"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«ҲАҚИҚИЙ ИЖОДКОР ҲЕЧ КИМДАН СЎРОҚСИЗ ИЖОД ҚИЛАДИ»

Ўқилди: 205

12 апрель куни соат 14:00 да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тадбирлар залида Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Миллий кутубхона билан ҳамкорликда Шукур Холмирзаев таваллудига бағишланган фото ва китоблар кўргазмаси, ижодий кечаси ўтказилди.

Ижодий кечани таниқли ижодкор Ғайрат Мажид олиб борди. Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди ва улуғ адибнинг ўлмас дурдона ижодлари ҳар бир китобхон учун ҳаётий сабоқлар беришини таъкидлади. Ижодий кечада Шукур Холмирзаев ҳаёти ва ижодига бағишлаб чоп этилган, филология фанлари номзоди Олим Тошбоевнинг “Абадий замондош” номли китоби тақдим этилди. Тадбирда Ўзбекистон санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, Филология фанлари доктори Баҳодир Каримов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, таниқли шоир Азим Суюн ҳамда Шукур Холмирзаевнинг рафиқаси, фарзанди Сайёра Холмирзаева ва бошқалар иштирок этиб, сўзга чиқиб, адибнинг дўстлар, шогирдлар ва оила даврасидаги ажойиб фазилатлари ёдга олинди.

XX аср ўзбек миллий адабиётида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев бадиий солнома яратган ёзувчи. Адибнинг 45 йиллик ижодий фаолиятида яратган асарлари, жумладан, ҳикоялари ўзбек насрининг чинакам дурдоналари бўлиб қолди. Шукур Холмирзаев романнавис, драматург, қиссанавис, публицист, адабиётшунос сифатида ҳам ўз ўрнига эга.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ш.Холмирзаев 1940 йил 24 мартида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида таваллуд топди.

Ўрта мактабни 1958 йилда тамомлаб, Тошкент давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олган. Талабалик йилларидаёқ 1962 йилда унинг “Оқ отли” номли биринчи китоби чоп этилган.

Илк қиссаси тоғ болалари ҳаётидан ҳикоя қилади. Шу йилда ёзувчи “Шарқ юлдузи” журналида чоп этилган “Тўлқинлар” қиссаси муносабати билан устоз Абдулла Қаҳҳордан мактуб олган:

               Ҳурматли Шукур ХОЛМИРЗАЕВ!

“Шарқ юлдузи”да босилган “Тўлқинлар” повестингизни ўқидим. Повесть яхши таассурот қолдирди. Маъмуржонни бошда табассум билан тасвир этасиз. Бутун асар давомида қисқаликка интиласиз. Ёзувчиликда кўзингиз очилиб келаётгани кўриниб турибди. Назаримда повестнинг номи тўғри эмас. Кейинги ишларингиз бароридан келсин!

                   Салом билан Абдулла Қаҳҳор, 1962 йил

Шукур Холмирзаевнинг талабалик йилларида ёзилган “Тўлқинлар” (1963), “Ўн саккизга кирмаган ким бор?” (1965) қиссалари ўз авлоди ‒ тенгқурлари ҳаётига бағишланган.

Шундан кейин адибнинг “Олис юлдузлар остида”, “Ҳаёт абадий”, “Оғир тош кўчса…”, “Бодом қишда гуллади” (1968), “Сўнмас олов” (1985), “Тоғларга қор тушди” (1987) каби ҳикоялар тўпламлари, “Сўнгги бекат”, “Қил кўприк”, “Йўловчи”, “Олабўжи” романлари чоп этилди. Драматургияга ҳам қўл уриб, “Қора камар” пьесасини ёзган.

«ЁШ ДЎСТИМГА»

Хусусан Асқад Муҳтор 1965 йил адибга ёзган мактубида:

 «Шукур Холмирзаев тасвирни жуда қуюқ деталлаштиради, ўзи гўё аралашмайди. Худди рассомдек, гўё сўз билан эмас, буёқлар билан иш кўради. Кичик мўйқаламлар билан. Сиз ўқимайсиз, гўё картина томоша қиласиз. Шукур Холмирзаев масъулятли услуб танлаган, бу жуда катта зийраклик, кузатувчанлик, ҳаёт деталларига ўчлик, алоҳида кўз, хотира, дид талаб қилади. Мен ёш дўстимга ҳавас қиламан, унинг ҳеч кимникига ўхшамайдиган оригинал машқларига муваффақият тилайман», дея таъкидлайди.

              БУЛБУЛ НЕГА САЙРАЙДИ?

Ёзувчи адабиёт ҳақида қуйидаги жумлаларни таъкидлаб ўтган: «Қайси мусиқа тўқилмаган, қайси иморатнинг қурилиши дастлаб меъмор хаётида яралмаган. Моддийлик касб этмаганидан кейин булар ҳаётийлик касб этади. Адабиёт ҳам шу. Ўлмайдиган сўз санъати бу. Инсоният ҳаётини муайян бир моделларда акс эттириш — ёзувчилик.

Ҳақиқий ижодкор (у шоир бўладими, рассом бўладими…) ҳеч кимдан сўроқсиз ижод қилади. Аниқроғи, ижод қилишга маҳкум. Булбул нега сайрайди? Бизга, булбул одамлар учун сайрайди. Сайрамаса, ўлади. Менимча, адабиёт ҳам шундай. Бу бир табиий туйғу. Ибтидойи одам бировни тарбия қилай, деб суратлар чизгани йўқ. Бу бир эҳтиёж. Тинглаш ҳам, завқланиш ҳам инсоннинг табиатидан келиб чиқадиган эҳтиёж. Шу боис мен адабиётни эҳтиёж санъати деб биламан».

Ш.Холмирзаевнинг сўнгги романи “Динозавр”дир. Муаллифнинг айтишича: “Кучлилар енгади, кучсизлар енгилади, дейилган назария нотўғри! Агар кучлилар енгиш қобилиятига эга бўлганларида, аввало, динозавр енгган бўларди. Йўқ, у ўлади. Сабаб? У шаклланиб бўлган. Шундоқ-да: кўп мардлар майдонга кирадилар. Улар ўлимларини билишади. Аммо улар учун орқага йўл йўқ. Қўрқоқлар-чи? Ўшандаёқ кавакларига кириб олишганлар…”

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.

Дарҳақиқат, адабий устоз ва абадий замондош Шукур Холмирзаев хотираси ижод аҳли ва китобсеварлар қалбида ҳамиша барҳаёт.

                                              Абдулазиз РУСТАМОВ

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Ижодкорлар боғида «Марғилон оқшомлари» Ижодкорлар боғида «Марғилон оқшомлари»
Халққа муҳаббатнинг ёрқин ифодаси Халққа муҳаббатнинг ёрқин ифодаси
Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида
Анвар қори Турсунов вафот этди Анвар қори Турсунов вафот этди