"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ДИҚҚАТ! ИЖОДИЙ КЕЧА!

Ўқилди: 198

2018 йил 12 апрель, соат 14:00да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тадбирлар залида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев таваллудига бағишланган фото ва китоблар кўргазмаси ҳамда ижодий кеча ўтказилади. Мазкур тадбирда иштирок этишни истаган ижодкорларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига лутфан таклиф этамиз.

Шукур Холмирзаев (1940-2005)

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев 1940 йил Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида таваллуд топди. Тошкент давлат университетида таҳсил олди. Шукур Холмирзаевнинг “Оқ отли” деб номланган илк қиссаси тоғ болалари ҳаётидан ҳикоя қилади. Талабалик йилларида ёзилган “Тўлқинлар” (1963), “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” (1965) қиссалари ўз авлоди ‒ тенгқурлари ҳаётига бағишланган.
Шундан кейин адибнинг “Олис юлдузлар остида”, “Ҳаёт абадий”, “Оғир тош кўчса…”, “Бодом қишда гуллади” (1968), “Сўнмас олов” (1985), “Тоғларга қор тушди” (1987) каби ҳикоялар тўпламлари, “Сўнгги бекат”, “Қил кўприк”, “Йўловчи”, “Олабўжи” романлари чоп этилди. Шукур Холмирзаев ўзбек ҳикоячилигини устоз Абдулла Қаҳҳордан кейин янги, юқори босқичга кўтарган ёзувчилардан биридир. Унинг ҳикоя, қисса ва романлари теша тегмаган воқеаларга бағишланганлиги, характерларга бойлиги билан ажралиб туради.
Санъаткор драматургияга ҳам қўл уриб, “Қора камар” пьесасини ёзган, унда ўтган асрнинг 20-йиллари бошларидаги миллий озодлик ҳаракати, мустақилликка эришиш йўлида олиб борилган зиддиятли курашлар акс эттирилади.
Ш.Холмирзаевнинг сўнгги романи “Динозавр”дир. Муаллифнинг айтишича: “Кучлилар енгади, кучсизлар енгилади, дейилган назария нотўғри! Агар кучлилар енгиш қобилиятига эга бўлганларида, аввало, динозавр енгган бўларди. Йўқ, у ўлади. Сабаб? У шаклланиб бўлган. Шундоқ-да: кўп мардлар майдонга кирадилар. Улар ўлимларини билишади. Аммо улар учун орқага йўл йўқ. Қўрқоқлар-чи? Ўшандаёқ кавакларига кириб олишганлар…”
Бундай қараш қанчалик мунозарали бўлмасин, муаллифнинг бугунги кунни ‒ янги даврни қабул қилишдаги зиёлилар фожиаси ва изтиробларини акс эттиришда ўзига хос бир йўл тутгани сезилиб туради.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Янги қарор: Ёзувчилар уюшмаси фаолияти янада такомиллаштирилади Янги қарор: Ёзувчилар уюшмаси фаолияти янада такомиллаштирилади
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ҳарбийлар билан китобхонлик тадбирлари Ҳарбийлар билан китобхонлик тадбирлари
Янги китоб тақдимотига марҳамат! Янги китоб тақдимотига марҳамат!