш йиллари Ўзбекистондан бошпана топган минглаб етим болаларнинг қисмати ҳикоя қилинади. Айниқса Вадик деган рус боласининг қисмати серҳаяжон ва қизиқарли тасвирланади. Вадикни
битта ўзбек оиласи асраб олади. Вадик ўз қўшниси Тўйчи билан ака-ука тутинади. Бироқ уларнинг танишиши аломат бўлган. Бир кун Тўйчи ҳовлида юрганида қўшни боғда кимнингдир ёнғоқ дарахтига кесак отганини кўради. Деворга осилиб қараса, битта ўрис бола хазонларни тепкилаб ёнғоқ қидириб юрибди. Тўйчи девордан ошиб боққа тушади.
– Нима қилиб юрибсан бу ерда? – деб нотаниш рус болага ташланади.
– Ўзинг нима қилиб юрибсан бу ерда? — бўш келмайди Вадик ҳам. Шундан кейин бир-бирини тасира-тусур солиб кетишади. Роса муштлашишади. Охири иккови ҳам ҳолдан тойиб ҳарсиллаб қолишади.
– Бировнинг ҳовлисига тушиб ёнғоқ ўғирлашни кўрсатиб қўяман сенга! – дейди Тўйчи.
– Ўзингга кўрсатиб қўяман бировнинг ҳовлисига тушиб ёнғоқ ўғирлашни, – дейди Вадик.
– Нима, мени ўғри деб ўйлаяпсанми, мен қўшни ҳовлида тураман.
– Мен бўлсам шу ҳовлида тураман. Ўзимизнинг ёнғоқни ўзим ўғирламасман?! – дейди Вадик.
Шундан кейин иккалови кулиб юборишади. Уларнинг дўстлиги шундай бошланган эди. Бу ҳавас қилса, ибрат олса арзийдиган дўстлик эди. Вадик билан Тўйчи жуда кўп қийинчиликларни биргаликда енгишди, оғир синовлардан шараф билан ўтишди, ҳеч қачон садоқатларига доғ туширишмади.
– Дўстлар шунақа бир-бири учун ҳар нарсага тайёр бўлса-да, – деди Азим. Азим билан Элдорнинг суҳбати қизигандан қизиб борарди.
– Улар оғир шароитда яшаган. Дўстлик эса қийинчиликда тобланади-да. Ҳозир-чи…
– Элдор қўл силтади, – ҳозир одамни синайдиган, иродасини мустаҳкамлайдиган ҳеч қандай қийинчилик, ҳа, ҳеч қандай шароит йўқ. Тўғримасми?
– Қайдам…
– Ахир қаҳрамонлик кўрсатиш учун имконият керак. Мана, мисол учун уруш даврида қанчадан-қанча одамлар қаҳрамон бўлиб кетишган. Улардан қаҳрамон чиқишини тинчлик пайтида ким ўйлабди? Сен билан менга ўхшаб юраверишган ҳеч кимга танилмай, – қизишиб кетди Элдор. – Шунинг учун, яна қайтараман, одам нимага қодирлигини кўрсатиш учун имконият керак.
– Балки, – мийиғида кулимсираб қўйди Азим.
– Нега бўлмаса тиржаясан?
Энди Азим очиқ жилмайди.
– Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, ўзингдан-ўзинг жиғибийронинг чиқиб кетаётганига кулгим қистаяпти-да.
– Агар мен уруш йилларида, ўша оғир даврда яшаган бўлганимда, – яна сал ҳовлиқиб тилбийронлик қилди Элдор, – албатта бирор жасорат кўрсатиб оғизга тушган бўлардим.
Азим бу гал ўртоғига ҳавас билан қараб қўйди. Ажойиб бола-да Элдор, гапга чечан, ҳатто катталар ҳам бунчалик чиройли жумла тузолмайди, худди китобларда ёзилгандек гапиради. Бекорга аълога ўқимайди. Аълочи бўлишига қарамасдан Азим билан оғайнигарчилик қилади… Элдордек оғайниси борлигидан Азим ичида ғурурланиб қўйди.
Улар сершовқин катта йўлни тарк этиб, камқатнов хиёбонга бурилдилар. Бу хиёбон олдинлари жуда гавжум эди. Лекин ҳозир метро қурилиши бораётгани учун икки ёғидан йўл ёпилган, шунинг учун хилват ва кимсасиз эди.
Фақат ўқтин-ўқтин йўловчилар ўтиб қоларди.
Иккала ўртоқ ҳеч нарсадан хабари йўқ, ҳамон гап сотиб боришарди. Суҳбатга берилиб кетиб катта арғувон дарахти тагидаги скамейкада ўтирган учта ўспиринни кўришмади. Фақат ўрталарида беш-олти қадам масофа қолганидагина болаларнинг уларга кўзи тушди. Ўспиринларнинг кўриниши шубҳали эди. Иккала ўртоқ уларнинг олдидан тинчгина ўтиб олиш учун қадамларини тезлаштирдилар.
– Ўв, олқиндилар, тўхталаринг! – ўзи қоп-қора ва қотма, сочи алвасти бўлиб елкасигача ўсиб тушган ўспирин ўрнидан туриб уларнинг йўлини тўсди. Булардан яхшилик чиқмаслигини болалар тушундилар. Элдор эпчиллик қилиб қочиб қолди, аммо Азим қўлга тушди. Қотма ўспирин Азимнинг ёқасидан ушлаб скамейка ёнига судради.
– Қўйворинг, ўзим юраман, – деди Азим.
– Ҳо, олқинди, дуруст-ку, – деди қотма.
Шериклари мазах аралаш кулишди. Қотма Азимнинг папкасини тортиб олиб ерга ташлади, устига ўтирди.
– Хўш, муллавачча, ўқишлар қалай? Аълочи бўлсанг ҳай-ҳай, аммо ёмончи бўлсанг ишинг чатоқ. Биз ёмончилар билан гаплашмаймиз.
Яна ҳаммалари ҳиринглаб кулишди. Азим индамасдан ерга қараганича ўқрайиб тураверди.
– Ҳа, ўқимаган! – ўртоғига танбеҳ берди тилла тишлик бошқа ўспирин. У нуқул тиржаярди. Ўзини эркин ва ҳукмдор тутишидан жўравошлиги билиниб турарди. – Агар сенда зиғирттак савод бўлса ўзинг билиб олардинг, боланинг қандай ўқишини.
– Қандай қилиб? – ажабланди қотма.
– Ахир пешонасига ёзиғлиқ-ку, аълочи эканлиги!
Ўспиринлар бу гал қийқириб кулишди.
– Қани, қани, ўқиб кўрайлик-чи, – қотма ўрнидан туриб Азимга яқинлашди, пешонасидаги соч толаларини суриб қўйиб қаттиқ чертди. – Ие, жарангламади-ку!
– Бу бола аълочи деб қулоғингга танбур чертяпманми? Ичи бўш калла жаранглайди, ичи виж-виж ақл бўлса шунақа товуш чиқмайди, – деди жўравоши.
Ўспиринлар яна ҳиринглаб кулишди.
– Қўйворинглар мени, – аламини ичига ютиб тўнғиллади Азим.
– Мана олқинди, аълочилигинг исбот этилди. Энди нечанчи синфда ўқишингни ҳам айтсанг қўйворамиз, – деди қотма.
– Олтинчида.
– Аданг қаерда ишлайди?
– Адам билан нима ишингиз бор? – ўқрайди Азим.
– Маҳмаданагарчилик қилмасдан яхшиликча жавоб бер, – муштини Азимнинг тумшуғига тираб гапирди қотма. Азим баттар қовоғини солиб олди.
– Э, бу билан мен касалхонадан чиққанидан кейин гаплашаман.
– Қандай касалхонадан? – ўзини гўлликка солди жўравоши.
– Ҳозир бир уриб жағини пачоқ қиламан. Кейин касалхонага ётиб уч ой даволанади. Ана ўшанда саволларга жавоб беришни ўрганиб, тузалиб чиқади.
Хунук кулги кўтарилди.
– Йўқ, иш унгача бориб етмас, – ишшайди жўравоши, – уч ой касалхонада ётса ўқишдан қолиб кетиб аълочиликдан тушиб қолади-ку. Тўғрими ошна?
Азим қачонгача калака қилишар экан, деб чидаб тураверди. Бошқа иложи ҳам йўқ эди-да.
– Биласанми, нега адангни суриштиряпти бу аканг? – деди жўравоши, – сенга очиғини айтамиз. Мақсад сени ўзимизнинг шайкага қабул қилиш. Биз билан бўлсанг ҳамма болалар сени олдингда зир титрайди. Аммо биз ҳаммани ҳам олавермаймиз. Таги пастларни бизга нима кераги бор?! Дейлик, ўғлига яримта араққа пул беришга қурби етмайдиган ота отами? Йўқ, унақа хасис одамни ота ҳисоблаб бўлмайди. Хўш, акаси, энди айт-чи, аданг нима иш қилади?
Анча муғомбир, уста эди жўравоши. Аммо Азим унинг мақсадини тушунди. Булар сени шайкамизга олдик деб алдашади. Шу баҳона ҳар куни пулидан ситиб юришади. Шунинг учун боймикин, деб адасини суриштиряпти. Азим ҳам ҳийла ишлатди.
– Адамни сизлар танисангиз керак, мана шу уйда турамиз, – у кўча бетидаги тўққиз қаватли уйга ишора қилди, – ўзлари милиционерлар, шу маҳалланинг инспектори.
– Нима, милиционер? – Жўравошининг лабидаги тиржайиш бирдан сўнди, башарасини бужмайтириб сўради. – Қайтар, нима дединг?
– Милиционерлар, – бамайлихотир жавоб берди Азим, ўспиринларнинг елкалари оша кўчанинг нариги бошига қаради. – Ҳув ана, ўзлари ҳам келяптилар.
Саросимада қолган ўспиринлар дув этиб орқаларига ўгирилди. Азим фурсатдан фойдаланиб ерда ётган папкасини олди-ю, тирақайлаб қочиб қолди. Аммо у узоққа кетмади, йигирма қадамча нарига бориб тўхтади. Масхара аралаш тиржайиб ўспиринларга қаради. Қотма аламзада оҳангда қичқирди:
– Қўлга тушасан-ку, кўппак, тупроқ ялаттираман!
– Қўлга тушмайман! – баттар ишшайиб жавоб берди Азим.
Қотма худди қувмоқчи бўлгандек, Азим томон уч-тўрт қадам қўйиб дағдаға кўтарди.
– Йўқол кўзимдан, худди ҳозир тутволиб, гўштингни қийма-қийма қиламан!
– Тутолмайсиз, пинагини бузмасдан жавоб берди Азим, шу ёшингиздан бошлаб ичасиз, чекасизу югура олармидингиз?! Тўрт қадам қўймасдан ҳарсиллаб қоласиз!
– Нима? Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман ҳарсиллашни, – қотма энгашиб ердан тош ахтарди, топди, қулочкашлаб Азимга отди.
Азим бу гал ҳам пинагини бузмади, тош ундан анча олисдан ўтиб кетди. Азим энди шарақлаб кулди. Қотма ортиқ чидолмади, қувиб етиш учун ботинкасини еча бошлади. Шундан кейин Азим йўлга тушди. Нарироққа бориб ҳар эҳтимолга қарши орқасига қараб қўйди. Йўқ, қувиб етишга кўзи етмаган қотма шерикларининг ёнига тиз чўкибди. Азим хиёбоннинг бошига етганда олдидан Элдор чиқди.
– Осонликча қутулиб олдингми? Мен биламан бу безориларни, ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини олишади, – деди Элдор.
Азим индамади, ўртоғини кўрмагандек, гапларини эшитмагандек ёнида давом этди. Бирдан Элдор қилган гуноҳини тушунди. Ҳа, у шошилинчда ўйлаб кўрмасдан ўртоғини ташлаб қочиб кетганини энди тушунди. Дўстлик, садоқат ҳақидаги бояги суҳбатларини эслади. Қилган айби учун ўзини жазолашга тайёр эди у ҳозир. Аммо буни ўртоғига қандай айтади.
Улар Азимларнинг уйига етдилар. Гапириш керак, ҳозир гапирмаса Азим кириб кетади уйига.
– Азим, мен шошиб қолибман… – гап бошлади Элдор. Аммо у кечирим сўраб улгурмади. Азим индамасдан тўрт қаватли уйнинг подъездига кириб кетди.

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш
ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!