"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

АСРГА ТАТИГУЛИК КУНЛАР

Ўқилди: 377

Бош Қомусимизнинг чорак асрлик байрамини муносиб ўтказиш мақсадида астойдил тайёргарлик билан машғул пайтимиз қардош Қирғизистонга Туркий тилли Давлатлар Парламентлари Ассамблеяси мажлисига таклиф келиб қолди. Қонунчилик палатаси фракция етакчиси Наримон ака Умаров бошчилигидаги депутат Шуҳрат Шарафиддинов ва каминадан иборат делегация 7 декабрь куни тонг саҳарлаб “Қайдасан Бишкек” деб учоққа чиқдик. Назаримда, чет эл ҳисобланиб қолгани учун кўзланган манзилгача соатлаб самода парвоз қилишимиз керакдай эди. Лекин худди Фарғонага учгандек қирқ дақиқада қадрдонлар тупроғига қўндик.

Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон аъзо бўлган ТуркПА ўзининг VII йиғилишига Туркманистонни ва бизни меҳмон сифатида таклиф этишган бўлиб, Можаристон (Венгрия) ҳам ўз ташаббуси билан тадбирда кузатувчи мақомида қатнашиш истагини билдирган экан.

Бизни Манас номидаги Бишкек халқаро қўналғасида элчимиз Комилжон Рашидов ҳамда Қирғиз-Ўзбек Парламентлараро дўстлик комиссияси раиси Жогорку Кенеш қўмита раис ўринбосари Алмазбек Акматов раҳбарлигида бир гуруҳ мезбонлар алвон атиргуллар, нон ва туз тутиб тантана билан қарши олишди. Мезбонларнинг қайноқ меҳри, мулозамати туфайли ҳарорат 14 даража совуқлигини ҳам сезмабмиз.

Алмазбек байкенинг ҳикоя қилишича, Бишкек шаҳри кейинги йилларда энига анча ўсган. Менинг диққатимни тераклар ва қарағайлар тортди. Шаҳарда баланд оғочлар кўп экан, талабалик давримдаги Фарғонанинг чинорларини эсладим. Бизни “Жаннат” деб номланган замонавий, саришта меҳмонхонага жойлаштиришди. Мен турмуш ўртоғимга “Хавотир олма, жойим “Жаннат”да бўлди”, деб СМС ёзиб юбордим.

Нонуштадан сўнг Бишкекнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилдиришди. Марказдаги муҳташам ҳайкал пойига “Қулаали таптап қуш қилдим, қурама жийиб журт қилдим (Сорни боқиб бургутга айлантирдим, тарқоқ элни йиғиб ватан қилдим)” деган Айкўл Манаснинг ҳикмати битилган экан.

Миллий театр биносини томоша қилиб, репертуар билан танишдик. Спектакль мавзулари жуда ранг-баранг: жаҳон классикасидан тортиб модерн намуналаригача бор. Кўча кесиб ўтарканмиз, бир хорижий авто кўзимга ғайри кўринди, синчикласам, рули ўнг томонда экан. Бу ҳолатга мезбонлар, “Тўғри, йўл ҳаракатини мураккаблаштирадиган вазиятларни кўпроқ шундай уловлар содир қилади. Лекин демократияга кўра уларга ҳеч нарса деёлмаймиз. Янги йилдан бундай автомобилларни четдан олиб кириш тўхтатилади деган гап бор”, деб изоҳ беришди.

Ҳукумат уйи рўпарасида ўнг қўли билан йўл кўрсатиб турган ҳайкални кўриб ҳайронлигимни пайқашди шекилли, энди, бу ҳайкалтарошлик санъати намунаси холос, дея кулиб қўйишди. Умуман олганда, қирғиз халқининг бағри ва кўнгли кенглигига тан бердик.

Жогорку Кенеш биносига кираётганимизда бир гуруҳ мактаб ўқувчилари қий-чув қилиб чиқиб қолишди. Маълум бўлишича, хоҳлаган одам қонун чиқарувчи олий даргоҳга бемалол кириши, мажлисларда томошабин бўлиб ўтириши, баҳсу мунозараларга гувоҳ бўлиши мумкин экан. Биз иккинчи қаватга кўтарилиб, фойе деворига ўрнатилган катта мониторларда депутатларнинг қизғин мунозараларини ҳаяжонланиб томоша қилаётган одамларни кўрдик. Уларнинг орасида турган истарали аёлни элчимиз “Гулмира Кудейбергенова – Билим жана илм министри (таълим вазири)” деб таништирди. Маълум бўлишича, айни шу кез халқ вакиллари Ўзбекистон томонидан Ўшда қурилиши кўзда тутилган ўзбек мактаби ҳақидаги битим юзасидан фикр-мулоҳаза юритишаётган, масъул опамиз бу жараён якунини бетоқат кутаётган эканлар. Бундай Парламент йиғинлари, депутатларнинг фаолияти тўғридан-тўғри эфирда “Пирамида” халқ телеканалида кўрсатилар, аҳоли ўзи манфаатдор бўлган соҳа бўйича мурожаат орқали муносабат билдириб бораркан. Парламент устидан халқ назорати ўрнатилгани бизни жуда таъсирлантирди.

Делегациямиз ва элчимизни спикер Достонбек Жумақулов илиқ қабул қилиб, кейинги йилда жонланган эларо муносабатларимиз бош сабабчиси бўлган муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичдан қирғиз халқи ва ҳукумати беҳад миннатдор эканлигини изҳор этди. Шунингдек, икки туғишган қардош элнинг ўтмиши, маданияти, тили, дили ва дини бирлиги, демак, эрта куни ҳам муштараклиги аниқ ва равшанлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Биз бир ёқадан бош, бир енгдан қўл чиқариб ҳамкорлик қилсак йўлимизни ҳеч ким тўсолмаслигини, бунинг учун зарур бўлган ҳамма имкон яратилганлигидан мамнунлигини билдираркан, шунингдек, Ассамблея йиғинига делегациямиз етиб келгани учун ҳам раҳмат айтди.  У кишининг қабулидан хурсанд бўлиб, кўнглимиз янада чароғонлашиб чиқдик.

Қирғизистон деганда кўз олдимизда, аввало, Чингиз Айтматовнинг нурли сиймоси намоён бўлади. Тонг саҳарлаб улуғ адиб мангу макон топган Ата-Байит қабристонига йўл олиб, 1916 йил чоризмга қарши қўзғалон кўтарган эрксеварлар ва 1937 йил қатағони қурбонлари хотирасига ўрнатилган  ёдгорликларни зиёрат этиб, марҳумлар ҳаққига тиловат қилдик.  Мен адибнинг отаси Тўрақул Айтматов репрессия қилинганини эшитгандим, лекин у ҳам айни мана шу жойда қатл этилганидан бехабар эканман. Оламшумул асарлар яратган, одамзодни бир умр инсонийликка чорлаб ўтган, Марказий Осиё халқларини бирлаштириш ғояси билан яшаган буюк Чингиз оға жувонмарг отасининг ёнига дафн қилишларини васият қилган экан. Айтматовнинг асарларида тимсол сифатида тилга олинган ўша машҳур қабристон жойлашган қиру адирлар ўзимизнинг Водил ва Чимён кўринишини эслатди. Ростдан ҳам қир-адирларимиз, тоғларимиз бир-бирига қўл бериб ястаниб ётибди, дарё ва ариқларимиз биримиздан ўтиб биримизга ҳаёт суви ташийди, бошимизда ягона осмон, қалбимизда биргина мақсад…

Биз Ассамблеяга қўноқ тарзида келганимиз учун вақтимиз нисбатан сал бемалолроқ бўлди. Элчимиз Комилжон Қаюмович ўз қароргоҳига таклиф қилиб, шарт-шароитлари билан таништираркан, бу ердаги тартиб-интизом ва ишчанлик муҳитини, кутубхона ва меҳмонхонасини кўриб мен яна бир бор дипломат дўстимизнинг кенг дунёқараши, дилтопарлиги, миллатсеварлиги, меҳнаткашлиги ва уддабуронлигига қойил қолдим. Ана шундай азамат йигитлар давлат ва халқ вакили бўлиб иш юритса, жаҳон миқёсидаги ютуқларимиз янада баракали бўларди. Комилжон ака имкониятдан фойдаланиб зудлик билан “Радио Биринши” радиоканали вице-президенти, драматург Қайрат Ийманалиев билан суҳбат-интервью уюштириб берди. Суҳбатдошим жуда самимий, зиёли йигит экан. Гап даставвал театр, репертуар ва гастроллар тўғрисида борди. У ҳам Президентимизнинг саъй-ҳаракатларини мисли кўрилмаган жонкуярлик, ватанпарварлик, фидойилик деб баҳолади. Умуман, депутатми, ҳокимият вакилими ё кўча-кўйда бизга рўпара келиб қизиқиш билдирган қардошларимизми, бари-бариси бугунги сиёсатдан, чегараларимиздаги вазият соғломлашганидан, тугун ва муаммолар оқилона ечилиб бораётганидан қувончли ва умидли эканини яширмасди. Мана шундай қисқа мулоқотларда бир пайтлар Ўрта Осиё Давлат университети (САГУ) Тошкентда очилиб, бутун минтақа аҳлини қамраб олгани, улуғ-улуғ намоёндалар тарбиялаб бергани, бугун ҳам айни шундай дорилфунунга эҳтиёж борлигини ва бу таклифни раҳбарларимга етказишимни илтимос қилишди. Кейин Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Акбар оға Ирисқуловни телефон орқали топиб, “Бухоро” ресторанига тушликка таклиф қилдик. Бу оқин оғам ўз вақтида элчилик вазифаларини бажарган тажрибали дипломат, таржимон ва публицист бўлиб, бизнинг Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар билан ҳамсуҳбат, даврадош сифатида ўзбек адабиётининг катта билимдони ва хайрихоҳи экан. Дастурхон ёнида кўп таассуротларини гоҳ кулиб, гоҳ куйиб гапириб берди. Мен у кишига Президентимиз сўзбошиси билан чоп этилган Айтматовнинг залворли китобини тақдим этганимда қувончдан кўзлари ёшланиб кетди. Биз халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни асл ўзанига қайтариш мақсадида кўп режалар туздик. Ажабки, кейинги ўттиз йил ичида қирғиз тилида бор-йўғи икки китобимиз чоп этилибди: “Ўзбек халқ топишмоқлари” ва устоз Саид Амаднинг “Куёвбола” китоби. Дарҳақиқат, мазкур даврда биз адабий алоқаларимизни йўқотаёздик, замонавий адибларимиз бир-бирларини ҳам, ижодларини ҳам билишмайди, яхшики, Айтматов бор, бизда ҳар йили қайта-қайта асарлари чоп этиладиган азиз ёзувчимиз бор.

Халқ дипломатияси деганда, албатта, адабиёт ва санъат ҳам тушунилади. Биз келгуси йил нишонланадиган Айтматовнинг 90 йиллигини кенг миқёсда ўтказиш, у кишининг ғояси бўлган Иссиқкўл Форумини Марказий Осиё ижодкорлари учун тиклаш, таржималарни изчил йўлга қўйиш, борди-келди ва адабий ҳамкорликни асл ўзанига қайтариш ҳақида фикр алмашдик.

Ассамблея кун тартиби доирасида ташкилотнинг бўлажак фаолиятига алоқадор масалалар кўриб чиқилди. Туркий тилдаги мамлакатлар Парламент Ассамблеяси раиси ўринбосари сайланиб, Бишкек деклорацияси қабул қилинди. 2018 йилда раислик қилиш вазифаси Қозоғистондан Қирғизистонга ўтди. Йиғинда сўз олган ҳар бир Парламент аъзоси бизнинг давлат раҳбаримиз фаолиятига юксак баҳо бериб, делегациямиз иштирокидан мамнуният билдирди. Улар Марказий Осиё ҳудудида ва туркий давлатлар муносабатларида янги юксалиш даври бошланганини эътироф этишди. Президентимизнинг қардош элларга буюрган ташрифи кўп-кўп муаммоларни ҳал этгани, у кишининг инсоний фазилатлари боис минтақада илиқ атмосфера пайдо бўлгани қайта-қайта таъкидланди. Биз ана шу умидбахш кайфиятни Ўшда яшаётган қардошларимиз салом-алигида, “Дўстлик” чегара дарвозаси ёнида қондошлари дийдорига ошиқиб турган инсонлар гап-сўзларида, чегарачиларимиз юз-кўзларида яққол илғадик.

Қомусимизнинг тантана айёмида муҳтарам Президентимиз таъкидаганидек: “Биз жаҳон ҳамжамияти билан яқин ҳамкорликни изчил давом эттиришни ўз олдимизга қўйган улуғ мақсадларга етишнинг энг муҳим омили, деб биламиз. Шу мақсадда дунёдаги барча узоқ-яқин давлатлар, биринчи навбатда қўшни мамлакатлар билан самарали алоқаларимизни янада кучайтирамиз”. Бу, оддий қилиб айтганда, эл дардига малҳам бўлиш, орзуларни рўёбга чиқариш, инсонни улуғлаш, қадрлаш, халқни рози қилиш демакдир.

Ҳа, юз йилликларга арзигулик йиллар бўлади, қувончимиз шунданки, сиз билан биз асрга татигулик кунларга гувоҳ бўлиб турибмиз.

 

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

ИБРАТНИНГ ИБРАТЛИ ИЖОД МАКТАБИ ИБРАТНИНГ ИБРАТЛИ ИЖОД МАКТАБИ
 ТОҒДАГИ МАКТАБДА КИТОБ БАЙРАМИ  ТОҒДАГИ МАКТАБДА КИТОБ БАЙРАМИ
ЯХШИ ВА ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР  ЯХШИ ВА ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР 
КИТОБЛАР ЖАМЛАНГАН ШУКУҲЛИ ДАМЛАР КИТОБЛАР ЖАМЛАНГАН ШУКУҲЛИ ДАМЛАР