"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ЭЛ БИЛАН ЭЛ БИРЛИГИ – БОЙЛИК

Ўқилди: 447

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудидаги Адиблар хиёбонида барпо этилган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги биносида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси жаноб Ерик Ўтембаев билан ўзбекистонлик ижодкорлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда шоирлар, ёзувчилар, таржимонлар ва журналистлар иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али очиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев ташаббуслари ва амалий ишлари тимсолида ўзбек ва қозоқ халқларининг ҳамдўстлик алоқалари ривожида янги давр бошланганини алоҳида таъкидлади. Тили, дини, қони бир, келиб чиқиш тарихи бир бўлган ўзбек ва қозоқ халқларининг маданий-адабий алоқаларини Навоий ва Абай каби мутафаккир шоирлар ворисларининг ҳамкорлик ришталари Ойбек ва Мухтор Авезов, Миртемир ва Абудулла Тожибоев, Абдулла Орипов ва Ўлжас Сулаймоновнинг жонажон дўстлиги ва қадрдонлиги билан маҳкам боғланганини, бугунги глобаллашув замонида бу дўстликнинг янада мустаҳкам бўлиши халқларимизнинг фаровонлиги ва оламнинг тинчлиги учун ниҳоятда муҳим эканини айтиб ўтди.

Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Ерик Ўтембаев 2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилинганини, шу муносабат билан ўзбек маданияти, санъати ва адабиётини тарғиб этишга, ўзбек шоирлари, ёзувчилари, санъаткорлари билан  ижодий учрашувлар, маданият ва адабиёт кунлари ўтказишга эътибор қаратилаётгани ҳақида гапирди. Куни кеча Қозоғистон Республикасида лотин ёзувига асосланган алифбонинг қабул қилиниши қозоқ китобхонларининг ўзбек адабиётини теран ўқиб-ўрганиш имкониятларини кенг очиб берганини, энди Алишер Навоий асарларини қозоқ тилига таржима қилиб, лотин алифбосида нашр этиш режалаштирилаётганини қувонч билан маълум қилди.

Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенесбой Каримов, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасининг маслаҳатчи вакили Мурсалнаби Туяқбоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси халқаро адабий таржималар ва бадиий таржима кенгаши масъул котиби Адҳамбек Алимбеков ва бошқа ижодкорлар ўзаро адабий алоқаларни янада ривожлантириш, адиб ва таржимонларнинг ижодий ҳамкорлигини кучайтириш, икки халқнинг мумтоз ва ҳозирги замон адабиёти намуналарини ҳар икки тилга таржима қилиш, ўзбек шеърияти анталогиясини қозоқ тилида, қозоқ шеърияти анталогиясини ўзбек тилида нашр этиш, янги китоблар тақдимотлари ҳамда ижодкорлар учрашувларини ташкил этиш масалалари ҳақида сўзладилар.

                                         Рустам МУСУРМОН

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб Адиб Саид Аҳмадни хотирлаб
Навоий сиймосига эҳтиром Навоий сиймосига эҳтиром
Адабий дўстлик  –  абадий дўстлик Адабий дўстлик – абадий дўстлик
Ёшлар кутган учрашув Ёшлар кутган учрашув