"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

КАТТА ИМКОНИЯТ

Ўқилди: 485

 “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинган кунни ижод аҳлининг байрами сифатида баҳолагим келади. Бу тарихий ҳужжатда  нафақат бизнинг, балки бизгача яшаб, адабиётимизга сидқидилдан хизмат қилган барча ёзувчи, шоирларнинг кўнглида, дилларида юрган саволларга аниқ жавоблар бор. Айнан шунинг учун биз қарор ҳақида тўлиб-тошиб гапираётганимизда: “Президентимиз бизнинг руҳий, моддий эҳтиёжларимизни ўзимиздан кўра ҳам яхшироқ билар эканлар”, деган самимий эътирофлар айтилмоқда.

Қарор аввалидаги “Мустабид тузум давридаги турли мафкуравий тазйиқларга қарамасдан, ушбу ижодий уюшма миллатимизнинг руҳи бўлган она тилимиз, азалий қадриятларимизни сақлаб қолиш ва авлодларга безавол етказиш, халқимизнинг онгу тафаккурини юксалтириш, мустақиллигимизнинг маънавий асосларини яратиш, сўз санъаткорларини бирлаштириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, ёш истеъдод эгаларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида катта ишларни амалга оширди”, деган залворли жумланинг ўзидаёқ халқимиз руҳиятида эрк туйғусини уйғотган ва бунинг эвазига азиз жонларини фидо этган Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ сиймоларимизга, ҳазрат Навоийга маънавий ҳайкал қўйган Ойбек домлага, “Мен нечун севаман севаман Ўзбекистонни?”, “Ўзбегим” дея юртдошларимиз кўксида ғурур ва ифтихорни юксалтирган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг руҳи покларига катта эҳтиром бор.

Ана шу эҳтиромнинг ўзиёқ бугунги осойиш, эмин-эркин замонда ижод қилиш бахтига муяссар бўлган қаламкашлар қалбида қарздорлик ва бурч ҳиссини уйғотиб юборди. Қарорни бандма-банд ўқиб, маъно-моҳиятини такрор кўнглимизга сингдирар эканмиз, бурч ҳиссини тобора теранроқ англаймиз.

Қарорда мумтоз адабиётимиз, хусусан, ҳазрат Алишер Навоий асарларини халққа яқинлаштириш, катта истеъдод эгаси бўлган кекса авлодга мансуб ёзувчи, шоирлар ижодидан ёшларни баҳраманд этиш каби вазифалар белгилангани аждодлар ва авлодлар ўртасида миллатимизга хос руҳиятнинг барқарорлашувига хизмат қилади.

Бу тарихий қарорнинг аҳамиятини “Ёзиш имкониятлари” деб таърифласак ҳақ гапни айтган бўламиз. Ижод аҳлининг бирламчи вазифаси – ёзиш. Кўргани, билгани, англаганини ёзиш. Ёзганда ҳам маҳорат билан, ҳарорат билан, уйғоқ сўз билан кўнгилларни уйғотиб ёзиш.

Вилоятларимизда адабиётга ихтисослашган мактабларнинг очилиши  маънавий ҳаётимизда катта воқеа бўлди. Энди бу маърифий масканларнинг ёзувчи, шоирлар томонидан оталиққа олиниши, вазифаларнинг қарор билан мустаҳкамланиши яна бир муҳим воқеа. Адабиёт қалб кўзи очиқ, оқ-қорани таниган инсонларни камолга етказади. Сара адабиёт намуналарини ўқиш орқали фикрлаш, таҳлил қилиш, хулоса чиқариш қобилияти шаклланади. Давлатимиз раҳбари бизни ким нима деса, бош тебратиб маъқуллаб турадиган мустақил фикри йўқ авлодни эмас, ўз фикрига онгли авлодни камол топтиришга даъват этаётир. Биз ёзувчилар Президентимиз даъватига муносиб асарлар яратишимиз зарур.

Марҳамат туманидан бу йил Эъзоза исмли оддийгина оиланинг истеъдодли қизи Зулфия номидаги Давлат мукофотига муяссар бўлди. Ҳар гал қишлоққа борганимда Эъзозага ўхшаган ўнлаб иқтидорли қизларни кўраман. Буларга бир катта майдон бўлса, улар катта давраларни кўрса ҳар бирининг қалбидан битта Зулфия уйғонади, дея орзу қилардим. Қарорда “Зулфияхоним қизлари” клублари ҳақида айтилган гаплар ана шу орзуга қанот бўлади, деб ўйлайман.

Қаламкаш меҳнатига ҳақ тўлаш, тўлаганда ҳам унинг машаққатига, заҳматига яраша муносиб ҳақ бериш, китобларини нашр қилишга, фақат нашр қилиб қолмай, тарқатишга ёрдамлашиш, тарғиботини йўлга қўйиш ижод аҳлининг фақат ўз доирасида эмас, эл-юрт орасида ҳам обрўсини кўтаради, қадрини оширади. Қадр туйғуси эса ижодкорга икки ҳисса қувват, илҳом бахш этади.

Уйни бежиз “Ватан” демайдилар, уйга етганлар бежиз “Ватанли бўлдик”, деб суюнмайдилар. Ватан – паноҳ, ватан – кўнгил хотиржамлиги, ватан – ижодхона, ватан – фикрхона. Шу маънода ижодкорларга адолат тарозисига риоя этган ҳолда уй берилиши ҳақидаги банд қарорнинг энг нурли нуқталаридан бири сифатида қалбимизни ёруғ қилди.

Вилоятларда “Ижод” фондининг ҳудудий бўлинмаларини тузиш хусусидаги фикрлар ҳам катта аҳамиятга эга. Ёзувчи, шоир Худо юқтирган истеъдод эгаси, қолаверса, ўз юртининг онгли садоқатли, ўз халқининг муҳаббатли фуқароси. У ўзидаги энг яхши туйғуларни кунба кун, соатма соат тарбиялаб боради. Шу маънода у ҳамиша ҳаракатдаги шахс. Унинг айтар сўзи, ёзган асарлари буюкликка чоғланган юрт фуқаролари учун маёқ вазифасини ўташи зарур. Бир ижодкор сифатида Президент қарори туфайли кўнглимда туғилган масъулият ҳиссини   шундай таърифлаган бўлардим: ҳали вақт ўтади, биз қарорнинг моҳиятини ўз ҳаётимиз, ёзган асарларимиз орқали теран кашф этиб бораверамиз.

Биз бу тарихий ҳужжатни ўқиб, уқишга чоғланаётган, эҳтиром қувончини байрам қилаётган кунимиз бир шоира опамиз: “Ўзимни бир кучли лашкарга айланаётгандек ҳис қиляпман” деди. Дарҳақиқат, “Ўзингни жамласанг, лашкарсан”, деган ибора бор. Президентимизнинг ижод аҳлига эҳтироми, ишончи, ва рағбатини истеъдодимиз, фахру ғуруримиз, садоқатимизни жамлаб, Ватанга хизмат қилувчи маънавият, маърифат лашкарига айланиш учун берилган катта имконият сифатида қадрлаймиз.

                              Мунаввара Усмонова,

шоира

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб