"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

10 ЯНВАРЬ — ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ЁЗУВЧИСИ ОЙБЕК ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Ўқилди: 569

ХХ аср ўзбек адабиётининг ривожига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрида бўзчи оиласида дунёга келди.
Олдин ўрта мактабда, 1922-1925 йилларда эса Тошкент таълим ва тарбия техникумида таҳсил олди. Сўнгра Ўрта Осиё Давлат университетининг ижтимоий фанлар факультетида ўқишини давом эттирди. 1930 йили университетни тугатиб, шу ерда сиёсий иқтисоддан дарс берди.
Ойбек адабиётга 1926 йили чоп этилган “Туйғулар” шеърий тўплами билан кириб келади. Шоирнинг “Дилбар – давр қизи” (1931), “Ўч” (1932), “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Темирчи Жўра” (1933) достонлари ўз даврининг шеърий йилномаларидир. У тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратади. Ойбек шеърияти ниҳоятда гўзал; ўзининг содда, равон ва ифодали тилда, бой ва ранг-баранг тасвир санъат воситаларида яратилганлиги билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, у бир шеърида:

Ёр кетди, кўзим булоғи қолди,
Сийнамда тирик фироқи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди…
дейди.
Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Улуғ йўл”, “Олтин водийдан шабадалар”, “Қуёш қораймас” каби эпик полотнолар ўзбек реалистик насри тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади.
Ўзбек халқининг 1916 йилги миллий озодлик қўзғолони ёзувчининг “Қутлуғ қон” (1940) романида зўр маҳорат билан реалистик ифодаланган; “Навоий” (1944) романида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий образи яратилган.
“Олтин водийдан шабадалар” (1949) асарида халқимизнинг урушдан сўнгги даврдаги яратувчилик меҳнати, “Қуёш қораймас” (1958) романида Иккинчи жаҳон уруши фожиалари ўз ифодасини топган. Адибнинг “Улуғ йўл” (1977) асари эса “Қутлуғ қон” романининг мантиқий давоми бўлиб, унда ёзувчи халқ миллий онгининг шаклланишини кўрсатилади.
Ойбек 1949 йилда Покистонга сафар қилади. Унинг “Покистон хотиралари” очерклари, қатор шеърлари, “Зафар ва Заҳро”, “Ҳақгўйлар” достонлари, “Нур қидириб” қиссаси ана шу сафар таассуротлари асосида дунёга келади. Адиб бу асарларида қардош халқ ҳаётини, кураш ва интилишларини қаламга олади. Адибнинг “Болалик хотираларим” автобиографик қиссаси 1963 йилда яратилган. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзидир.
Ойбек истеъдодли шоир, йирик носир бўлибгина қолмай, машҳур олим, публицист, танқидчи, таржимон ва жамоат арбоби ҳамдир. Ўзбек китобхони Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини, Лермонтовнинг “Маскарад”, Мольернинг “Тартюф” драмаларини, шунингдек, антик адабиёт намуналарини Ойбек таржимасида ўқишга муяссар бўлган.
Ойбек 1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо этиб сайланади ва 1950 йилгача академияда ижтимоий фанлар бўлимининг раиси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг биринчи котиби бўлиб ишлайди. У юқори малакали филологлар тайёрлашда катта ҳисса қўшган устоздир.
Ёзувчи асарлари ўзбек адабиётининг оламшумул шуҳратини янада оширди. Устоз маҳорати ёш ёзувчилар учун ижод дорилфунунига айланди. Адибнинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилган. Шу маънода унинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ойбек 2000 йил ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Бугун ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшган Ойбекнинг уй музейида адиб таваллудининг 113 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтади. Унда таниқли шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ва олий таълим муассасалари талабалари ва мактаб ўқувчилари иштирок этади.
Шу муносабат билан устоз адибнинг туркум шеърлари адабиёт мухлислари эътиборига ҳавола этилмоқда.

ЎЗБЕК ЭЛИ

Баҳор чоғи лолалар-ла,
Япроғинда жолалар-ла
Кулиб боққан, эй севгилим,
Сўйла, сенми ўзбек эли.

Ўзбек эли, бир замонлар
Қуёш каби порлагандинг.
Қоп қоронғи уфқларга
Олтин нурлар сен сочгандинг.

Кўкларингда кулар эди
Кўклам чоғин нозли қизи.
Таърифингни куйлар эди
Кўкда порлоқ эрк юлдузи.

Сирдарёнинг телба суви
Тўлқин сочиб ўйнар эди.
Тошқин Амударё бўйи
Кечмишларнинг қалби эди.

Ўзбек эли, ўтмишларда
Билолмадим налар кўрдинг?
Алам, мотам, қайғуларда
Кўзи ёшли бир қиз эдинг.

У давр ўтди, букун фақат
Ҳеч кўрмасин юзинг ҳасрат.
Шу ям-яшил боғларингга
Бир қара-чи: худди жаннат.

Сенинг ҳали кучларинг ёш,
Боқ, тепангда кулар қуёш.
Байроқларинг мазлум Шарқда
Эрклик учун бўлғуси бош.

Гўзал юртим — бир ғунча гул!
Ҳидларинг соч эрк боғида.
Сўлғин боқма, кўнглимга кул
Шу суюкли тонг чоғида.

1922-1935.

СОЗИМ

Уйғонгач умрнинг илк баҳори,
Соз бўлди кўнглим самимий ёри.
Ҳамшира каби яқин ва дилбар,
Тонг юлдузидек умидга ундар.

Соз билмади ҳеч маҳал аразни,
Нурлатди юракни жонли базми.
Ул қўрқмади дуч келса тиканзор,
Офатли бўрон, қутурса сел — қор…

Гар эгса қаддимни чўнг машаққат,
Бир онда учирди — мисоли ул пат.
Қишларни баҳор айлаган ул,
Ундирди бошимда хилма-хил гул.

Гулларнинг туси бағир қонимдан,
Маст нози севгининг тонгидан.
Мен у билан айладим тараннум,
Ҳар сўзда қуёш қилур табассум.

Дилларда чаман очар бу сўзлар,
Соф ҳис билан яшнамасми кўзлар?
Нур, ҳаққа чақирди халқимни созим,
Халқимникидир сўзим — овозим!

1942.

Кутганда

Йўлингда кутдим,
Ҳасратлар ютдим.
Ҳажринг-ла кўпдан
Ўзни унутдим.
Сен ҳеч келмадинг,
Дардим сезмадинг.
Чаманлар ичра
Бирга кезмадинг.
Аввал ўқ отдинг,
Кўнглим қонатдинг.
Сўнгра, юлдузим,
Қайларга ботдинг?
Малагим, бир боқ!
Борлиғимни ёқ.
Оҳ… ёшлик чоғим,
Бир кузги япроқ…
* * *
Бир ютум май каби
Сева симирдим
Гилосдай лабингни,
Дўндиқ, севгилим!
Бир ютум май каби
Сева симирдим,
У дамда абадий
Туюлди умрим.
Ой нурин ёпинган
Чиройли баҳор…
Қани у соғинган
Гилос дудоқлар?…
* * *
Майсада ётаркан, ўйладим сени,
Ёш эдик, шўх здик у чоқларда биз.
Қуёшдек яшарди ичда севгимиз,
Шодликнинг, кулгининг бормиди чеки?
Кўзлар хаёлчанди, бўсалар думбул,
Ҳисларга мажҳулди ҳижроннинг туни.
Дилларни тўлдирган бахт эди нуқул,
Майсада ётгандик бир баҳор куни…
* * *
Ёр кўзларининг ишқини, хуморини ёд эт!
Кўк гулшани дурлар каби порлайди бу оқшом,
Ҳар тоғда-ю, қирда ётади нозли хуш ором,
Дунёдаги кўзлар аро шаҳлосини ёд эт!
Кўксимни эзар ҳажрида қалбимдаги туйғу,
Тепамда қуяр куйини булбул яна шўх, шаън.
Гуллар қадаҳин кечки Шамол аста тўкаркан,
Ёдимга тушар сен каби дилбар, гўзал орзу.
Ёлғиз кезаман шарқираган сув ёқасидан,
Ёдингни қучиб ўлтираман тош каби сокин.
Олам қочади, сен кирасан, қалбга шу чоғ тинч,
Ширингина рўё каби оқшом қорасинда…
Ёр кўзларининг ишқини, хумморини ёд эт!
Овозини, шўх созини ҳам нозини ёд эт!
* * *
Ёр кетди, кўзим булоғи қолди.
Сийнамда тирик фироғи қолди.
Ишқ хотираси каби сочимнинг
Ёшликда кўпайган оқи қолди…
Ҳар лаҳза дилу хаёл паришон.
Бир хўрсинишимда дардлар уммон.
Юлдуз каби тунда ярқирар жон.
Тундек сочи иштиёқи қолди…
* * *
Сендадир кўзларим, сендадир кўнгил,
Узоқларга ҳасрат билан боқаман.
На қуёш, на баҳар, на гулшанда гул
Юракни юпатмас — мен соғинаман.
Сени соғинаман, руҳда йўқ қарор,
Ошиб кел тоғ, довон!
Бу қадар ҳижрон!..
Дардим бор, гулим бор, қўшиқларим бор..
Сен йўқсан! Наҳотки бу мангу армон?!
* * *
Сочларининг чангига боқма,
Кўйлагининг рангига боқма,
Қизча минган яғир эшакнинг
Қулоқ йиртар «ҳанги»га боқма.
Кўзларининг соф нурига боқ,
Севгининг маст дарёсида оқ!
* * *
Ҳижроннинг алами қалбимни ёқди,
Юраман девона, юраман қушсиз.
Ёшлигим мисоли юлдуздай оқди,
Гўзалим, бир лаҳза келгил, иккимиз —
Кезайлик далада, хаёллар жўшқин…
Дарахтлар остида иккимиз ёлғиз,
Ишкомлар ичида, кўнгилда тўлқин,
Юрсак май, ишқдан маст иккимиз, эй қиз!
Севгилим, шийпонда иккимиэ танҳо,
Қуёшда учади мезонлар майин,
Тоғларда булутлар хўмрайган гўё,
Иккимиз суҳбатда гох. шод, гоҳ ҳазин,
Гўзалим, оппоғим, жононим, бир кел.
Мен фақир кутаман, о, бир келиб-кет.
Ўргилай, бир зумда келсанг мисли ел,
Кутаман йўлингда, мени хурсанд эт!
* * *
Қалбдан севги тошди, фироқ, ғам-алам„,
Юраман, дайдийман, парча чўғ қалбда.
Муҳаббат дардида мажнун мендан кам,
Гўзалим келмади, ёнаман дардда.
Гўзалим бир келди, кетди нур каби,
Кўнглим ва кўзларим қолди изида.
Қўлида «Фузулий» — севган китоби,
Оқ шойи кўйлакда, тўлқин кўксида.
Кўзлари маънодор, ҳислари ёниқ,
Кулгиси самимий, ўйлари чуқур.
Сўзи, қилиқлари ёқимли, аниқ,
Ялиндим; ҳужрамда озгина ўтир.
«Ташаккур, мен кетдим»,— қолди тзбассум…
Ёримнинг кетидан шамолдай чопдим.
Қайгадир йўқ бўлди, йиғладим юм-юм…
Эй, гўзал, йўлингда, ишқингда ёндим…
* * *
Ёримнинг қора кўзи — офтоби бордир,
Ишқ дарди бошимга битган балодир,
Шоирлар маҳбуб, май деса кулардим,
Меним ҳам дил энди банд мубталодир.
* * *
Кечқурун ёр келди, боғ яшнар гўзал,
Супада ёзди у латиф бир ғазал.
Мен дедим шоира, тасвири нақ май!
Бошланди улфатлик, қалқди ой — машъал!..
* * *
Оқшом келди илҳом, қўлда гул жонон,
Кўзларда нур, сочда гавҳар, ҳаяжон…
Мен ёлғиздим тунда, сокин ҳужрада,
Куюлди шеър, май — келди бир жаҳон…
* * *
Ёшлик бир ғунчадир, йўлдоши севги,
Юракда ёлқини сақланса мангу,
Вафо дерлар буни, азизроқ не бор?
Карилик ҳам ойдин, ишқимиз мангу…

Сайт бўлими: Ўзбек адиблари

Қўшимча:

Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб
Навоий сиймосига эҳтиром Навоий сиймосига эҳтиром
Адабий дўстлик  –  абадий дўстлик Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув