"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

“МЕН НЕЧУН СЕВАМАН ЎЗБЕКИСТОННИ?”

Ўқилди: 169

Шундай ижод намуналари бўладики, инсон қалбида муҳрланиб, уни умр бўйи эзгуликка, ватанпарварликка ундаб келади. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” мазкур жумлаларни эшитган инсон шу заҳотиёқ элимизнинг эъзозли ижодкори, ҳамиша дилларда ўз сўзи билан яшаб қолгувчи Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповни ёдга олиб, таҳсинлар айтиб қўяди.

2018 йил 27 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси анжуманлар залида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов хотирасини ёд этиш мақсадида китоблари ва фотосуратлар кўргазмаси, шеърхонлик, адабий-бадиий кечаси ташкил этилди.
Тадбирда ўзбек халқининг миллий тикланиши, мустақиллиги йўлида ижоди билан толмай хизмат қилган Абдулла Орипов ҳаёти яна бир бор иштирокчилар ёдида акс этди.

Ардоқли шоир Абдулла Орипов 1941 йил Қашқадарё вилоятида таваллуд топиб, ўз маскани манзараларидан илк илҳом нашидаларини туйган бўлса, не ажаб?! 1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаган ижодкорга Тошкент Давлат университети филология факультети таълим олиш учун ўз бағридан жой ажратди. Абдулла Орипов 1963 йилдан бошлаб турли нашриётларда муҳаррир, раис лавозимларида фаолият юритиб, шу билан бирга, мунтазам ижод қила бошлади.

Дастлабки шеъри 1957 йилда чоп этилди. 1965 йилга келиб илк китоби “Митти юлдуз” номи остида дунёга келди.

Шундан сўнг:
“Кўзларим йўлингда” (1966),
“Онажон” (1969), “Рўҳим” (1971),
“Ўзбекистон” (1972),
“Ҳайрат” (1974),
“Юртим шамоли” (1976),
“Юзма-юз” (1978),
“Нажот қалъаси” (1980),
“Жаннатга йўл” (1980),
“Сурат ва сийрат” (1981),
“Йиллар армони” (1983),
“Олтмиш ёшли ватаннинг олти ёшли ўғлони” (1983),
“Эҳтиёж фарзанди” (1989),
“Бобо ва набира”, “Қуш тили”, “Сен баҳорни соғинмадингми?” ( 1991),
“Муножот”, “Муборак ҳаж йўлларида”, “Ҳаж дафтари, Ҳикмат садолари” (1992),
“Ҳикмат садолари” (1993),
“Дунё” (1995),
“Ибодат”, “Соҳибқирон”, “Сайланма” (1996),
“Савоб” (1997),
“Бедорлик” (1999),
“Мустақиллик қўшиғи” (2000),
“Бир қарасам…” (2001),
“Шоир юраги” (2003),
“Меҳр” (2004),
“Кўз тумор” (2005),
“Биринчи муҳаббатим”,
“Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” (2006),
“Талош палласи”, “Сайланма” (2007),
“Она янглиғ ягона”, “Менга хушхабар айт” (2009),
“Истиқлол манзаралари”, Сайланма (2011),
“Эзгулик”, “Ранглар ва оҳанглар” (2012),
“Туташ дунёлар”, “Янги шеърлар”, “Соҳибқирон” (2015),
каби олтмишга яқин тўпламлари чоп этилди.

Шунингдек, Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) фан, таълим, саноат ва санъат халқаро академиясининг аъзоси, Ёзувчилар Уюшмасида маслаҳатчи,
Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг фахри раиси, Олий кенгаш ва Олий Мажлис депутати, Олий Мажлис сенати аъзоси бўлиб фаолият юритган.
Шоир хотирасига бағишлаб ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг шоир ва ёзувчилари, “Паризода” рақс ансамбли, Успенский номидаги Республика махсус мусиқа академик лицейи ўқувчилари иштирок этиб бир олам таассуротлар олишди.

Абдулазиз Рустам ўғли

Сайт бўлими: Адиб ва жамият

Қўшимча:

Янги қарор: Ёзувчилар уюшмаси фаолияти янада такомиллаштирилади Янги қарор: Ёзувчилар уюшмаси фаолияти янада такомиллаштирилади
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ҳарбийлар билан китобхонлик тадбирлари Ҳарбийлар билан китобхонлик тадбирлари
Янги китоб тақдимотига марҳамат! Янги китоб тақдимотига марҳамат!