"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

МИРПЎЛАТ МИРЗО

Ўқилди: 553

Ўзбек адабиёти оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, атоқли шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо 69 ёшида тўсатдан вафот этди. Қалбимизда чуқур изтироб билан марҳумнинг оила аъзолари, ёру дўстларига ҳамдардлик билдирамиз, сабр тилаймиз.
Мирпўлат Мирзо 1949 йил 20 августда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини 1971 йилда ҳозирги “Янги аср авлоди” нашриётида бошлаб, сўнгра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, “Ёзувчи” нашриётида, “Жаҳон адабиёти” журналида турли лавозимларда хизмат қилди.
Дастлабки шеърий туркуми 1971 йилда “Гулистон” журналида, илк шеърий тўплами эса 1975 йилда нашр этилди. Шундан сўнг “Ишқ фасли” (1978), “Яхши кунлар” (1981), “Сунбула” (1985), “Мовий дарё” (1988), “Атиргул ва юлдузлар” (1990) “Сайланма” (2004), “Сурур” (2009), “Райҳон иси” (2011) каби қатор китоблари чоп этилди.
Таржимон сифатида Мирпўлат Мирзо Лессингнинг “Донишманд Натан”, Шекспирнинг “Ёз туни ғаройиботлари” асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Бу асарлар ўзбек Миллий академик драма театрида муваффақият билан саҳналаштирилди. “Сомон йўли чечаклари” (жаҳон шеърияти антологияси, 2004), “Сайра, дўмбирам” (қозоқ шеърияти антологияси, 2005), “Ложувард осмон” (ХХ аср шоирлари, 2008) китоби, “ХХ аср рус шеърияти” (2010) таржима мажмуалари нашр этилди.
“Қачон тонг отади” драмаси Қозоғистондаги Чимкент вилояти ўзбек Давлат театрида саҳналаштирилди.
Шоирнинг серқирра ва самарали ижоди давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони (1999), “Меҳнат шуҳрати”(2017) ордени билан мукофотланди. Заҳматкаш ижодкор бадиий таржима ва халқаро адабий алоқаларни ривожлантиришдаги фаолияти учун Пастернак номидаги Россия (1998), “Алаш” номли Қозоғистон халқаро мукофотлари (2001) билан тақдирланди.
Мирпўлат Мирзо оқкўнгил ва фидойи инсон эди. Шоирнинг юраги доимо ёниб туриши керак, деган ҳикмат бор. Мирпўлат Мирзо сўнгги нафасигача ёниб яшади ва ижод қилди. У ҳамиша адабий давраларнинг марказида, ижодкор дўстлари ва мухлислари ичида бўлди, ҳассос шеърлари ва самимий дил изҳорлари билан анжуманларга файз бағишлади.
Атоқли шоир, заҳматкаш таржимон, олижаноб инсон Мирпўлат Мирзонинг ёрқин хотираси уни яхши билган ва ардоқлаган ёру дўстлари, китобхонлар қалбида яшайди.
Шоирнинг охирати обод бўлсин.

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
ва “Ижод” жамоат фонди.

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ Юрагимга яқин бу ер – азиз хилватгоҳ
Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди