"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ватан ичра мўъжаз Ватан

Ўқилди: 432

Ҳали болалигимдаёқ шеъриятга меҳрим тушган. Шоир бўлиш орзусида юрган у маҳаллар ижодкорнинг асл масъулияти ҳақида ўйлаб кўрмаганман, эҳтимол. Орадан кўп яхши кунлар ўтди, кўнгил тўлмаган ишлар ҳам ортда қолди, орзулар ушалди. Фурсат оралаб чопиб, гўзал кунларга етиб келдик…

Бугунги ҳар кунимиз қалбимизни ҳаприқтиради. Тўлиб-тошиб яшаяпмиз. Ўзбекистоннинг, халқимизнинг толеи баланд эканки, ҳар ёнда ободлик. Куни кеча Президентимиз яна бир бор ижодкорлар билан учрашиб, қалам аҳлига алоҳида меҳр билдиргани бизни ғоят тўлқинлантириб юборди. Хаёлим яна мозийга қайтди.

…Шавкат Мирзиёев кўп китоб ўқиган, асл китобхон. Шу боис адабиётни севади, ижодкорларни ҳурмат қилади, қадрлайди. Дастлаб ёш ижодкорларнинг Зомин семинари ташкил этилиши тимсолида бу меҳрни ҳис қилганмиз. Бундан 20 йил муқаддам Президентимиз Жиззах вилояти ҳокими бўлиб ишлаган кезларда амалга оширилган ташаббус эди бу. Бугун Зоминнинг “Ўриклисой” дараси кўп истеъдодли ёзувчи-шоирларнинг ижод маҳсули, шеър жаранги билан тўлиб-тошган.

Кейинчалик Бош вазир бўлган пайтларида ҳам ижодкорлар ҳақида кўп қайғурди. Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Эркин Воҳидов (руҳи шод бўлсин) бетоб бўлиб ётганида Шавкат Мирзиёев ҳол сўраб борган, шоирнинг кўнглини кўтарадиган яхши гаплар айтган. Эркин аканинг соғлиғини шахсан ўзлари назорат қилиб турган. Ижодкорга бўлган ғоят таҳсинли эътибор эди бу.

Айтиш керак, орада адабиётга бўлган эътибор бироз сусайган вақтлар ҳам бўлди. Ҳатто, адабиёт кимга керак, деган ботиний саволлар берила бошланди. Қандай қайғули буни эслаш. Адабиёт ўлса, халқ нима бўлади? Бас қилдим. У кунларни ҳозир эсламайлик, мавриди эмас.

Куни кечага қайтайлик. Давлатимиз раҳбари Адиблар хиёбонида биз билан дилдан суҳбатлашди. Айтдиларки, бизнинг кўп буюк адабиётимиз бор. Дунё аҳли маънавиятини бойитган боболаримиз руҳидан куч оламиз. Тоабад уларнинг қони вужудимизда оқар экан, ҳали биз гўзал ижод қиламиз, китоблар чоп этамиз.

Адабиёт мактаблари ҳақида гапирди. Фарғонада Эркин Воҳидов, Андижонда Муҳаммад Юсуф, Қашқадарёда Абдулла Орипов, Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Қорақалпоғистонда Ибройим Юсупов номидаги мактаб-интернатлар ёш адабиёт ихлосмандлари учун катта имконият. Президентимиз бу мактабларга устоз ижодкорларимиз бориб, ёшларга дарс бериш, адабий суҳбатлар уюштириш таклифини билдирди. Ҳар бир мактабга адабий нашрлар етиб бориши керак, деди жонкуярлик билан.

Мана, уюшмамизга замонавий бино совға қилинмоқда. Бу бизнинг Ватан ичра мўъжаз Ватанимиздир. Шу пайтгача Ёзувчилар уюшмаси ўз биносига эга эмасди. Ижарада турарди, кўп биноларга кўчдик, сарсон бўлдик. Ниҳоят биз истагимиз рўёбини кўраяпмиз.

Бино ичида кутубхона, музей ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбари бу ерни энг зўр асарлар билан бойитиш, жаҳон адабиёти, қардош халқлар дурдона асарларини жойлаштиришга эътибор қаратди. Кутубхона ва музей бизнинг фахримизга айланиши, юртимизга келган меҳмонларни бу ерга олиб келсак, улар ҳам қувона оладиган даражада бўлиши керак, деди Шавкат Миромонович.

Давлатимиз раҳбарининг адабиёт – юксак маънавият, ҳаёт-мамот масаласи, шу маънода 25-30 йиллик даврда биз вақтни бой бериб қўйдик. Энди шу хатоларни тўғрилашимиз керак, деган ғоят долзарб фикрлари бизни янгича руҳда ижод қилишга ундамоқда.

 
Иқбол Мирзо,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари,
Ўзбекистон халқ шоири.

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

Шоир Носиржон Жўраев ёш ижодкорлар даврасида Шоир Носиржон Жўраев ёш ижодкорлар даврасида
Озод ва обод Ватан мадҳи Озод ва обод Ватан мадҳи
Китобсиз қалб – чироқсиз уй Китобсиз қалб – чироқсиз уй
«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти