"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Тарих сабоғи ёхуд Шахс ўрни

Ўқилди: 533

Ўзидин элга дарё — қатраосо,
Вале элдин ўзига қатра — дарё.
Алишер Навоий

 

“Бир бандасини шоҳу жаҳон васф этмиш”

Янги йил арафаси. Пойтахтимиздаги «Наврўз» давлат қабуллар уйининг муҳташам залида ижод аҳли жамулжам бўлишди. Барчанинг чеҳраси очиқ, юз-кўзларида табассум жилваси. Айниқса, аксарият ҳолларда иш устида дуч келавериб одатланиб қолганим учунми, ўзларига оро бериб келишган аёлларимизнинг кўпчилигини ҳатто таниёлмай қолганим рост — уларнинг ортда қолган заҳматли меҳнатлари гўзалликларини чандон ошириб юборгандек туюлади. Ҳамма бир-бири билан ҳамоғуш бўлиб кўришган, ҳол-аҳвол сўрашган, узоқ йиллар дийдорлашмаган қавму қариндошлар катта тўй устида тасодифан бир жойга тўпланиб қолишгандек. Аммо бу асло тасодиф бўлмай, Президент топшириғи шундай бўлган экан. Янги йил олдидан ижодкорларимизнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб уларнинг олдига дастурхон ёзинглар, байрам қилиб беринглар қабилида шаҳар катталарига топшириқ берган эканлар. Ижодкор — кўнгил одами, илиқ бир сўз гадоси эмасми, шу муносабатнинг ўзи ҳам ҳар биримиз учун катта байрам бўлди.
Сўзга чиққанлар бу ҳақда очиқ-ойдин айтишди. Назаримда, ҳар бир ижодкор Президентнинг ўзи билан бир стол атрофида ўтиргандек ҳаяжонли таассурот оғушида эди. Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, мени шунчалик турфа ҳиссиётлар чулғаб олган эдики, хаёлларим гоҳ мол боқиб юрган болалигимга, гоҳ ортда қолган йилларимга, гоҳ йўлда учратган турфа феълли яхши-ёмонларга кетиб қолар эди. Умримнинг ўтган йиллари тимсоллари…Хайрият, яхши одамлар кўп экан, Навоий бобом лутф этганларидек, “Бир бандасини шоҳи жаҳон васф этмиш”.

Президентимиз Мирзиёев ўшанда ўттиз уч ёшда эди
Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошланиши эди. Ўтиш даврида хўжаликлардаги халқ мулки бўлган миллион-миллион чорва моллари, минг-минглаб гектарлаб боғ-роғлар, тайёр техникалар ўз-ўзидан дуч келган корчалоннинг чангалига тушиб оддий одамлар соддадиллик билан оғзини очиб қолаверди. Назаримда, мулкчилик масаласида уларнинг йиллар давомида қотиб қолган онги билан жамиятда кечаётган ҳодисалар ўртасидаги номутаносибликдан фойдаланиб қолишга интилган соядаги кучлар туйқусдан бош кўтариб, вазиятни ўзларига мос томонга йўналтиришга қулай фурсат топишган эди.
Тарих сабоғи ҳам бундай пайтларда энг аввало зиёли қатлами азият чекиб, уларга тааллуқли барча нарсани шаклланмаган жамият манфаатлари четга суриб қўйишини исботлаб келган. Олиму уламолар, шоиру ёзувчиларнинг аста-секин илгариги обрў-эътиборлари йўқола бориб, уларни ҳифзу ҳимояга олмоққа интилган ташкилотлар, инчунин, ижодий уюшмалар ҳам аввалги куч-қувватини қўлдан бой бериб қўйди. Қўлимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган йўлланма билан Куйбишев райони(ҳозирги Мирзо Улуғбек тумани) ҳокимияти биносига борганимда, шу нарсага амин бўлдимки, у ердаги тўрачилик, манманлик, таъмагирлик кўзларни кўр, қулоқларни кар қилишга аллақачон улгуриб бўлган, қисқа фурсат орасида адабиёт-санъат ва маънавиятдан, китобдан минглаб чақирим олислаб кетган жайдари-тўмтоқ чиновниклар уюшмани ҳам энди назар-писанд қилмай қўйишганди. Бир сўз билан айтганда, ҳокимият теварак-атрофи сув билан ўралиб юксак қоядан жой олган Иф қалъаси мисоли халқдан олислашиб кетган, уни забт этиш учун қандай йўл билан бўлмасин тил топиш зарур эди. Хуллас, бу тарихи узун гапнинг қисқаси, мен батамом умид узиб бўлиб, қишлоққа қайтиб кетиш тадоригида эканимда туманнинг номи ўзгариб, янги ҳоким тайинланганини эшитдим ва устозларнинг, яхши одамларнинг тавсияларига кўра яна у ерга йўл олдим.
Янги ҳоким – серғайрат ва шижоатли Шавкат Миромонович ўрнидан туриб, очиқ чеҳра, ўзига ярашган ҳамишаги табассуми билан мени қарши олиб, маҳкам қўл сиқиб кўришдилар. “Дунёнинг сарҳисоби бор” деб номланган илк китобчамга у кишига дастхат ёзиб бергандим, хурсанд бўлдилар.
— Сиз ижодни маҳкам қилинг, — дедилар қатъий ишонч билан. — Бу ёғини бизга қўйиб беринг.
Кейин тегишли кишиларни чақириб, уларга менинг ҳузуримда топшириқлар бердилар. Ҳоким хонасида анча фурсат ушланиб қолдим. Кейин қанот чиқарган қушдек енгил, ўз уйига кўчиб ўтган ижаранишиндек оғзим қулоғимда мамнун чиқиб кетаётсам мени олти ойдан буён эрта-индин деб оворайи сарсон қилиб юрган, ҳаммага отнинг қашқасидек бўлиб кетгани билан отнинг қашқасичалик хислати бўлмаган туманнинг уй-жой масалалари билан билан шуғулланувчи тўраси эшик оғзида қаршимдан чиқиб қолди.
— Нима қилиб юрибсиз? — деди томдан тараша тушгандек, чамаси ҳозиргина ҳоким йўқлагани учун жойида бўлмагани аламини у мендан олмоқчи эди.
Бу гапдан сўнг нима деяримни билмай туйқусдан довдираб қолдим.
— Ҳоким олдига кирганим билан дарров масалам ҳал бўлиб қолади деб ўйладингизми? – деди у очиқчасига.
Бу таҳдид мени адойи тамом қилди. Вазият чигаллашди. Қайтиб кирай десам, бу нусха қасдма-қасдига ёмонлик қилиб орамизни бузиб қўймасин деб хаёл қиламан. Ҳалиги кайфият-ку…ўзингиз тасаввур этинг.
Шу-шу яна ўз ёғимга ўзим қоврилиб юргандим, бир куни “Болалар дунёси” магазини олдида Шавкат Миромоновични ҳокимият томон яёв кетаётганларида учратиб қолдим. Кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Чайналиб, иккиланиб турганимдан ниманидир пайқаб қолдилар шекилли:
— Ордер олдингизми? — деб сўрадилар.
—Йўқ.
Соатга қараб, фалон вақт олдимга киринг, дедилар. Айтилган вақтда боряпману, яна ўша эшик оғзида учратганим чиқиб қолмасин дейман. Шавкат Миромонович дарҳол бировни чақиртиргандилар, ўша, ҳаммага отнинг қашқасидек бўлиб кетгани билан отнинг қашқасичалик хислати бўлмаган мансабдорнинг қораси кўринди. У эшик оғзида қўл қовуштирганча чайналиб, ниманидир баҳона қилиб, бу масалани ортга сурмоқчи эди, ҳокимнинг қаттиқ танбеҳ-дашномини эшитди. Бу танбеҳ, айниқса, менинг ҳузуримда бўлгани учун у нима қиларини билмай гоҳ қизарар, гоҳ бўзарар, ўзини қўярга жой тополмасди. Ўша куниёқ чўнтагидан чиқаргандек менга ордер ёзиб беришга мажбур бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўшанда ўттиз уч ёшда эдилар.

“Сизлар менинг фарзандларимга тоға бўласизлар”
…Навбат машҳур қўшиқчилардан бирига берилгани ҳақидаги эълон хаёлимни жойига келтирди. Шодмонқул Саломнинг қулоғим остида:
— Яйраб ўтиринг ака, — деган сўзлари мени ҳушёр торттирди. — Бугун қанча эркалик қилсангиз бўлади, Президентимиз шунга изн берганлар.
Шодмонқулга раҳмат айтиб, у узатган қадаҳни қулимга оламану, сафимизни бир-бир тарк этишган устозларни эслайман. Салкам йигирма йилча бурун устоз ёзувчимиз Пиримқул Қодировнинг етмиш йилликлари олдидан у киши туғилган юрт, қўшни Тожикистон Республикаси Ўратепа тумани ҳокими, адабиёт ихлосманди Қурбон Тўраев:
— Ҳурматли адибимизнинг туғилган қишлоқлари Кенгкўлда кўп бўлганман, ўзлари ҳам айниқса ёз ойларида қишлоққа туташиб кетган тоғлар ёнбағрига чодир тикиб ижод қилишни ёқтирардилар, — деди гапни узоқдан бошлаб. — Биз юбилей муносабати билан туманимизда ёзувчимиз билан учрашувлар ўтказсак, туғилган қишлоқларида ўзлари учун шинамгина бир уй-жой қуриб берсак, сиз эса бизнинг таклифимизни у кишига етказсангиз.
Элчига ўлим йўқ деб, Пиримқул акани излаб Дўрмондаги ижод уйига бордим ва у киши билан учрашиб, бор гапни айтдим.
— Бу гапларни ҳозир қўзғаманг, — дедилар у киши босиқлик билан. – Юбилей масалаларига ўзимиздаям кўп эътибор қаратилаётгани йўқ, кейин, қолаверса, қўшни мамлакат билан муносабатларимизга қараб иш тутишимиз керак.
Кейин қавму қариндошлари, таниш-билишлари, ҳамюртларининг тирикчилиги ва ҳакозолар ҳақида қизиқиб сўрай бошлаганларидан билдимки, ҳокимнинг таклифига жон-жон деб ичдан рози-ю илож тополмагандан рад этаётган эканлар.
Орадан тўрт-беш йил ўтиб, тахминан ўн беш йилча бурун Хўжандда ўзбек тилида чоп этиладиган вилоят газетаси юбилейига таниқли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоев билан биргаликда боришимизга тўғри келиб қолди. Бекобод постидаги оралиқ масофада беш-ўн дақиқа ушланиб қолишимизга тўғри келди. Бир маҳал қарасам, Худойберди аканинг кўзларига ёш, йиғлаб турибдилар. Нима дейишга ҳайронман, бирон кўнгилсизлик ўтганини пайқамагандим.
— Шу аҳволга тушдикми? – деб қолдилар бир маҳал, кўз ёшларини дастрўмол билан артиб оларканлар.
Кейин билсам, шу беш-ўн дақиқа орасида қонуний ҳолатлардан ташқари бу ерда шаклланган ўзига хос муносабатларни у киши тезда илғаб олган эканлар. Мен у кишига хўроз ҳамма ерда бир хил қичқираётганини айтиб тасалли берганча Хўжандга етиб бордик. Вилоят ҳокимияти мажлислар зали ўзбек-тожик ижодкорлари билан лиқ тўла. Худойберди акага ҳурматли меҳмон сифатида сўз берилганда, у киши минбарга кўтарилиб:
— Мен Хўжандга поччаман, — дедилар дабдурустдан. — Ўзим Фарғонадан бўлсам, кеннойиларинг хўжандлик. Сизлар эса менинг фарзандларимга тоға бўласизлар.
Ёш китобхонлар асарларини бутун дунёда севиб мутолаа қиладиган, ўзи ҳам бола каби соддадил, қалби дарё ёзувчимизнинг юракдан чиқазиб айтган бу сўзлари зални қалқитиб юборди. Ўшанда ҳеч ким қардошлик ҳақида бундан ортиқ гап топиб айта олмади.
Шаҳарнинг ўртасидан Сирдарё оқиб ўтади. Дарёнинг ўнг томонида “Бобурнома”да таърифи келтирилган Мўнуғил тоғи юксалиб тургани кўзга ташланади. Чап соҳилда, Темур Малик қўрғонининг ҳозиргача сақланиб қолган қолдиқлари дўппайиб турган тепаликдан унча узоқ бўлмаган жойдаги шинам ресторанда йиғилиш иштирокчилари учун зиёфат берилди. Зиёфат чоғи Худойберди ака “энди сиз гапиринг” деб, сўзга чиқишга унамаганлари учун мен ўрнимдан туриб Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий муносабатларига тўхталдим, улуғ шоиримизнинг “Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ, Ёр ўлунг бир-бирингизғаким, эрур ёрлиғ иш”, деган мисраларини эсладим. Шунда машҳур қўшиқчи Жўрабек Муродов даврага чиқиб келди ва ўзбек-тожик халқлари дўстлиги азалий эканлигини айтиб, қўшиқ куйлашдан аввал болалик чоғларида туғилган қишлоғи Кўҳрўдда Фахриддин Умаров овозасини эшитса одамлар қишни қиш, ёзни ёз демай йигирма-ўттиз чақиримлаб от-уловда йўл босиб унинг қўшиқларини тинглашга борганлари бир умр ёдида қолганини ҳаяжон билан айтиб берди. Фахриддин Умаров ўзининг чинакам устози эканлигини эътироф этган ҳолда Ўзбекистонда туғилиб Душанбе шаҳрида яшаб ижод этган машҳур замонавий зуллисонайн шоир Ўлмас Жамолнинг “Ўзбекистон ўғлидурман, тожигим гуфто писар” мисраси билан бошланувчи шеърига басталаган қўшиқни куйлай бошлаганида, бу тарона барчани бирдек мутаассир этиб, кўзёшларини билдирмай артиб олганлар ҳам бўлди.

Саксон яшар шоирнинг қувноқ рақси
…— Искандар Раҳмон саксон ёшдалар, — қулоғимга шипшиди даврада қулоч ёзиб чарх уриб ўйнаётган шоирга ишора қилганча Шодмонқул укам. – Тоза одам-да, қувончини ичига сиғдиролмайди.
Мен саксон яшар шоирнинг қувнаб рақс тушаётганини завқланиб кузатарканман, хаёл қурғур шу баҳонада 2010 йил яқинлашаётган кезлардаги улуғ адибимиз Одил Ёқубовнинг бемор ҳолатини ёдимга тушириб юборади.
— Келинг, — ичкарига таклиф қилади унинг иқтисодчи олим ўғли Искандар. – Отам ҳозиргина уйғонгандилар, қуш уйқуси бўлиб қолганлар.
Одил ака кўтариб-туширса бўладиган кушеткада ётган эканлар. Нигоҳлари билан ишора берган эдилар, у кишининг ҳар бир хатти-ҳаракатини яхши тушуниб қолган Искандар бош томонларини кўтариб қўйди.
— Менинг айбим нима экан? – деб қолдилар Одил ака ҳол сўраётганимга эътибор ҳам бермай томдан тараша тушгандек кутилмаган бир вазиятда.
— Ота! – хитоб қилди Искандар сезилар-сезилмас жеркиш оҳангида товушини кўтариб. – Нима кераги бор, яна ўша гапми?
Одил ака Искандарга эътибор бермай, қандайдир силлиқлашиб кетгандек туюлган ҳолсиз қўлларини мен томонга узатдилар. Ўзбек номини юксакларга кўтариш учун тенгсиз гўзалликлар яратиб, дунёга мўъжизалар тақдим эта олган, энди чарчоқ ҳолда озиб кетган бу қўлларни кафтларим орасига авайлаб оларканман, қуёш кафтимга қўнаётганини ҳис этгаётгандек эдим.
— Сен ёзувчилик ишига кўп ишониб қолма, — дедилар Одил ака менга тик боқиб. – Бола-чақангни ўйла, уларни хор қилма.
Менга оқ йўл тилаб, асарларимдаги камчиликлару ютуқларни чорак аср давомида юзимга айтиб келган устоздан бу гапни эшитиш…барча уринишларим барбод бўлгандек, ҳаётимни беҳуда шамолларга бой бериб қўйгандек ҳам ўзимга, ҳам устозга ачиниб кетдим.
Ташқарига чиққанимизда Искандардан ёзғирган эдим, у:
— Отамга ўша воқеани эслатмаслик учун шундай қилдим, — деди у ўзини оқлаётгандек. – Бир гал отамдан ўзларига маълум бўлмаган қандайдир мавҳум воқеага муносабат билдириш учун телевизорга чиқишларини сўрашган. Биласиз, отам ўз кўзлари билан кўриб билиб ишонч ҳосил қилмагунча бир гап айтмайдилар. Аввал нима бўлганини билай, кейин чиқаман деганлар. Ўзларидан-ўзлари шунинг учун менга муносабат ёмонлашди деб ўйлайдилар, кайфиятлари бузилади, ўша вазиятни эслаб қолмасинлар деб ҳар доим чалғитишга ҳаракат қиламан.
Искандар кўз ёшларини артиб олди.
…Наврўз ресторанининг муҳташам залида зиёфат давом этар, энг машҳур хонанда-ю созандалар навбат кутиб ижод аҳлининг кўнглини овлаш учун бор санъатларини ишга солишарди. Менинг ҳам кайфим чоғлангандан чоғланиб борарди.

Устоз руҳи шод бўлди
…Тўртинчи қаватга кўтариларканман, ҳозир эшик қўнғироғини босишим билан йўлакда паст-баланд тўрт нафар невараларим пайдо бўлишини яхши биламан. Уларнинг олди етти, миттиси бир ярим яшар. Шу болакайлар эшикдан кириб борган заҳотим кайфиятим қандайлигини юз-кўзимга қараб билишларига ҳамиша ҳайрон қоламан. Бу гал ҳақиқий ҳолатимни билдирмаслик учун қовоғимни солиб оламан.
Айтганимдек, йўлакда улар юзимга тикилиб туришибди. Бир зум син солиб, қовоқ уйганим ҳақиқий ҳолатимга мос эмаслигини пайқаб қолишди зумрашалар.
— Бобожоним бугун хурсандлар! — деб йўлакни бошларига кўтаришди.
Мен кулиб юбордим.
Уларни бағримга оларканман, очиғига кўчиб:
— Бугун мени Президент меҳмон қилди, — дедим.
Шу заҳотиёқ тарқаб кетишган болакайлар зум ўтмай қўлларида Янги йил совғаларини кўтариб чиқишди. Бир ярим яшарининг қўлида ўзи каби миттигина ўйинчоқ машина бор эди.
— Бобожон, Президент менга ҳам совға берди, — деди етти яшар доно паст тушгиси келмай, қўлимга халтасини тутқазаркан. – Қаранг, оғиргина-я!
Мен уни табрикладим.
Кейин уларни атрофимга йиғиб, Президент бизга берган энг катта туҳфанинг моҳиятини тушунтиришга ҳаракат қилдим. У бизга қўрқув туйғуси ижодни кемирадиган занг эканлигини англатиб, жасорат туйғусини қайтариб берганлигини қаршимда барча нарсани тушунадиган катта одамлар ўтиргандек ҳаяжон билан тушунтиришга киришдим. Халқ манфаати ҳар нарсадан устун эканлигини ёдимизга тушириб, бир-биримизни ардоқлаб яшаш фазилатини тақдим этганини энг катта аудиторияда талабчан талабаларга уқдираётгандек уқдиришдан ийманмадим. Ростгўйликка ундаб, иккиюзламачилик, ёлғон, популизм, найрангвозлик ўйинларидан нафратланишни ўргатганини қандай фаҳмлаган бўлсам, шундай айтиб бердим. Энди бизнинг нигоҳимиз ўткирлашганини, фикримиз теранлашганини, бу миттивойлар эртага ҳалол нигоҳ билан назар ташлашлари кераклигини ҳам қолдирмай айтдим.
Қалбимни тўлқинлантирган ҳиссиётлар тилимга оқиб келар, ўз сўзларимдан ўзим ҳам таъсирланиб кетардим. Шунда ҳам нималарнидир айтолмай қолаётгандим. Мени тўлқинлантирган ҳодисаларга сўз кифоя қилмасди. Миттивойларга ҳам ҳикоям ёқиб қолиб, яна айтинг деяётгандек мунчоқдек кўзларини менга қадаб ўтиришарди. Ерга урса кўкка сапчийдиган зумрашаларнинг жимгина тинглаб ўтиришлари сабабли,болалар ҳамма гапни тушунишади, деган фикр хаёлимдан кечади. Катталарга эса бирор-бир фикрни шахсий манфаат орқали тез етказиш мумкин, холос. Болалар тамасизлиги ва самимийлиги билан улардан баландда туришади. Президент айтганидек, бу беғубор заминга тоза уруғлар қадамоқ керак. Иллат иллатни келтириб чиқаргани каби, фазилат фазилатни ундиради. Менинг қаламим энди ёлғон туйғулардан мосуво бўлмоқни истайди, сукутим англатган фикр қанот қоқади.
Тушимда устозларимни кўрдим. Эртаси тонгданоқ Одил аканикига йўл олдим.
Эшикни Марям ая очдилар. Ичкари кирарканман, мўъжазгина, аммо тафти қайноқ бу ҳовлига дунёнинг турли четларидан улуғ ёзувчилар жуда кўп келишгани, Чингиз Айтматов илк дафъа қадам қўйганида:
— Адил, сенинг боғинг қани? – деб уни ҳоли-жонига қўймагани ва ростгўй адибнинг мулки моликонаси бор-йўғи шу эканлигини билгач, бош чайқаб: — Катта ўзбек писателининг кичкинтой бағчаси, — дея ҳазиллашганлари ёдимга тушади. Унинг уйида бўлмаган пишлоқни сўраб, адиб фарзандлари шаҳар бозорларининг биридан уни топиб келганида бошқа гапга хаёли чалғиб нима сўраганини ёдидан чиқазган Азиз Несиннинг ҳолати кўз ўнгимда намоён бўлади.
Марям ая анча озиб, елкалари бироз эгилиб қопти. Кўзлари, меҳрибонликлари ўша-ўша. Қўярда-қўймай ичкари киришга ундайдилар.
Кирган заҳотим улуғ ёзувчи кабинетининг тўридаги портретларига нигоҳим тушади. Мен томонга жилмайиб, мамнун боқиб тургандек эдилар.
— Устоз! — шивирладим сурат қаршисида таъзим бажо айлаб. – Руҳингиз шод бўлди!
У киши нигоҳлари орқали менга далда бериб, ишингни давом этавер, деяётгандек эдилар. Биргина эътибор қанчадан-қанча катта-катта далдалар олиб келганидан бошим кўкка етгудек бўлади.
Бугун Адиблар хиёбонида бу дунёни тарк этган маҳоратли ижодкорларнинг ҳайкаллари қаторида вақти соати етиб Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубовнинг ҳам ҳайкаллари жой олади, уларнинг заҳматлари унутилмайди, миллат ўз қаҳрамонлари билан ҳамиша ифтихор қилса арзийди, деган ширин хаёллар оғушида устоз хонадонини тарк этаман.
Марям ая, невараларимга деб, қўярда-қўймай қўлимга ширинликлар тутқазиб юборадилар.

 

Шойим БЎТАЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти
«Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини» «Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини»
Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар