"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўқилди: 75

9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун 

ЮРТНИНГ ҲАР БИР МАРД ЎҒЛОНИ — СОҲИБҚИРОН АВЛОДИ

   Истиқлол йилларида ўзлигимизни англаш, тарихимизни чуқур ўрганиш, буюк аждодларимиз хотирасини эъзозлаш борасида амалга оширилган эзгу ишлар туфайли Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддунидаги ўрни, халқимиз, Ватанимиз олдидаги хизматлари асл мақомига қайтди. Соҳибқирон бобомизга улкан салтанат барпо этган буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда, бунёдкор, илм-фан ҳомийси сифатида юксак эҳтиром кўрсатиб келинмоқда.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, “Адолат” социал-демократик партияси  Сиёсий Кенгаши аъзоси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али Амир Темур ҳаёти ва фаолияти юзасидан изланишлар олиб борган, адибнинг “Гумбаздаги нур”, “Сарбадорлар”, “Улуғ салтанат”, “Амир Темур чамани”, “Амир Темур ва Йилдирим Боязид” ва бошқа асарлари адабиёт ихлосмандлари томонидан севиб мутолаа қилинади.

      —  Тарих шундай ишларга гувоҳ бўлдики, бир пайтлар Амир Темур ҳақида сўз кетганда, аввало, унинг жангу жадаллари ва етказган талафотлари олдинги ўринда қайд этилди. Жаҳон халқлари, адиблари ва олимлари Соҳибқирон шахсига теран нигоҳ билан боқишида хизмат қилиши учун асарларингизда қандай ижодий ёндашув йўлини тутдингиз?

— Аввало, Соҳибқирон шахсига нотўғри муносабатда бўлишнинг ўша пайтларда бир неча сабаблари бўлган. Амир Темурни дунёда асосан саркарда сифатида билишган. Саркарда бўлгач, жанглар бўлади, кураш бўлади ва қон тўкилади. Табиийки, дунёдаги кўп китоблар Соҳибқироннинг айнан шу жиҳатларинигина ёритишга қаратилган. Шунингдек, яна бир жиҳати Соҳибқирон жуда оғир шароитларда ҳам ҳеч қачон енгилмаган. Тақдири қил устида қолган вазиятларда ҳам ўзини ўнглаб кета олган. Жаҳон тарихида кўп саркардалар жангларда ҳалок бўлишган, аммо Соҳибқирон узоқ йиллар давлатни бошқариб, ўз умрини яшаб ўтган. Одатда, мустамлакачилар қўл остидаги давлатларнинг маърифатпарвар шахсларини қадрлайвермайди. Мен эса асарларим орқали Соҳибқиронни саркарда ва давлат раҳбари сифатида эмас, биринчи навбатда, оддий инсонга хос характерини аввалги ўринга қўйиб талқин этдим. Мана шундагина Амир Темурнинг ҳақиқий инсоний фазилатларини англаш мумкин. Дейлик, оддий инсон ўз уйида албатта эҳтиёжлари учун бунёдкорлик қилади, шароит яратади, тотувликни таъминлайди. Бу фазилатлар ўзбек халқига хос. Демак, Амир Темур ҳам ўзбек фарзанди. Бу хислатлар унинг давлат миқёсидаги бунёдкорлик ишларига сабаб бўлиши табиий. Шунингдек, Соҳибқироннинг улуғ фазилатларга эга шахс бўлганини авлодларидан чиққан Мирзо Улуғбек, Бобур Мирзо, Ҳусайн Байқаро каби ҳукмдорлар мисолида ҳам англаш мумкин. Мисол учун, Алишер Навоийнинг “Мажолис ул-нафоис” асарининг еттинчи мажлиси Амир Темур номи билан бошланади. Ҳолбуки ушбу асар ижодкор, зиёлиларга бағишланган. Демак, шу ўринда ҳам ҳазрат Навоий талқинида Амир Темур зиёлилар қаторига қўшилганини кўриш мумкин. Соҳибқирон шахсига теран нигоҳ билан қараш ва дунёга унинг инсоний фазилатларини кўрсатишда мана шу жиҳатларга ҳам эътиборимни қаратдим.

— Амир Темур шахсига Европа халоскори сифатида ҳам қаралади. Дунёда Соҳибқирон ҳақида кўплаб асарлар битилган ва яратилмоқда. Уларнинг ўзбек тилига таржималари борасида ва Амир Темурга бағишланган ўзбек тилидаги асарлар дунё тилларида тарғиб этилишида қандай ишлар олиб борилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайсиз?

—  Соҳибқирон ҳаётига бағишланган кўп ишлар амалга оширилаётгани қувонарли, албатта. Айниқса, турли тиллардаги адабий асарларнинг ўзбек тилига таржималари биз учун муҳим. Аммо билиб-билмай Амир Темур шахси ҳар хил сифатланган асарларни ҳам таржима қилиб қўйиш ҳоллари учраб қоляпти. Масалан, Соҳибқирон ҳақида унинг душманлари ёзган асарлар ҳам бор. Унда Амир Темур қилмаган ишлар келтирилиб, уни ваҳшийга чиқариб, қаҳри қаттиқ инсон сифатида талқин этилган жиҳатлар бўлиши мумкин. Мисол учун, француз ёзувчиси Марсель Брионнинг Амир Темурга бағишланган асари чиқди. Бир нашриётда уч-тўрт марта нашр ҳам этилган экан. Бу асарни Марсель Брионнинг ўзи ёзмагани ҳам аниқ. Мана шу асар таржима қилиниб, кўп ўқувчиларнинг фикри чалғишига сабаб бўлган эди. Бу аслида Амир Темурнинг душманлари томонидан ёзилган тўқима асар, холос. Шунинг учун таржималар қилишда, асарлар ёзишда ёки уларни нашр этишда албатта тарихини билмасдан туриб қўл урмаслик лозим.

—  “Ҳар бир буюк шахс ортида албатта бирор аёл бўлиши мумкин”, деган қарашлар бор. Амир Темур фаолиятининг Сароймулкхонимга боғлиқлик жиҳатларини қандай баҳолайсиз?

—  Амир Темур ва Сароймулкхоним 1370 йилда оила қуришган. Бу оқила аёлнинг фарзандсиз бўлганини айтмаса, халқимизнинг чинакам баркамол маликаси сифатида қараш мумкин. Шу боис Амир Темурнинг унга бўлган ҳурмати ҳеч қачон сусаймаган. Бунга Сароймулкхонимдаги бағрикенглик, теран фикрлаш, атрофидаги маликалар билан самимий муносабатда бўла олиш, Амир Темурга бўлган чин меҳри ва давлат ишларида ҳам кўмаклаша олиш қобилияти сабаб бўлган. Масалан, Соҳибқироннинг ўнг оёқлари ва ўнг қўллари найза тегиши оқибатида оғриб турган. Сароймулкхоним Амир Темур билан кўришганларида дарҳол тиззаларини уқалаб, меҳр кўрсатар эканлар. Аммо эътибор қилсангиз, бирор жойда Соҳибқирон ушбу дарддан нолиган жиҳатлари бўлмаган. Айниқса, Сароймулкхоним Амир Темурнинг фарзандлари ва набираларини ўзиникидек парваришлаган. Хусусан Муҳаммад Султон, Мирзо Улуғбек, Халил Султон каби набираларини тарбиялаган. Амир Темур ва Сароймулкхоним ўртасида бирор тушунмовчилик ёки жанжал бўлгани ҳақида маълумотлар йўқ. Соҳибқирон бирор ишлар юзасидан оғирроқ фармон чиқарса ҳам, фармонни юмшатиш масаласида кўп ҳолларда Сароймулкхонимга мурожаат қилишган. Амир Темур ўз ўрнида оқила аёли сифатида Сароймулкхонимнинг фикрларини инобатга олган.

— Соҳибқироннинг илм-фан ва сиёсатда ном таратган авлодлари ҳақида анчайин маълум. Ижодий ишларингиз давомида Темурийлар сулоласининг юртимизда яшаётган авлодлари бормикан, дея қизиққан жиҳатларингиз бўлдими?

— Сиз ва биз бўламиз-да, Соҳибқироннинг авлодлари. Юртимизда яшаётган ҳар бир мард ўғлонни Амир Темурнинг авлоди дейишимиз мумкин, назаримда. Сулоланинг вакили маъносида айтадиган бўлсак, орадан 600 йилдан ортиқ вақт ўтиб кетди. Шу боис юртимизда бундай вакиллар ҳақида маълумот топиш қийин. Бобур Мирзо мисолида оладиган бўлсак, у инсоннинг авлодлари Ҳиндистонда, Покистонда бор, дейишади.

—  Соҳибқирон ҳақида яна бирор асар битиш нияти туғилса ёки шогирдларингиз томонидан шундай ишга қўл урилса, Амир Темурни қайси жиҳатдан намойиш этишни истаган бўлардингиз?

— Амир Темурнинг ҳар бир даври, йили ва ундаги муҳим воқеаларини алоҳида асар қилиш ўқувчилар учун қизиқарли бўлади, деб ўйлайман. Катта китоб қилишдан кўра мана шундай тарзда йўл тутиш китобхон учун ўқиб чиқиш имконини беради. Бу борада яна ижодий ишга қўл урсам, шу усулни тўғри деб биламан. Китоб шундай қулай бўлсинки, уни ёнингизда олиб юриб, йўл-йўлакай ҳам ўқиб чиқишга имконият яратсин! Мен эса Соҳибқиронга бағишланган асаримни рамзий маънода тўртта китоб шаклига келтирдим. Масалан, табиатга қарасангиз, тўрт фаслдан иборат, инсон умрининг ҳам тўрт фасли бор, дунёнинг ҳам тўрт томони мавжуд, ўзбек дўпписининг ҳам тўрт қирраси бор, Соҳибқироннинг ҳам тўрт нафар ўғли бўлган. Мана шу жиҳатдан ёндашишни маъқул кўрдим.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

                                                                                                                                                                                                                 

Абдулазиз 

РУСТАМОВ суҳбатлашди

«Адолат» газетаси, 2018 й. 6 апрель

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

КЕЛИШИ КУТИЛАЁТГАН ОЛИМА КЕЛИШИ КУТИЛАЁТГАН ОЛИМА
ДИҚҚАТ, ТАНИШИНГ! ДИҚҚАТ, ТАНИШИНГ!
ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ
ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН