"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР

Ўқилди: 488

Барча  эзгуликлар эрта тонгдан бошланади. Шу боис инсон ҳаётида тонглар азиздир! Ҳар кун эрта саҳардан биз тонгни орзиқиб қаршилаймиз. Яхши кайфиятда кутиб олинган тонг инсонни кун бўйи хайрли ишларга  ундайди. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Тоир ака эса озод ва обод Ўзбекистонимизнинг оппоқ ва ёруғ тонгларини  нақ қирқ йил интиқлик билан кутди…

       Асли  аждоди нуроталик  бўлган  Тоир Ёқубов  1952  йилда  қўшни давлатда  туғилган. Тақдир  тақозоси билан    падари бузруквори Асламжон  Ёқубов ўтган асрнинг олатасирликда кечган   30-йилларида  оиласи билан  Тожикистоннинг  Душанбе шаҳри яқинидаги қишлоқларнинг бирига бориб   қолади.  Ўша  маъшум йилларда    шўроларнинг  “қулоқ” деган    тамғаси  остида   қолган киши  жонини асраб қолиш учун сарсон-саргардонликда кун кечириши  муқаррар эди. Шу тариқа  олис манзилда муқим яшаб қолишга мажбур  бўлади.

 Бошга тушганини  кўз  кўраркан. Мусофирликда  умргузаронлик қилиш  бу оиладагиларга ҳам ниҳоятда машаққатли  бўлди. Асламжон отанинг юрагида    барибир юртига-  она  Ўзбекистонга оласини соғ-омон  олиб қайтиш истаги жўш урарди.  У шу ният билан  фурсатларни кутиб   яшашга қарор қилди.  Турмушнинг  барча    икир-чикирига  чидади.  Оғир меҳнатда кун кечириб,  тирикчилик қилиб,   оиласини  боқди.   Умр йўлдоши Мусаллам   ая  Ёқубова  билан   фарзандларини авайлаб ўстирди.  Бироқ, кун ўтган сайин   юрт соғинчи  юрагида парвоз  қилар,  бир умр      Нуротага   талпинарди.   Ҳатто, тўй-маъракаларда, бозорлар расталарини оралаганда ҳам нуроталикларни суриштиришни канда қилмасди.  Оиласи бағрида  кун ора  она  юрти, киндик қони томган  замин ҳақида   гап очиб,  хотиротларни  эслашни  хуш кўрарди.

Дунёда соғинч аталган   неъмат бор!   Она тупроқ соғинчи туфайли   Асламжон отанинг  армонлари    оила аъзоларининг дилларига  ҳам кўчарди.  Дастурхон бошларида баъзан  Нуротанинг  жилвагар кўкламлари, қирларни талашиб очилган қизғалдоқзорлари,  болалиги , ўсмирлигини ўғирлаган  беғубор  дамлар ҳақида  мириқиб, кўзларини  юмиб  сўзларди.  Бўз ёшлигини қайнатган Нурота кўчаларини,   тўйлару томошаларни эсларди. Қадрдон   ҳовлиларининг   деворлари оша    шохларини осилтирган   ўрикларнинг   саратонда ғарқ пишиб,  анвои  ҳид таратиб  бир  умр  юрагини забт этганлиги    ҳақида  тўлиб-тўлиб фарзандларига    ҳикоя  қиларди.  Бу ҳикоялар   аҳён-аҳёнда   айтилса ҳам,   ўша тунни  чароғон қиларди.  Асламжон  отанинг хотираларини тинглаган кишининг   кўнглини   соғинч аталган   неъмат  забт  этарди.

     Ёш Тоир  аҳён-аҳёнда  отаси ёшлигида  кечирган  воқеяларни, ширин хотираларини   берилиб тинглар, ёхуд  падари бузруквори  эртакмонанд   сўзлаётганда онаизори  Мусаллам  аянинг кўзлари  намланиб қолганига ажабланарди. Соғинч туйғулари   аралашган юрт ишқи  аста-секин  ёш Тоҳирнинг  юрагига  ҳам синга борди.  Бора-бора у  падари бузруквори  Асламжон  отанинг   туғилиб ўсган   гўшасини бир умр соғиниб  яшаётганини   дилдан ҳис  эта бошлади.  Отаси  қариган сари  унинг  вужудида бобо юрти  томонга  ошиқар,  ҳали бир бор кўрмаган  Нурота тупроғининг   ўзи учун ҳам  муқаддас эканлигини  дилдан ҳис этарди.

  Бироқ,  мусофирликда умргузаронлик қилаётган бу оила учун   ҳали  умид эшиклари берк эди.  Шўро  йилларида  қариндошлар билан  алоқа узилганлиги сабабли  юртга қайтишнинг иложи топилмасди. Оилада  катта фарзанд  бўлганлиги сабабли  отасининг   қўлтиғига, ҳатто кўнглига киришни  ният қилган   Тоирнинг ўю фикри ҳам   кун сайин  теранлашарди. У  отасининг   армонларини ушалтириш учун  астойдил  ҳаракат қила  бошлади.  Мактабда яхши ўқиди.  Бўш пайтлари  дарҳол  онаси   ёки   отаси  бажараётган юмушга енг шимариб, кўмакка келарди.  Сингилларига меҳрибонлик қиларди. Фарзандида   ғурур   ва  қайноқ меҳрни кўрган   ота  ичи-ичидан севинар,   дилидан пок туйғуларни   ўтказиб, сидқидилдан  тилак  айтарди:  Илоё,  мен кўрган  қийинчиликларни кўрмагин  болам,  мен кўрмаган роҳатни сен кўргин,  болам.   Менинг  ота юртимга сен қайтгин…

Отанинг  дуосига  Мусаллам ая  ҳам  пичирлаган кўйи,  мусичадек мунғайибгина  қўшиларди…

Аммо, осмон йироқ-ер қаттиқ деганлари  ҳақиқат  экан.  Шўро йилларида  рўзғордан ортиб  бирон жойга  чиқишнинг ниҳоятда қийинлиги Асламжон отадан кейин унинг катта ўғли  Тоирнинг гарданига  тушганини  оила  аъзолари  сезмай қолди. Йиллар ўтаверди. Бу орада Тоир мактабни битириб,  ҳайдовчилик касбини  эгаллади. Шу яқин  атрофдаги  корхонага  шофёр бўлиб  ишга кирди. Ҳалол  меҳнати билан  ўрнини, қадрини топишга уринди. Биринчи маошини  олиб келганида  ота-онасининг  кўзларидан  севинч ёшлари милтираб-милтираб тушганини Тоир ака  ҳозир ҳам ҳаяжон билан эслайди. Ўғлининг   жонига  оро кириб, рўзғор юкини  тортаётганидан  ота-онанинг  боши кўкка  етганди. Энди  ўғлининг бошини иккита қилиб қўйиш ташвиши  Мусаллам  аяга тинчлик бермасди. Бу орада Тоирнинг кўз остига олиб қўйган қўшни  қишлоқлик  қизнинг  исми ҳам  аниқ бўлиб қолади. Хуллас,  совчиларнинг  икки оила орасида  уч ой зир югуришидан  сўнг  тўй  бўладиган  бўлди.

    Асламжон ота  эса   шошилмасди.   Ота  бу тўйга  нуроталик қариндошларининг  ҳам келиб иштирок   этишини  ич-ичидан   истарди.  Бир-икки бор  Душанбега бориб, нуроталикларни, ёхуд   Нуротага борганларни суриштириб келди.  Аммо, жўяли  маслаҳат берувчи кишини топаолмагани  боис,  қариндошларидан дарак топмай келди. Вақт кутиб туришни хоҳламасди. Хуллас, мусофирчиликда қўним топишган манзилда орттирган   қўни-қўшнилар  иштирокида тўй  бўлди. Тоир ака  қўшни қишлоққа  куёв бўлди,  ўша қишлоқнинг эрка қизи Фазолат опа  Асламжон  ота хонадонига  келин бўлиб тушди. Икки ёшнинг тўйи  ўтган кезлар  Мусаллам аянинг  севинчи   дунёга сиғмасди.  Келин-куёв  бахтли яшашга  интилишди. Кунлар ўтаверди.   Навбат  билан шириндан ширин фарзандлар дунёга келди. Шу тариқа   оиланинг  ташвишлари ҳам  кўпая  бошлади. Бироқ,  Аслам ота   ёруғ кунлар келиб, юртига қайтар пайти   шириндан ширин набираларини ҳам олиб қайтишни   орзу  қиларди….

Ўтган асрнинг  80 –йиллари  охирида  шўролар сил-силасининг  томирлари чиригани сезила бошлади. Асламжон ота   Ўзбекистонда  эсаётган ҳуррият шабадаларини  кўп қатори  эшитиб, юраги завқу шавққа тўла борди.  Унинг қалбидаги  соғинч бадтар алангаланиб,   тезроқ   ўзи туғилиб ўсган   юртга қайтиш истаги  авж ола бошлади. Ҳаммасидан ҳам  чор-атрофда  қўнимсизлик, бетартиблик  бошлангани  Асламжон отани  янада ҳушёр торттирди.

Катта-ю кичик  хабарларни жон-қулоғи билан тинглар,   Бу орада  Ўзбекистонда рўй бераётган   хушхабарлар бутун оламга ёйилмоқда эди. Ҳа,  1991 йил  1-сентябрда   рўй берган  жаҳоншумул   тарихий воқеа-Ўзбекистонда Мустақиллик  эълон қилинганини  бу оила  ҳам  шоду  хуррамлик билан кутиб олди.  Асламжон ота  таниш-билишларидан  ўзининг она Юртида  суверен давлат  ташкил топгани,  халқнинг иродаси билан  Биринчи Ўзбекистон Президенти  Ислом Каримов  мамлакатни бошқараётганини эшитиб,  чунонам севиндики,   гўё осмон  унинг  қувончига торлик қиларди ўшал чоғлар….

Мусофирликда шунча йил тотган азоблари ниҳоясига етганини  англаган Асламжон ота  она  Ўзбекистонга, ўзи ва фарзандлари учун  дунёдаги  энг  муқаддас гўшага қайтишга аҳд қилди. Шу  тариқа  унинг  бош фарзанди   Тоир ака  1992 йил  Ўзбекистонга   оиласи билан йўлга тушди.   Кўчиб келаётган  бу инсонга   йўл-йўлакай   яхши одамлар  хайрихоҳлик  қилишди.  Тоир аканинг дилидан  хотиржамлик аралаш  умид  нурлари жилваланди.  Поездда  келишаётганда  купедагиларга оиласи бошидан ўтган  қийинчиликларни ҳикоя қилиб,  ота-онасининг   армонлари  ушалганидан ,  Она  юртига қайтаётганлигидан  манунлигини  яширмади. Фазолат аянинг  хурсандлигидан  намчил тортган кўзларига боқиб  қўшиқ  хиргойи қила бошлади…

Йўлда ҳамроҳлик  қилаётганларнинг орасида  бир йигит унга ўзини яқин олиб:

-Ака, асли нуроталик экансиз,  ҳозир  тўғри Нуротага тушасизларми ?-деган саволига  Тоир ака  даб-дурустдан ўйланиб қолди! Рост.  Нуротада ҳеч кимни  танимаса, умрида  у ерда бўлмаган бўлса…

Йигит зийраклик билан  буни сезиб унинг жонига оро кирди:

-Яхшиси,  мен билан юринг, ака,  тўғри  вилоят  маркази-Навоий шаҳрига  олиб бораман. Маҳалламиз  жуда аҳил.  Бизда корхоналар кўп. Хоҳлаганингизга ишга кирасиз. Оилангизга ётоқхона  беришади. Қийналмайсизлар…

Исми шарифини Баҳодиржон Собиров деб таништирган бу йигит  Тоир акани оиласи билан ўзи яшаб турган маҳаллага  қўярда қўймай олиб-келиб, жойлаштиришга кўмаклашди. Маҳалладагилар  Баҳодиржон айтганидек  аҳилликда тенги йўқ  инсонлар эди.  Айниқса, уларнинг  орасида   4-5 йил олдин ўқишга келиб, институтни битириб,  ишга кириб,  уйланиб,  шу ерлик бўлиб қолганлар  орасида нуроталикларнинг ҳам борлигидан   янада қувонди. Ҳа демай, фарзандлари мактаб ва боғчага,  ўзи эса  автомобиль хизмати кўрсатувчи  корхонага ишга жойлашди.  Умр йўлдоши Фазолат опа ҳам  маҳалладаги  аёллар билан  танишиб, ишга кирди. Бу орада  маҳалла фаолларидан  саналган Баҳодиржон  кунора  аҳволидан хабар олиб турди. Бари тушдагидек кечарди.

Аммо,  Тоир аканинг   кўнглида  озгина хижиллик борлигини  қўни қўшнилар сезмасди. Ҳали унинг оиласи аъзоларига  Ўзбекистон Республикаси фуқарологи  берилмаганди. Тоир ака бундан  ўксимади. Вақти-вақти билан  парспорт берувчи   идорага мурожаат қилиб турди.  Энг муҳими  -аждодлари яшаб ўтган  Ватанида  яшаётганидан боши осмонда эди. Шу боис қўни-қўшниларга, атрофдагиларга ўз туғишганларидек муомалада бўлди.  Бу орада Баҳодиржон укаси ва қўшнилари қўярда қўймай  маҳалла оқосқоллари сафига  кўтаришди. Ана энди Тоир ака ҳаммадан барвақт туриб, маҳалла  аҳлининг  яхши кунлари учун елиб югура бошлади.

Шу орада  Тоир акани ва оиласини   кўргани келган Асламжон ота ва Мусаллам ая  чунонам севинишдики… асти қўяверасиз! Дам олиш кунларининг бирида  улар  Нуротага  боришди  ва…. қариндошлар билан танишишди!  Бу дамлар ўзгача  шодлик ҳукмрон эди. Дунёда дийдор аталган   неъматни тотганларгина  уларнинг   юрагидан  қайнаб чиқаётган  бахту шодликларни  ҳис этади.    Кўп  ўтмай Асламжон ота ва Мусаллам ая ҳам тўппа тўғри Нуротага  кўчиб келишди. Мустақил юртда  фарзандларининг  бахту иқболини, невараларининг  саодат  топаётганлигини кўриш насиб этган  Асламжон ота орзулари ушалганидан  миннатдор эдилар.

Тоир ака ҳозир ана шу воқеалар ҳам ширин хотира бўлиб қолаётганидан ғоят севинади. Бу орада  ўғли Фурқатжон  коллежни тамомлаб,  Навоий кон металлургия комбинатига қарашли машинасозлик заводига ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашди.  Қизи Гулруҳой эса  тадбиркорлик йўлини  танлади. Тоир ака  билан Фазолат ая  иккала фарзандларининг  ҳам тўйларини, орзу ҳавасларини   маҳалладошлари билан   биргаликда кўришди.  Бундан олти йил муқаддам  пенсияга чиқишиб, Кармананинг  шаҳарга яқин манзилидан  ҳовли сотиб олишди. Энди, катта фарзандлари Фурқатжон, қизи Гулруҳойлар   отаси ва онасини  дам олиш кунлари  зиёрат қилишни канда қилишмайди. Ўтган  2017 йил  бу оила аъзоларининг  ҳаётида яна бир  улкан  воқеа рўй берди:  Президентимизнинг  махсус фармони билан кўплаб юртдошларимиз қатори  оила азоларининг уччаласига – Тоир акага ҳам, Фурқатжонга ҳам, Гулруҳойга ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи  паспорт топширилди…

-Муҳтарам Президентимиз  Шавкат  Мирзиёев  мингга кирсинлар, кўп яшасинлар, -дея кўзларидаги севинч ёшлари билан  дуо қилаётган Тоир аканинг  хурсандлигини  кўриб  ҳар қандай кишининг  юрагида тошлар эрийди. Бараварига   бир оиладан  учта кишига  озод ва обод Ўзбекистонимиз  фуқаролигининг берилиши  мустақиллик аталган  улуғ неъмат шарофатидандир.

— Бу хушхабарни эшитганимдан эртасига Нуротаи шарифга отландим. Ахир, энди мен ҳам, фарзандларим ҳам   шу мамлакатнинг ҳақиқий  фуқаролари   қаторидамиз! Онажонимни  кўриб , яқин қариндошларга ҳам  айтдим. Уларнинг  табриги ҳам  зиёда бўлди.  Аллақачон   фамилиямни газетада  ўқишиб,  беҳад хурсанд бўлишибди.  Қайтишда  падари бузрукворимнингг қабрини зиёрат қилдим.  Мусофирликда кечган ёшлигимни эсладим,  ўтганларнинг ҳаққига   ўзимча  тиловат қилдим….

Тоир ака  бугун    элнинг хизматидан сира ҳам чарчамайдиган, ёшларнинг  маслаҳатчиси ва дуогўйига айланди.  Она юртингда  орттирган  обрўйинг-саодат эмасми!?  Ҳа, шундай. Ҳозир  бу инсон қайта ёшариб кетганлигини  тан олади.   Ҳар тонг барвақт туради.  Озод ва обод Юртнинг  мусаффо осмонига тўйиб-тўйиб  тикилади. Тинч ва ёруғ кунлар учун шукроналар айтишдан  чарчамайди….

Баҳриддин Садриддинов,
Ёзувчилар уюшмаси
Навоий вилоят бўлими масъул котиби

Сайт бўлими: Ҳикоя

Қўшимча:

Ижодкорлар боғида «Марғилон оқшомлари» Ижодкорлар боғида «Марғилон оқшомлари»
Халққа муҳаббатнинг ёрқин ифодаси Халққа муҳаббатнинг ёрқин ифодаси
Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида
Анвар қори Турсунов вафот этди Анвар қори Турсунов вафот этди