"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ИЖОДКОРЛАР ҲАРБИЙЛАР ҲУЗУРИДА

Ўқилди: 322

Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм томон кетаяпмиз-у, кўклам офтоби тиғида яшилланиб қолган адирликларни, олис қорли тоғларга чап бериб елаётган шамолни олқишлаётгандек тебранаётган яшил майсаларга ҳавасла боқаман. Ғазалкент, Қибрай ва Чирчиқ шаҳри туташувида жойлашган ҳарбий дала майдонида  иш қизғин. 9 май куни бу ерда катта марафон ўтказилиши режалаштирилмоқда. Кўчалар текисланмоқда, янги йўллар солинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йилнинг 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 15-бандида уюшма аъзолари билан ҳарбий қисмлар, олий ҳарбий билим юртларида тизимли равишда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш назарда тутилган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўртасида ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини ошириш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Шуни таъкидлаш керакки, Тошкент ҳарбий округининг Чирчиқ дала ўқув майдонида, мутлақо янги таркибда ташкил этилган батальон тактик гуруҳи шахсий таркиби билан маънавий-маърифий ишлар ҳам янада изчил йўлга қўйилди.

Куни кеча Тошкент ҳарбий округининг Чирчиқ дала ўқув майдонида касбий маҳоратларини ошириб бораётган ҳарбий хизматчилар билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг давра суҳбати ҳам ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Унда Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, темуршунос олим Ҳаким Сатторий, Республика Ёзувчилар уюшмаси масъул ходими Бахтиёр Ҳайдаров, шоир Ботир Эргашев иштирок этишди. Суҳбат асносида ижодкорлар мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, адабиёт аҳлига қаратилаётган юксак эътибор, ёзувчи ва шоирларнинг Ватанга фидойиликни, мардликни тарғиб қиладиган, буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятидан сўзловчи тарихий ва бадиий асарлари ҳақида маълумот бердилар.

– Юртни қўриқлаётган, халқимизнинг тинчлигини асраётган бу жасур ўғлонлар билан учрашув қалбимизга ифтихор туйғуларини солади, – деди ўз сўзида Ўзбекистон халқ шоири Махмуд Тоир. – Ҳаловатидан кечиб, умрини улуғ сафарбарликка, муқаддас бурчга чоғлаган посбонларимизнинг ҳар бири асли қалин китобларга жой бўлгулик қаҳрамондирлар.

Маълумки, маънавиятнинг асосини адабиёт ташкил қилади. Адабиёт эса келажакни белгиловчи буюк кучдир. Китоб инсоннинг тафаккурини бойитади, дунёқарашини кенгайтиради, ҳаётни тушунишда кўзгу бўлиб хизмат қилади. Тадбир давомида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ва бошқа ижодкорлар ҳарбий хизматчиларга мардлик, жасурлик, довюраклик, фидойилик туйғуларини ошириш, миллий ўзликни англаш, Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик, ҳиссини қарор топтириш масалаларига қаратилган бадиий асарлардан намуналар келтирдилар ҳамда уларга юрт тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги хизматларида омад тиладилар.

Суҳбат давомида фаол иштирок этган ҳарбий хизматчиларни китоб билан тақдирлаб, ҳарбий қисм кутубхонасига бадиий адабиётлар ҳадя этишди.

Шу куни меҳмонлар ҳарбий хизматчиларнинг машғулотлари ҳамда яшаш шароитлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Бунда улар йигитлардаги шиддат ва шижоат, ҳар бир ҳаракатларида ўзига бўлган ишонч, далил интилишларининг гувоҳи бўлишди.

Таъкидлаш лозимки, Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги батальон тактик гуруҳларининг фаолияти ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигини янада мустаҳкамлашга, руҳий кўникмасини оширишга йўналтирилган. Албатта, бунда шахсий таркибнинг билими ва маънавиятини, онгу тафаккурини юксалтириш масалаларига қаратилган тадбирлар ҳам ўрин олган.

 

Наргиза АСАДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт бўлими: Адабий суҳбатлар

Қўшимча:

Фаоллигингиз учун ташаккур Фаоллигингиз учун ташаккур
«Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти «Онажоним шеърият»нинг навбатдаги машғулоти
Ёш китобхон аниқланди Ёш китобхон аниқланди
Сени куйлаймиз, Ватан!” Сени куйлаймиз, Ватан!”