"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ғамхўрлик ижод аҳлини руҳлантирмоқда

Ўқилди: 152

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилаётган Адиблар хиёбонига бориб, бу ерда амалга оширилаётган катта бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 апрелдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида Адиблар хиёбонини барпо этиш тўғрисида”ги қарорига биноан мазкур боғни гўзал ва бетакрор масканга айлантириш, ободонлаштири, атоқли сўз санъаткорларининг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Адиблар хиёбони барпо этилмоқда.

Шу куни Президентимиз қисқа вақт ичида барпо этилган Адиблар хиёбони таркибидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг замонавий биноси билан танишиб, ёзувчи-шоирлар билан мулоқот қилди.

Икки қаватли замонавий бинонинг биринчи қаватида «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока», «Ёшлик» журналлари таҳририятлари, «Ижод» жамоат фонди, 150 ўринли фаоллар зали жойлашади. Иккинчи қаватда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви маъмурияти, турли тадбирлар, учрашувлар ўтказиладиган битта 50, иккита 30 ўринли заллар ўрин олган. Бинонинг ертўла қисмида кутубхона, музей бор.

Юртбошимиз доимо зиёлиларни, ижодкорларни қўллаб-қувватлаб келган. У кишининг ташаббуси билан қабул қилинган китоб ўқиш, китобхонлик маданияти ва тарғиботини оширишга бағишланган қатор ҳужжатлар зиёлиларимизни ниҳоятда хурсанд қилмоқда. Зеро, ёшларимиз қанча кўп ўқиса, маънавияти, маърифати юксалади.

Президентимиз биз ижодкорлар билан мулоқотда Ёзувчилар уюшмаси кутубхонаси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўртасида онлайн ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлагани, айниқса, кўнглимиздаги гап бўлди. Бу ижодкорларга ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги ишларимизнинг бошланиши, мен сизларни қўллаб-қувватлашдан асло чарчамайман, фақат бир илтимосим, шундай асарлар ёзингларки, уларни ўқиган ёшларимиз ватанпарвар, юртпарвар инсонлар бўлиб улғайсин, доимо кўзлари ёниб турсин, қалби уйғоқ бўлсин,деди давлатимиз раҳбари.

Барча зарур шароитларга эга, замонавий жиҳозланган таҳририятимизнинг янги хоналарида ишлаш, ижод қилиш кишига бир олам завқ, илҳом бағишлайди. Бу катта ғамхўрлик учун ижодкорларимиз номидан Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.Жамиятимиз ҳаётида янада фаол бўлишга, халқимизга манзур бўладиган ғоявий-бадиий жиҳатдан етук асарлар яратишга ваъда берамиз.

 
Сирожиддин Раупов,
«Шарқ юлдузи» ва «Звезда Востока» журналлари бош муҳаррири.
Сайт бўлими: Муносабат

Қўшимча:

БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш
ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!