"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

ОЗОДЛИКДА ҲАМ, ТУТҚУНЛИКДА ҲАМ МАРДЛИКНИ КУЙЛАГАН ИЖОДКОР

Ўқилди: 294

19 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир, носир ва драматург Шуҳрат (Ғулом Алимов)нинг 100 йиллик юбилейи,  фото ва китоблар кўргазмаси, хотира кечаси ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғофуров, адабиётшунос Умарали Норматов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Наим Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек, шоира Зулфия Мўминова, адибнинг яқинлари, фарзанди Бобур Алимов иштирок этиб, адиб ҳаётига доир хотиралар ёдга олинди.

Кечани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Сирожиддин Саййид очиб берди.

Дарҳақиқат, адиб Шуҳратнинг ҳаёт йўлига назар солар эканмиз, уруш, қатағон йилларига елка тутган, ўзбекона матонат, ўзбекона маданиятни ўзида жамлаб яшай олган баркамол шахс ва етук ижодкорни яна бир бор кашф этамиз, унинг қалб донолигидан ҳайратга тушамиз.

Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йил 19 апрелда Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Ҳастимом) маҳалласида туғилди.

У эски ва янги мактабларда таҳсил олгач, транспорт техникумида ўқиди. Сўнг Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олди (1936-1940). Шуҳрат ижодини 1935 йилда шеър ёзиш билан бошлаган. Унинг “Орзу ва қалб” достони ҳамда “Меҳрол” эртак-достони 1940 йилда босилган.

Шу йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер сифатида хизмат қилди. У урушдан кейин республика газета ва журналларида адабий ходим бўлиб ишлади. Шу йилларда унинг “Ҳаёт нафаси” (1947), “Қардошлар” (1950) шеърий тўпламлари нашр этилди.

Қатағоннинг мудҳиш шамоли Шуҳратни ҳам четлаб ўтмади. 50-йиллар бошида советларга қарши тарғиботда айбланиб, умрининг беш йили Сибиру Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарда ўтди. “Жаннат қидирганлар” романи нашр этилгандан кейин эса (1968), айрим кимсалар уни миллатчиликда айблашга уринадилар.

Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек адибнинг қайдномаларини ҳавола этаркан, Шуҳратнинг ўз даври изтиробларидан дарак бергувчи шеърини ўқиб эшиттирди.

ШОИРНИНГ ОНАСИ

Тушида шоир оқ кема кўради,

Уйғониб ўз бағрин қийма кўради.

Шоир кун кўрмаган қитмир замонда,

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Маддоҳнинг онаси тўйиб пул кўрар,

Актёрнинг онаси гоҳи гул кўрар.

Шоир то халқини эрксиз қул кўрар,

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Ҳар кун оёғида ғовлардан из бор,

Ҳар куни бошида юз қилич, юз дор,

Шоир “онасини кўради” юз бор,

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Ўзбекнинг зўрлари юртга сиғмайди,

Ўзбекнинг онаси раҳбар туғмайди —

Четдан чақиради!.. Шоир йиғлайди,

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Турмуш бир хил қўшиқ, бир хил нақорат,

Кам туғ, деб онангни айлар ҳақорат,

Шоир фарёд қилар: бу қандай ғорат?!

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Эй ўтмиш замонлар, шоҳид хазонлар,

Ҳусайн Жовидлар, Чўлпон, Усмонлар,

Кесилган забонлар!.. Фолбин осмонлар,

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Тирикман то туркий тилим бор экан,

То, ўлим аталган йўлим бор экан!

Қатағон, деган шум илм бор экан,

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

“Сен ҳақсан, болажон, нур менга ато!”

Мен — халқман, онажон, ғанимлик хато!

Мени газет урар, уларни Худо!..

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Онажон, ҳолимга йиғлама, сим-сим,

Халқни она дерлар — бу гўзал тилсим!

Онасин сотганлар қаердан билсин?

Шоирнинг онаси нима кўради?

Шоир ва адиб Шуҳрат озодликда ҳам, тутқунликда ҳам мардликни куйлаган улуғ ижодкор эди.

Абдулазиз Рустам ўғли

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт

Қўшимча:

Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча Неъмат Аминов хотирасига бағишланган кеча
Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари! Ҳорманг, оппоқ олтин ижодкорлари!
Она тил қудрати Она тил қудрати
Маънавий-маърифий учрашувлар Маънавий-маърифий учрашувлар