Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйида Шеърият кенгашининг кўчма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунослар, уюшма муассислигидаги адабий нашрлар вакиллари қатнашдилар.
Йиғилишда Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг янги шеърий қиссаси қўлёзмаси муҳокама қилинди. “Шароф ота” номли ушбу асар атоқли давлат арбоби ва Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.
Президентимизнинг ўтгани йил 27 мартдаги “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бўйича ушбу қутлуғ сана мамлакатимизда кенг нишонланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” жамоат фонди томонидан адибнинг “Сайланма” асарлари ҳамда унинг хотирасига бағишланган “Халқимизнинг оташқалб фарзанди” номли мақолалар тўплами нашр этилди. Давлат миқёсидаги ушбу тадбирлардан мақсад халқимиз, айниқса, ёш авлодимизни атоқли давлат арбоби ва адиб ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан таништириш, шу билан биргаликда, ниҳоятда мураккаб даврда миллатимиз ва Она Ватанимиз учун фидокорона хизмат қилган улуғ тарихий шахс хотирасини қадрлаш эди. Эзгу ният билан экилган уруғ ўз мевасини беради, деганларидек ижод аҳли томонидан Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш давом этмоқда. Ёзувчилар, шоирлар бу мавзуда йирик бадиий асарлар битмоқда. Ана шундай асрлардан бири Тўлан Низомнинг “Шароф ота” номли шеърий қиссасидир.
Йиғилишда кенгаш аъзолари янги асар матни билан танишишди. Бу саксон ёшни қоралаб бораётган фаол шоирнинг лиро-эпик жанридаги қирқинчи йирик асари экани таъкидланди.
Академик Наим Каримов, шоирлар Турсун Али, Зулфия Мўминова, Рустам Мусурмон, Янгибой Қўчқоров, Ҳумоюн, адабиётшунос Адҳамбек Алимбеков ва бошқа ижодкорлар асар учун танланган мавзу ва ҳаётий воқеаларнинг бадиий талқини, унинг композицияси, образлари, тили ва оҳанглари ҳақида ўз фикрлари, таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Йиғилишда мазкур асар нашрга тавсия этилди.