"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИСМОИЛ МАҲМУД СУРАТИГА ЧИЗГИЛАР

Ўқилди: 169

Исмоил Маҳмуд Марғилоний 1947 йилда туғилган. Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Шуъла”, “Келажакка ишониб”, “Эътироф”, “Ишқ саодати”, “Гулзор қилур” шеърий китоблари чоп этилган. Айни вақтда, Марғилон шаҳрида фаолият кўрсатаётган Жаҳон отин Увайсий номидаги ёшлар адабий тўгараги раҳбари.

МАРҒИЛОН ҲАВОСИ ЭЛИТДИ АНДЕК

Дўстим Муҳиддин Абдусамад билан бир тадбирга таклиф этилган эдик. Сал эртароқ бориб қолибмиз. Йўл ёқасида бироз кутдик. Майдалаб ёмғир ёғарди. Шунда бир чақирим нариёқдан дўппилик одам кўринди. Дўпписини ёмғирдан авайлаб сув қоғоз билан ўраб олган. Муҳиддин “Шу одам водийдан ва аниқ Исмоил Маҳмуд”, деб айтди. У одам яқинимизга келди. Муҳиддин адашмаган экан. У киши домла Исмоил Маҳмуд эди. Одатда, ижодкорлар орасида бошидан дўпписи тушмайдиганлари саноқли. Устозни таниганимдан бери бошларида марғилон дўпписи билан кўрганман.

Марғилон билан биз яшайдиган Бўз туманининг ораси унча узоқ эмас. У ерда катта амаким турадилар. Болалигимдан Марғилон мен учун ажиб бир эртаклар шаҳридек туюларди. Айниқса, узум пишиғида бу ерга боришнинг завқи ўзгача эди. Бу шаҳарда узумлар томларда пишади. Томлардан ошиб кўча томонга йул олган токларда дурдай товланиб узумлар кўзингни олади.  Менга узум узиб бераркан амаким хазил бўлгин, лабларинг бир-бирига ёпишиб қолмасина, дердилар, кулиб.

Ширмой нонларинику гапирмай қўяқолай. Устига седаналар сепилган  иссиқ ширмой нонларнинг ўйласам,  ҳиди ҳалиям димоғимга келаверади.

Кейинчалик атоқли адиб Абулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романини ўқидиму, Марғилонга ихлосим янада ортди. Худди у ерга борсам, ҳалиям пастқам деворли тор кўчаларда Отабек, Кумушларни учратадигандек тасаввур уйғонарди. Бу ҳолатни атоқли шоир Муҳаммад Юсуф жуда чиройли тасвирлаган:

Марғилон ҳавоси элитди андек,

Маъюс кўчаларда юрдим довдираб,

Ҳозир Кумуш чиқиб коладигандек,

Ҳар кўчага боқдим кўзим жовдираб.

 МИРЗАКАРИМ ҚУТИДОР

Кунлардан бир кун «Ўткан кунлар» романининг қаҳрамонларидан бирини айнан Марғилонда учратдим. Бошида марғилон дўпписи нурли юзларига янада файз бериб турарди. Ҳа, айнан мен учратган одам Мирзакарим қутидорга ўхшарди ва “Ўтган кунлар”да келтирилганидек, «қорақош, қоракўз, кўркам юз»ли эди. Домла камгап, гапирганида ҳам дона-дона қилиб мулоҳаза билан гапирарди. Кўп эътибор берганман, нимагадир синиқ кулгилари ичра кўзлари кулмагани билиниб турарди. Домланинг шеъру ғазалларини ўқиш асносида айнан дардчил мисраларга дуч келсам, кўзларидаги дарднинг маъносини уққандай бўлавераман.

Гулни истаб бу кўнгил булбул каби оворадир,

Солмагил такрор жудолиғ, этма бўстондин жудо….

Албатта, ижод фидойиликни талаб этади. Шеърга айланадиган жараён шоирнинг юрагидан сизиб чиқади ва айнан унинг ўй-кечинмаларидан ҳосил бўлади. Мен домланинг шеърлари ва шахсияти билан яқиндан танишдим ва шуни ҳис этдимки, у ўзини чинакам бадиий ижодга бахшида этган қаламкаш экан. Йиллар унинг ижодий камолоти учун пиллапоя бўлганини сезиш қийин эмас эди. Исмоил Маҳмуд ижод йўлида собит турадиганлардан эканлиги яққол сезилиб турарди: пухта, сержило, сербўёқ ёзарди. Шу боисдан бўлса керак, ўн беш-йигирма йил орасида босилиб чиққан қатор ижод намуналари шеърхонлар эътиборини ўзига тортди.

Кўпчиликка яхши малумки, арузда ижод қилиш жўн иш эмас.

Ўқувчига манзур ғазаллар ёзиш учун ижодкор мумтоз адабиётимиз билимдони бўлиши шарт. Бу – бир. Иккинчидан, бу гўзал санъатни эгаллаш учун арузнинг барча вазн хусусиятларини аъло даражада билиш лозим.
Мен кўпроқ домланинг одамийлиги ҳақида  гапиришни хоҳлардим. Чунки устозларимиздан бири “Ҳар қандай шоҳ асарнинг муаллифи кўнгли пок чин одамий эрмас экан, унинг ёзмишлари одамларга эм бўлмайди”, дерди.

Домланинг энг олий фазилатларидан бири унинг ёшларга бўлган меҳридир. У ўзига хос шогирдлар мактабини ярата олган.

Устоз ташкил этган Марғилон шаҳридаги Жаҳон отин Увайсий номли адабий тўгарак бугун кўпчиликка таниш. Тўгарак аъзоларининг баъзилари аллақачон адабиётда ўз овозига эга шоир, ёзувчи бўлиб танилиб улгурди.

Мен ижодкор ҳаётида устознинг ўрни қанчалик муҳим экани ҳақида бир мисол келтираман.

Бизнинг туманимизда ҳам Ўзбекистон халқ шоири Устоз Тўлан Низом бошчилик қиладиган адабий тўгарак бор. Бундан бир неча йиллар муқаддам, уч-тўрт шеър ёзган киши бўлиб учиб юрган кезларим эди. Худди шундай ғурур билан тўгаракка кириб бордим. Аммо Устоз Тўлан Низом билан суҳбатлашдиму, попугим пасайди. Домла: “Шеъриятда ҳар бир шоирнинг ўз овози бўлиши керак, шеърларингга бир назар солгин-а, Ўзбекистон халқ шори Муҳаммад Юсуфни такрорлаб қўймаяпсанми, деб айтдилар. Қарасам, домланинг гапларида жон бор. Устознинг биргина мана шу сўзлари мени анча ҳушёр торттирди. Исмоил Маҳмуд домланинг тўгараги билан Ўзбекистон халқ шоири Устоз Тўлан Низом домланинг тўгараги орасида узвий боғлиқлик бор. Мана шу ўзаро борди-келди, тажриба алмашишлар нечоғлик адабиёт, шеърият ҳақида тушунчаларга эга бўлишимизга сабаб бўлган бўлса, не ажаб?!

ШОШДАН ЯНА МАРҒИЛОНГА

“Миллий тикланиш”, газетасида Исмоил Маҳмуд домланинг бир шогирди билан бирга ишлардим.  Домла қачон Марғилондан Тошкентга келсалар, албатта, эринмасдан шогирдидан хабар оларди. Ҳар доим икки бош узум ва тўрт дона қўқон патири билан келарди. Унинг шогирдларига бўлган оталарча меҳри кишини ҳавасини келтирарди. Шогирдининг нега оввора бўласиз деган сўзига шундай жавоб қиларди: “Мен бу шаҳарда 20 йилдан ортиқ яшаб ижод қилдим. Бу майдон ичра турмоқнинг ўзи бир матонат, дер эдилар. Кейинчалик билсам, домла биргина шу шогирдининг эмас, бошқа шогирдлари ҳолидан ҳам хабар олиб тураркан.

Аммо бир нарса мени кўп ўйлантирар, нега домла пойтахтдан яна Марғилонга қайтди. Ахир ижодкор борки, бари пойтахтга интилиши бор гап-ку. Бир суҳбатимизда домладан шу ҳақда сўрадим. Домла, шу ерда қолсам, мени шунча шогирдим бўлармиди, деб жавоб бердилар.

Устознинг мана шундай савобли ва ўз ўрнида шарафли хизмат йўлида ҳормай-толмай халқимизга, юртимизга керакли бўлган ижодкорларни тарбиялашдаги хайрли ва эзгу саъй-ҳаракатлари албатта бесамар кетмайди, зеро, шогирдлар тарбиялаш савоби садақаи жория саналади.

                      ИСМОИЛ МАҲМУД МАРҒИЛОНИЙ ИЖОДИДАН НАМУНАЛАР

Яхшидир ҳар дилда бўлса яхшиларга иқтидо,
Яхшилик келгай кўнгилда бўлса шундай муддао.

Яхшиларга эргашиб топгай кўнгил ўз матлабин,
Қўйса ким бу йўлга макдамким, билинг, жонга ғизо.

Чекса бу йўлда риёзат гар киши топгай фараҳ,
Бу саодат риштасин тутгай, билинг, ақли расо.

Топди ким ёрдин ажр, топгай, билинг, нусратга йўл,
Ким сўраб Ҳақдин паноҳни, бўлмайин юзи қаро.

Норасодан қилмагин, роҳи хатарда рост қил,
Ким шафоат айлабон ожиз қулингни Роббано.

Икки оламда азиздир яхшилар ишқ ичраким,
Ҳақ йўлида бўлса ким айлар ани ёр тўтиё,

Беиболар бирла Маҳмуд, топмадинг ҳаргиз шараф,
Яхшиларга эргашиб топсанг ажабмаским ризо.

* * *

Илмсизлик кишини охири эсдан жудо қилгай,
Жудолик ичраким беҳол этиб қаддин дуто қилгай.

Дуто қадди била аъмолидан топмас фароғатлик,
Фароғат топмагай ҳаргиз, ҳаётини адо қилгай.

Адолик ичраким ҳаргиз йўқотгай ул сиёқини,
Сиёқини сиёҳ айлаб, ики дунё қаро қилгай.

Қаро айлаб ики дунёсини журми била ғофил,
Ки ғофиллик била ўзни гуноҳга ошно қилгай.

Гуноҳга ошно қилгай ўзидек бехабарларни,
Хабар топмас аларни ҳам балога мубтало қилгай.

Балога мубтало қилгайки номус оридин айриб,
Ки, номус-оридин айриб жаҳаннамга раво қилгай.

Жаҳаннам ваҳмидан қўрқиб турурман хавф ражо ичра,
Иймонда айла Маҳмуд деб қулинг ҳамду сано қилгай.

                                                                                                                                                                Муҳаммад СИДДИҚ

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ижодкорлар боғида «Марғилон оқшомлари» Ижодкорлар боғида «Марғилон оқшомлари»
Халққа муҳаббатнинг ёрқин ифодаси Халққа муҳаббатнинг ёрқин ифодаси
Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида
Анвар қори Турсунов вафот этди Анвар қори Турсунов вафот этди