"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Олим ва мураббий

Ўқилди: 420

ХХ асрнинг 80-йилларида адабиётга қизиққан ҳар бир ёшни Тошкент давлат университетининг (эндиликда Ўзбекистон Миллий университети) филология факультети ўзига оҳанграбодай тортиши бежиз эмасди. Мен бу ҳақда ўйлаганимда, бунинг сабаби шу даргоҳда таълим берган ва бераётган ўқитувчи — домлаларнинг хизмати деб биламан. Ўша вақтларда ўзбек филологияси факультетида ўз соҳасининг дарғалари бўлган профессорлар — Ғулом Каримов, Аюб Ғуломов, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Субутой Долимов, Иристой Қўчқортоев, Шавкат Раҳматуллаев, Бегали Қосимов, Шариф Юсупов, Норбой Худойберганов (уларни Оллоҳ раҳмат қилсин) ва бошқа кўплаб фанимиз фидойилари талабаларга таълим берардилар. Ҳар бири бир олам бўлган бунингдек шахслар ҳақида китоблар ёзилса арзигулик ва ёзилган ҳам, янада ёзилар. Мана шу сафда бўлган, умрини талабаларга илм беришга сарфлаган, профессор Лазиз Қаюмовнинг мамлакатимиз олимлари орасида ўзига хос ўрни бор эди.
Лазиз Қаюмов Қўқонда, ўз даврининг таниқли ойдинларидан Пўлатхон домла Қаюмов хонадонида туғилиб (1930 йил 23 апрелда) тарбия топди. Қўқон адабий муҳитининг фаолларидан бўлган, “Тазкираи Қаюмий” каби нодир тазкиранинг муаллифи Пўлатхон домла оиласидаги маърифий муҳит унинг фарзандларига ҳам бевосита таъсирини ўтказди. Маърифатли инсонлар фарзандларини ҳам маърифат йўлида хизмат қилишини истасалар керакки, етук зиёлилардан Пўлатхон Қаюмий ўғиллари — Азизхон ва Лазизхонларни маърифат йўлида фидойи бўлишини орзулаб шу йўлда таълим, тарбия берди.
Ўқитувчи касби ҳамиша шарафли бўлган. Ёшлар қалбини билим нури билан нурафшон қилиш, эзгулик уруғини келажак авлод кўнглига сочишнинг ўзига яраша завқи бор. Бутун умрини шу соҳага бағишлаб, бунинг машаққату роҳатини кўриш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Пўлатхон домла оиласида тарбияланган болалар шу машаққатларни енгиб ўтди. Инсонга истеъдод табиат томонидан берилади. Мана шу инъом қилинган неъмат ижобий муҳитга тушса, тинимсиз меҳнат, ижодий изланиш истеъдод соҳибига ҳамкор бўлсагина у бор бўйи билан ўзини кўрсатиши мумкин. П. Қаюмий устознинг фарзандларига шу уч нарса эш бўлиб, элга таниқли зиёлилар бўлиб етишди. Академик Азиз Қаюмов, профессор Лазиз Қаюмов исмини эшитмаган илм аҳли кам бўлса керак.
Лазиз Қаюмов — филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Давлат мукофоти совриндори даражасига етгунча қанчалар меҳнат қилгани ўзигагина маълум.
Лазиз Қаюмов ўрта мактабни тугатиб ЎзМУнинг филология факультетига (ўша вақтда мазкур ўқув даргоҳи САГУ деб аталган) ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлди. Ўша вақт — 1947 йилдан бошлаб бир умр университет билан боғланиб қолди. Абдураҳмон Саъдий, Ғулом Каримов, Ҳомил Ёқубов, Зикриё Мирҳожиев каби даврининг донгдор олимлардан сабоқ олган, адабиётга меҳри улкан йигит талабаликдан деканликгача, аспирантликдан профессорликгача бўлган илмнинг машаққатли йўлини босиб ўтди. Муфаввақиятларга эришувда домладаги очиқ кўнгиллик, суҳбати ширинлик одамлар билан тил топишишда қўл келар, ташкилотчилик қобилияти жамоани уюштиришда иш берарди.
Биринчи илмий иши талабалик йилларида, яъни 1950 йил “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирда “Ўзбекистон овози”) газетасида чоп қилинган Лализ Қаюмов 1956 йилда номзодлик, 1963 йили “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг поэтик ва ижтимоий-сиёсий фаолияти” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилиб, республикадаги энг ёш фан докторларидан бўлди.
Адабиётшунос сифатида Лазиз Қаюмов турли мавзуларда кўплаб илмий мақолалар ёзсада, асосий мавзуси Ҳамза Ҳакимзода ижоди эди. Олим Ҳамза ижодининг кенг қамровли, чуқур тадқиқотчиси сифатида танилади. Илмда “Ижодий қиёфа” деган гап бор. Лазиз Қаюмовнинг ижодий қиёфаси унинг теран ҳамзашунослигидадир. Ўзбек адабиётшунослигида биринчилардан бўлиб, бир шоир ижоди ҳақида тўрт китобидан иборат монографияларини яратди. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақида 100 га яқин мақолар, драматик асар, воқеа ҳикоя, ҳужжат фильм муаллифи бўлди. Албатта бу тадқиқотларда озми-кўпми замонасозлик бўлган. Шуни унитмаслик керакки ўша “қизил мафкура” ҳукмронлик даврида бундан қочишнинг иложи йўқ ҳам эди. Муҳими бир шоир ижодини кенг миқёсда ўрганиб, элга етказишда.
1950-йилларда адабий меросга муносабат масаласи жуда долзарб эди. Ҳукмрон мафкура тазйиқи остидаги зиёлиларга осон бўлган эмас. 1957 йил Ғулом Каримов, Ҳомил Ёқубов, Лазиз Қаюмов, Озод Шарафиддиновларнинг “Қизил Ўзбекистон” газетасида (21 ноябрь) “Адабий меросимизни чуқур ўрганайлик” сарлавҳали мақоласи эълон қилиндиким, бу мақола ўзбек адабиётшунослиги, адабиёт тарихига муносабатда бурилиш ясади дейиш мумкин. Бу олимларимизнинг жасорати эди.
Лазиз Қаюмов ҳар бир илмий мақоласида янги гап айтишга интилди. Илмий фактларни китобхонга етказишнинг манзур ва мақбул йўлларини излади. “Ажойиб кишилар ҳаёти” туркумида ёзилган Ҳамза ҳақидаги китоб, ўзбек адабиёти янги — бадиий биографик тарзида ёзилган асарлардан эди. Илмий фикрларини, тарихий фактларни, бадиий ифодалашни Лазиз Қаюмовнинг бошқа илмий ишларда ҳам кўрамиз. Доцент Муҳсин Олимов “Лазиз Қаюмов” адабий портретида домладаги муҳим жиҳатлардан бири:- “Ҳар бир ижодкор асарларига санъаткор кўзи билан қараб шоир шахси билан ижоди ўртасидаги диалектикани очишга интилишидалиги”ни алоҳида таъкидлайди.
Олий ўқув юртларида дарс беришнинг айрим мураккабликлари бор. Ўқитувчи сифатида талабаларнинг кўнглига йўл топиш, олим сифатида доимо илмий изланишлар олиб боришнинг ўзи бўлмайди. Домла устоз шогирдлик ҳақида сўз кетса шоир Фазлий Намонгонийнинг:

Андоқки нуктадонсан, ким эрди устозинг,
Ой касб нур қилмас то офтоб кўрмай…

мисраларини такрорлашни хуш кўрардиким, бу билан фикрини билдирарди қўярди. Шу ўринда домланинг ўзлари ҳам шеърлар машқ қилиб, таржима билан ҳам шуғулланганини эслатиб ўтиш жоиз.
Олим замондош шоир, ёзувчилар ҳақида кўплаб илмий мақолалар ёзди. Уларнинг ижодидаги ўзига хосликларни маърузалар ўқиш жараёнида ҳам, илмий монографияларда ҳам зукколик билан акс этдирди. “Шоира Зулфия”, “Замондошлар”, “Қардошлар” китоблари фикримиз далилидир. Домла ўзбек адабиётининг фаол тарғиботчиларидан бири эди. “Замондошлар” (1972) китобида довруқли шоир Ғафур Ғуломдан зиёли адиб Ўлмас Умарбековгача бўлган ўнлаб ўзбек шоир, ёзувчиларининг адабий портретини яратган бўлса, “Қардошлар” (1974) деб номланган адабий-танқидий мақолалар тўпламида рус, украин, белорус, тожик, қозоқ ва яна бошқа (собиқ шўролар давлати ҳудудида яшовчи) ўзга халқ ижодкорлари хусусида қимматли фикрларини билдирди, адабий фактларни истеъмолга киритди. Адабиёт халқларни танитишда, унинг руҳиятини тушунишда муҳим омиллардан бири эканлигини эътиборга олсак, бу мавзудаги мақолаларнинг қиммати янада залворли бўлади.
Мустақилликгача бўлган даврда ўзбек адабиётининг жаҳон миқёсига чиқиши нақадар машаққатли кечгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Лазизхон домла ўша даврда ҳам имкони қадар ўзбек адабиётини тарғиб қилди. Москвада нашр этиладиган “Литературное обозрение” журналининг муҳарририят аъзоси сифатида ўзбек адабиётига оид мақолалар чоп қилинишида жонбозлик кўрсатди. Хориж сафарларидаги адабий анжуманларда адабиётимиз шаънини юқори кўтаришга интилди. “Меридиандаги учрашувлар” (1976) китоби фикримиз исботига яхши далил бўла олади.
Ёдимда талабалик йилларимизда студентларнинг илмий жамияти бўлар, илмий конференцияларда яхши деб топилган маърузалар собиқ Иттифоқдош Республикаларда бўладигн талабалар анжуманида маъруза қилиш учун тавсия этиларди. Кўплаб ўзбек йигит-қизларининг мана шундай талабалар анжуманига боришига домла бош-қош бўлган.
Лазиз Қаюмов замонининг фарзанди эди. Кўнглидаги истакларини тўлиқ ошкор қилиш учун маълум маънода пухта сиёсатдонлиги имкон бермагандир, балким. Лекин яқин кишилар билан бўладиган айрим суҳбатларда у кишининг ҳам айтиб бўлмас армонлари борлигини билиниб қоларди. Менимча домла имкониятдан келиб чиқиб ўзининг қўлидан келганча адабиётга хизмат қилишни маъқул кўрган чоғи. Истиқлолдан сўнг ёзилган Ҳамза Ҳакимзода ҳақидаги мақолаларида бу ҳолатни сезилади. “Аср ва наср” (1975) мақолалар тўплами китобида биринчилардан бўлиб ўзбек насрининг илдизларини кўрсатгани ҳам бунинг яна бир исботидир.
Домла мумтоз адабиётимиз ҳусусида сўз юритадими, замондош шоирларимиз ижодидан баҳс қиладими, шеърларни ёддан ўқир, тингловчи юрагини “жизиллатадиган” бадиий юксак мисолларни келтирарди. Фикримни устоз маърузаларини тинглаганлар тасдиқлайди, албатта. Домлада бошқалар учун унча аҳамияти йўқдек кўринган адабий фактлардан ҳам, салмоқли хулосалар чиқариш салоҳияти бор эди. Гоҳида устоз бир-икки шогирдларини олиб, шаҳардаги китоб дўконларини айланарди. Эринмасдан пештахтадаги янги китобларни варақлар ва бизга китоб ҳақидами ёки муаллифи тўғрисида биз билмаган, кутилмаган фикрларни айтарди. Лазиз Қаюмов шогирдларига бошқа устозлардан кўра анча қаттиққўл эди. Бу гоҳида малол ҳам келар, аммо бугун тушунсак илмий ишни ўз вақтида ҳимоя қилиши учун устознинг “қаттиқлиги” зарур экан. Лазиз домлани яхши билмаганлар учун домланинг сажияси (характери) серзарда кўриниши мумкин. Бироқ домла қалбан жуда нозик инсон эдилар. Илк дафъа домланинг кўзида ёш кўрганда шу фикрга келгандим. Сабаб, Лазиз ака “Қалдирғоч” пьесаси устида ишлаётганда, айрим якшанба кунлари режиссёр Ҳамид акани ва бирор шогирдини олиб Дўрмондаги дала ҳовлисига чиқиб кетарди. Шундай якшанбаларнинг бирида домла айтиб турибдилар мен ёзаяпман. Орада Ҳамид акаям фикр билдириб қўядилар. Пьесанинг асосий мазмуни Ҳамзанинг етим болаларни йиғиб ўқитиш фаолиятига бағишланган. Пьесадаги “Ҳамза ҳар нарсага чидарди, фақат етимлар кўз ёшларига чидолмасди” — гапларини том маънода кўзида ёш билан ёздирганди. 1978 йил “Ёш томошабинлар” театрида саҳналаштирилган асар ёшларнинг меҳрини қозонди. Домланинг “Меҳридарё”, “Гулистонинг сенинг”, “Варақлар бағридаги нур” каби воқеий ҳикояларида ҳам муаллиф ички дунёсининг нозикликлари акс этган.
Лазиз Қаюмовнинг ўқитувчи сифатида ўзига хослиги, ниҳоятда нутқининг равонлиги, илмий диапазонининг кенглигидадир. Домла талабалар аудиториясида бўладими, ўқитувчиларнинг малака ошириш курсларида маъруза ўқийдими ёки телевидение орқали ўқув дастурларида чиқиш қиладими ҳеч қачон қоғозга қарамасдан, шеърларни ҳам, илмий фактларни ҳам ёддан айтарди. Журналист ва адабиётшунос Маҳмуд Саъдий суҳбатлардан бирида лирик шеъриятга меҳр уйғотишда домла Лазиз Қаюмовнинг маърузалари таъсир қилганлигини мароқ билан сўзлаб берганди. Шу ўринда бир воқеани эслаш жоиз. Домла бўлажак машҳур шоир Эркин Воҳидов биринчи курс талабалигида “Адабиётшуносликка кириш” фанидан дарс берган экан. Бир куни уйга вазифа қилиб атоқли шоирлар ижодидан бадиий санъатларга мисол топиб бериш топширилибди. Эркин Воҳидов яхши мисоллар топиб келган ва беш баҳо олган. Адашмасам 1979 ё 80 йилнинг баҳор ойларидан бирида, Дўрмондаги дала ҳовлида домла киношунос Борий Ҳасанов билан шахмат ўйнаб ўтирганларида Эркин Воҳидов келиб қолдилар. Суҳбат янада қизиди. Бир вақт Эркин ака Лазиз акага биринчи курсда уйга берилган вазифани, бадиий санъатларга мисол топишни излаб ўритмай ўзи ёзиб қўя қолганлигини, домла унга беш баҳо қўйганлигини ҳазилнамо қилиб айтиб қолди. Шунда домла индамай ўрнидан турдида дала иккинчи қаватига кўтарилди. Бироз вақт ўтгач қўлида Эркин Воҳидов биринчи курслигида (1953) ёзган ўша дафтарни олиб тушди. Эркин аканинг кўзлари чақнаб кетди. Лазиз ака шеърларни Эркин Воҳидов ўзи тўқиганлигини билгани, қойилмақом қилиб тўқилгани учун индамагани, келажакда улкан шоир бўлганда айтиш учун шунча вақтдан бери сақлаб келаётганини айтганида, домланинг шогирдпарварлигига, ёш талантлар келажагини кўра билиб асраб — авайлашига шу ерда бўлганлар ичида таҳсин айтган бўлиши керак. Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари давримизнинг забардаст аллома шоирлари Лазиз Қаюмовни устоз деб ҳурматлаганлари бежизгамасдир . Домланинг малакали мутахассислар етказишда ҳам хизматлари катта. Муҳсин Олимов, Раҳматулла Иноғомов, Марҳамат Аминова, Дилбар Қамбарова, Шуҳрат Усмонов, Нурилла Аҳмедов (рўйхатни анча давом этдириш мумкин) каби адабиётшунослар бевосита профессор Лазиз Қаюмов раҳбарлигида илмий иш ёзганлар.
Эллик йилдан ортиқроқ вақт давомида қанча-қанча талабалар университетнинг ўзбек филологияси факультетини тугатганини ҳисоблаш мушкул. Эндиликда мамлакатимизнинг турли шаҳар ва қишлоқларида она тили ва адабиётдан дарс бераётган юзлаб ўқитувчилар домладан “Адабиётшуносликка кириш”, “Адабиёт назарияси” фанларидан маърузаларни мириқиб эшитганлигини ёдга олишар. Бугунги кунда ҳам фаолият кўрсататётган “Адабиёт назарияси ва жаҳон адабиёти” кафедрасига Лазиз Қаюмов асос солиб 35 йил мудирлик қилганди. Бу даврда устоз ўнлаб номзодлик ва докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик, расмий оппонентлик қилиб, илмий кадрлар етиштиришда муносиб ҳисса қўшди.
Ўттиздан эндигина ўтган адабиётшунос олим, республикадаги нуфузли, ягона адабий газета “Ўзбекистон маданияти”га (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) бош муҳаррир этиб тайинланган Лазиз Қаюмов узоқ йиллар газета таҳририятига раҳбарлик қилганда ҳам, кейинчалик “Ўзбекистон овози” газеталарига бош муҳаррир бўлганда ҳам ўқитувчилик касбини ташламади. Ёшларга сабоқ беришни ҳар нарсадан афзал билди. Айни пайтда республикадаги ягона адабий газетага кўплаб ёшларни жалб қилди.Турли жанрларда ёшларнинг ёзганларини чоп этиб, уларни маънан қўллади, адабиётнинг катта йўлига чиқишда руҳлантирди.
Ўзининг бутун умрини шарафли касб устозликка, илмга бахшида этган, кексайган чоғида ҳам талабалардан кўнгил узолмаган устоз хотирасини эслаб, ёд этиш шогирдлар учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

 

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ,
Филология фанлари номзоди, ТошДШи доценти.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб… Йўлбарс юракли аёл, қуёшдек юксалди деб…
Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради
Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи Энг улуғ, энг азиз байрам шукуҳи
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева вафот этди