"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

УСТОЗ НОСИР ФОЗИЛОВ ЁДИ ҚАЛБИМИЗДА

Ўқилди: 174

Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради. 2018 йил 13 январь куни кечқурун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, атоқли адиб ва устоз таржимон Носир Фозилов 89 ёшида оламдан ўтди. Қалбимизда чуқур изтироб билан марҳумнинг оила аъзолари, ёру дўстларига ҳамдардлик билдирамиз, сабр тилаймиз.
Носир Фозилов 1929 йили Қозоғистоннинг Чимкент вилоятига қарашли Туркистон туманидаги Қориз қишлоғида таваллуд топди. Ота-онаси деҳқончилик билан шуғулланган, бобоси Турсунмуҳаммад Аълам эса “Ғурбатий” тахаллуси билан шеърлар ёзган, Камий, Хислат, Сидқий-Хондайлиқийлар билан ҳамнафас, ҳамфикр бўлиб ижод қилган зиёли, маърифатли инсон бўлган. Тошкентда унинг учта шеърий китоби чоп этилган.
Носир Фозиловнинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келиб, ўқишга кечикиб борди ва 1949 йилда, яъни йигирма ёшларида ўрта мактабни тугатди. 1949-1954 йилларда Ўрта Осиё Давлат университетида таҳсил олди. “Гулхан”, “Шарқ юлдузи” каби журналларда, бадиий адабиёт нашриётларида турли лавозимларда хизмат қилди.
Адибнинг илк китоби 1959 йилда “Ирмоқ” номи билан чоп қилинди. Шундан сўнг ёзувчи “Оқим” (1962), “Робинзонлар” (1964), “Қуш қаноти билан” (1965), “Қорхат” (1968), “Кўклам қиссалари” (1970), “Жўхори тузоқ” (1971), “Саратон” (1975), “Кичкина деманг бизни” (1977), “Дийдор” (1979), “Танланган асарлар” (2 жилдлик, 1982-1983), “Шум боланинг набиралари” (1985), “Болалигим ‒ пошшолигим” (1989), “Бир отар тўппонча”, “Тошкентнинг носи”, “Саид Аҳмад номинг баланд” (1995), “Мунаввар лаҳзалар” (1998), “Эсласанг кўнглинг ёришур” (2003), “Устоз сўзлаганда” (2007), “Топдиму йўқотмадим” (2010) сингари китоблари чоп этилди.
Носир Фозилов таржимон сифатида айниқса самарали ижод қилди. Ш.Ҳусаиновнинг “Нурли тош” (1952), С.Муқоновнинг “Ҳаёт мактаби” (1954), “Чўпон ўғли” (1960), “Чўлоқ полвон” (1970), Б.Мустафиннинг “Қарағанда” (1956), Қ.Абдуқодировнинг “Хожимуқон” (1959), Ғ.Мусреповнинг “Қозоқ солдати” (1960), “Чўлқор” (1960), “Қирон қуш қўшиғи” (1970), Мухтор Авезовнинг “Қараш-қараш воқеаси” (1960), “Абай — халқ фарзанди” (1970), М.Авезовнинг “Абай” (1970) каби роман, қисса, ҳикоя, пьесаларни она тилимизга ўгирди. Айни пайтда Н.Фозиловнинг ҳам рус, туркман ва қозоқ тилларида китоблари чоп этилган, асарлари арман, латиш, грузин, ҳинд, араб, озарбайжон тилларига таржима қилинган.
Носир Фозиловнинг адабиётимиз ривожи йўлидаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1985 йилда “Шум боланинг набиралари” китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғ.Ғулом номидаги, 1986 йилда эса қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги мукофотлар соҳиби бўлди. “Устозлар” асари учун унга Республика Давлат мукофоти берилди.
Адиб мустақиллик йилларида фаол ижод қилди. Ўзбек-қозоқ, ўзбек-қорақалпоқ адабий алоқаларини янада ривожлантирига ҳисса қўшди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Носир Фозилов 1999 йили “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. 2011 йили “Топдиму йўқотмадим” китоби учун Ўзбекистон Республикасининг адабиёт соҳасидаги Иккинчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Устоз Носир Фозилов меҳрибон, оқкўнгил ва фидойи инсон эди. У ижоди ва фаолияти билан жуда кўп ижодкорларнинг устози бўлган, бадиий ижодда ёшларнинг ўзи йўлини топишида бевосита ғамхўрлик қилган эди.
Атоқли адиб, заҳматкаш таржимон, меҳрибон устоз, ғамхўр ва олижаноб инсон Носир Фозиловнинг ёрқин хотираси уни яхши билган ва ардоқлаган ёру дўстлари, минг-минглаб китобхонлар қалбида абадий яшайди.
Ўзбек халқининг ардоқли адиби 2018 йил 14 январь куни “Фаробий”(“Чиғатой”) қабристонига дафн этилди. Устознинг жойлари жаннатдан бўлсин.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

МИРПЎЛАТ МИРЗО МИРПЎЛАТ МИРЗО
НАВОИЙ БОҒИДАГИ МУШОИРА НАВОИЙ БОҒИДАГИ МУШОИРА
БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш