"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ўқилди: 62

ДИҚҚАТ! ИЖОДИЙ КЕЧА!

   2018 йил 19 апрель, соат 11:00да Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тадбирлар залида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат таваллудига бағишланган фото ва китоблар кўргазмаси ҳамда ижодий кеча ўтказилади. Мазкур тадбирда иштирок этишни истаган адиб ижодининг мухлислари ва ижодкорларни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига лутфан таклиф этамиз.

ШУҲРАТ (1918-1993)

Ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир, носир ва драматург Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йил 19 апрелда Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласида туғилди.

У эски ва янги мактабларда таҳсил олгач, транспорт техникумида ўқиди. Бу ерда Юнус Латиф таъсирида шеърлар ёза бошлади. Сўнг Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олди (1936-1940). Шуҳрат ижодини 1935 йилда шеър ёзиш билан бошлаган. Унинг “Орзу ва қалб” достони ҳамда “Меҳрол” эртак-достони 1940 йилда босилган.

Шу йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер сифатида хизмат қилади.

У урушдан кейин республика газета ва журналларида адабий ходим бўлиб ишлайди. Шу йилларда унинг “Ҳаёт нафаси” (1947), “Қардошлар” (1950) шеърий тўпламлари нашр этилади.

Қатағоннинг мудҳиш шамоли Шуҳратни ҳам четлаб ўтмади. 50-йиллар бошида советларга қарши тарғиботда айбланиб, умрининг беш йили Сибиру Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарда ўтади. “Жаннат қидирганлар” романи нашр этилгандан кейин эса (1968), айрим кимсалар уни миллатчиликда айблашга уринадилар.

Адибнинг “Бизнинг кўча”, “Балоғат” (1957-1958), “Қудуқ” (1973) асарлари, “Сенинг севгинг” (1931), “Ишқингда ёниб” (1964) лирик китоблари, “Кавказ дафтари”, “Қиз табассуми”, “Буюк муҳаббат” каби шеърий туркумлари, балладаларида Ватан ва ҳаёт, севги ва муҳаббат, қадр ва қиммат, меҳнат ва меҳнатсеварлик улуғланади.

У умрининг сўнгги йилларида ҳарбий мавзуда “Фарзанд”, “Сўлмас чечаклар”, “Оқибатли кишилар” каби ранг-баранг жанрларда асарлар яратди. ҳаётий тажрибаси асосида халқимизнинг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардоши, келажакка умиди ҳақида ҳикоя қилувчи “Шинелли йиллар” (1947-1957) романини яратади.

“Олтин зангламас” (1967) романида маърифат соҳиби ‒ ўқитувчи деган шарафли касб улуғланса, “Жаннат қидирганлар” (1968) романида ватангадолик фожиаси бадиий ифодасини топган.

Шеър ва тўртликлардан иборат “Лирика” (1973) тўплами, “Беш кунлик куёв”, “Қўша қаринглар” комедиялари ўзбек адабиёти ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилди.

Шуҳрат вафотидан кейин “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланди.

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

КЕЛИШИ КУТИЛАЁТГАН ОЛИМА КЕЛИШИ КУТИЛАЁТГАН ОЛИМА
ДИҚҚАТ, ТАНИШИНГ! ДИҚҚАТ, ТАНИШИНГ!
ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ
ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН ИЛМИЙ-АДАБИЙ АНЖУМАН