"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

БИЗ БИР ХАЛҚМИЗ!

Ўқилди: 365

    Шу йил 15 март куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросими икки давлат ўртасидаги дўстлик ва яқин қўшнилик муносабатлари ривожида янги даврни бошлаб берди.

Самимий муносабатлар давоми сифатида Тошкетдаги халқаро Амир Темур хайрия жамғармасининг Қозоғистон Республикасидаги бўлими ва Қозоғистон ўзбеклари этномаданий бирлашмаларининг “Дўстлик” жамияти ташаббуси билан Туркистон шаҳрида “Биз бир халқмиз: Амир Темур – буюк бунёдкор” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Буюк Амир Темурнинг Марказий Осиё ва Қозоғистон халқлари маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси, Соҳибқирон қолдирган маънавий меросни ўрганиш, бунга оид энг янги илмий изланишлар натижаси билан танишишга бағишланган бу анжуман доирасида кўплаб маърифий тадбирлар ҳам ўтказилди.

Тадбирда Қозоғистон ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмалари аъзолари, шоир ва ёзувчилар, тарихчи ва педагог олимлар, этномаданий бирлашмалар ва жамоат ташкилотларининг аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

        Тадбир олдидан Ўзбекистондан борган анжуман иштирокчиларини Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансейит Туймебаев қабул қилди.

– Икки мамлакат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик жанубнинг хосиятли жойларидан бири – Ўрдабошида 25 йил муқаддам уч давлат – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг учрашуви чоғида қабул қилинган “Абадий дўстлик ҳақида”ги шартнома билан мустаҳкамланган.

Маълумки, жорий йил 15 мартда Остана шаҳрида Қозоғистонда Ўзбекистон йили тантанали равишда очилди. Сўнгги бир ярим йил ичида Қозоғистон ва Ўзбекистон орасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб, янги даражага кўтарилиб келмоқда, – деди Жансейит Туймебаев.

Вилоят ҳокими бугунги кунда вилоятдаги 3 миллионга яқин аҳолининг 17 фоизини ўзбеклар ташкил қилиши, 15 та мактабда таълим ўзбек тилида олиб борилиши, аралаш тилли 50 та мактабда ўзбек синфлари мавжудлигини айтиб ўтди. Республикадаги ягона ўзбек драма театри ҳам ушбу вилоятда жойлашгани, шунингдек, 4 та газета ўзбек тилида чоп этилиши, 3 та телеканал қозоқ-рус-ўзбек тилларида ахборот тарқатиши, Қозоғистон ўзбеклари этномаданият бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамда вилоят ўзбек этномаданият бирлашмаси, туман ва шаҳарларда унинг 13 та филиали самарали фаолият юритаётганига тўхталди.

   Хушхабарлардан яна биттаси Чимкентда ўзбек халқининг буюк мутафаккир шоири Алишер Навоий номи билан янги истироҳат боғи очилганидир. Сўзига якун ясаган вилоят ҳокими минтақада ўтказилаётган Соҳибқирон Амир Темур фаолиятига бағишланган илмий-амалий анжуман ишига муваффақият тилади.

        Қабул маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али соҳибқирон Амир Темурнинг яратувчанлик фаолиятига бағишланган илмий-амалий анжуманнинг Туркистонда ўтказилишида ўзига хос рамзий маъно борлигини, бу ерда бобомиз амалга оширган улуғ ишларни таъкидлади. Шу билан бирга, юртимизда буюк қозоқ адиби Абай ижодини улуғлаш мақсадида яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорига кўра, юртимизда ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳридаги Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказиш, улуғ шоирнинг “Сайланма” асарини ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш,  Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозицияни ташкил этиш каби тадбирлар белгилангани ҳақида сўзлади.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир икки халқ дўстлигига бағишланган янги шеърларини ўқиди.

         Тадбирдан сўнг “Дўстлик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов ўзбекистонлик меҳмонларни “Ўтрор” кутубхонасига таклиф этиб, қондош эл вакиллари учун танишув маросимини ўтказди.

         Анжуман доирасида Ўзбекистондан борган ижодкорлар иштирокида Иқон қишлоғида жойлашган Ўзбекистон халқ шоири, устоз Миртемир музейида ва Қарноқ қишлоғида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов ўқиган умумтаълим мактабида ижодий учрашувлар ўтказилди.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Дўстлигимиз абадий бўлсин! Дўстлигимиз абадий бўлсин!
Навоийдан хабарлар: “Маҳалланинг   китобхон болалари” акцияси, Абай Қўнанбоев ижодий мероси… Навоийдан хабарлар: “Маҳалланинг   китобхон болалари” акцияси, Абай Қўнанбоев ижодий мероси…
Андижондан хабарлар: Ижодкорларга эҳтиром, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови… Андижондан хабарлар: Ижодкорларга эҳтиром, “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови…
Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида