"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

 ЯНГИ ДАВР ВА ЁЗУВЧИ МАСЪУЛИЯТИ

Ўқилди: 436

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ёзувчилар уюшмаси Фаоллар йиғинининг навбатдан ташқари мажлиси бўлиб ўтди. Унда таниқли ёзувчилар, шоирлар, уюшманинг фаол аъзолари, шунингдек давлат ва жамоат арбоблари иштирок этдилар.

Йиғилишни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Ғайрат Мажид очди ва бошқариб борди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда адабиёт, маънавият ва миллий мафкурани ривожлантириш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар ҳаётга тадбиқ этилаётгани, қисқа давр ичида далатимиз раҳбари томонидан бадиий адабиёт, китобхонлик маданияти юксалтириш, атоқли адиб ва шоирларнинг таваллуд саналарини нишонлаш бўйича ўнга яқин қарорлар қабул қилинганини айтиб ўтди. Айниқса, Президентимизнинг шу йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимиз ва маънавий-ижтимоий ҳаётимизда тарихий воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади.

Шу кунгача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ўтиш даврини бошидан кечирди. “Ижод” жамоат фонди ташкил этилганидан сўнг “Дўрмон” ижод уйи, Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси бинолари янгидан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди, ёш ижодкорларнинг “Истеъдод мактаби” семинарлари ташкил этилди, уларда муваффақиятли иштирок этган истеъдодли ижодкорларнинг 80дан ортиқ номдаги биринчи китоблари жами бир ярим миллион нусхада нашр этилиб, ўрта-махсус ва олий ўқув юртларига бепул тарқатилди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Зулфия, Шароф Рашидов каби атоқли адиблар таваллудининг 100 йиллик, Эркин Воҳидовнинг 80 йиллик, Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллик саналари мамлакат миқёсида кенг нишонланди.

Лекин бадиий ижодни ҳақиқий маънода ривожлантириш, адабиётимизнинг улуғ намояндалари Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповнинг ижодий ворисларини тарбиялаб етиштириш учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини замон талабига мос янгича ташкил этиш заруриятини ҳаётнинг ўзи кўнгдаланг қилиб қўйди. Президентимиз ўтган йили 3 август куни ижодкор зиёлилар бўлган учрашувда миллий адабиётимизнинг келажаги қандай бўлади, унинг эртасини қандай тасаввур этамиз, деган оғриқли саволни муҳокамага қўйиб, куйиниб сўзлаганлари бежиз эмас. Янги қарор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва унинг аъзоларининг эркин ижод қилиш ҳуқуқини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилаш бўйича қонуний ҳужжат бўлди. Энди бу қарорни амалга ошириш учун барчамиздан куч, ғайрат ҳамда фидойилик, ўз вазифамизни сидқи дилдан бажариш талаб этилади.

Йиғилишда Президентимизнинг ушбу тарихий қарори ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси марказий аппарати, шунингдек уюшма аъзолари зиммасига масъулиятли вазифалар юкланиши ҳақида сўз борди. Қарордаги долзарб ва муҳим вазифаларни бажариш ва чора-тадбирларни амалга ошириш учун ишни янгича ташкил этиш, Ёзувчилар уюшмасига янги аъзолар қабул қилишнинг замонавий мезонлари ҳамда ёзувчининг юксак мақомини ва нуфузини сақлаш масъулияти ҳақида фикрлар айтиб ўтилди.

Мажлис кун тартибида ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Давлат мукофоти совриндори Муҳаммад Али соҳибқирон Амир Темурнинг ҳаёти ва тарихий фаолияти ҳақида бадиий фильм сценарийсини ёзиш ва қизғин ижодий фаолият билан шуғулланиш учун шарт-шароит яратиб беришни сўраб Фаоллар кенгашига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимидан озод этиш ҳақида ёзган аризаси муҳокама этилди. Йиғилиш иштирокчилари унинг бу таклифини инобатга олиб, уни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимидан озод этишди.

Аҳмаджон Мелибоев, Нўъмонжон Раҳимжонов, Саъдулла Ҳаким, Исажон Султон ва бошқа ижодкорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида ёзувчи-шоирларимиз, шунингдек Ёзувчилар уюшмасининг барча аъзолари олдида турган долзарб ва масъулиятли вазифалар ҳақида сўзладилар. Айни пайтда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган йилларида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг қизғин фаолияти, устоз адиблар ва уюшма аъзоларини шу жумладан ёш ижодкорларни қўллаб-қуватлаш борасида кўплаб эзгу ишларни амалга оширганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Асосан бадиий ижодга эътибор қаратилаётган бугунги кунда Муҳаммад Алидек ёзувчининг тажрибасида фойдаланиш миллий адабиётитмизни янги асарлар билан бойитажагини айтдилар. Шу маънода соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги бадиий фильм сценарийсини яратиш ва уни суратга олиш долзарб вазифалардан бири экани ҳақида фикр билдирдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси лавозимига, уюшма аъзоси, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Иқбол Мирзо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида ёшлар масаласи бўйича масъул вазифага тайинлангани муносабати билан “Ёшлик” журнали бош муҳаррири, шоир Нодир Жонузоқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари лавозимига сайланди.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча
Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари! Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари!
Она тил қудрати Она тил қудрати
Маънавий-маърифий учрашувлар Маънавий-маърифий учрашувлар